понедельник, 26 августа 2013 г.

"Ал-Васот" -Мусулмонларнинг Ҳамкорлиги

"АЛ-ВАСОТ" -МУСУЛМОНЛАРНИНГ ҲАМКОРЛИГИ 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

(Лойиҳа. Ушбу лойиҳага қизиққанлар унга шарҳ ёзишлари ёки маил орқали муносабат билдиришлари мумкин )

Бугун мусулмонлар учун зарур бўлган икки жиҳатдан бири исломий маърифат, иккинчиси эса уларнинг ўзаро ҳамкорлигидир. Чунки бугун мусулмонлар ўз динлари ҳақида турли қарашларга эгадирлар, шунинг учун ҳам улар турли гуруҳларга бўлиниб кетганлар. Бу эса ўз ўрнида мусулмонларнинг иттифоқига тўсиқлик қилмоқда, натижада Ислом олами зулм ва қолоқликдан қутула олмаяпти. Ушбу қисқа дастур Ислом динини соф ва содда ҳолда тушунишга ва мусулмонлар орасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилгандир. Мусулмонлар дейилганда динимизнинг қуйида келтирилган асосларига амал қиладиган биродарларимизни ва опа-сингилларимизни назарда тутамиз:

-Тавҳид эътиқоди. Тавҳид эътиқоди Аллоҳ таолони Роб ва Илоҳ сифатида бир деб имон келтириш ва бандалик қилиш ва ушбу эътиқодни бузадиган ширк, куфр ва нифоқ (мунофиқлик)ни рад қилишни билдиради.
-Мусулмонлар учун фарз қилинган ибодатларни адо этиш. Фарз ибодатлар намоз ўқиш, закот бериш, рамазон рўзасини тутиш, ҳажга бориш каби ибодатлардир.
-Исломий муомалатларига амал қилиш. Исломий муомалатлар динимизнинг ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий, таълим, оилавий, мерос, ҳалолдан фойдаланиш ва ҳаромдан узоқ туриш ва шунга ўхшаш қоидаларидан иборатдир  .
-Ислом ахлоқига амал қилиш. Ислом ахлоқи ихлосли, адолатли, тўғрисўзли, сабрли, мусулмонларнинг бир -бирларига меҳрибон бўлиши каби хусусиятлардан иборатдир.
Юқорида айтилгани каби замонамизда мусулмонлар турли гуруҳларга бўлиниб кетганлар. Бир қисм мусулмонлар эса ҳеч қандай исломий гуруҳга аъзо эмаслар. Ҳамкорлик қилиши истаган биродарлар ўз фикрлари ва гуруҳларида собит бўлсалар ҳам мусулмонларнинг умумий манфаатидан келиб чиқиб, Ислом динининг юқорида кўрсатилган тўрт асосида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришлари мақсадга мувофиқ, деб биламиз.
Ушбу ҳақиқатлардан келиб чиқиб  мусулмонлар қуйидаги шаклда ўзаро ҳамкорлик қилишлари мумкин, деб ўйлаймиз:
-Бундай ҳамкорликнинг   асоси аввало юқорида кўрсатилган тўрт моддада айтилган исломий ҳақиқатлардир, (уларнинг қисқа изоҳлари қўйида келтирилади)
-Модомики ўзаро такфир ҳолати кузатилмас экан, ўзаро ихтилоф мавжуд бўлишига қарамай турли гуруҳларга мансуб бўлган биродарларимиз ҳозирги ниҳоятда қийин вазиятда имкон даражасида Аллоҳ таолонинг ризоси учун ҳамкорлик қилишлари шартдир.
-Бундай ҳамкорлик шахслар, гуруҳлар ва турли жамоатларнинг ўзаро танишишлари ва ўзаро исломий биродарликни ўрнатишлари билан бошланади.
-Бундай ҳамкорлик мусулмон бўлмаганларни ва ўзини мусулмон ҳисоблагани ҳолда Ислом динининг асосларига амал қилмайдганларни Аллоҳнинг динига биргаликда даъват қилиш шаклида ҳам бўлади.
-Ўзаро ҳамкорлик  фарз ибодатларни бирга адо этиш (масалан, намоз ўқишни), закотларни ўзаро эҳтиёж эгаларига тақсимлаш шаклида ҳам бўлади.
-Ҳамкорлик ёрдамга муҳтож бўлганлар (етимлар, фақирлар, хасталар ва ҳк)га моддий ва маънавий ёрдам бериш шаклида ҳам бўлиши мумкин.
-Ҳамкорлик зулмга умумий қарши туриш, масалан зулмга қарши биргаликда амру бил маъруф ва наҳйи анил мункар қилиш, зулм ва золимларни фош қилиш, зулм ва золимларга қарши биргаликда, яъни оммавий шаклда курашиш, мазлум биродарларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шаклида ҳам бўлиши мумкин.
-Ҳамкорлик тўй ва маъракаларни бирга ўтказиш, ёшларни уйлантириш шаклида ҳам бўлади.
-Ҳамкорлик биргаликда илмий анжуманлар ўтказиш, исломий асарлар нашр  қилиш, интернетда ва унинг ижтимоий тармоқларида биргаликда фаолият олиб бориш шаклида ҳам бўлади.

ҲАМКОРЛИК АСОСЛАРИНИНГ ҚИСҚА ИЗОҲИ
БИРИНЧИ АСОС: ТАВҲИД ЭЪТИҚОДИ

-Аллоҳ таоло Бирдир, Сомаддир, туғмаган ва туғилмагандир, Унинг Зотининг тенги ва ўхшаши йўқдир. У Аввалдир ва Охирдир ва Зоҳирдир ва Ботиндир. У ҳамма нарсани биладиган, кўрадиган, эшитадиган, идора этадиган Зотдир. Еру осмонлар орасида Унинг иродаси ҳукмрондир.
-Роб яратган, тирилтирган, ўлдирадиган, қайта тирилтирадиган, ризқ берадиган ва ҳукм қўядигандир.
-Илоҳ муқаддас, энг кўп севиладиган ва қўрқиладиган, дуо ва таваккул этиладиган ва ибодат ва итоат этиладигандир.
-Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари бордир. Шунингдек, Қуръони Карим Аллоҳнинг юзи, қўли, руҳи, арши, курсиси ва уйидан хабар бермоқдадир. Буларнинг барчасига имон этамиз ва Аллоҳнинг бу сифатларини махлуқотларнинг сифатларига ўхшатмаймиз. Буларнинг ҳақиқатлари Аллоҳ таолонинг Ўзигагина аёндир.
-Аллоҳ таолога имон келтиришнинг шарти Унинг Фаришталарига, Китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, қадарга ҳам имон келтириш, Қуръон оятлари ва ҳукмларига эргашиш,  Муҳаммад (сав)нинг пайғамбарлигига имон келтириб, пайғамбаримизнинг суннатларига эргашиш, Исломни эътиқод, ибодатлари. муомалатлари ва ахлоқи билан тўлалигича қабул қилишни тақоза қилади.

Тавҳид эътиқодини бузадиган амаллар:
Ширк амаллари
-Ширк Аллоҳ таолонинг борлигини ва бирлигини эътироф қилган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳларга (бутларга, санамларга) бандалик (дуо, илтижо, қурбонлик, Аллоҳни севиш даражасида севиш) қилишдир. Бутларнинг (санамларнинг) асосий шакллари:
-Ҳавойи нафс бути. Инсоннинг нафсининг ёмон истакларига эргашиб кетиши. Агар мусулмон киши Аллоҳга ибодат ва итоат қилган ҳолида бундай қилса (масалан, ароқ ичса, зино, ўғрилик қилса ва ҳк) бундай амаллар катта гуноҳ ҳисобланади. Аммо инсон ҳавойи нафсига эргашиб, Аллоҳ фарз қилган ибодатларни тарк қилса ва Унинг ҳукмларини инкор қилса, бундай амаллар ширк ва куфр ҳисобланади.
-Тоғут бути. Тоғут инсонлар Аллоҳ таолодан бошқа ибодат ва итоат қиладиган барча нарсалардир. Тоғут Фиръавн ва унинг издошлари, уларнинг режимлари ва давлатлари шаклида ҳам бўлиши мумкин. Мусулмонлар Тоғутни рад қилиш, унга қарши қўли, тили ва қалби билан мужодала қилиш учун мукаллафдирлар.
-Роҳиб бути. Бу диндорликни иддоа қиладиганларни муқаддас зотларга айлантириб, уларнинг тириклигида ёки ўлгандан кейин уларга бандалик (дуо, илтижо, қурбонлик, Аллоҳни севиш даражасида севиш) қилишни билдиради.
-Қабр бути. Марҳумларга дуо, илтижо, қурбонлик қилиш каби ибодоатлар қилиш.
-Қуёш, ой, юлдузлар, ҳайвонлар, дарахтлару тошларни, ҳайкалларни илоҳ (бут, санам), дея эътиқод қилиш ва уларга бандалик қилиш.
-Фолбинларга ва қоҳинларга (ғайбни билишни иддоа қиладиганларга) ишониш, сеҳр қилиш ёки қилдириш, риёкорлик қилиш ҳам ширкнинг турларидандир.

Куфр амаллари

-Куфр амаллари Аллоҳга, Фаришталарига, Китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, қадарга имонни инкор қилиш, Қуръон оятлари ва ҳукмларидан бир қисмини қабул қилиб бир қисмини рад қилиш, Муҳаммад (сав)нинг пайғамбарлигини рад қилиш, Ислом динига ҳақорат қилиш, Исломдан бошқа низомларга эргашиш каби шаклларда бўлади.

Мунофиқлик

-Мунофиқлик ёлғон гапириш, омонатга хиёнат қилиш, ваъдасида турмаслик, намозни истамай ўқиш, Ислом ва мусулмонларни ёмон кўриш, ғайриисломлар билан дўстлашиб, мусулмонларга қарши улар билан бирга ҳаракат қилиш шаклида бўлади..

ИККИНЧИ АСОС: ИСЛОМНИНГ ИБОДАТЛАРИ

Исломда ибодат дейилганда мусулмон кишининг Аллоҳ ризоси учун Қуръони Карим  ва саҳиҳ суннатларга мос равишда қилган барча амаллари тушинилади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло кунда беш вақт намоз ўқишни, закот беришни, рамазон ойида рўза тутишни ва ҳажга боришни фарз қилган
-Кунда беш вақт намоз ўқиш бунга мукаллаф бўлган мусулмонлар учун фарздир. Намоз ўқишни инкор қилиш ёки сабабсиз тарк қилиши (инсоннинг бир кун ёки узоқ ҳушсиз бўлиши каби ҳоллар истисно) куфрга сабаб бўлади. Бесабаб намозни тарк қилиш масаласида куфр ёки катта гуноҳ маъносида ихтилофлар ҳам бор. Намоз ўқишнинг шартлари таҳорат олиш, намозларни вақтида ўқиш, аврат жойларни ёпиш, Каъбатуллоҳга қараш, қалбдан ният қилиш, намозни такбир билан бошлаш, қиёмда туриш, Қуръон сура ва оятларидан тиловат қилиш, рукуъ ва сажда қилиш, аттаҳият ва дуолар ўқиш учун ўтиришдир. Намоз ихлос ва ҳушу билан ўқилади. Имкон даражасига фарз намозларни жамоат билан ўқиш лозим. Намоз пайтида биров билан суҳбатлашиш, намозда таҳоратнинг бузилиши, ҳушидан кетиш, қибладан бошқа томонга ўгрилиш каби амаллар намозни бузадиган амаллардир.
-Закот бериш мол мулки нисобга етган (бу пул учун 85 грамм олтиндир) фарздир. Закот ҳайвонлардан ва бошқа мол мулкдан ҳам берилади. Деҳқончилик маҳсулотларидан ўндан бир закот берилади..
-Рамазон ойида рўза тутиш мукаллаф мусулмонларга фарздир. Агар касаллик ёки йўлчилик ҳолларида бўлса, бу ҳолларда рўза бошқа кунлари тутилади ёки тутиш имкони бўлмаса фақирларга фидя берилади. Билиб туриб овқатланиш, сув ичиш, жинсий муносабатда бўлиш, кўп миқдорда қусиш, вужудга қувват берадиган дори дармонларни томирдан олиш каби амаллар рўзани бузади...
-Ҳажга бориш моддий имкони ва йўл хафсизлиги бўлганда мукаллаф мусулмонлар учун фарздир. Ҳажнинг асосий шартлари ҳаж ойларида бориш, иҳромга кириш, Арафа куни арафатда туриш, Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида сайъи қилиш, қурбонлик қилиш, сочни олдиришдир. Бу шартлардан баъзилари бузилганда (масалан, Арафатда турилмаса) ҳаж бошқадан қилиниши ёки жазолар ўталиши керак.

УЧИНЧИ АСОС: ИСЛОМНИНГ МУОМАЛАТЛАРИ

-Исломда инсоннинг асосий ҳуқуқлари инсоннинг жонининг, эътиқодининг, ақлининг, мол мулкининг, наслининг ва обрў эътиборининг дахлсизлигини билдиради.
-Исломда ҳукуматни ташкил қилиш мусулмон халқнинг вазифасидир (бир шахснинг,  оиланинг ёки гуруҳнинг эмас). Бу ташкилий ишлар шўроларни (босқичма босқич аввал маҳалларда, туманларда, вилоятларда кейин давлат даражасида) сайлаш билан бўлади. Мусулмон халқ (давлат шўросидан сайланган) бир неча номзод ичидан ўзига раҳбар сайлаши ҳам мумкин. Бундай сайловларнинг ғарб сайловларидан фарқи ҳокимиятнинг асосини илоҳий ҳукмлар ташкил қилиши ва сайланадиган раҳбарларнинг бу ҳукмларга итоат қилиш ва уларни ижро қилишдир. Мусулмон халқнинг эркин сайловларда иштирок этиши улар яшайдиган тузум ва давлатларнинг турли кўринишдаги диктаторликларга айланиб кетишига йўл қўймаслик учун ҳам муҳимдир.
-Исломий иқтисодда фойизхўрлик (сўдхўрлик), ўғрилик, порахўрлик, қароқчилик, исроф ҳаром ҳисобланади. Шахсий мулкка эгалик қилиш, тижорат, тадбиркорлик эса ҳалолдир.
-Исломий оила жамиятнинг асосини ташкил қилади. Эр -хотинлик никоҳга кўра бўлади. Ажралиш ҳалолдир, аммо ташвиқ қилинмайди. Ота-онанинг болаларида, фазандларнинг ота-онада ҳақлари бордир.
-Мерос исломий қоидаларга кўра тақсимланади.
-Исломий таълим Қуръони Каримни, пағамбаримизнинг саҳиҳ суннатларини, Исломнинг асосларини ўрганиш билан бирга дунё ҳаётига оид фойдали илмларни ўрганишдир.
-Исломнинг ижтимоий адолати инсонларни рангига, эътиқодига, ирқига, бойлигига қарамай ҳаммага тенг муомалада бўлишни билдиради.
-Ислом динида амаллар ва ашёлар (нарсалар) ҳалол ва ҳаром дея, икки гуруҳга ажратилган. Ҳалол нарсалар ва амаллар асос, ҳаромлар эса истисно ва имон имтиҳони учун зарурдир.
-Ислом ахлоқи тўғриликни, адолатни, ҳаёни, сабр қилиш каби ва шунга ўхшаш ижобий қадриятларни ўз ичига олади.

ҲАМКОРЛИКДА "ВАСОТ"  (ЎРТА) ЙЎЛДА БЎЛИШ

Қуръони Карим Ислом умматини "васот", яъни ўрта, мўътадил уммат сифатида таъриф қилади.
"Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик..." (Бақара сураси 143)
Ислом уммати дунёпарастлар (материалистлар) ва таркидунёчилар (яъни дунёвий қадриятларга аҳамият бермайдиганлар) орасида васот, ўрта умматдир. Шунинг учун ҳам мусулмонлар дунёпараст (материалист) бўлмайди, дунёвий қадриятлардан динларининг қоидалари асосида фойдаланадилар. Шу билан бирга васот, ўрта йўлдан юриш турли фирқаларга ва гуруҳларга ажралиб кетган мусулмонларни бир орага келтириш учун ҳам восита ҳисобланади.

УШБУ ҲАМКОРЛИК УЧУН АМАЛИЙ ТАВСИЯЛАР

-Ҳамкорликка иштирок этишни истаган биродарлар турли сабаблар билан (диний даъват ва суҳбатлар, тўйу маъракалар, иш жойларида, саёҳатларда, интернет ижтимоий тармоқларида ва ҳк) ўзаро танишадилар.
-Ўзаро танишганлар яккама якка ҳолда ёки гуруҳлар ҳолида ҳамкорликнинг асосларини муҳокама қилиб унга иштирок эътишга қарор берадилар.
-Шундан кейин бир жода яшайдиган энг кўп 30 оиладан иборат мусулмон биродарлар жамоат бўлиб, ҳамкорликка амал қила бошлайдилар. 30 оиладан иборат бўлган гуруҳларнинг 7-9 кишилик ҳайъат ва гуруҳ раҳбарини сайлашлари мақсадга мувофиқдир. Бундай гуруҳларни  ташкил қилиш имкони бўлмаса , ҳамкорлик аъзолари шахслар сифатида ёки кичкина гуруҳлар ҳолида махфий фаолият олиб боришлари ҳам мумкин.
-Ҳар бир гуруҳнинг масъуллари гуруҳда ҳамкорликни ташкил қилиш ва бошқа ҳамкорлик гуруҳлари билан алоқаларни ўрнатиш ва улар билан ҳамкорлик қилиш учун масъул ҳисобланади.
-Ҳар бир гуруҳ ўз аъзоларининг Қуръони Каримни, саҳиҳ суннатларни, исломий ибодат ва муамолатларнинг қоидаларини ўрганишлари, ўз аъзоларининг исломий ахлоққа эга бўлишлари учун масъулдир.
-Ҳамкорлик иштирокчилари ўзларининг интернет сайтлари, брошюралари, бошқа оммавий ахборот ва алоқа воситларига эга бўладилар.
-Зарур бўлган ҳолларда ҳамкорликнинг барча аъзолари ва гуруҳлари биргаликда ҳаракат қилишга келишиб оладилар.

Мусулмонлар орасидаги баъзи ихтилофларга ва гуруҳларга қараш:

-Ақидавий ихтилофлар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини тушуниш ва таъвил қилиш масаласида ўзини кўрсатади. Бу ерда ўрта (васот) йўл ушбу сифатларга имон келтириш, уларни махлуқотнинг сифатларига ўхшатмаслик ва моҳиятини Аллоҳга ҳавола қилишдир.

-Салафий биродарларнинг ижобий томони тавҳид ақидасида ва саҳиҳ суннатлар масаласида собит туришларидир. Аммо бу тоифада такфирда ҳаддан ошиш, даъватда ҳикматни унутиш, баъзиларининг ҳукмдор золим  (ҳатто аҳли куфр) бўлса ҳам уларга қарши чиқмаслик, жиҳодда ўзбошимчалик қилиш каби салбий хислатлар ҳам мавжуддир.

-Таблиғчилар жамоати ўз устозларидан ўрганган олти сифат масаласида, таблиғни амалга оширишда ихлослидирлар. Аммо уларнинг усулларида кўпгина бидъат ишлар мавжуддир. Масалан, даъват учун маълум кунларни белгилаш, амалларда заиф ва нотўғри далилларга асосланиш ва ҳк.

-Ҳизбут таҳрирчилар халифалик қуришни ўзларига эътиқод қилиб олишган. Ҳолбуки Исломнинг эътиқоди тавҳиддир. Тавҳид мусулмонларнинг бирлигига асосланмайди, аксинча мусулмонларнинг бирлиги Тавҳидга асосланади.  Аввал бу асос ҳар бир мусулмоннинг қалбида ва ҳаётида ўрин олмас экан, улар яшайдиган давлатларнинг иттифоқи имконсиздир.

-Баъзи сўфий жамоатлар тавҳид эътиқоди билан кифояланмай, унга Аллоҳ таоло ва махлуқотларнинг бирлиги (ваҳдати вужуд) шаклида эътиқод қиладилар. Бу эса Ислом ақидасини бузади. Бундай ақидага эргашганлар амалларда Аллоҳ ризоси билан кифояланмай, ҳақиқий мақсад сифатида Аллоҳнинг зотига хаёлан (мистик) эришишни ва унда боқий бўлишни иддоа қиладилар. Натижада Аллоҳ ва бандаларнинг бундай бирлашишига (астағфируллоҳ) воситачилик қиладиган сўфий шайхлар тирик ёки вафот этганига қарамай муридлари учун муқаддас зотларга айланадилар, Аллоҳга робита қилиш даъвосида аввал бу шайхларга робита қилиш талаб қилинади,  ўлгандан кейин шайхларнинг қабрлари суннатда кўрсатилмаган махсус зиёрат ва ибодат жойларига айлантирилади. Шу билан бирга бутун сўфийларни (айниқса бу йўлда бўлган турли тариқотларнинг оддий аъзоларини) бундай ботил эътиқодда айблаб бўлмайди. Тасаввуфда Аллоҳ таолога ибодатда ихлосли бўлиш, нафсни тазкия қилиш, гуноҳларга тавба истиғфор қилиш, бу дунё ҳаётига ружуъ қўймаслик каби хислатлар ҳам асос ҳисобланишини унутмаслик керак.

Ҳурматли мусулмон биродарлар ва опа-сингиллар!
Ушбу ҳамкорлик асосларида динимизнинг тамаллари соф ва содда ҳолда баён қилингандир. Агарда мусулмонлар орасида баъзи масалаларла ихтилоф бўлсада, ушбу асосларга кўра иттифоқ ва ҳамкорлик қилишимиз амалий жиҳатдан мумкин, деб ишонамиз ва сизларни мана шундай ҳамкорликка даъват қиламиз.

Намоз НОРМЎМИН

27.08.2013

1 комментарий:

  1. Taklifingiz albatta yaxshi lekin bizning oldimizda undanda muhimroq vazifa turibdi. Bu yurt ozodligi, toki ozod bo'lmas ekanmiz Alloh buyurgan amallarni bajarish juda-juda qiyin vazifadur.Ushbu hususinda takliflar bor... VAQT KELDI!!!!!!!!!!!!

    ОтветитьУдалить