пятница, 17 мая 2013 г.

Раҳбарлигингиз хотимаси Ўзбекистон халқига ишонч бўлсин!


Президент Ислом Каримовга!

Ушбу мактубни сизга мухолифлик ташналиги билан эмас, масъулият руҳи билан ёзаяпман. Зеро, мақсадим халқим ва ватаним олдидаги масъулиятимни бажаришдан иборатдир. Умидим ҳам сиздан эмас, барчамизни яратган Парвардигоримиздандир.
Сиз Президент сифатида, биз эса мухолифат сифатида ўзимизни ҳақли, деб биламиз. Аммо бугунги кун фақат ўзаро курашиш ва айблаш замони эмас, балки Ўзбекистон халқининг келажагини ўйлаб ҳал қилувчи қадамни ташлаш замони ҳамдир.E03B3C28-1387-49A1-8B37-6F7080D7C368_w640_r1_s
Ўзбекистон мустақил бўлгандан бери сиз мухолифатни конструктив эмас, қора куч эканлигида айблаб келдингиз. Ушбу мактубни халқимиз ва ватанимиз учун ҳал қилувчи кунда бир мухолифнинг конструктив ҳамласи сифатида қабул қилишингизни истайман.
Сиз деярли чорак асрдир Ўзбекистонни бошқариб келмоқдасиз. Бу даврда олиб борган сиёсатингизда икки асос яққол кўзга ташланди: Ўзингизнинг яккаҳокимлигингиз (диктаторлигингиз) ва дунёни бошқараётган қудратли давлатлар орасида ўйин ўйнашингиз. Зотан, дунё сиёсати катта ўйиндан иборат бўлгани учун Сизнинг ташқи сиёсатдаги ўйинларингизни ички сиёсатдаги яккаҳокимлигингизга қараганда тушуниш осонроқдир.
Бундай нисбатан асосли сиёсий “ўйин” билан машғул бўла туриб, Сиз давлат раҳбари сифатида энг фожеавий хатога йўл қўйдингиз: Бу сизнинг бугун 30 миллионни ошган Ўзбекистон халқига бўлган ишончсизлигингиз бўлди. Яъни, ўтган чорак асрда сиз халқимизга ижтимоий -сиёсий ҳаётнинг бирор соҳасида эркинликлар бермадингиз. Бу йиллар давомида бирор марта ҳам марказий ва маҳаллий ҳокимият идораларига эркин ва адолатли сайловлар ўтказмадингиз. Натижада халқимиз ўзини -ўзи боқиш ва бошқариш имконидан маҳрум бўлди. Бу шаклда инсонларимизга Ҳақ тарафидан берилган истеъдод, қобилият ва тадбиркорлик йўққа чиқди. Натижа эса нафақат мамлакатдаги иқтисодий бўҳрон, балки шахс ва жамиятнинг маънавий-ахлоқий тубанлашуви шаклида бугун очиқча ўртадaдир.
Сизнинг Ўзбекистон халқига деярли чорак аср давомида ўтказган даҳшатли зулмларингиз ушбу мактубнинг мавзуси эмасдир. Шунингдек, бу вақт давомида мустақил Ўзбекистонда нима қилинди ёки қилинмади, деган масалани ҳам очишни истамайман. Албатта, нималардир қилинди, қандайдир заводлар, фабрикалар, халқаро ширкатлар қурилди. Аммо  энди вақт ўтди, иш битиш нуқтасига келди ва навбат ниҳоий қадамни ташлашдадир.
Сиз Президент бўлган йилларнинг хотимасини шу уч нуқтада жамлаш мумкин: Дунёдаги сиёсий ўйинларнинг шиддати ортиб бормоқда, ўртада иродаси синдирилган ва маънавияти инқирозга учраган 30 миллионлик қашшоқ халқ, ўзини ва халқни ўз ижоди бўлган боши берк кўчадан қандай чиқаришни билмай қора терга ботаётган бир Президент бор…
Бундай вазиятда тўғри чора ҳеч шубҳасиз Ҳаққа таваккул қилиш ва Ўзбекистон халқига ишонч кўрсатишдир.
Сиз ва биз шу азалий ва мутлақ ҳақиқатга бўйин эгишга маҳкуммиз: Ҳукмдор ҳам, унинг мухолифлари ҳам ўткинчидирлар. Йўлида давом этадиганлар эса аввало Ҳақ, сўнгра Ҳақ истаган муддатга қадар халқдир.
Шундай экан, менинг бир мухолиф сифатида сизга таклифим ушбу мактубнинг сарлавҳасидир:

Давлат раҳбарлигингиз хотимаси  Ўзбекистон халқига ишонч бўлсин!

Бу ишонч қандай амалга ошишини айтиш билан ушбу мактубимни якунламоқчиман. Масала, сизнинг “тахтингизни” кимга ва қандай топширишингиз масаласидир. Сизни бу масалада Ўзбекистон халқига, унинг эркин ва адолатли сайловларда ўртага чиқадиган иродасига ишонишга даъват қиламан. Мавжуд вазиятда энг тўғри йўл шу йўл, деб биламан.
Бундай ишонч умрини ва ижодини ўзбек халқнинг Эркинлигига ва унинг Адолатли давлат бошқарувига қовушишига бағишлаган бош мухолифингиз Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга таклиф қилиш бошланиши керак, деб ўйлайман. Сиз уни жуда яхши танийсиз. Аммо сизнинг яккаҳокимлигингиз туфайли сиёсат майдони сирларидан ва унинг мухолиф фаолларидан бехабар қолган ёш авлодлар яхшироқ танишлари учун Муҳаммад Солиҳ ҳақида қисқа тўхталмоқчиман.
У 1985 йилда бошланган қайта қуриш йилларида ижтимоий ва сиёсий қарашлари билан, ундан олдин эса шеър ва мақолалари билан илғор зиёлилардан эканлигини кўрсата бошлаганди. Кейин мустақиллик масаласи кун тартибига келди, тўғрироғи Муҳаммад Солиҳ ва сафдошлари бу масалани кун тартибига келтирдилар. Сизнинг қарши чиқишингизга қарамай Ўзбекистон Олий Совети Муҳаммад Солиҳ ва бошқа депутатлар талаби билан  Ўзбекистоннинг Давлат мустақиллиги Декларациясини қабул қилди. Мустақиллик эълон қилиниши билан Муҳаммад Солиҳ сизнинг рақибингиз сифатида Президенлик сайловларида ўз номзодини қўйди. Ҳолбуки, у сиз билан мусобақалашишни инкор қилиши мумкин эди. Чунки сиз эски тузумнинг тамсилчиси эдингиз ва янги Ўзбекистон давлати янги авлодлар тарафидан оёққа турғизилиши керак эди. Шунга қарамай Муҳаммад Солиҳ яна халқ манфаатини кўзлаб сиз билан муроса қилиш тарафдори бўлди. Сиз унинг бу масъулиятли қадамини тушунгандай бўлдингиз. Шунинг учун ҳам уни идорангизга давъат қилдингиз, халқимиз ва давлатимизнинг келажаги ҳақида у билан фикрлашдингиз…
Аммо яккаҳокимлик қилишга бўлган чексиз истагингиз сизга тўнингизни тескари кийдирди. Натижада аввал сиёсий, кейин диний мухолифларни оммавий равишда қатағон қилишга бошладингиз…
Бу қатағондан Муҳаммад Солиҳ ва оиласи ҳам ўз ҳиссаларини олдилар. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, сиз бош мухолифингиз ва унинг уч укасини  тахминан 50 йилга қамоқ жазосига маҳкум қилдингиз. Бу 50 йилдан 15 йилини Муҳаммад Солиҳнинг ўзига қилмаган жинояти учун сиртдан бердингиз, икки укасини узоқ муддат қамоқда тутдингиз, учинчи укаси Муҳаммад Бекжон эса 15 йилдирки ҳеч қандай гуноҳсиз, фақат мухолифингизнинг укаси бўлганлиги учун қамоқхонада азоб чекмоқда…
Фақатгина сизнинг тузумингизга мухолифлик учун бунчалик азобга гирифтор бўлиш, албатта, юмшоқ қилиб айтганда инсофсизликдир. Аммо бу бир ҳақиқат ҳамдир. Муҳаммад Солиҳнинг ўрнида бошқа биров бўлганда, балки чидай олмас, мухолифликдан қўл силтаб, ўзининг ва оға иниларининг бу азоблардан қутулиш йўлини қидирган бўларди.
Фақат Муҳаммад Солиҳ аввало Ҳақнинг тақдирига, кейин Ўзбекистон халқининг эркинлик ва адолатга эришишига чин кўнгилдан ишонадиган инсондир. Сиз унинг эътиқодидан қўрқманг, у сизнинг итоатингиздаги оммавий ахборот воситалари ташвиқ қилаётгани каби “радикал” эмас, оддий ва содда мусулмондир. Шу билан бирга сиз уни таъриф этганингиз каби мард инсондир ҳам.
Бугунги кунга қайталик. Мен сизни Ўзбекистон халқига ишонишга ва унга ўз келажагини ўзи белгилаш учун имкон яратишга давъат қилмоқдаман. Бунинг амалий қадами шундан иборатдир: Муҳаммад Солиҳни 1991 йилда идорангизга даъват қилгангиз каби уни бугун Ўзбекистонга қайтишга давъат қилинг. Буни очиқ ва халқаро жамоатчилик кўз ўнгида кафолатли асосда амалга оширинг.
Бу билан Муҳаммад Солиҳ бошқараётган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг 2014 йилги парламент ва 2015 йилги Президентлик сайловларига қатнашиши учун йўл очган бўласиз. Истасангиз ўзингиз кўппартиявийлик ниқоби остида тузган барча партияларни бир сафга жамланг. Улар сизнинг бир ишоратингиз билан бир партияга ёки ҳаракатга айланиб қоладилар. Шундан кейин, халқаро кузатувчилар иштирокида эркин ва адолатли сайловларга бош- қош бўлинг. Шу шаклда аввал парламент сайловлари бўлиб ўтади. Натижада сиёсий майдонда ўзаро мусабоқалашадиган икки қанотлик кучли бир қонун  чиқарувчи орган пайдо бўлади. Бу эса сиздан кейин давлатни бошқарадиган Президент фаолиятини назорат қилиш учун мутлақ бир шартдир. 2015 йилда яна шу икки  сиёсий кучнинг номзодлари Президентлик учун сайловда қатнашадилар. Ғолиб чиққан Ўзбекистоннинг навбатдаги Президенти бўлади…
Бундай миллий тотувлик ва сиёсий муроса тафайли, яъни Ўзбекистонда халқ иродасининг эркин ва адолатли шаклда ўртага чиқиши билан жамиятимиз ва давлатимизнинг тўғри йўлда тараққиёти қилиши учун катта имкон пайдо бўлади. Эркин ва адолат йўли билан сайланган янги Парламент ва янги Президентнинг ўзаро ҳамкорликда халқимизнинг келажагига тегишли ғоявий ва амалий дастурларни ишлаб чиқишига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Бундай дастурнинг, ҳеч шубҳасиз, ўзбек халқининг миллий ва эътиқодий қадриятларини ўз ичига олгани каби, умуминсоният тараққиётининг инсон ҳуқуқларига амал қилиш, халқнинг ўз ҳукуматини эркин сайлаши, илм ва техника ривожланиши каби ижобий қирраларидан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Унутмайликки, масала фақат сизнинг давлат бошқарувини кимга  топширишингиз масаласи эмас, балки халқимизнинг, давлатимизнинг  ва оилангизнинг келажаги масаласи ҳамдир. Агар сиз Ўзбекистон халқига ишонмай, давлат ҳокимиятини ўз билгангизча адолатсизлик билан кимларгадир топширишни режалаётган бўлсангиз, бу халқимиз учун ҳам, давлатимиз учун ҳам, сиз орқада қолдирадиган уч аёл (хотинингиз ва икки қизингиз) учун ҳам фожеавий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ушбу мактубнинг сўнги нуқтаси сифатида, Муҳаммад Солиҳ ўзини заҳарлаган аёлни жазодан мосуво қилган Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг адабиёт ва сиёсатдаги меросхўри эканлигини сизга эслатмоқчи эдим. Шунингдек, бу мактубим Ўзбекистон Халк Ҳаракатининг ва бошқа бир сиёсий ҳаракатнинг қарашини ифодаламайди. Бу менинг халқимиз ва давлатимиз манфаати йўлида шахсий ташаббусимнинг изҳоридир.
   Намоз НОРМЎМИН
          17.05.2013

Комментариев нет:

Отправить комментарий