среда, 15 апреля 2015 г.

ДАВЛАТ ИНСОННИНГ УМУРТҚА ПОҒОНАСИГА ЎХШАЙДИ

Давлат нима деган саволнинг аниқ жавоби йўқлигини олдинги мақолаларимда ҳам айтиб ўтгандим. Интернет қомусномаси ҳисобланадиган "Википедия" да ҳам давлатнинг таърифи масаласида умумий илмий ёки халқаро келишув йўқлиги ёзилган.
"На 2013 год не существует единого юридического определения термина «государство», всецело признанного наукой и всеми странами мира. Крупнейшая международная организация — ООН — не имеет соответствующих полномочий определять, является ли то либо иное образование государством или нет".

Таржимаси:
"2013 йилга келиб "давлатнинг" илму фан ва дунёнинг барча мамлакатлари тарафидан тўлиқ тан олинган таърифи йўқдир. Энг йирик халқаро ташкилот бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бирор ташкилотнинг давлат ёки давлат эмаслигини аниқлаш ваколатига эга эмас".
(Рус тилида "Википедия"нинг "Государство" бўлимига қаранг)
Демак, давлатни ҳар ким ўзича таърифлаши, ўз билганича тузиши ва ундан ўз билганича фойдаланиши мумкин. Шу билан бирга давлатнинг дунё халқлари ва миллатлари тарихида ва бугунги кунги ҳаётида ниҳоятда муҳим роль ўйнагани ва ўйнаётгани ҳам маълумдир. Балки инсоният тарихида бир давлат ёки давлатлар иттифоқи (мисол учун Оврупо Иттифоқи) ёки ҳамкорлиги (мисол учун Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти) ҳеч қачон бизнинг замонамизда бўлгани каби муҳим аҳамият касб этмаган бўлса керак, деб ўйлайман...
Шу маънода давлатнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ўз фикр мулоҳазаларимни бир ўхшатиш билан ифодаламоқчи бўлдим. Оддий тил билан фикримни айтсам, давлат инсон вужудини оёқда тутиб турадиган ва бу билан унинг тўлиқ ҳаракатланишини таъминлайдиган орқа мияни ўз "бағрига босган" умуртқа поғонасига ўхшайди. Ўзбекларда умуртақа поғонаси бел ҳам деб аталади. Бели синибди ёки бели чиқибди, дегандек...
Маълумки инсоннинг бели ёки умуртқа поғонаси синадиган бўлса, бу инсон фалаж (паралич) бўлиб қолади. Аммо паралич бошқа ҳолларда, масалан бош мияга қон қўйилиши ва шунга ўхшаш касаллик ҳолларида ҳам бўлиши мумкин. Аммо инсоннинг бели ёки умуртқа поғонаси қаттиқ зарбага (травма) учраб, унинг ичидаги орқа мияга ўнгланмайдиган даражада шикаст етса, бу инсон умрбод фалаж (паралич) бўлиб қолади...
Демак, бир канал шаклида бўлган умуртқа поғонасининг асосий вазифаси унинг ичида (бу каналда) ўрин олган орқа мияни асрашдан иборатдир. Орқа мия эса қалбдаги эътиқод ва ақлнинг ҳамкорлиги натижасида каллада, яъни бош мияда тўпланадиган фикр ва қарорларни инсон вужудининг бошқа органлари бажариши учун воситачи бўладиган органдир. Умуртқа поғонасининг ичида жойлашган орқа мия дарахтга ўхшайди ва бу "дарахт"нинг гавдасидан инсоннинг бутун вужудига нерв томирлари (худди дарахтнинг гавдасидан шохлар ҳар томонга тарқалгани каби) тарқалади. Бу нерв томирлари эса инсоннинг ташқи аъзолари бўлган қўллар, оёқлар, кўкрак қафаси ва улардаги мускулларни ҳаракатга келтиради. Шунингдек, орқа миядан чиқадиган вегетатив нерв томирлари инсоннинг ички органлари бўлган юрак, ўпка, ошқозон, жигар, буйраклар ва бошқ органларнинг фаолиятни таъминлайди ва бошқаради...(Худди давлатнинг ички ва ташқи сиёсати бўлгани каби).
Энди бир халқни бир инсон вужудига қиёслаш билан халқнинг "умуртқа поғонаси" ҳисобланадиган давлатнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунишга уриниб кўрайлик:
1. Халқ инсонлардан ташкил топади, давлат эса катта ва кичкина турли ҳукумат, ҳуқуқ, иқтисод ва ҳк. органлардан ташкил топади.
2. Бир инсонда миллёнларча (ҳатто трилионларча) ҳужралар бўлади. Бир халқ ҳам ўн мингларча ёки юз миллионларча фуқаролардан ташкил топади.
3. Бир инсоннинг қалби (халқнинг эътиқоди, мафкураси), калласи, яъни бош мияси (халқнинг илми маърифати, онги), бир инсоннинг уй жойи (халқнинг ватани ) бир инсон вужудининг органлари (халқнинг маҳаллари, вилоятлари ва бошқа ташкилотлари) ва бир инсонни ҳаракатга келтирадиган умуртқа поғонаси ва унинг ичида сақланадиган орқа мияси (бир халқни тараққиётга бошлайдиган ва бу халқни қўрийдиган давлати ва бу давлат қўрийдиган ҳуқуқий низоми ва қонунлари) бўлади.
4. Демак, инсонда умуртқа поғонаси бутун вужудни ҳаракатлантирадиган орқа мияни ўз ичида сақлаш орқали вужуднинг ташқи ва ички органларининг бутун ҳаракатларини ва фаолиятларини таъминлагани каби, халқнинг “умуртқа” поғонаси бўлган давлат ҳам халқнинг эътиқоди (мафкураси), илму маърифатидан туғиладиган эркинликлар, ҳуқуқ ва қонунлар мажмуасини қўриш орқали халқнинг ички ва ташқи ҳаракатини (тараққиётини) таъминлайди.
5. Инсонни фалаж қилишни истаганлар унинг умуртқа поғонасини синдириш билан буни амалга ошира оладилар. Халқни фалаж қилишни истаганлар эса унинг давлатини босиб олиш ёки давлат тўнтариши билан буни амалга оширадилар.
6. Инсоннинг умуртқа поғонаси емирилса ёки умуртқалар орасида "грижа" пайдо бўлса, инсоннинг ҳаракатланиши ҳам қийинлашиб, бели оғриб, инсон маълум муддат ишга ярамай қолиши мумкин. Худди шундай давлат ҳам "хаста" бўлса, халқнинг тараққиёти ҳам секинлашади, турли муаммоларга дучор бўлади.
7. Инсонда умуртқа поғонаси қалб, бош мия ва бошқа органларининг ҳамкорлигида ўрта чиқадиган эътиқод, фикру мулоҳазалар ва уларга асосланган режа ва қарорларни органларга узатадиган орқа миянинг қўриқчиси ҳисобланади. Яъни инсонда умуртқа поғонаси қарор марказлари бўлган қалб ва бош мия тарафидан олинган қарорларни ташқи ва ички органларга узатадиган орқа миянинг қўриқчисидир. Худди шандай давлат ҳам халқнинг ўз қалби (эътиқоди) ва илму маърифатига асосланиб олган қарорларини (халқнинг марказий ҳукумат органларида олинган ҳуқуқий ва қонуний асосларни) маҳаллий ҳукумат органларига узатадиган жамиятнинг “умуртқа поғонасидир”. Инсоннинг умуртқа поғонаси унинг энг асосий органи бўлмагани каби, халқ учун давлат ҳам унинг асосий органи ҳисобланмайди Аммо юқорида айтилгани каби инсоннинг умуртқа поғонасининг соғломлиги унинг бутун органларининг ҳаракати учун шарт бўлгани каби, халқнинг тараққиёти учун ҳам давлатнинг соғлом бўлиши шартдир.
Намоз НОРМЎМИН
15.04.2015

ИККИНЧИ МАҚОЛА

УРУШЛАР, УРУШЛАР, БУ ЛАЪНАТИ УРУШЛАР
Тахминан 20 миллион қурбон олган 1. Жаҳон урушига 100 йил, 50 миллионга яқин қурбон олган 2. Жаҳон урушининг тугаганига 70 йил, тахминан 12 миллион қурбон олган 3. Жаҳон урушининг (бу уруш собиқ СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши билан бошланганди) бошланганига 35 йил бўлди. 3. Жаҳон урушининг энг янги саҳналари Украина уруши ва Саудия Арабистони етакчилигидаги иттифоқнинг Йемендаги урушга қатнаша бошлаганидир..
Бу урушлар ҳақида инсонлар турли туман маълумотларга эгадирлар. Аммо 0. ва 4. (илк ёки қиёматга қадар давом этадиган уруш) Жаҳон уруши ҳақида ҳамма ҳам етарли маълумотга эга бўлмаса керак, деб ўйлайман. Бу Одам (ас)дан бошлаган ва бутун жаҳон урушларига, улардан бошқа бутун катта ва кичкина урушларга сабаб бўлган ИНСОН НАФСИ ТУҒЁНИ урушидир. Бу сурункали (хроник) урушдир ва ҳеч қачон бугунги кунда бўлгани каби оловланмаган бўлса керак бу уруш..
0. ва 4. Жаҳон уруши бугун қизигандан қизишмоқда. Баъзилар бу уруш унчалик хафвли эмас, унда қурбонлар бўлмайди, деб ўйласалар керак. Аксинча, бугунгача инсоният ичида содир бўлган катта кичик урушларда 200 миллион қурбон берилган десак (бу рақам тахминийдир табиий) бутун қурбонларнинг берилишига мана шу ИНСОН НАФСИ ТУҒЁНИ уруши сабаб бўлгандир. Афсуски, бу урушда ғолиб чиқишда ягона қўлланма бўлган Қуръони Каримни ўқишни, ўрганишни, унга имон келтиришни ва унга кўра яшашни инсонинятнинг асосий қисми тарк қилгандир...
Йўқолсин урушлар...
Намоз НОРМЎМИН
14.04.2015



Комментариев нет:

Отправить комментарий