понедельник, 12 августа 2013 г.

Диктатурага бандалик қилаётган Ўзбекистонлик имому шайхларга очиқ хат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Шубҳасиз, барча ҳамду санолар Аллоҳ таологадир, фақат Унгагина ҳамд айтамиз, Унинг Ўзидан ёрдам сўраймиз. Нафсларимизнинг ёмонлигидан ва амалларимиздаги хатоларидан Аллоҳга сиғинамиз. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳидоят берган кимсани кимса залолатга бошлай олмайди ва Аллоҳ залолатга бошлаган кимсага ҳеч ким ҳидоят бера олмайди.

Шаҳодат билан айтаманки, Аллоҳдан бошқа Илоҳ (ибодатга сазовор маъбуд) йўқдир ва яна Шаҳодат билан айтаманки Муҳаммад (сав) Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбаридир.

Шундан кейин:

Менинг бу ёзаётганларим сизнинг ҳавойи нафсингизга қаттик тегишини биламан. Аммо инша Аллоҳ, ушбу мактубда ҳақиқат деб билганларим, агар тавба қилсангизлар, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жонингизга аро кириб, икки дунё саодатига эришишингизнинг сабабларидан бўлади, деган умиддаман. Зотан ниятим ҳам сизни ерга уриш эмас, модомики ўзларингизни аҳли исломлар деб ҳисоблар экансизлар, сизларга ўз илмим даражасида амру бил маъруф ва наҳйи анил мункардан (яхшиликни тавсия ва ёмонликдан қайтаришдан) иборатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримни илм деб атади ва Ўзининг ягона Илоҳлигига шаҳодат қилишда фаришталарини ва илмида адолат эгаси бўлганларни Ўзининг мислсиз Зоти билан бирга зикр қилди:

“Аллоҳ, фаришталари ва илмда адолат билан тургувчилар шаҳодат берадиларки, Ундан бошқа Илоҳ йўқдир... ” (Оли Имрон сураси 18)
Ушбу ояти карима илм аҳилларининг, яъни ислом динида имому шайхларнинг нақадар катта мақом ва масъулиятга эга эканликликларига далилдир. Фақат бундай улуғ мақом ва шарафга ноил бўлишнинг асосий шарти ҳам ояти каримада таъкидлангани каби Адолатли бўлишдан иборатдир.

Суратда: Ўзбекистонда режим тарафидан илк, яъни 1992 йилда ўғирланган ва ҳозирда тақдири номаълум қолаётган аҳли илмлардан Абдулла Ўтаев.

Аммо эй сиз, ўзларини Ўзбекистон Диний Идорасининг имому шайхлари, муфтию ҳазратлари деб атайдиган “зотлар”! Сизлар ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таоло амр қилган шаклда Адолатни ҳимоя қилаяпсизларми ёки Адолат бўлмаса ҳам, Зулм мусулмонларни қирғину қатағон қилса ҳам, ўз ҳавойи нафсларингизга эргашиб, мақому шуҳрат учун Ўзбекистонни дунёга шарманда қилган маълум ва машъум диктатурага бандалик қилаяпсизларми?

Ҳақиқат шундан иборатки, сизлар Аллоҳ таоло илм эгаларига ваъда қилган шарафу ва масъулиятдан қочиб, Ислом Каримовнинг жоҳилано ва золимано режими билан дўстлашишни маъқул кўрдингиз. Ҳолбуки Аллоҳ таоло Қуръонда “Зулм қилувчиларга мойил бўлманг, тағин сизларга ҳам жаҳаннам олови тегиб қолмасин”, (Ҳуд сураси 113 оят) дея, сизнинг кабиларни огоҳлантиргандир.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин аҳли имлар ва уларга эргашган мусулмонлар икки қисмга айрилиб кетдилар. Улардан бир қисми ҳақиқий маънода имон эгаси эканликларини фойдали илмлари ва солиҳ амаллари билан исботладилар. Бу шаклда ҳақиқат ва адолат тарафида турган аҳли илмлар ва мўмин мусулмонлар Каримов диктататураси тарафидан ваҳшийларча жазолантирилдилар. Бундай ҳақиқий олимлар ва мўмину мусулмонлардан баъзилари дараксиз йўқолди, бир қисми диктутара режимининг қамоқхонларида инсон тасаввур қилиши қийин бўлган қийноқларга солиниб, шаҳид бўлдилар, баъзилари умрбод мана шундай зиндонларда асир тутилмоқда, баъзилари эса ҳижратни ихтиёр қилдилар...

Суратда 1995 йилда режим тарафидан ўғирланган ва ҳозирда тақдири номаълум бўлиб қолаётган машҳур имом Абдували қори Мирзаев.

Аммо сизлар, эй диний идоранинг масъуллари, имому шайхлари ёки исмларининг оддий шаклда эмас, албатта “шайх ҳазратлари”, дея айтилишини севадиган маккор бандалар! Сизлар Ўзбекистонда мусулмонлар бундай зулмларга дучор бўлар экан, бирор марта золимларга қарши овозларингиз чиқдими? Каримов режимини инсофга ва адолатга чақириб, лаоқал бирор марта баёнот ёки ҳукуматга ариза бердингмизми? Афсуски, бу саволларнинг жавоби “йўқдир” ва сизларнинг бу масалада ўзларингизни оқлашингиз учун бирор далилларингиз ҳам топилмайди...

Абдулла Ўтаев биродаримиз ҳукумат томонидан ўғирланиб кетилганда сизларнинг овозингиз чиқмаган эди. Сўнгги маълумотларга қараганда унинг ўғилларидан бири яқинда қамоққа олинган, аммо сизлар бу зулм қаршисида яна тилсиз шайтон бўлиб, овоз чиқармай ўтирибсизлар...

Кейин Абдували Қори ўғирланди, ўғли эса фожеали шаклда ҳалок бўлди аммо сизлар бунга ҳам эътироз билдирмадингизлар...

Обид қори Назаровнинг аввал ўғли ўғирланди, кейин ўзига хорижда суиқасд қилинди, аммо на Ўзбекистон диний идорасининг, нада ўзича мустақил бўлиб юрган шайху ҳазратларнинг овози чиқмади...

Суратда: 2012 йилда Швецияда суиқасдга учраб, ҳозирда комада (беҳуш) ётган имом Обид қори Назаров.

Яна минглаб мусулмонлар оилалари билан бирга Каримов режимдан жабр кўрдилар, ҳатто гуноҳсиз муслима аёлларга режим қамоқхонларида жаллодлар ваҳшийларча тажовуз қилаётгани хабарлари тарқалди, аммо сизлар иссиқина уйингизда, хотин ва бола чақаларингиз билан ош ейишни мазлумларнинг ёнини олишдан, режимга ва унинг зулмига қарши эътироз қилишдан устун кўйдингизлар. Мана шундан кейин ҳам қандай қилиб, қайси юз билан ўзингизни имому шайх, пиру ҳазрат, деб аташга тилларингиз боради?. Ахир ўзларингизни шундай мақомлар билан аташга тилларингиз бор эканку, нега у ҳолда зулм қаршисида бу қадар жимжитсиз, сукутдасиз?

Мен юқорида номларини зикр қилган ёки исму шарифлари халққа билинмай режим тарафидан йўқ қилиб юборилган, умрбод қамоқда сақланаётган ҳақиқий олимларнинг илму маърифатлари сизларникидан кам эмаслигини алоҳида таъкидламоқчиман. Аммо ҳақиқат шундан иборатки, ўзларига илм берилганлар доимо икки қисмга ажралганлар: Биринчи тоифа, ҳақиқий маънода илм эгалари бўлганлар ва ўзларига берилган илмдан фақат ва фақат Аллоҳ ризоси учун фойдаланганлар. Иккинчи тоифа эса, сизлар каби сарой уламоси бўлган ва ўзларига берилган илмдан Фиръавнлар, яъни золим ҳукмларларни ризо қилишда фойдаланганлар...

Суратда: Ўзбекистондаги диктатура режимига садоқат билан хизмат қилаётган имом Абдулазиз Мансур ва диктаторнинг қизи Гулнора Каримова.

Сизлар диктатор Каримов саройининг уламолари бўлиш билан фақат ўзларингизга зулм қилмаяпсизлар. Сизларнинг сохтакорлигингиз ва риёкорлилингиз афсуски, оддий халқни ҳам золим режимга бош эгишга, унга муте бўлишга, зулмга рози бўлиб, адолатдан юз ўгиришга олиб келмоқда. Ҳеч шубҳангиз бўлмасин, сизнинг бундай мунафиқано амалларингиз туфайли Ҳақ йўлдан адашганлар, охиратда албатта ёқангизга ёпишади ва Қуръони Каримнинг ушбу ҳақиқатини айтишади:

Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: «Вой шўримиз қурсин, кошки Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулига итоат қилсак эди», дерлар. Ва: «Эй Роббимиз, албатта, биз бошлиқларимизга ва катталаримизга итоат қилдик. Бас, улар бизни йўлдан оздирдилар. Эй Роббимиз, сен уларга азобдан икки ҳисса бергин ва уларни катта лаънатлаш ила лаънатла!» дедилар.” (Аҳзоб сураси 66 -68 оятлар)

Ёки сизлар, Қуръони Карим мисол келтирган, ўзига илм берилган ҳолда ундан ҳавойи нафси (ёмонлик) йўлида фойдаланган кишига ўхшаб қолганликларингизни билмайсизларми?

 Уларга шу кишининг хабарини тиловот қилиб беринг. Бу унга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учган шахснинг хабаридир. Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди (пасткашликни танлади) ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар.” (Аъроф сураси 175 -176 оятлар)

Бу ояти каримада ўзига илм берилган ҳолда, бу илм билан шарафли мақомга эришиш ўрнига пасткашликни танлаган Балъам ибн Буаранинг ҳикояси тушунтирилган. Наҳотки илмли бўла туриб, пасткашликни танлашда сизлар ҳам мана шу “итфеъл зотга” эргашишни ихтиёр қилгансизлар?

Ёки сизлар жибт нималигини билмайсизларми? Жибт ўзига илм берилган ҳолда ботилга ва тоғутларга эргашган муттаҳам кишилардир:

Китобдан насибадор бўлганларнинг ботилга ва тоғутга иймон келтиришларини ва куфр келтирганларни кўрсатиб: «Анавилар иймон келтирганлардан кўра ҳидоятлироқ йўлдалар», дейишларини кўрмайсанми?!” (Нисо сураси 51 оят)

Фақат ёмон мисолларни келтирмай, ҳозирги кунда ҳам адолат тарафида туриб, бутун дунёни Ҳаққа давъат қилаётган олимлар борлигини  ҳам сизларга айтай. Ўзларингиз  ҳам уларни яхши танийсизлар. Масалан, таниқли имом Юсуф Қорзавий Мисрда, Ливияда, Сурияда илм, имон ва адолатни талаб қилиб, фатволар берди. Ҳозирги кунда Мисрдаги адолатсизликларга қарши Азҳар илм даргоҳининг аксар уламолари қонуний давлат Раиси Муҳаммад Мурсийнинг ёнида ўрин олдилар. Ёки бўлмаса Саудия Арабистони аҳли илмларидан 62 имом Мисрда адолатни қўллаб қувватлаб баёнот берди. Сизлар наҳотки мана шундай илм ва тақво аҳилларидан ўрнак олишни ўзларингизга эп кўрмайсизлар? Ораларингздан баъзи шайх ҳазратлари имом Қорзавийнинг ёнида гирдипалак бўлишни, илмий анжуманларда бу муҳтарам имом билан суратга тушишни яхши кўради. Шундай экан, нега амалда бу имомга эргашмаймизлар?

Суратда: Дунё уломалари кенгашининг Раиси таниқли имом Юсуф Қорзавий ва Ўзбекистоннинг золим ҳукуматининг пинжига сиғинган “шайх ҳазратлари” Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Хуллас, сизлар амал қилаётган риёкорлик ва сохтакорликларнинг илоҳий илмда ҳам, амалий ҳаётда ҳам далиллари етарлидир. Масала сизларнинг бу йўлдан озмай, тўғри асфолософинга кетасизларми, ёки ҳақиқий илмга эргашиб, тавба тазурру қилиб, зулмга қарши чиқиб, адолат тарафида турасизларми, мана шундадир. Бу икки йўлдан қайси бирини танлаш сизларнинг ишларингиздир. Мен эса Аллоҳ ризоси учун сизларни огоҳлантириш, ёмонликлан қайтариш ва яхшиликка қайтишларингиз йўлида ўз вазифамни бажардим, деб ўйлайман.

Золимларга ва уларнинг малайларига Аллоҳ кифоя қилсин!

Даъватимизнинг охири оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолога ҳам айтишдир. Омин!


Намоз НОРМЎМИН 

11.08.2013

2 комментария:

  1. Ассалому алайкум Номоз ака энди...бу дунёда мусулмонлар бор ва ислом бор.Исломни урганётган хар бир мусулмонга бу билим бир хилда уктирилмайди.Булмасам битта курону каримни иккита одам укиса,шу иккита одамни китоб хакидаги тафсулоти бир хил булмайди,чунки...сиз мендан яхширок биласиз Оллохимиз уз бандаларини бир хилда килиб яратмаган.Шунинг учун Узбекистондаги диний уломолари сизни саволингизга жавоб берадигон исботлари бор.Узингиз куряпсиз хозир битта куронни укиган канчалаб уламолар гарб мамлакатларини кугирчогига айланишиб колишган,битта куронни укишиб бир-бири билан уруш хам килишяпди,хаммаси узларича хакдирлар...
    Шулардан хулоса килиб айтаманки,хозир Узбекистонда кимларнидир дунёкарашлиги буйича ахвол кийин булётгандир,асосий максад тинчлик ва осоишталик туфайли хамма карама-карши дунёкарашли одамларни сог-саломат фаровон хаётга етказиш керак.Узбекистондаги коррупция масаласига келсак бу узбекларни минталитетида бошка урфу-одатларимиз катори чукур урнашиб колган.Ислом Каримов канча харакат килмасин бу коррупциядан кутулиш жуда кийин булиб колган.

    ОтветитьУдалить
  2. Assalamu alaykum Namoz aka. Rahmat Allohning azobidan ogohlantiribsiz. Bunga e'tiroz yo'q. Payg'ambar (s.a.v) agar biror yomonlikdan qaytarmoqchi bo'lsalar umumiy qilib gapirar edilar. Ko'pchilik ichida ma'lum bir shaxslarni ajratib ko'rsatmas edilar. Siz yaxshilar qatoriga qo'shmay zikr qilgan shayxlar haqida gap bormoqda. To'g'ri bizni ma'lum olimlarimiz qiyin ahvoldalar. Sizga savol: Agar siz eslatgan, sizning nazdingizda rasmga tushishni "yaxshi ko'radigan" hazrat bo'lmaganlarida O'zb.dagi islomiy fatvolar kimlarga qolgan bo'lardi va hozirdagiga nisbatan yaxshi bo'larmidi yoki... Avom xalq kimga ergashardi. Qaysi o'zbek kitoblari orqali dinni o'rganardi. Aqoid, fiqh, hadis ilmi, tafsiyr ilmi, tasavvuf, islomiy xulq va odob, islom tarixiga oid ilmlarni kimdan qanday qilib o'rganadilar. Siz "rasmga tushishni yaxshi ko'radigan" deb ta'riflagan hazratlarining kitoblarini o'qiganmisiz? U kishini saytlariga kirib ko'rganmisiz? O'zb.dagi akasariyat ahli ilmlar shu kishining kitoblariga suyanadilar. Siz zikr qilgan Yusuf Qarozoviy va boshqa dunyo olimlarining, islom olamining fatvolarini kim o'zb.ga olib keldi? Islom olami bilan kim bog'ladi? Tanqidiy maqolani bir kunda yoki bir soatda yozish mumkin, Tafsiyr ilmiga oid kitoblarnichi, Fiqh ilmiga oid kitoblarnichi, hadis ilmiga oid 39 juzli kitobchi, Ruhiy tarbiyaga oid kitoblarnichi, Tasavvuf, Sunniy aqiydalar, Islomiy oila va hokazo kitoblarni yozish uchun qancha vaqt va qancha ilm kerak. Ularning ichida qaysi gaplar burib yuborilgan. Butun xalqni islomiy ilmdan bexabar demoqchimisiz. Siz kabi shijoatlilar bu yerda ham bor. Bir narsani to'g'ri tushunish kerak: sahobalar orasida ba'zilari anchayin muloyim va bosiq, ba'zilari ancha keskinroq bo'lishgan. Nega hamma sahoba Hazrati Umar kabi bo'lmaganlar? Nima uchun ularni hazrati Umarga o'xshamaganliklari uchun ayblamaymiz. Islom to'gri adolat tarafdori. Payg'ambar (s.a.v) islom va uning ahllari g'arib bo'lishi haqidagi hadislarni mandan yaxshi bilasiz. Siz istiqomat qilayotgan joyda islomiy hukmlar bilan hukm qilinadimi yoki yo'q. Siz u yerda qancha kishini musulmon bo'lishiga yoki isyondan qaytib taqvo yo'lini tutishiga muyassar bo'ldingiz. Qancha kitoblarni yozdingiz.Qancha musulmon kishilarni sof islom aqiydasiga ergashtira olayapsiz, Man sizni tanqid qilmoqchi emasman
    yuragim bir kishi uchun aytilgan so'zlarga chidolmadi. U kishi Haqiqatda Fazilatli Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf Hazratlari bo'ladilar. U kishini qilgan qaysi ishi uchun qoraladingiz. Ilmni yetkazish faqat islomiy hukmlar amal qiladigan shaharlardagina ro'y bermaydi, islomga qattiq tazyiq yetkazilayotgan joylarda ilm o'rgatishlik, boshqa joyda turib ilm o'rgatishdan ko'ra yuqori tursa kerak. Har holda Qur'on o'qish haqida qiynalib o'qiydiganlarga savobi ko'proq berilishi haqida hadislar bor. Agar so'zlarim orasida Allohga osiylik yozilgan bo'lsa Alloh kechirsin. Alloh oyatlariga iymon keltiraman qanday nozil bo'lgan bo'lsa shunday qabul qilaman. Man faqatgina Shayx Muhammad Sodiqni taraflarini oldim xolos, boshqalar haqida fikr bera olmayman.

    ОтветитьУдалить