суббота, 24 августа 2013 г.

Ўзбекистон Гулнора Каримовага қоладими?

Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни кузатиб турганлар бу саволга "ҳа, бошқа кимга ҳам қоларди?", дейишлари мумкин. Чунки Ўзбекистонда давлат, ҳокимият, сиёсат, Асосий Қонун (Конституция) дейилганда диктатор Каримов тушунилади. Каримовнинг вориси эса унинг ақлсиз ва ҳаёсиз қизи Гулнора Каримовадир...

Аммо ҳаёт фақатгина Ўзбекистондан ва унда ўзини дунёнинг ҳукмдори қилиб кўрсатаётган, баъзи ақлсизлар тарафидан "подшоҳ" эълон қилинган Ислом Каримов ва унинг эркатой қизидан иборат эмас. Дунё ҳаёти сирлидир, унинг давом этишининг ўз қоидалари бор. Мана шундай қоидалардан бири эртага нима бўлишини инсонларнинг мутлақ маънода била олмасликларидир...

Хўш, эртага дунёда ва Ўзбекистонда нималар бўлиши мумкин? Биз буни фақат тахмин қилишимиз мумкин, тақдир эса албатта Аллоҳнингдир...
2014 йилда АҚШ ва бошқа ғарб даввлатларининг қўшинлари Афғонистонни тарк этадилар...Яна 2014 йилда Ўзбекистонда парламент сайловлари, 2015 йилда эса Президент сайловлари ўтказилиши керак...

Бугун дунё чалқаланиб турибди...Дунёмиз катта океанда етти миллиард инсонни ташиб бораётган кемага ўхшайди...Океанда эса тўфон ишоратлари бор. Шунинг учун ҳам дунёмиз давомли чалқаланмоқда...Дунё "кемасидигалар" бу сабабдан ҳузурсиз, кимнинг боши айланган, кимнинг кўнгли...

Ўзбекисонда ҳам, дунёда ҳам эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Гулнора Каримова тахтни отасидан осонгина олса ҳам, унда осонгина ўтира олмайди. Чунки дунё чалқаланмоқда, бу чалқаланишнинг тўлқинлари албатта Ўзбекистонга ҳам етиб келади...
Бугун дунёмиз янги бир тузум истамоқда. Чунки ҳозирги дунё тузуми эскирди, унинг ҳеч нарсага ярамаслиги бугунларда маълум бўлиб қолди. Дунёмиз диктаторликлардан ва ғарбнинг маънавиятсиз демократиясидан қутулишни истайди.

Бу диктаторликларнинг ва маънавиятсизликнинг муқобили ҳеч шубҳасиз исломий қадриятлардир.

Бугун мусулмонлар мазлум, ислом дунёси эса паришондир. Аммо биз энди уйғона бошладик. "Араб баҳори" жароҳат олди, аммо ўлмади. Аста секин ўлаётган ва йўқ бўлиб бораётган тизим моддапарстликка (материализмга) асосланган ҳозирги дунё тузумидир.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти, дунё давлатлари, халқаро ташкилотлар мана шу моддапарастлик ғояси устига қурилганди. Энди буларнинг барчаси қариди ва чириди. Уларнинг ўрнини янги, инсон ва инсоният фитратига мос келадиган қадриятлар олиши керак.
Инсон ҳақлари, эркинликлар, адолат, эркин сайловлар, халқларнинг ва миллатларнинг эркинлиги, давлатларнинг мустақиллиги, буларнинг барчаси қайта кўздан кечирилиши, қайтадан таъриф этилиши ва янги, соф ва адолатли шакл билан ўрта чиқиши ва ҳаётга жорий қилиниши керак.

Мусулмонлар давлатлар қандай бўлиши керак? Мусулмонликда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, эркин сайловлар, адолатли жамият қандай бўлади? Биз мусулмонлар бу саволларга ижобий жавоб беришимиз, бу жавобларни аввало ўз ҳаётимизга, оилаларимиз, маҳалларимиз, шаҳарларимиз ва давдатларимиз ҳаётларига тадбиқ қилишимиз керак...

Гулнора Каримова келадиган бўлсак у бундай қадриятлардан узоқ. Унинг ақли ва ахлоқи бундай улуғ қадриятларга етмайди. У бундай қадриятларга бегона. У нафақат исломий қадриятларга, ўзбекларнинг яхши урф одатларига ҳам бегонадир. У аслида дунёга ҳам бегонадир. Шунинг учун ҳам у бутун дунёдан қувилди ва бутун дунё унинг устидан кулмоқда.

Демак, Ўзбекистон Гулнора Каримовга қолмайди...

Намоз Нормўмин
25.08.2013 

Комментариев нет:

Отправить комментарий