вторник, 1 марта 2016 г.

ФАРЁД

Мен шундай моховман,
Кечиринг мени.
Кўнглимга сиғмайди на гул, на чечак.
Буйнингизда осилган қора занжирни,
Қандай усул билан чиқариш керак.

Кириб келди яна зиндон бир баҳор,
Яйрайди атрофда чўри тумани.
Менинг хаёлимда қайта жонланар,
Садриддин Айнийнинг “Қуллар” рўмани.
Ўзим узоқларда ҳурман, озодман.
Кўзингиздан қувончни қандай силай, дод.
Мен ҳали ўлмадим, аммо бедодман,
Бўғзингизга қўйсам чақмоқ бир фарёд.
Биламан истайсиз қайноқ бир бўса,
Севги ва муҳаббат ҳақида бир сас.
Наҳот тараққиёт тиз чўкиш бўлса,
Яна бир қулбачча туғилса, абас.
Кошки танимасам, кўрмасам эдим,
Бўлса эди ватаним, миллатим бошқа.
Наҳот сезмагайсиз, ахир чарчадим,
Бошимни уришдан сиз каби тошга...
Мен шундай моховман,
Кечиринг мени...
Намоз НОРМЎМИН
02.03.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий