среда, 23 октября 2013 г.

Cталин ўғлини, Каримов қизиними...?

Совет диктатори Сталин иккинчи жаҳон урушида душманларига асир тушган ўғлини немис фельдмаршалига алмаштирмагани машҳур бир воқеадир...

Давлатни бошқариш ва халққа зулм қилишда Сталинни ўзига устоз деб биладиган Ўзбекистон диктатори Ислом Каримов ҳам афтидан ўз қизини нималаргадир алмаштиришга рози бўлмаётганга ўхшайди. Акс ҳолда бугун отасининг меросхўри деб қаралаётган Гулнора Каримованинг бошида қора булутлар айланиб қолмаган бўларди..


Гулнора иш бошида аввал Америкадан қувилди. Отаси бунга кўп ҳам эътироз этмади. Чунки Каримовнинг ўзи қизини у томонга узатганди. Аммо энди Гулнора Овруподан ва ҳатто Русиядан ҳам қувилмоқда. Швецария, Швеция ва Францияда Гулноранинг устидан жинойи ишлар очилган, у ердаги виллалари эшикларига бирин кетин қулф урилмоқда. Ўзбекстоннинг ўзида ҳам Гулноранинг шахсий телеканаллари ёпилган эмиш...

Бу орада Каримов оиласида жанжаллар ҳам авжга чиқаётганга ўхшайди. Опа сингил Гулнора ва Лола интернетдан бир бирларини айблай бошладилар. Гулнора ҳатто онасининг ҳам Ўзбекистон мол мулкини ўмариш учун “сеҳрбозликка” бош ураётгани ҳақида баёнот берди...

Ҳа, Сталин ўз ўғлини душманнинг фельдмаршалига алмаштирамаганди. Ислом Каримов чи?

Ўзбекистоннинг душмани ким ўзи, деган савол туғилади? Ватанимиз Худога шукр ҳозир уруш ҳолатида эмас. Агар Ўзбекистон бир давлат билан уруш ҳолида бўлганида эди, Каримовнинг қизи аёл боши билан ватанни ҳимоя қилиш учун фронтга кетиб, душманга асир тушганда ва душманнинг ҳам каттакон бир генерали Ўзбекистонда асир тушганда ва душман ушбу асирларни алмаштиришни таклиф қилганда, Каримов бу таклифга рад жавоби берганда...

Аслида Ўзбекистонда халққа қарши қатағон уруши ватанимиз мустақилликка эришгандан кейин деярли чорак асрдан бери давом этмоқда. Бу урушни Каримов ҳукумати мафкура соҳасида атеизм руҳида, сиёсатда диктаторлик усули билан, иқтисодда халқ мол мулкини талон тарож қилиш, порахўрлик билан, ҳуқуқий соҳада ўз инсоний ҳуқуқларини талаб қилган ўн минглаб фуқароларни (фақатгина Андижон қатлиомида 3000 га яқин) қатл қилиш, яна ўн мингларни Жаслиқ ва бошқа зиндонларда ваҳшийларча қийнаш, сиёсий ва диний мухолифатни тор мор қилиш, бутун халқни инсон ҳуқуқларидан маҳрум қилиш билан “муваффақиятли” шаклда олиб бормоқда.. 

Халққа қарши бундай урушда Гулнора Каримова отасига яқиндан ёрдам белиб келаётгани маълум. Гулноранинг Зеромакс, МТС телефон ширкатларини йўқ қилишда катта ютуқларни қўлга киритгани, тадбиркорларнинг мол мулкини тортиб олгани, ўзбек халқининг миллиардларча ўғирлаган долларларини чет давлатлар банкларида олиб бориб қўйгани маълум ҳақиқатлардир..

Хўш, бундай ўзига хос “уруш” ҳолатида Каримов Сталинга ўхшаб қандай мардановорлик кўрсатиши мумкин? Унга душман бўлган Ўзбекистон халқи Гулнорани асир олди, дейлик, яъни Гулноранинг бошига тушган “фожеаларни” шундай талқин қилайлик. Халқ ўз манфаатлари йўлидан келиб чиқиб, Каримовга бизга ўз ҳақ ва ҳуқуқларимизни беринг, бегуноҳ қамалган ўғил қизларимизни озод қилинг, сургундаги мухолиф фарзандларимизни юртга қайтаринг, шунда қизингиз Гулнорани биз ҳам сизга қайтариб берамиз, дейиши мумкинми?

Афсуски, булар хом хаёл гаплардир. Чунки Каримов Ўзбекистон халқига қарши қатағон урушини давом эттираётган бўлса ҳам, унинг қизи Гулнора ҳозирча халққа асир тушган эмас. У отаси каби ўз ҳавойи нафсининг асиридир холос...

Демак, Каримовнинг ҳам Сталин каби қаҳрамонларча ватан манфаатини ўйлаб, ўз фарзандини қурбон қилиш имкони йўқ. Зеро, Каримовнинг режими Сталин режими каби сохта бўлса ҳам мафкуравий ғояга асосланмаган. Каримов режими ёлғон ва зулмга асосланган. Гулноранинг атрофида бўлаётган бугунги гаплар ҳам мана шу ёлғоннинг кўринишларидан бири бўлиши мумкин. 

Инсонларимизнинг ҳам ажабо Каримов қизи Гулнорани холаваччасини қамаганга ўхшаб қамаб юборадими, дея ҳаяжонланишларига керак йўқ. Эрта индин бугун ораларидан қора мушук ўтган отаси ва қизи қайта ярашадилар. Ўзбекистонда эса ёлғон ва зулм режими ҳозирча давом этиб туради...

Намоз Нормўмин


23 октябрь 2013 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий