четверг, 13 марта 2014 г.

ЯХШИЛИК ВА ЁМОНЛИК ҲАҚИДА


Ассалому алайкум ҳурматли дўстлар!
Ҳаммамиз яхши яшашни истаймиз. Инсонлар аввало қорнилари тўқ, усти боши бут, уй жойининг тўла тўкис бўлишини истайдилар. Яъни, инсонда ўртага чиқадиган аввалги истак унинг нафсининг орзуларидир. Нафсни эса жиловлаш қийин, инсон нафси жуда осон ҳавойи нафс ҳолига ўтиб кетиши мумкин. (Эслатма: ҳар бир инсон вужуд, руҳ, қалб, ақл ва нафсдан иборатдир. Нафснинг вазифаси исташ, яъни оччиққанда таом, вояга етганда жинсий истак, молу дунё истаги ва ҳк. Агар инсон имонли эса унинг қалби ва ақли нафсини ўз назоратида тутади. Бундай нафс мутмаъин ҳолида бўлади. Имон бўлмаса ёки заиф бўлса, инсон нафси аммора, яъни турли ёмонликларни исташ ҳолига келади.)

У ҳолда яхшилик фақат нафснинг истакларидангина иборат бўлмайди. Энг муҳими инсонлар ўз ақллари ва нафслари билан яхшилик ва ёмонликни таъриф ҳам қила олмайдилар, уларни бир биридан ажрата ҳам олмайдилар..Ўтган суҳбатимизда ҳалол ва ҳаромдан баҳс этгандик. Ҳалол ёки ҳаром бўлиш нуқтаи назаридан, яъни сигир ёки қўй гуштини эшак ёки чўчқа гўштидан ажратиш учун инсоннинг имонга эҳтиёжи борлиги таъкилагандик...
Қуръони Каримда яхшилик шундай таърифланади:
“Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтиришда ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга беришда, намозни қоим қилиш, закот беришдадир. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир.” (Бақара сураси 177)
Бу ояти каримадан яхшиликнинг имонли бўлиш, намоз ўқиш, закот бериш, қариндошлардан бошлаб эҳтиёж эгаларига ёрдам бериш, аҳдига вафо қилиш, сабрли бўлиш, садоқатли ва тақволи бўлиш эканлигини билиб оламиз...
Шу нарса ҳам ҳақиқатки, инсонга ёлғиз бошига яхшилик ҳам унчалик таътимайди. Шунинг учун инсонлар яхши кунларини, масалан тўйларни, кўпчилик билан бирга ўтказадилар...
Яхши яшашнинг яна бир сири яхши яшашни истаган кишининг буни фақат ўзи учун эмас (бу ҳолда инсон худбинга айланади), бошқалар учун ҳам яхшилик истагида бўлиши ва бу йўлда ҳаракат қилиши лозимлигидир. Муҳаммад (сав)нинг ҳадисларида бу ҳақда шундай дейилади: Ўзларингда бўлган яхшиликларнинг мусулмон биродарларингизда ҳам бўлишини истамагунча ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар...
Хўш, бу ҳақиқатлардан бугунги кунимиз учун қандай хулосалар чиқаришимиз ва қандай вазифаларни ўз зиммамимизга олишимиз керак бўлади?
Энг асосий хулоса ўзига яхшилик бўлишни истаган кишининг бошқаларга яхшилик қилиши шартлигидир. Яъни, ўзим яхши бўлай деганлар ўзгаларга даъват ва мурувватни оширишлари керак. Юқоридаги яхшиликларни бир бир эслайлик ва уларни ушбу ҳақиқатга солиб кўрайлик:
Имондан хабари бўлганлар янада кўпроқ кишиларнинг имон яхшилигига эришишлари учун бу неъматни бошқаларга улаштиришга, яъни ислом даъватини кучайтиришга ҳаракат қилишлари керак.
Намоз ўқийдиганлар намоз ўқимайдиганларнинг ҳам бу неъматга эришишлари учун ҳаракат қилишлари керак.
Закот берадиганлар ҳам закот оладиганларнинг бой бадавлат бўлишлари учун уларга ёрдам беришлари керак...
Эҳтиёж эгаларига ёрдам берадиганлар уларнинг тамоман эҳтиёжлардан қутулишлари учун ҳаракат қилишлари керак..
Сабрли, садоқатли ва тақволи бўлганлар бу яхши сифатларнинг бошқаларда бўлишлари учун ҳаракат қилишлари керак...
Қуръони Карим тили билан айтадиган бўлсак:
"Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир." (Моида сураси 2)
Демак. шахслар сифатида ҳам, жамият сифатида ҳам яхшиликка эришиш Аллоҳнинг инояти билан ўзимизнинг бу йўлдаги ҳаракатларимизга боғлиқ экан. У ҳолда келинг яхшилар яхшилик ва тақво йўлида мусобақалашайлик..
Намоз НОРМЎМИН
13.03.2014

Комментариев нет:

Отправить комментарий