пятница, 28 июня 2013 г.

Товуқ эмас, Твиттер!

Беш олти йил аввал турк биродарларнинг масжидида Тоғут мавзусини муҳокама қилаётган эдик. Туркиялик биродарларнинг яхши одатларидан бири суҳбат асносида кичкина шиша стаканларда (бардакларда) чой ичишларидир. Чой ичадиган идиш кичкина бўлгани учун чойчи амакамиз турмасдан гоҳ биримизнинг, гоҳ бошқамизнинг “бардагимизга” чой тўлдирар эди. Дарс қизиган пайтда чойчи амаканинг жаҳли чиқиб қолди:

TWITTER
“”Дарсларингини эшитаяпман, деди у норози кайфиятда. Турмасдан товуқ ҳақида гапираяпсизлар. Аллоҳнинг масжидида гапирадиган бошқа гап йўқми?”.
Мавзу жиддий бўлишига қарамай чойчи амакининг гапидан жамоатдагилар беихтиёр кулиб юбордилар. Ҳамма жим бўлгач, мен бу содда биродаримизга Тоғут ва товуқ орасидаги фарқни ётиғи билан тушунтирдим…
Тоғут Аллоҳдан бошқа ибодат ва итоат қилинадиган барча нарсалар, яъни барча шаклдаги бутларнинг умумий исмидир. Шунингдек, Тоғут инсонларга зулм қиладиган сиёсий тузумлар (коммунизм, фашизм ва ҳк), шу жумладан якка шахслар тарафидан бошқариладиган диктаторликлар ҳамдир. Исломнинг асосий қоидаси ҳам Тоғутни рад қилиш ва унга қарши курашишдир. Акс ҳолда инсон Аллоҳнинг ягона Роб ва Илоҳлигига имон келтирган ҳисобланмайди…
Бунинг Твиттерга нима алоқаси бор? Гап шундаки, бизда баъзилар Тоғут билан товуқни ажрата олмагани каби, Твиттер билан товуқни, золим билан олимни ажрата олмайдиган ҳолдадир.
Бунинг сабаби Ўзбекистон дейилган 30 миллионлик аҳолининг сўз ва фикр эркинлигидан маҳрум қилингани ва ўртада бир Диктаторнинг маъносиз сўзларидан бошқа бирор гап айтишнинг имкони йўқлигидир.
Куни кеча Ўзбекистоннинг ноқонуний Президенти Ислом Каримов унинг янглиш иқтисодий сиёсати натижасида мамлакатни тарк этган миллионларча ҳамюртларимизни “дангасалар” деб атади ва улардан жирканишини билдирди. Бу товуқмиялик бўлмаса, нима ахир? Бутун бошли бир халқни аввал хонавайрон қилиш, кейин хонавайрон бўлган мамлакатдан қочиб кетганларни ҳақорат қилиш?! Инсоф ва инсонийлик борми бу Диктаторда?
Бу ҳам етмагандай “Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ислом Каримов энди журналистларга ёрдам берар экан? Улар билан ҳамкорлик қилар экан?. (ozodlik.org). Деярли 25 йил сўз ва матбуот эркинлигини йўққа чиқарган, доимо халқни алдаб келган ноқонуний Президентнинг гапига ким ҳам ишонар эди? Унинг гапига ўзига ўхшаган эски ва янги товуқмия эркатойларигина ишонишлари мумкин. Чунки улар ҳақиқатни кўрмайдилар, бунинг ўрнига ҳақиқатни бузиб кўрсатишга уринадилар. Нима эмиш, Ислом Каримов яхши эмишу, аммо унинг атрофидаги “олий раҳбарлар” ахмоқ эмиш? Меҳнат муҳожирларини “дангасалар”, дейиш фикри ҳам Президентга оид эмас эмиш. Яъни, балиқ бошидан чириган эмас эмиш? Бу гаплар менга Тоғут билан товуқни ажрата олмаган содда амакининг гапларини эслатади. Фақат бу амаки соддадиллиги туфайли хато қилганди. Ислом Каримов ва эркатойлари эса пихини ёрган муғомбирлардир. Яъни, улар ёлғонни ямламай ютадилар ва яна уялмасдан, кўзларини лўқ қилиб, халқнинг қаршисига чиқадилар…
Твиттер ҳозирги кунда оммавий ахборот воситаларининг энг машҳур воситаларидан биридир. Бир муҳим ва шошилинч фикрингиз бўлса, уни “твитлайсиз”. Бу билан сизнинг фикрингизга муштоқ бўлган, яъни Твиттерда сиз билан алоқада бўлган дўтсларингизни ҳаяжонга соласиз. (“Твиттер” сўзининг маъноларидан бири ҳаяжондир). Агар хабар ёки фикр муҳим бўлса, дўтстларингиз уни “ретвитлашади, яъни бошқаларга  айни усулда тарқатишади…
Туркияда яқинда содир бўлган намойишларда 1.385.733 киши 5.614.018 твит ёзган экан. 1.162.365 твит эса 1.182.613 марта қайта юборилган (ретвитланган). (habervaktim.com) Мана буни сўз, фикр ва матуот эркинлиги деса бўлади. Тўғри бу “твитлар” орқали жуда кўп ёлғон ва фитна хабарлар ҳам тарқатилди. Аммо сўз эркинлиги шундай қадриятки, у нафақат танқид қилинаётганларни, балки танқидчининг ўзининг ким эканлигини ҳам фош қилади. Ўзбекистонда эса энг машҳур Твиттерчи диктаторнинг қизи Гулнора Каримовадир. Қолган 30 миллион халқ эса дангасалар ва жирканиладиганлар тоифасини ташкил қилади. Бу хоним Твиттердан шундай сўкинадики, “баракатопгур” отасини ярим йўлда қолдириб кетади. Бу билан ўзининг асл башарасини ҳам фош қилади…
Хуллас, тоғут, твиттер ва товуқмиялар масаласида кўп гапиришимиз мумкин. Аммо бугун шу айтилганлар билан чегараланамиз. Ҳа, айтмоқчи, Твиттердаги адресим: @NamozN
Намоз Нормўмин
29.06.2013

Комментариев нет:

Отправить комментарий