среда, 3 июля 2013 г.

Инсон ҳақида ўрганганларим (4)

Инсоннинг руҳи

Руҳ ҳақида турли замонларда турли фикрлар ва қарашлар билдирилгандир. Руҳ учун жон, нафс, қалб, ақл ҳам дейилган.  Қуръони Каримда ҳам руҳнинг ҳақиқати турли маънолар билан марҳамат қилинади:

У Ўз амри ила фаришталарни руҳ-ваҳий билан бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига: «Огоҳлантиринглар. Албатта, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга тақво қилинглар», деб нозил қиладир. (Наҳл сураси 2)


Бу ояти каримада Аллоҳнинг каломи, яъни ваҳий руҳ, дея таъриф қилинади.

Ва Ийсо ибн Марямга ойдин (мўъжиза)ларни бердик ва уни муқаддас руҳ билан қўлладик” (Бақара сураси 253).

Бу оятдаги “муқаддас руҳ”дан мурод Жибрил (ас)дир.

Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир” (Нисо сураси 171)

Бу ояти каримада дунёга отасиз келган Ийсо (ас)нинг Аллоҳдан бир руҳ эканлиги марҳамат қилинган.

Қуръони Каримда инсонларга руҳ ҳақида оз маълумот берилгани марҳамат қилинади.

Ва Сиздан руҳ ҳақида сўрарлар. Айтинг«Руҳ Роббимнинг амридандир. Сизга жуда оз илм берилгандир» (Исро сураси 85)

Аллоҳ таоло инсонни яратган ва унга Ўз руҳидан пуфлагандир. Инсонга мана шу шаклда жон кирган, яъни жонли мавжудотга айланган.

У Ўзи яратган ҳар бир нарсани гўзал қилган ва инсонни яратишни лойдан бошлаган Зотдир. Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан (манийдан) ажраб чиқадиган қилди. Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади. У сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. Камдан-кам шукр қилурсизлар” (Сажда сураси 7-9).

Эсланг! Ўшанда Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен лойдан башар яратгувчидирман.Бас, қачонки уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб йиқилинглар!» деган эди.” (Сод сураси 70-71)

Инсонга она қорида руҳ пуфланиши ҳақида Пайғамбаримизнинг ҳадисида шундай дейилади:

“Сизлардан бирингизнинг яратилиши она қорнида қирқ кунда майдонга чиқади. Сўнгра у бир алақа бўлади. Сўнгра мудға бўлади. Шундан кейин бир фаришта юборилади ва инсонга руҳ пуфлайди. Бу фариштага тўрт амр берилади: Инсоннинг ризқи, ажали, амали ва сайид ёки шаккок бўлиши...” (имом Муслим ривоятлари)

Демак, Қуръони Каримда руҳ турли маъноларда таъриф этилгани каби инсонларга руҳ ҳақида оз илм берилгани ҳам таъкидланади. Биз бу ерда руҳнинг инсонда жон манбаи эканлигини қисқа таърифлашга ҳаракат қиламиз. Руҳнинг моҳияти ҳақида тўхталишдан олдин унинг вазифаси ҳақида бироз фикр юритайлик. Чунки руҳ моҳияти фақат вазифасидан маълум бўладиган бир борлиқдир. Бунинг далили юқорида айтилгани каби инсонларга руҳ ҳақида оз илм берилганидир. Инсонга руҳ пуфланиши билан у жонли мавжудотга айланиши Қуръон ва ҳадисда марҳамат қилинган. Худди шундай ўлим ҳам руҳнинг вужуддан айрилиши билан ўртага чиқади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади:

“Мўмин кишининг руҳи вужудидан айрилганда, уни икки фаришта кутиб олади ва самога чиқаради. Само аҳли “Гўзал бир руҳ ердан келди. Сенга ва ҳаёт берганинг жасадга Аллоҳ салот айласин”, дерлар.Сўнгра уни Парвардигори ҳузурига олиб борадилар. Кейин “Уни ҳудуднинг охирига қадар олиб боринглар”, дейилади. Кофир кишининг руҳи (вужуддан) айрилганда само аҳли: “Жирканч руҳ ер тарафидан келди” дейдилар ва “Уни ҳудуднинг охирига қадар олиб боринглар”, дейилади” (Муслим, Жаннат 17, Қаранг: Шомил Ислом Энциклопедияси, Ўлим бўлими, Турк тилида).

Ушбу далиллар аввало руҳнинг Аллоҳ таолонинг тасарруфидаги бир борлиқ эканлигини кўрсатмоқдадир. Ояти каримадаги “руҳимдан пуфладим” ибораси бунинг далилдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзига нисбат бериб бир қанча олий сифатларни марҳамат қилган. Буларга руҳ, қўл, юз, арш, курсий кабиларни мисол кўрсатишимиз мумкин. Табиийки булар Аллоҳ таолонинг Олий зотидан бирор қисм эмас ва айни пайтда инсонларда ёки бошқа махлуқотларда мавжуд бўлган айни исмлардаги вужуд қисмларига асло ўхшамайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳеч бир жиҳатдан Ўзи яратган махлуқотларга ўхшамайди ва ҳеч бир нарса Унинг Зотига тенг эмасдир:

У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У зот ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир” (Шўро сураси 11)

Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган. (Аллоҳ таолога бирор зот на зотида, на сифатида ва на амалида тенг бўлган эмас, бўлолмайди ҳам.) (Ихлос сураси 4)

Демак, руҳ Аллоҳ таолонинг тасарруфида бўлган, моҳиятини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигина биладиган борлиқ, яъни моддий (физикий) бўлмаган нарсадир. Шу билан бирга руҳ унинг пуфланиши билан инсон вужудига жон кирадиган ва унинг вужуддан айрилиши билан инсон вафот топадиган борлиқдир. Бошқа сўз билан айтганда руҳ инсонда ҳаёт, жон манбаидир. Руҳ ва жон айни борлиқми, деган саволнинг жавоби бўлмаса керак. Чунки жон борлиқми ёки ҳолми бунинг сиррини билиб бўлмайди. Бу ерда борлиқ дейилганда мавжудликни, ҳол дейилганда мавжудотнинг бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтишини назарда тутаяпмиз. Масалан, сув, булут, муз, қор айни борлиқнинг турли ҳолларидир. Худди шундай жонли ҳолда бўлишни ва ўлимни инсон борлиғи учун икки ҳолдир, дейишимиз мумкин. Инсондан бошқа махлуқотларда, масалан ҳайвонларнинг ҳам жони бордир. Аммо уларнинг жонига руҳ дейилмаслиги ҳам маълум. Жон агар борлиқ ўрнида кўриладиган бўлса уни руҳнинг ўзидир, дейиш мумкин. Чунки руҳнинг вужуддан айрилиши билан жон чиқиши айни ҳақиқатни акс эттиради...

Инсон руҳи инсон мавжудлигининг бутун қисмларига ва қирраларига жон беради, жонлилик киритади. Инсонга руҳ пуфланиши билан унинг юраги уриб бошлайди. Бу билан бирга инсон ҳаёти бошланган ҳисобланади. Ҳужралар ўз вазифаларини ўтаб бошлайдилар. Вужуднинг бу вақтгача шаклланиб улгурган бутун аъзолари шундан кейин жонланади. Чақалоқ дунёга келганда кичкина инсон бу дунёга кўзларини очади. Ҳали бу жажжи инсоннинг ақли тўлиқ шаклланмаган, нафси фақат она сутини истайдиган, юраги шиддатли урадиган, қалби эса ўз фитратини қўриган ҳолда бўлади. Шунинг учун ҳам чақалоқларнинг энг билинадиган тарафи уларнинг руҳидир, дейишимиз мумкин. Чақалоқлар сиймосининг гўзаллиги, терисининг нафислиги, ҳидининг хушбўйлиги ва вужудининг ёқимлилиги шубҳасиз улар руҳининг зоҳирда намоён бўлишидир.

Инсон руҳи айни пайтда инсон юрагига, нафсига, ҳушига ва ақлига жонлилик бағишлайди. Бунинг далили инсонга ўлим келганда, яъни руҳ вужуддан айрилганда бутун бу айтилганлар ҳам ўлади. Фақат инсон қалбининг фаолиятида руҳнинг тутган ўрни борми, йўқми, буни айтиш фавқулодда қийиндир. Масалан, инсоннинг ҳидоятга эришишида ёки залолатда қолиб кетишида Аллоҳ таоло руҳга вазифа берганми, йўқми? Бу масалада инсон ақлига нисбий масъулият юкланганги маълумдир. Чунки Қуръони Каримда имонли бўлиш ва ақлни ишлатиш орасида ўзаро боғлиқлик борлиги марҳамат қилинади:

Ва улар: «Агар эътибор қулоғи билан эшитганимизда ёки ақлни ишлатганимизда эди, дўзахийлар орасида бўлмаган бўлар эдик», дерлар” (Мулк сураси 10)     

Бу ояти каримага кўра руҳ бевосита бўлмаса ҳам билвосита, яъни ақл воситаси билан ҳидоят ва залолат учун нисбатан масъул ҳисобланади. Чунки юқорида айтилгани каби ақлнинг жонланиши ҳам руҳнинг мавжудлигига боғлиқдир. Фақат шу нарса ҳақиқатдир ки, ҳидоят ва залолат  мутлақ маънода Аллоҳ таолонинг тақдиридадир. Ҳадиси шарифда айтилгани каби Аллоҳ таоло ҳидоят берган кишини кимса залолатга бошлай олмайди. Аллоҳ таоло залолатга бошлаган кишига эса кимса ҳидоят бера олмайди.
Инсон вужуди унинг руҳи учун ўзан (ётоқ) ҳисобланади. Яъни руҳнинг таъсири вужуднинг бутун органларига тарқалгани каби, у инсоннинг ботиний “қисмлари” бўлган қалб, ақл ва нафс учун ҳам ҳаёт манбаидир. Яъни, инсон вужуди руҳ таъсирида ҳаракат қилади, ички органлар бу таъсир натижасида ўз фаолиятларини амалга оширади, кўз, қулоқ, тил руҳдан олган куч билан кўради, эшитади ва гапиради. Инсон мияси руҳнинг унга берган қуввати билан вужуд органларини бошқаради, юрак ҳам қалб ҳам руҳнинг таъсирида бўлади, ақл ва ҳушга руҳ куч беради.  Фақат руҳ бу айтилганларнинг фаолияти учун бевосита масъул ҳисобланмайди. Бу маънода руҳ хато ва гуноҳлардан покдир. Шу билан бирга мўмин кишида руҳ ўзининг аслини қўрийди ва ҳадиси шарифда айтилгани каби гўзал ҳолда бўлади. Имонсиз ва гуноҳларга ботган кишиларнинг руҳи эса вақт ўтиши билан чиркинлаша боради ва агар бундай инсон тавба тазарру қилиб, соф ақида ва яхши амаллар қилишга бошламаса, унга ўлим келганда руҳи чиркин ҳолда вужудидан айрилади. Ҳадиси шарифларда руҳ вужуддан айрилар экан кўзларнинг унинг орқасидан қараб қолиши айтилгандир. Марҳумнинг бир нуқтага тикилиб қолиши кўзларнинг руҳга алвидо назаридир, дейилса хато бўлмайди. Шунингдек ўлим учун сўнг нафасини берди ибораси ҳам қўлланилади. Бу сўнг нафас руҳнинг вужуддан айрилиши маъносига ҳам келиши мумкин...

Руҳнинг нақадар гўзал ва мукаммал борлиқ эканлигини кулаётган чақалоқ ёки кекса марҳумнинг кўринишларини тасаввур қилиш билан таққослаш ҳам мумкиндир. Яъни, кулаётган чақалоқнинг софлиги ва гўзаллиги инсонга ҳаёт берган руҳни, кекса марҳумнинг кўриниши эса руҳдан маҳрум бўлган жасаднинг ҳолини кўрсатади. Баъзи китобларда руҳий тарбиядан баҳс этилишининг сабаби руҳ дейилганда нафснинг назарда тутилишидир. Ҳақиқатда эса Қуръони Каримда руҳнинг эмас, инсон нафсининг тазкия қилиниши (покланиши) талаб қилингандир. Бу ҳақда нафс бўлимида алоҳида тўхталамиз.

Руҳга оид мавзуда уйқу ва туш масаласига ҳам қисқача тўхталишни лозим кўрдик. Уйқу Қуръони Каримда ором, истироҳат сифатида марҳамат қилингандир:
У (Аллоҳ) сизлар учун кечани либос, уйқуни истироҳот қилган ва кундузни тирилиш (замони) қилган Зотдир” (Фурқон сураси 47).

Ҳақиқатан ҳам ухлаш орқали инсон вужуди ором олади. Инсон умрининг учдан бири уйқуга ажратилгандир. Уйқу вақтининг асосан тунга тўғри келиши ҳам бежиз эмас. Чунки кеча қаронғулигида инсон кўра олмайди ва бошқа ҳис этиш хусусиятлари ҳам кундуз вақтидагидек бўлмайди. Шунинг учун ҳам инсон кечалари табиий ҳолда ухлайди. Шу билан бирга чарчоқ сабабли инсонлар кундуз соатларида ҳам уйқуга кетишлари мумкин. Уйқу инсон учун нисбий ўлим ҳам ҳисобланади. Чунки руҳ уйқудаги инсоннинг вужудини қисман тарк этади. Шунинг учун ҳам уйқу вақтида инсон шуурсиз (ҳушсиз) ҳолда бўлади ва унинг баъзи фаолиятлари тўхтаб қолади (масалан, кўриш), баъзилари эса сусаяди (масалан, эшитиш). Бу айни пайтда уйқунинг инсон мияси ва вужуди учун  ором олиш эканлигига ҳам далилдир. Шунинг учун ҳам ўз вақтида ухламаган ёки кам ухлаган кишиларнинг “мияси шишиб кетади”, яъни фикрлаш ва воқеаларга баҳо бериш қобилияти тўлиқ бўлмайди. Уйқуга тегишли муҳим нарсалардан бири тушдир. Тушнинг моҳияти ҳақида турли туман фикр ва мулоҳазалар билдирилган. Қуръони Карим билдирган ҳақиқатларга асосланиб, айтишимиз мумкин ки, туш уйқудаги, яъни нисбий ўлим ҳолидаги инсоннинг руҳий кечинмаларини акс эттиради. Яъни, уйқуда вужуддан айрилган инсон руҳининг фаолияти баъзан туш сифатида инсонга “кўрсатилади”. Бу кўриниш туш кўрган кишининг аҳволига қараб турли маъно ва даражаларда бўлиши мумкин. Масалан, пайғамбарларнинг рўёлари саҳиҳдир, ваҳий маъносидадир. Ҳадисларда солиҳ мўминларнинг тушлари пайғамбарликнинг қирқ олтидан бир қисми эканлиги айтилади. Шу билан бирга инсон ухлаганда алғов-далғов тушларни ҳам кўриши мумкин:    

Подшоҳ: «Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг», дедиУлар: «Бу алғов-далғов тушдир. Биз бундай тушларнинг таъбирини билувчи эмасмиз», дедилар” (Юсуф сураси 43-44)     

Инсоннинг тушда кўрган нарсалари, бундан пайғамбарлар кўрган тушлар (ас) истисно бўлган, амалий ҳаётда далил ҳисобланмайди. Баъзи инсонлар ўзларининг ёки устозларининг тушларини ҳаётда далил қилишга ёки уйқуларида у ёки бу амални бажарганликларини иддоа қиладилар. Аммо булар ҳеч бир далилга асосланмаган иддоалардир. Ҳақиқатга яқин бўлган тушлар тонг вақтига яқин кўрилган тушлардир. Тушларнинг турли моҳиятда ва даражада бўлишининг сабаби фақат Аллоҳ таологагина маълумдир.


Намоз Нормўмин

Комментариев нет:

Отправить комментарий