воскресенье, 26 мая 2013 г.

Сариқ рангнинг ижодкорлари

Бу ижодкорлар ўтган асрнинг 70 йилларидан бошлаб “юлдуз”лашдилар. Яъни, улар ижодкор сифатида Сталин қатағонлари тугагандан кейин Хрушчев эркинликлари натижасида “туғилдилар”. Шунинг учун ҳам улар ижодида совет мафкурасининг қизил излари аввалги насл ижодкорларига қараганда анча заифлашган, айтиш мумкинки бу қизиллик улар асарларида сариқ рангда кўрина бошлаганди...

RANGЭркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов…
Ғофур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон каби оташин совет куйчилари эмас бу ижодкорлар. Мен уларни коммунизм мафкурасининг қизил рангини заифлатган, таъбир жоиз бўлса сариқлаштирган ижодкорлар сифатида таъриф қилган бўлардим. Қизиллик уларнинг асарларида ҳам анчайин сезилиб туришига қарамасдан, бу ижодкорлар мафкуравий эмас, лирик ва ўзлари яратган қаҳрамонларнинг ҳис туйғулари, аниқроқ айтадиган бўлсак, доимий бўлган муҳаббат мавзусини марказга олиш билан буни амалга оширдилар. Яъни, уларнинг асарларидаги ишқу муҳаббат дардига мубтало бўлган қаҳрамонлар ўзбекларнинг Павел Морозовлари эмас эдилар…
Мен ўтган асрнинг 80 йиллари ёшлари бу ижодкорларнинг янги асарларини худди “кислород” ютиб, роҳатлаган вужудлар каби қаршилаганларига гувоҳман. Бу даврга келиб жамиятда советчилик ва ёшлар орасида  комсомолчилик расмиятга айланганди. У кунларда ҳам комсомол ташкилотлари фаол эди, бу ижодкорларнинг тамсилчилари комсомол мукофотининг лауретлари сифатида ҳам машҳур эдилар. Аммо улар ижодидаги қаҳрамонлар қирмизи комсомол ҳам эмас эдилар…
Бу ижодкорлар совет “ҳуррияти” доирасида миллийлик мавзусини кун тартибига келтиришга ҳам урингандилар. Уларнинг ижод соҳаси Ўзбекистоннинг  ва маҳаллий ёшларнинг ҳаёт тарзини қамраб олганди. Бу албатта, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ифодаланган миллийликдан иборатди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, улардан кейин келган янги насл ижодкорлари бор овозлари билан миллийлик мавзусини ёритишга уринди ва бу ишни фақат ижодлари билан эмас, амалий ишлари билан ҳам исботлашга киришдилар…
Ўтган асрнинг 80 йилларида адабиёт майдонини ларзага солган бу ижодкорларнинг энг фаоллари Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азим, Аҳмад Аъзам, Зоҳир Аълам каби қаламкашлар эдилар. Бу ижодкорлар насли мафкуравий қизиллик у ёқда турсин, бу соҳадаги сариқликка ҳам тоқатсиз эдилар. Зотан, уларнинг даврида қизир империянинг заҳарларидан ўзбек халқининг тўртдан бирининг жигарлари чириб, ранглари сарғайиб кетганди. Яъни, бу вақтга келиб сариқ ранг нафрат рамзига айланганди. Шунинг учун ҳам 80 йилларда майдонга чиққан ижодкорлар учун миллат ва ватан эркинлиги бош мавзу эди. Бу маънода улар миллат ва ватан тарихида оқ рангли бир янги саҳифа очиш орзусида эдилар…
Сариқ ранг ижодкорларидан Эркин Воҳидов, Гулчеҳра Нуруллаева кабилар ўзларидан кейин келган наслнинг “оқ” рангли саъйи ҳаракатларига қўшилишга уриндилар. Аммо нафақат бу икки насл вакилларининг балки бутунлайига Ўзбекистоннинг бошига қора кунлар бостириб келаётгани учун уларнинг бу уринишларининг самараси оз бўлди. Бу кунлардан эсда қолган Эркин Воҳидовнинг хизмат машинасига номаълум кишилар тарафидан узилган ўқ ва Гулчеҳра Нуруллаеванинг комсомол мукофоти дипломини йиртиб отиши эди…
Кейин ўз ижодини Хурушев эркинлиги туфайли сариқ рангга бўяшга уринганлар ҳозирги диктатуранинг қора рангига жуда осон мослашдилар. Балки бунинг сабаби улар ижодининг асоси соғлом эътиқод эмас, ҳавасдаги ватан иштиёқлари ва ишқий мажоралар мавзуси  бўлганлиги учундир. Шу тарзда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Ўткир Ҳошимовлар диктатор идорасининг асосий маъмурларига айландилар. Яъни, қизил рангдан туғилган сариқ ранг ўзбекларнинг ҳаётига бостириб кирган қора рангга осонгина аралашиб кетди. Бу рангнинг зимистон зулми ва даҳшати нафақат бу ижодкорларнинг истеъдодини бўғди, балки уларнинг оддий инсоний ҳуқуқлари ҳам, худди Ўзбекистоннинг бутун халқининг ҳаёти ва ҳуқуқи каби, золимларнинг оёқ остида қолди…
Ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг ўлими мени ушбу мулоҳазаларга етаклади. Бу ўлим шунингдек  менда маҳзун хотиралар уйғотди. У замонда ўқиган китобларимнинг қаҳрамонлари (масалан, Ўткир Ҳошимовнинг машҳур қиссасидаги Алимардоннинг тақдири каби) ёки Абдулла Ориповнинг шеърларидаги ҳижрон кайфияти каби.
Бу ерда таъриф этилган ранглар ва бу ранглардан туғилган адабий ва ижтимоий манзаралар масаласида кимлардир бошқа фикрда бўлиши мумкин. Аммо ҳамма менимча бир масалада ҳамфикр, деб ўйлайман:
Ўзбекистон оқ рангли кунларни жуда соғинди ва инша Аллоҳ шундай кунлар арафасида турибди…
Марҳумнинг оиласига сабр тилайман. Кошки Ўткир Ҳошимовга ҳам ватанимизнинг оқ кунларини кўриш насиб қилса эди…
Намоз Нормўмин
26.05.2013

Комментариев нет:

Отправить комментарий