вторник, 9 июля 2013 г.

Рамазон иймонлашуви

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ассалому алайкум азиз дўстлар, мўмин мусулмон биродарлар!

Барчаларингизга бу йилнинг Рамазони шарифи муборак бўлсин!

Аллоҳ таоло ибодатларимизни, бу улуғ ойда тутадиган рўзаларимизни қабул қилсин! Омин!Ислом уммати бу йилги рамазонга ҳам ҳузун ва кўз ёшлари ичида кирмоқда. Сурияда, Ироқда, Афғонистонда ва дунёнинг қолган тўрт бурчагида мусулмонлар мазлумлар, ўз юртларида беватанлар, золимларнинг қийноқ ва хўрлашларидан "оҳ" чекмоқдалар!


Куни кеча Мисрда "камбағални туянинг устида ҳам ит қопади" қабилида бир давлат тўнтариши бўлди. Яна мусулмонлар айбдор, яна улар мазлум ва яна улар ўққа тутилдилар.

Бу айтилганлардан Ислом уммати асло зулмдан қутула олмайди, деган маъно келиб чиқмаслиги керак:


Аллоҳ таоло барча мазлумларнинг оҳларини эшитгувчи Роббимиз ва уларга ёрдам берувчи ягона Волиймиздир!


1. Мусулмонлар зулмнинг аввали Ширк эканлигини яхши билишлари керак. Чунки бу ақидавий ва амалий хасталикдан қутулмасдан мусулмонларнинг бу дунё ҳаётида зулмнинг бошқа кўринишларидан қутилишлари асло мумкин бўлмайди. Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 82 оятида "имонга зулм (ширк) аралаштирмасликни" талаб қилади. Акс ҳолда инсон мўмин бўла олмайди.


2. Ширкнинг (будпарастликнинг) илдизи шубҳасиз ҳавойи нафсга эргашишдан бошланади.Зеро, Қуръони Карим ҳавойи нафсини буд (санам), деб атаган (Фурқон сураси 43 оят) ва кимки нафсини бу буддан покласа, аҳли жаннатлардан бўлишининг хабарини берган (Нозиат сураси 41 ва 42 ояти)


3. Ҳавойи нафс буди инсоннинг Ҳақ йўлни бир четга (Қуръонни, саҳиҳ суннатни, салим ақлни, шўро маслаҳатлашишни) қўйиб, ўз билганича, ўзбекчасига айтганда калласига нима келса шуни тўғри деб эрагашиб ва амал қилиб кетаверишини билдиради. Ҳавойи нафсига эргашганлар бир қарасангиз ўзларини ўнг томонга (таркидунёчиликка), кейин эса чап томонга (тарикохиратчиликка) урадилар, асло Ҳақ (ўрта, мўътадил) йўлдан юришни истамайдилар. Ҳолбуки, улар Ҳақ йўлдан юрсалар ҳам бу дунёда ҳамда охиратда саодатга эришган бўлардилар.


4. Бугун биз мусулмонларнинг жуда кўпчилигимиз ҳавойи нафс йўлидан озми кўпми таъсирланганмиз. Бу Аллоҳ ризосини ортга қўйиб, нафс ризосини олдинга суриш билан кўринмоқда. Кимдир молу мулк, кимдир бола -чақа, кимдир шону шуҳрат дарди билан ҳавойи нафсига эргашмоқда. Баъзи мусулмонларнинг худбин (фақат ўз манфаатларини олдинга суришлари), Уммат дардига бепарво, яна ўзбекчасига айтганда тепса тебранмас бўлишларининг асосий сабаби ҳам уларнинг ҳавойи нафс дардидан қутул олмаганларига ишоратдир. Демак, нафсларимизнинг Қуръони Карим талаб қилган шаклда тазкия бўлиши (покланиши) шартдир. Ислом илмидан хабари бор биродарларимиз шундай покланиш ҳақида ўйлаб кўришлари, бу мавзуни суҳбатларда имкони борича кун тартибига келтиришлари ва уни амалий шаклда ўрганишлари керак, деб ўйлайман. Бу ерда тазкиянинг (нафсни поклашнинг) тасаввуфий мавзу эмаслигини эслатмоқчиман. Чунки бу Исломнинг ўз, яъни асосий мавзусидир, исломдан бир қисм деб тушуниладиган (бунинг тўғрилигига етарли асос йўқ) тасаввуф ва тариқотларнинг мавзуси эмас. Яъни нафсни тазкия қилиш учун бирор"шайх ҳазратларининг" этагига ёпишиш шарт эмас. Бунинг учун аввало Қуръони Карим талаб қилган шаклда Аллоҳ таолони ҳаққи билан таниш, Расулуллоҳ (сав)нинг саҳиҳ суннатларига амал қилиш, Ҳақ йўлда бўлган мўмин мусулмон биродарлар жамоатида бўлиш кифоядир, инша Аллоҳ!


5. Тоғутга эргашиш будпарастликнинг энг машъум кўринишидир. Тоғут инсон Аллоҳ таолодан бошқа ибодат ва итоат қиладиган барча нарсалар (сохта илоҳлар), ўзининг ҳукм ва қонунларини Ҳақ қонунларидан устун кўрадиганлар, яъни Фиръанлар ва улар қурган тузумлардир. Бугун бир йиллик танаффусдан кейин Мисрда Фиръавн қайта тирилди. Бугун Ўзбекистон ўзимиздан чиққан бир Фиръавн тарафидан бошқарилмоқда. Сўзни қисқа айтадиган бўлсак, бугунги дунё тузуми Фиръавнларнинг тузумидир. Бирлашган Миллатлар ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти, Араб Бирлиги, Шанҳай ҳамкорлик ташкилотлари, буларнинг барчаси ушбу дунё тоғутининг қулларидирлар. Бу ташкилотлардан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кутиш бўридан қўзичоққа шафқатли бўлишни кутиш каби телбаликдан бошқа нарса эмасдир. Тоғутларнинг вазифаси инсонларни сиёсий усуллар (сиёсий сохтагарчилик, ёлғон сайловлар ва алдовлар) билан Ҳақ йўлдан узоқлаштиришдангина иборатдир.


6. ЖИБТлар инсонларни диний усуллар (ёлғон фатволар ва давъатлар) билан Ҳақ йўлдан узоқлаштирадилар. Мисрда Фиръавннинг қайта оёққа туришига фатво берган “уламоларнинг” барчаси жибтдир. Буларнинг бошқа номи “сарой уламоларидир”. Булар Ҳақнинг ризосини эмас, ўз ҳавойи нафсларининг ризолари учун илм ўрганган, мақому мансабни яхши кўрадиган, турли либосларга ўраниб, дунё ҳаётини охиратдан устун кўрадиган “олим” шаклидаги каззоблардир. ЖИБТлар дин, диний илм номи билан инсонларни Ҳақ йўлдан узоқлаштиришини (Нисо сураси 51 оятида марҳамат қилингани каби) асло унутмаслигимиз керак. Улар бугун тоғутий давлатларнинг диний бошқармаларини бошқармоқдалар, ҳазрат, муфтий, алламо каби унвонларга эгалар. Бу ЖИБТларнинг китобларини асло ўқимаслигимиз, фатволарига амал қилмаслигимиз ва уларни фош қилишимиз мутлақ заруратдир. Чунки бугун ҳам, тарихда ҳам мусулмонларнинг зулмат ва зулмда қолиб кетишларининг асосий сабаби мана шу илмли, аммо имонсиз “уламолар”, яъни ЖИБТлардир...

 

7. Ислом даъватчилари бугун эътиборларини қаратишлари керак бўлган асосий мавзулардан бири дин ва дунёвийлик мавзусидир. Бугун дунёда мусулмонларга қилинаётган зулмнинг идеологияси айнан шу дунёвийлик мафкураси эканлигини унутмаслигимиз керак. Аслида ғарбда ўртага чиққан бу ғоя (секуларизм) тўғри дунёвийликка эмас, дунёпапарастликка (радикал материализмга) асослангандир. Бундай радикал “дунёвийлик” инсонларда маънавият ва ахлоқни йўқ қилиши бугунги ғарб жамиятларидаги инсонлар ҳаётида исбот талаб қилмайдиган шаклда ошкор ўртага чиққан. Шундай экан, ҳақиқий дунёвийлик Исломдаги дунёвийлик эканини мусулмонлар ўз амалий ҳаётлари билан дунё аҳлига кўрсатишлари керак. Бу сўзда ҳам, ақидада ҳам, илмда ҳам, амалда ҳам мусулмонларнинг ҳаётларида ўрин олиши керак бўлган тўғри дунёвийликдир. Бунинг учун мусулмонларнинг мактабларида аввало диннинг асослари (Қуръон ва ҳадис) билан бирга дунёвий дейиладиган илмлар, яъни ҳар бир миллаттнинг ўз тили, математика, физика, химия, биология ва шунга ўхшаш фанлар ўргатилиши, мусулмонлар дунёвий соҳалар дейиладиган (маориф, тиббиёт, муҳандислик, иқтисод ва ҳқ) соҳаларда юксак малакали мутахассислар бўлиши лозим. Шунингдек мусулмонларнинг ташқи кўриниши, бошқалар билан муомалалари инсонларни улардан узоқлаштирмаслиги, аксинча яқинлаштириши зарур. Зеро, Ислом дини дунёвийликни  инкор қилиш учун эмас, балки унга маъно бериш учун нозил қилинган. Бугун ғарб олами ўзига муқаддас қилиб олган илм ўрганиш, инсон ҳуқуқларига амал қилиш (албатта инсонга ярашадиган инсон ҳуқуқларини назарда тутаяпман, инсонни инсонликдан чиқарадиган “ҳуқуқларни” эмас), эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш билан ўз ҳукуматларини сайлаш, инсон шарафини ерга урмаслик (ғарбдагилар бу қоидани фақат ўзларича учун маъқул деб биладилар), меҳнат қилиш, дам олиш, спорт билан шуғулланиш каби қадриятларни мусулмонларнинг ўрганишлари ва ҳаётларига тадбиқ қилишлари мутлақ зарурутдир. Фақат Исломда бу қадриятлар ҳалол йўллар билан жорий қилинади, орадаги фарқ шундадир...

 

8. Ислом динида мусулмонларнинг иттифоқи асосдир. Бундай иттифоқнинг шарти тавҳид ақидаси, ибодатларни (намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳажга бориш ва ҳк) ихлос ва тақво билан адо этиш, муамолатларга (динимизнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ҳк қоидаларига амал қилиш), Ислом ахлоқи билан ахлоқланиш, ширкнинг бутун турларидан, энг аввало ҳавойи нафс бутидан покланиш, инсониятга зулм қилаётган маҳаллий ва дунёни бошқараётган Тоғутларга ва мусулмонларни Ҳақ йўлдан дин номи билан адаштираётган ЖИБТларга қарши туриш билан амалга ошиши зарур...

 

Шубҳасиз, тавфиқ Аллоҳ таолодандир...

 

Намоз Нормўмин

 


09.07.2013

Комментариев нет:

Отправить комментарий