вторник, 17 марта 2015 г.

ИШИД ВА ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВ "ФИТНАЛАРИ"

ИШИД ВА ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВ "ФИТНАЛАРИ"
"Менга алам қилар тилла балиқча, бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни.." Абдулла Орипов.
"Озодлик" радиоси яқинда қамоқдан амнистия йўли билан чиққан шоир ва воъиз Хайрулло Ҳамидовнинг "ИШИД ФИТНАСИ" шеърини эфирдан узатди. Бу шеър унинг унинг ўзининг ижодими ёки Каримов режими Хайрулло Ҳамидовни бундан кейин мана шундай шеърлар ёзиш учун қамоқдан чиқарганми, бу ёғи менга қоронғу...
Х. Ҳамидовнинг бу шеъри бошқа бир шоирнинг, доимо ҳокимият тепасига ким чиқса уни мақтайдиган, яъни машҳур сарой шоирининг шу сатрларини хотирлатади:
"Менга алам қилар тилла балиқча,
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни..."

Х. Ҳамидовнинг "Озодлик" радиосида ўқиган шеъри ҳам менда алам ҳисларини уйғотди. У бу шеърни ўзи ёзганини айтди. Биз бунга ишонишимиз керак. Чунки мусулмончиликда зоҳирийлик асос. Ким нима деган бўлса ва қилган бўлса, айтган сўзи ва қилган иши учун аввало ўзи масъул...Агар бундай ишни қилишга мажбурланган бўлса, у ҳолда ҳукм ўзгариши мумкин.
Фитна икки маънодаги сўздир: Биринчиси, имтиҳон, иккинчиси бузғунчилик. Х. Ҳамидовнинг шеърида бузғунчилик ҳақида гап кетаяпти, яъни "ИШИД ФИТНАСИ", бузғунчилиги ҳақида...Шеърни эшитдим, ўртамиёна, унчалик ҳаяжон билан ёзилмаган, аксинча шошиб ёзилгани мисраларнинг оқишидан билиниб турибди. Аммо масала шеърда эмас, масала унинг муаллифининг билиб билмай тилла балиқчага айланиб қолганидидир, менимча...
"ИШИД ФИТНАСИ" биринчи эмас, иккинчи эмас, агар фитна бўладиган бўлса учинчи даражадаги фитнадир. Аммо Хайрулло Ҳамидовнинг биринчи ва иккинчи фитнага тил текизмай, фақат учинчи "фитна" ҳақида дод вой солиши ажабланарлидир, фақат танқид эмас, маънавий жиноятда айбланишга арзийдиган бир ишдир.
Хўш унда, биринчи ва иккинчи фитналар нимадан иборат? Булар ҳамма биладиган ва ҳеч ким эътироз қилмайдиган, аммо ҳозирча чораси топилмаётган энг катта фитналардир.
Биринчи фитна, ҳозир Яқин Шарқ, деб аталадиган ва мусулмонлар яшайдиган давлатлардан иборат бўлган ҳудуднинг ғарбликлар тарафидан босиб олингани, мустамлака қилинганидир. Ироқ, Афғонистон, Сурия, Қувайт, Саудия Арабистони, Иордания, Миср, Фаластин..бу давлатлар 1920 йилларда Усмонли Давлати инқирозга учрагандан кейин ғарбликларнинг бевосита ёки билвосита мустамлакаси бўлиб қолмоқда. АҚШ, Европа давлатлари, Канада, Австралия, Янги Зенландия каби давлатларнинг иттифоқи бу ҳудудларда очиқ ва сирли урушлар олиб бормоқдалар. Туркия Бош Вазири Аҳмад Довудўғлининг айтишича бу тупроқларда сўнгги 20 йил ичида 12 миллион мусулмон ўлдирилди. Бу даҳшатли рақамдир, аммо дунё оммавий ахборот воситалари Францияда ўлдирилган 12 киши учун солган дод войини бу 12 миллион учун ўртага қўймайди. Нега? Чунки бу АҚШ эски Президенти ўғил Дорж Бушнинг таъбири билан айтганда "Янги Салб Урушидир", яъни мусулмонларни ер юзидан йўқ қилиш урушидир...
Иккинчи фитна эса, Яқин Шарқдаги мусулмонлар яшайдиган давлатлардаги золим қироллар ва диктаторларнинг айнан Ғарб давлатлари тарафидан қўллаб қувватланишидир. Бунинг оддий мисоли Мисрда қонуний Давлат Раиси Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан ағдаралиб унинг ўрнига ғарбпараст генерал Сисийнинг ҳокимиятга келтирилишдир. Қолган барча қирол ва қиролчалар ҳам ғарбликларга қанчалик садоқат билан хизмат қилаётгани дунёга машҳурдир. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Бундан шубҳаси борлар, интернетда Буш ва бундан аввалги Саудия қироли Абдуллоҳнинг ўпишиш саҳналарини топиб кўрсин, шунда шубҳалари ўз ўзидан тарқаб кетади..
Х. Ҳамидов ҳаяжонланиб шеър ўқир экан, бу икки асосий фитнадан баҳс юритмайди, булар ҳақида бир калима айтмайди. Энди унинг ягона фитна деб таъриф қилган ИШИД масаласига келсак, агар юқорида айтилган биринчи ва иккинчи фитналар ўртадан кўтарилса, бу учинчи фитна ўз ўзидан йўқ бўлиб кетади. ИШИД Ироқда ўртага чиқди ва таркибида энг камида 12 гуруҳ борлиги айтилади. Булар орасида мусулмон жиҳодчилар ҳам, эски саддамчилар ҳам, маҳаллий қабила вакиллари ҳам, ҳатто нақшбандия тариқотига аъзо сўфийлар ҳам, кимлиги номаълум жосуслар, яъни фитначилар ҳам бор. Яъни, ИШИД дейилганда ҳозирда мусулмон дунёси ичида мавжуд бўлган ақидавий ва амалий ихтилоф ва ҳатто қарама қаршиликларни ҳам кўришимиз мумкин. Шунинг учун ҳам гуруҳ ҳақида мусулмонлар ҳам, аҳли илмлар ҳам бир хил фикрга эга эмас. Кимдир қўллаб қувватлайди, кимдир қарши чиқмоқда бу гуруҳга. Аммо муҳими ИШИДниннг сабаб эмас, натижа эканлигидир. Яъни, юқорида айтилган биринчи ва иккинчи фитналар қилаётган қонунбузарликлар ва урушларнинг натижасидир ИШИД...
Ғарбликлар мусулмонларни ва уларнинг давлатларини тинч қўйсинлар, ўзларининг мусулмон давлатларга қарши босқинчилик, мустамлакачилик сиёсатидан, янги Салб урушларидан воз кечсинлар, мусулмон дунёсидаги золим диктаторларни қўллаб қувватлашдан воз кечсинлар. Шунда Ислом дунёсида динимизнинг асосларида мавжуд бўлган ҳақиқий эркинлик, фойдали илм, саҳиҳ имон, илм ва фан тараққиёти, ҳақиқий инсон ҳуқуқлари ўртага чиқади. Бундай ҳақиқий тараққиёт муҳитида нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният ҳам бугунги радикал ва террорга асосланган капитализм дунё тузумидан қутулади ва ҳақиқий тинчлик ва фаравонликка эришади...
Жуда кўпчиликда, бундай ҳақиқий эркинлик ва тараққиёт асос бўладиган янги дунё тузуми қачон ва қандай ўртага чиқади, деган савол туғилиши табиий. Бу савол ҳақли саволдир. Агар бугунги дунё тузумини бир Фиръавн тузуми десак, унда бу Фиръанга қарши қилинадиган асосий иш Қуръони Каримда айтилгани каби ҳикматли ва давомли даъватдир. Менинг билганим, озми кўпми қилаётган ишим ҳам шудир: Мусулмонлар ҳозирги глобаллашма, интернет, саёҳат эркинлиги имконларидан унумли фойдаланишлари керак. Агар мусулмонлар оммавий ахборот воситалари имконларидан фойдаланиб, ҳақиқий ва ҳикматли даъватни йўлга қўйсалар, тез орада дейлик АҚШ ва Русиянинг ҳар бирида мусулмонлар сони 50 миллионга етиши мумкин. Бу эса бу давлатларнинг сиёсатининг ўзгариши маъносига келади.
Зеро, ғарбда яшайдиган маҳаллий халқлар, яъни америкаликлар, французлар, олмонлар, ингизлар ва бошқа миллатлар вакиллари орасида ҳам ўзлари яшаётган жамиятлардаги моддапарастлик, худбинлик, шаҳвоний ва зўровонлик томошалари бўлган фильм, адабиёт асарлари, шахс, оила ва жамиятнинг маънавий таназзулидан чарчаган ва бундай салбий хислатлардан қутулишни истаганларнинг сони талайгинадир. Буларга Ислом дини содда ва қизиқарли ҳолда тушунтирилса, Аллоҳ таолонинг уларга ҳидяот беришига ғарб давларидаги маҳаллий аҳоли орасидан Исломни танлаганларнинг сони ортиб бораётгани ҳам далилдир.
Яъни, ҳозирги шартларда мусулмонлар танлайдиган асосий йўл ҳикматли даъват, тинч ҳуқуқий кураш, ўзаро иттифоқ ва Исломни ҳақиқий ҳолида тамсил қилиш йўлидир, деб биламан. Аммо Афғонистон ва Ироқда бўлгани каби душман бостириб келганда, у ернинг аҳолисига нега қўлингизга қурол олдингиз дейиш ҳам ақлга сиғмаган гап бўларди. Чунки мисол учун Гитлер Норвегияга бостириб келганда, бу халқнинг кўпчилиги қўлида қурол билан босқинчи фашистларга қарши курашган эдилар. Аллоҳ қўрисин, эртага мустақил Ўзбекистонимизга ташқи душман бостириб келадиган бўлса, менга ҳам, Хайрулла Ҳамидовга ҳам, юртимизнинг бошқа фарзандларига ҳам қўлига қурол олиб, душманга қарши халқимиз ва ватанимизни ҳимоя қилиш ҳам фарз ҳам қарз бўлади. Шундай қилишга мажбур қолганимизда бизга ҳам фитначи дейиладими? Дарвоқе, золим Бушнинг Ироқ урушининг бошларида ғарбликларга қарши уруш бошлаган ироқликларни “булар жуда яхши аскарлар экан”, дея мақтаганини ҳам унутмаслигимиз керак..
Баъзилар мусулмонларнинг ичидаги мунофиқ сифат кишларни ва ҳозирда номи исломий, ўзи зулм ва жаҳолат ботқоғига ботган давлатларни кўриб, шуми мусулмонлар, шуми исломий жамият ҳам дейдилар. Бу киноялар ўринли аммо баҳолаш усули нотўғридир. Чунки тўғри қоида мусулмонларга қараб Ислом динига баҳо беришда эмас, Ислом динига қараб мусулмонларга баҳо беришдадир. Шу билан бирга динларининг яхши тамсилчилари бўлиш ҳам юқорида айтилгани каби ҳақиқий мўминларнинг вазифаларидандир.
Хуллас, ер юзида ҳозирги радикал ва террорга асосланган материализм дунё тузуми тугаб, унинг ўрнига моддий ва маънавий қадриятларни ўзида жамлаган янги дунё тузуми ўрнатилганда Хайрулло Ҳамидов ҳам "тилла балиқча" бўлишдан қутулиб, аввалги ўзбек халқи севган шиор ва воъиз ҳолига қайтади..
Намоз НОРМЎМИН
17.03.2015

Комментариев нет:

Отправить комментарий