вторник, 1 апреля 2014 г.

ИККИ "ТЎҒРИ БИР "ХАТО" НАТИЖА ЭСА НОЛЬ...


Мавзу Туркияда ўтган бозор кунги маҳаллий сайловлар...Бир томонда Тоййиб Эрдўғоннинг заиф бўлса ҳам исломий фирқа деб кўриладиган АТП (Адолат ва тараққиёт партияси) бошқа томонда лаик (секуляр, атеист, динсиз) ЖХП (Жумҳурият Халқ партияси), МХП (турк миллатчиларининг партияси) ва ғарб кучларининг қўғирчоғи эканлиги маълум бўлган Фатҳуллоҳ Гуланнинг сохта"исломий" жамоати...Буларнинг ёнида курдларнинг лаик ва курд миллатчилига асосланган ДЖП (Демократик жамият партияси)...Буларнинг ҳаммаси Тоййиб Эрдўғон ва унинг партиясига қарши чиқдилар. Ва бу икки томон уч ой давомида сайловолди кураши олиб бордилар. Аслида бу сайлов кураши эмас, ўлиш қолиш кураши эди. Агар лаиклар,турк ва курд миллатчилари, сохта исломчилардан иборат сиёсий коалицион (иттифоқ) ушбу сайловда ғолиб келганда, Туркия 1950 йилларга қайтган бўларди. Яъни, мусулмонларнинг уйи кўйиб, қочгани жой тополмай қолишарди. Ислом дини, Қуръон мактаблари, имом хатиб мактаблари, аёлларнинг ҳижоб ўраши, яъни мусулмончиликка оид барча қадриятлар оғир зарба олган бўларди...
Икки "тўғри", яъни Туркиядаги лаиклар (секуляризм тарафдорлари) ва миллатчилар (турк ва миллатчилари) ўзларича "тўғри йўлни" танлаганлар...Яъни, булар Ислом динига ва мусулмонларга қарши ўзларини "ҳақли", деб биладилар. Турк миллатчиларининг ичида исломга амал қиладиган, намозларини ўқиб, рўзаларини тутадиганлар албатта топилади...Аммо партияларининг ғоялари ва раҳбарлари исломий қадриятларни истамасликлари ҳам бир ҳақиқатдир..Буларнинг ёнида сохта "исломий" жамоат, яъни охирги пайтда Туркияда долзарб мавзу бўлиб турган Фатҳуллоҳ Гулан жамоати ҳам ўрин олди. Аҳвол шу даражага бордики, "гуланчилар" кўчама кўча, уйма уй юриб халқни ЖХП, яъни секуларизм тарафдори партияга овоз беришга "даъват" қилдилар...Яъни, ўзларининг сохта "исломчилар" эканликларини ошкора намойиш қилдилар..

Сайловда Тоййиб Эрдўғоннинг АТП, яъни Адолат ва тараққиёт партияси ғолиб келди. Секуларизм тарафдорлари, турк ва курд миллатчилари, сохта "исломчилар"нинг сиёсий коалициони (иттифоқи) шармандаларча мағлуб бўлди...

Албатта, Туркиядаги сайловларга ҳар ким хар хил муносабат билдириши мумкин. Бировлар буни тўғри сайловлар деса, бошқаларга бу куфр ўйини бўлиб кўриниши ҳам мумкин...

Ажабо, дейман бизда, яъни Ўзбекистонда ҳам мана шундай сайловлар ўтказиш имкони бўладими? Ахир, Каримовнинг диктатурасидан, яъни ҳеч қандай сайловсиз қайта қайта Каримовнинг ўзини ўзи сайлашидан ҳеч қурмаса чала бўлса ҳам халқнинг иродасини ўртага қўядиган мана шундай сайловлар афзал эмасми? Албатта, Каримов диктатурасидан афзал, аммо бизда бундай сайловлар ўтказилса, натижа нима бўлади?. Бир томонда исломий фирқалар, яъни салафийлар, ҳизби таҳрирчилар, таблиғчилар, суфийлар, жиҳодчилар (улар албатта тинч сайловларда қўлларида қурол билан қатнашадилар), бошқа томонда ўзбек демократлари, ўзбек ва тожик миллатчилари...

Бундай сайловлар Каримовнинг зулмидан халқ мафкуравий, сиёсий йўлини йўқотган, иқтисодий жиҳатдан ўта камбағаллашган, ижтимоий жиҳатдан эзилган шароитда албатта исталган натижаларни бермаслиги мумкин...Ҳатто бундай сайловлар ҳозир боши берк кўчага кириб қолган Ўзбекистонда ижтимоий портлашларга, ўр тўполонларга, миллатлар ораси жанжалларга олиб келиши мумкин...Бундай миллий, сиёсий ва диний низолардан эса халқимизнинг душманлари фойдаланиб қолишлари, давлатимизни ўзларининг қўғирчоғига, халқимизни эса ўзларинингг қулларига айланириб олишлари ҳам мумкин...Худди, ҳозир Украинада кузатилаётгани каби...

Унда чора нима? Албатта, чора Каримов ва унинг диктатураси эмас. Ўтиш даврида Туркиядаги очиқ ва умумий сайловлар бўлмаса ҳам, мен аввал таклиф қилган аввал маҳаллардан бошлаб, босқичма босқич туман, вилоят бошқарув органларини сайлаш, вилоят халқ мажлисларида сайланган вакилларидан эса Давлат Мажлисини ташкил қилишдир, шу тарзда давлат ҳокимиятини шакллантиришдир...

Каримов диктатурасидан қутулишнинг бошқа йўлини биладиганлар бўлса, улар ҳам фикрларини айтишсин...Фақат Ўзбекистондаги ҳозирги боши берк вазиятни, оғир мафкуравий, ижтимоий ва сиёсий вазиятни, иқтисодий бўҳронни, мусулмонлар орасидаги ўзаро ихтилофларни ҳисобга олмайдиган хаёлий гапларни айтишмасин...

Намоз НОРМЎМИН
01.04.2014

Комментариев нет:

Отправить комментарий