суббота, 26 марта 2016 г.

ҲАЁТИМИЗНИ КИМГАДИР БОҒЛАШИМИЗ ШАРТМИ?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Ҳа, шарт, чунки инсон яратилган мавжудот, унинг моддий ва маънавий эҳтиёжлари бор. Инсоннинг ҳаёти кислородга боғланган, агар у кислород олмаса тўрт ёки 5 минутдан кейин бу ҳаётдан кўз юмади. Ёки сувсиз 7 кундан кейин, озиқ овқатсиз эса бир ой нари борса 40 кундан кейин нарига дунёга равона бўлади...

Инсон ҳаётининг буларга боғлиқлигини аниқ билгани учун ҳам шунчаки ҳаво эмас тоза ҳаво олишни, шунчаки сув эмас, тиниқ ва табиий сув ичишни, шунчаки таом эмас, янги пиширилган, лаззатли таомларни ейишни истайди. Яъни, инсон фақат миқдорга эмас, сифатга ҳам эътибор беради...
Худди, шундай инсон маънавий жиҳатдан ҳам кимгадир ҳаётини боғлашга эҳтиёж сезади. Шунда унинг руҳи тетик, ақли тиниқ, ҳаёти мазмунли бўлади.
Насронийларга қаранг: турмасдан Ийсо, Ийсо, дейди, улар Ийсо ас ни ўзларини икки дунёда қутқарадиган муқаддас Зот, Аллоҳнинг ўғли, уч Илоҳдан бири, деб биладилар. (Астағфируллоҳ) .
Шиаларга қаранг: Гапни Алидан бошлашади, турмасдан Али, Али дейишади, ўзларича Али (ра)нинг наслидан келган ўн икки имомни муқаддас зотлар, уларга эргашишни эса ўзларига фарз, деб билишади...
Ўтган йил оламдан ўтган шайхнинг бир муриди айтганди, ҳаётимнинг мазмуни шайхим эди, шайхим вафот этди, энди ҳаётим мазмунсиз қолди, деб. Уларга Аллоҳ бундай деган десангиз, шайхимиз ундай деган дейишади, шайхга робита қилмасдан (боғланмасдан) қандай Аллоҳга бандалик қиламиз, ахир подишоҳнинг ҳузурига бориш учун аввал вазирига учрашиш керак, ҳудди шундай Аллоҳга бандалик учун ҳам валисига, авлиёсига боғланиш керак, дейишади...
Бутпарасталарга қаранг, хаёлларида доимо бутлари бўлади, бутларини, ўзлари сиғинадиган ҳайкалларини ювиб тарайдилар, уларга гуллар осадилар, пойларига таомлар қўйишади (инсон ҳам шунча беақл бўладими?)
Моддапарастларга (материалистларга) қаранг: Эрталаб турса пул дейди, кечаси ётса пул дейди, мол мулк дейди, шаҳват орзусида елиб югуради...Улар ҳаётини беш кунлик дунёнинг шу ўтиб кетадиган "лаззатларига" боғлаганлар.
Кеча қисқагина бўлса ҳам кўрдим ўзимизда Каримовпарастларнинг ҳолини: Улар Каримов ҳайронлари, Каримов бўлмаса бўлмайди дейишади, э нима деяпсиз Каримов бўлмаса Ўзбекистон, деган нарса қолмайдику, дейишади. Худди Туркманбошипарастлар, худди Тожикбошипарастлар каби. Бир пайтлар Усмонхўжаев айтганди, Шароф Рашидов бизни сеҳрлаб қўйганди, биз унга шунча боғланиб қолгандикки, усиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эдик, деб...
Маркспарастлар, Ленинпарастлар, Сталинпарастлар бундан ҳам баттар бўлишганди, ҳозир эса ўзлари тўқиб олган бу сохта Илоҳларига, яъни бутларига сиғинишганлари учун тупроқнинг остида илону чаёнларга ем бўлмоқдалар....
Аллоҳим, Эй Роббим, эй Оламларнинг Парвардигори, мен икки дунёмни фақат Ўзингнинг ризонгга боғлаган бандангман. Қуръони Каримингда марҳамат қилганинг каби:
"Фақат Ўзингагина ибодат қиламан ва фақат Ўзингдангина ёрдам сўрайман".
Аллоҳим, мени мана шундай инсонпараст, ҳайвонпараст, моддапараст қилмаганинг учун Ўзингга чексиз шукрлар бўлсин!
Роббим, мен Ўзингдан бошқа ҳеч кимга бандалик қилмаётганимни Ўзинг жуда яхши биласан, аммо мен ожиз бир бандаман, гуноҳларим кўп, кўп ғофиллик қилиб, ўзимга ўзим кўп зулм қилдим. Ё Роббим, ўзинг мени инсонпарастликдан, шайхпарастликдан, ҳайвонпарастликдан, моддапарастликдан қўри, гуноҳларимни кечир, икки дунёмни фақат Ўзингга топширдим, уларни обод қил. Роббим мени, ота онамни ва барча мўминларни мағфират қил ва бизларни жаҳаннам азобидан сақла!
Биз Муҳаммад (сав)га Сенинг охирги пайғамбаринг, деб имон келтирдик, фақат У Зот (сав)нинг йўлига, Суннатига эргашдик, аммо пайғамбаримизни Илоҳ, деб билмадик, чунки Сен Ўзинг бизнинг ягона Роббимиз ва Илоҳимизсан! Омин, Ё Роббил оъламин!
Намоз НОРМЎМИН
23.03.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий