среда, 23 октября 2013 г.

Шу ҳам “маданияту тараққиётми?”

Русия матбуотининг хабар беришича (http://www.kp.ru/daily/26144.3/3033287/), бу ўлканинг машҳур хонандаси Алла Пугачева ва унинг эри Максим Галкин шу йилнинг18 сентярь куни “эгизакли бўлишган”. Чақалоқларни Алла Пугачёва туғмаган. Улар “суггорат”, яъни ярим бегона аёл бачадонида улғайганлар. Содда қилиб айтганда, Алла ва Максимнинг аёл ва эркак ҳужайралари сунъий йўл билан “жуфтлаштирилгандан” кейин бошқа аёлнинг бачадонига тиббий йўл билан жойлаштирилган. Болаларга “ҳомила қолган” аёлнинг исми Қозонлик Елена Ширинина экан. (http://www.rbc.ua/rus/digests/other/maksim-galkin-nazval-imya-surrogatnoy-materi-svoih-detey-08102013095500)


Шу тарзда дунёга Гарри номли ўғил бола ва Елезавета номли қиз чақалоқлар дунёга келганлар. Бу воқеа ўзбекларнинг туққан она эмас, боққа она деган мақолини эслатса ҳам, аслида масала жуда жиддийдир. Хўш, аслида бу чақалоқларнинг онаси ким? Бу саволга жавоб бериш албатта осон эмас. Ҳақиқат шундан иборатки, чақалоқлар раҳмида улғайишган онанинг вужудидан бирор парчадирлар. Аммо уларнинг “бошланиши” бу онага оид эмас. Эртага бу чақалоқлар ўзларининг қандай йўл билан дунёга келганларини албатта ўрганадилар. Улар бундан албатта хурсанд бўлмасалар керак...

“Комсомольская правда” газетасидаги хабарда айтилишича, Ислом ва христиан динларининг вакиллари бундай “туғилишга” қарши чиққанлар. Жумладан, мусулмон олим агар аёл бирор сабаб билан ўзи она бўла олмаса, у ҳолда унинг эри бошқа аёлга уйланиб, фарзанд кўриши мумкин, деган. Яҳудий динининг вакили эса, бундай йўл билан фарзандли бўлиш уларнинг динига зид эмаслигини, фақат чақалоқларнинг ҳақиқий онаси уларни вужудида ташиган ва туққан оналари эканлигини айтган...

Газета илова қилинган “видео” материалга кўра, Алла Пугачевани бўлажак эри билан Флипп Киркоров таништириб қўйган. Ўша пайтда Пугачёва Киркоровнинг хотини бўлган. Яъни, Киркоров ўз хотинини ўз қўли билан бошқа ўйнашга ҳадя қилган...

Булар дунёмизни сўнгги икки асрда таслим олган  “маланият ва тараққиётнинг” меваларидир. Яъни, ҳамма нарса модда, пул, манфаат ва шаҳват билан ўлчанадиган дунёнинг...

Бундай “тараққий” қилган дунёга имон, никоҳ, оила, ҳақиқий маънода ота- она ва фарзандлар бўлиш каби қадриятлар бегонадир. Сўнгги асрда ғарб дунёсида туғилаётган болаларнинг аксарияти зинодан дунёга келганлар. Яъни, уларнинг аслида ота -оналари йўқ, эркак ва аёлнинг тасодифий “учрашувлари” туфайли “пайдо” бўлиб қолганлар. Алла Пугачева ва Максим Галкиннинг “фарзандларини” эса сохталаштирилган дунёнинг иккинчи даражали сохта болалари, дейиш ҳам мумкин..

На ота маълум, на она маълум, на фарзанд маълум...Бегоналик устига, бегоналик...Эътқод йўқ, қадрият йўқ, меҳру муҳаббат, оқибат йўқ..Фақат ҳавойи нафс, ҳамма нарсани пул билан ўлчаш ва қўлга киритиш бор...

Ўзбекчасига айтганда, ўлиб кетсин, қуриб кетсин бундай “маданият ва тараққиётингиз...”

Намоз НОРМЎМИН


20 октябрь 2013 йил 

Комментариев нет:

Отправить комментарий