вторник, 7 мая 2013 г.

Қатралар



1

Қувган ҳам, қочган ҳам Худо, дер экан. Замон қувиш ва қочиш замони бўлганда айтилган бу сўз. Аммо бугун  юзлашма замонидир мен учун. Шунинг учун ҳам шайтонга хаёлан тик қараб “Худо, Худо (Аллоҳ, Аллоҳ)”, демоқдаман...

2

Боботоғни айланиб ўтиш, баъзи мавзуларни айланиб ўтишдан осонроқдир...

3

Ўзинг билан баҳслашиш ўзинг билан муштлашишдан албатта афзалдир...

4

Ҳақ тарафидан бўлган кишининг асабийлашишига керак йўқ. Чунки у аллақачон маънавий манзилга етгандир...

5

Гўдак онасини суянчиқ ўрнида кўради. Гўдак улғайганда онаси боқий ҳаётга кетади. Аммо Аллоҳ адолатлидир. У эркакни суянчиқсиз қолдирмайди. Аёл дунёнинг суянчиғидир, деган ҳикматнинг маъноси шу бўлса керак...

6

Кексалик ёшига кириб келаётган одам хафа бўлмаслиги керак. Ахир у янги поғонага чиқмоқдаку. Қанча дўстлари бу поғонага етиб кела олмаган...

7

Бир ўйлаб кўринг қанча одамни танийсиз. Яна бир ўйлаб кўринг дунёда қанча одам бор. Агар танийдиган одамларингизнинг дунёдаги одамларга нисбатини (проценти) тахмин қила олсангиз, демак ҳисоб китоб ҳақида анча маълумотингиз бор экан...

8

Қишлоғимизнинг кўчасига ўхшаган кўчани кўрсам юрагим энтикиб кетади...

9

Одамлар бир хил бўлиши шарт эмас. Айни тушунчада бўлиши ҳам шарт эмас. Доимий мухолифатда бўлиш мумкин улар бир бирига. Фақат вақти вақти билан шу одам ўзи нима демоқчи дея, ўйлаб кўриш ҳам фойдадан холи бўлмаса керак...

10

Руҳ тарбия қилинмайди, зотан у тарбияли яратилган. Тарбияга муҳтож нафсдир, аммо унинг буни эътироф қилиши қийин...

11

Кўчага чиқиб кетаётганимизда эркинликка қадам қўямизми ёки уйга қайтиб келганимизда? Савол умумий аммо жавоб шубҳасиз хусусийдир...

12

Инсон ўзининг эски расмларини кўриб гуноҳларни шу одам қилган дейиш билан енгил нафас олиши мумкин бўлсайди...

13

Қатра нима дейсизми? Қатра оз пул, аммо у муҳим бир манзилга ета оладиган даражада қийматлидир...
14

Инсон нақадар хатокордир. У маълум кунда, маълум дақиқада, маълум сонияда соат тўхтаб қолади, деб ўйлайди. Ҳолбуки, ўша кунда, ўша дақиқада, ўша сонияда соат тўхтамайди. Ҳатто, қўлидаги соати ҳам...
15

Соғлом ва хаста икки одам айни кўзларга, аммо айри нигоҳларга эгадирлар. Табиблар инсонларнинг хаста эканлиларини кўзларига қараб билишга уринадилар. Улар бу иш билан овора эканлар,  хасталарнинг нигоҳлари орқадан уларга қараб туради...Бечора табиблар..

16

Ёшлигида тушуниш учун кўп гапиришга мажбур эди. Энди эса кам гапиргани сайин кўпроқ нарсани тушунадиган бўлди. Ҳатто ҳеч гапирмай ҳам кўп нарсани тушунадиган бўлди...

17

Шубҳа ботиний зилзиладир. Унинг вайронаси ва қурбонлари ҳам зоҳирга чиқмагани яхшироқ...

18

Қалам ва қоғозга ҳам ташаккур айтишимиз керак. Бири қорайгани, бошқаси эса заифлагани учун. Бунинг устига ҳали улар бизнинг элчиларимиз сифатида бировларнинг ёнида қанчалар изза бўлишади. Ҳақиқатан ҳам, қалам ва қоғозга ташаккур айтишимиз керак...

19

Севги нималигини биламан, дейсизми? Яхшилаб ўйлаб кўринг, тонгними, хуфтонними кўпроқ севишингиз ҳақида. Менинг фикримни сўраманг, ўзингиз қарор беринг бунга. Чунки сиз севгининг моҳиятини биламан, дедингиз бироз аввал...

20

Тарих, бугун ва келажак уч оғайни, ака -укалардир. Аммо ҳақиқий биродарларми ёки ўгай ака -укаларми? Масала мана шунда...

21

Фалсафани енгмоқчимисиз? Унинг устидан кулинг..
.
22

Ақл нафсдан қўрқмайди, имондан эса ийманади. Ақлнинг нафснинг айтганларини қилиши унинг тақдирга рози бўлишидир, имоннинг айтганини қилиши эса унга бўлган муҳаббатидир...

23

Жарроҳлигимда тўқималарни бир биридан осон айирардим. Энди эса қалбни руҳдан, ақлни нафсдан айира олмай овораман...

24

Эҳ, инсон тўй қиламан, дев бунча овора бўласиз-а? Ҳолбуки тўй ва оворагарчилик бир бирига бегонадир...

25

Ақлли бўлиш албатта яхши. Аммо имонли бўлиш барибир яхшироқда...

26

Инсоннинг излаган нарсасини топиши жуда севинчлидир. Аммо излашнинг ўзи қадар лаззатли эмас...

27

Ҳақиқий бахт банда сифатида ёлғиз қолмасликдир. Аммо Аллоҳ меҳрибондир, у бандасига инсон сифатида ёлғиз қолмасликнинг ҳам лаззатини берган...

28

Эй инсон, кўчадан юриш қоидаларига бунчалик аҳамият бермоқдасиз. Бу эътиборингизни кўрганлар  сизни тўғри йўлда, дея ўйлаши ҳам мумкин?. Аммо буни исботлаш унчалар ҳам осон эмаски...

29

Сочимнинг оқ толалари қора толаларига рашк қилиши мумкинми, дейсизми? Билмадим, мен бунга унчалик ишонмайман. Чунки мен ҳозирда ўқи оз қолган овчига ўхшайман. Шунинг учун ҳам бу ҳақда ўйлашга мажолим йўқ. Яхшиси бу ҳақда ўзингиз қарор беринг...

30

Инсонлар нақадар яхшидирлар. Улар юзингизга доимо жилмайиб қарайдилар. Сизни танимайдиган, сиз ҳам уларни танимайдиган инсонлар нақадар яхшидирлар...

31

Туғилган куним билан табриклаганингиз учун эмас, бу кун туғилган куним эканлигини эслатгангиз учун сизга ташаккур айтаман…

32

Унутиш яхшими, ёмонми? Унутмаслик ёмонми, яхшими?

33

Авваллари исмим жисмимга унчалик монанд эмас, дея ўйлардим. Энди эса жисмим исмимга унчалик монанд эмас, дея ўйлайман... 


34


Барибир деган сўздан севинишдан кўра кўпроқ қўрқаман, сизчи?



35



Ўғри қариганда сўфи бўлади, дейдилар. Аммо баъзи сўфиларнинг тавҳид ўғриси эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Шунинг учун ўғрининг сўфи бўлишдан кўра тўғри бўлиши яхшироқдир...


36

Машина тезлиги билан фикр тезлигини албатта қиёслаб бўлмайди. Машина ҳалокати билан фикр ҳалокатини эса асло қиёслаб бўлмайди...

37

Аҳмоқ оддий сўзлардан биридир, аммо лаблар бу сўзни ичкари томонга пичирлаганда у катта маънога эга бўлади...


38

Бош эгилган ҳолда айтилган эътироф кўкракка тақишга арзийдиган нишондир...

39

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бирлашмаган Миллатлар Ташкилотидир..

40

Шиалар гени ўзгарган мусулмонлардир...

41

Телевизор қандай даҳшатли суҳбатдош, фақат у гапиради, аммо асло сизни эшитмайди...

42

Фейсбок дўстларим сонини юзларча марта оширди. Дўстона муносабатларимнинг қанчалик озайганини эса ҳисоблай олмайман...
43

Дунёда икки юзга яқин давлат бор, аммо нега биз бунчалик Ўзбекистонга ёпишиб олганмиз...

44

Ўзбекистон дейману Туркистонни ўйлайман, буни изоҳлашга эҳтиёж бормикин?

45

Сариқ ранг ижодкорлари ҳақида ёзиб, “Сариқ девни миниб” китобини унутибман. Эслатиб қўяй дедим...
46

Ҳарф ислоҳоти нима бўлди, билган борми?

47

Ўзбеклар эски замонда кўчадаги мой ичар, уйдагилар қон қусар, дер эди. Энди кўчадагилар қон қусиб, уйдагилар мой ичаяпти шекилли...

48

Ўрта Осиёда етишмаётган нарса фақат сув эмас, меҳр муҳаббат ҳам. Балки иккинчиси етарли даражада бўлганда, биринчиси муаммо бўлмасмиди?

49

Ҳақиқий маънавият мазлумга ёрдам берганингиз қадар, золимга ҳам (уни зулмдан воз кечиришга ундаб) ёрдам беришдир. Шунинг учун ҳам зулмга қарши курашиш керак ...(Ҳадиси шарифдаги ҳақиқат)

50

Ҳақиқий ислоҳот ёлғонни бартараф қилишдан иборат. Аммо шу биргина ислоҳот қанчалар мураккаб ишдир...
51

Доимо бирлашишдан гапирадиган аммо ёнига ҳеч ким яқинлашмайдиган кимсалардан эҳтиёт бўлишимиз керак...
52

Ген ҳақида маълумотингиз бўлмаслиги мумкин. Ген технологиясини тасаввур ҳам қила олмасангиз керак. Аммо гени ўзгарган қовунни ейиш билан ҳамма нарса ўз ўзидан тушунарли бўлади.
53

Табиийликни соғиниш мусибатнинг бошланишидир. Мусибат эса табиийликни соғинмасликдир.
54

Ширинлик лаззати, шаҳват лаззати ва имон лаззати...Бахтли қалблар бу уч лаззатни ўзида тўплаган қалблардир...
55


Инсонмиз, ўзбекмиз, мусулмонмиз! Яъни, инсон ҳуқуқлари (табиий инсонга ярашадиганлари), ўзбекларнинг миллий қадриятлари (тили, тарихи, маданияти) ва мусулмонликдаги эътиқод, ибодатлар, муомалатлар ва ахлоқ бир орага тўпланганда бизнинг ҳақиқий шахсиятимиз ва жамиятимизнинг соғлом пойдевори ўртага чиқади, деб ўйлайман...

56

Замонамизда ҳамма нарсанинг гени ўзгариб бормоқда...Ҳатто сўзларнинг ҳам. Бир па     йтлар сўз айтиш ниҳоятда қийин бўлган, аммо у замонлар сўзнинг таъсири “атом” бомбаси каби кучли бўлган. Энди эса сўз айтишдан осони йўқ, аммо бу сўзларнинг таъми, таъсири йўқ...

57

Ёшлигимда зарфда (конвертда) мактублар олардим. Энди эса менга маошимни зарфда беришади. Билмадим нимага, ҳозирги зарфларни буклаб чўнтагимга қўяр эканман, эски зарфларни эслаб мийиғида кулиб қўяман...

58

Аллоҳнинг каломи Ҳақ сўздир...Бандаларнинг сўзлари бу Ҳақ каломга эгилмагунча (мусулмонлар Аллоҳга рукуъ ва сажда қилганлари каби), уларда маъно бўлмайди...

59


Бозор иқтисоди мозор иқтисодидир, ҳар кимнинг елкасига тобутини кўтартириб, девоналар каби тўрт тарафга чоптиради...


60

Юзингиз нурлашиб бораяпти дейди танишларим. Кўзларим кўрлашиб бораяти, дейман мен..


Намоз Нормўмин
7-28 май 2013 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий