суббота, 21 мая 2016 г.

НИГОҲ (Бир гадонинг тунги хаёллари) Ҳикоя

НИГОҲ
(Бир гадонинг тунги хаёллари)
Ҳикоя

...Биз машинада уч киши кетаётгандик: Ҳайдовчи, унинг ёнида менинг муҳожирликдаги қадрдонларимдан Жалоллиддин исмли тарих илми тадқиқотчиси бир ёш дўстим ва мен. Биз минган, нари борса икки уч йиллик BMW 520 марка автомобил Истанбулнинг замонавий задагонлари яшайдиган Флория маҳалласининг ўрта кўчасидан бўғознинг Мармара денгизи соҳиллари томонга илгарилаб борарди.
 Ҳайдовчи Ренат исмли Татар йигит билан ярим соат олдин танишдим. У қадрдоним Жалолиддининг мактабда бирга ўқиган оғайниси экан. Бир кун олдин Жалолиддин менга қўнғироқ қилиб Ренатнинг хўжайини мен билан муҳим бир масалада кўришмоқчи эканлигини айтганди. Мен бу ёш дўстимга ишонганим учун унинг илтимосини рад қила олмадим ва “марҳамат ишхонамизга келишсин”, дедим. Аммо Жалолиддининг айтишича, менга нотаниш Тошкентлик ҳамюртимиз бизни ўзи Истанбулда вақтинча турган меҳмонхонага таклиф қилганди. Мен ёш қадрдонимдан “Ким бу одам, танийсизми уни ўзингиз”, деб сўраганимда “Йўқ, мен фақат Ренатни танийман. У менинг жуда яхши дўстим. Ундан хўжайини ҳақида сўрасам, мен фақат у кишининг Тошкентлик бир ўзбек эканлигини айтишим мумкин. Домлага қолган маълумотларни хўжайиннинг ўзлари айтадилар” жавобини айтганди. BMW нинг деразасидан Истанбул бойлари яшайдиган фалон милён долларлик дачаларни тамоша қилиб борар экан, ақлимдан мен билан учрашишни истаган бу киши ким бўлиши мумкин, деган савол гир гир айланарди. Мен ўзимга нотаниш бу одам ҳақида фақат унинг ёрдамчисими, ходимими бўлган Ренат ва у бизни олиб кетишга келган сирти ва ичи ялтироқ BMW га қараб мантиқий хулосалар чиқаришим мумкин эди. Ренат 30 ёшларда, баланд бўйли, спортчи гавдали, оқ сарик юзли, мовий кўзли Татар йигити эди. У билан ярим соатча аввал танишганимизда соф ўзбек тилида салом алик қилганига эътибор бергандим. У ҳайдаб кетаётган BMW нинг орқа ўринидиғига ўтирмасдан олдин, бу машинанинг номерининг Истанбулга оид эканлигини ҳам кўрдим. Афтидан Ренатнинг хўжайини бу машинани шаҳарга келганда ижарага олганди. Борлиғим шу хаёллар билан машғул экан, BMW миз Истанбул бўғозига 100 метрча узоқда жойлашган кўркамли меҳмонхона олдида тўхтади. Машинанинг мен ўтирган тарафдаги эшигини очган меҳмонхона қоровули менинг содда уст бошимга “Бу одамнинг бу ерда нима иши бор?”дегандай қаради ва кейин кулимсираб “Хуш гелдиниз, афандим”, деди. Мендан олдин машинадан тушган Ренат қўлимдаги портфелимни олмоқчи бўлди, аммо мен буни рад қилдим. Шу тарзда биз уччовлон лифт билан меҳмонхонанинг еттинчи қаватига  чиқдик...
Мен хорижда яшаётган мухолиф киши сифатида ҳар бир нарсага эътибор билан қарашга мажбур эдим. Лифтдан тушганимиздан кейин чап томонга бурилиб, 707 хонанинг эшиги олдида тўхтадик. Ренат чўнтагидан калит ўрнида ишлатиладиган бир картни олиб, уни эшикнинг тутқичига яқинлаштириши билан хонанинг эшиги “тиқ” этиб очилди. Бу пайтда менинг кўзларим сал нарироқдаги “шошилинч чиқиш” лавҳаси осилган бошқа эшикда эди. Ренат 707 рақамли эшикни оҳиста очиб, мени ичкарига таклиф қилди. Мен жуда кенг ва ёруғ залга кирдим, аммо бу ерда ҳеч ким йўқ эди. Орқамдан аввал қадрдоним Жалолиддин ва кейин Ренат залга киришди. У олдинга ўтиб, бизни кейинги хонага бошлади. У эшигини очган хонага киришим билан ёши ўттиз ўттиз беш ёшларда, юзи касалликданми, қайғуданми заъфарон тус олган, аммо вужудига ярашадиган шаклда қора костюм шим кийган, оқ кўйлагининг ёқасига қора галстук таққан хона эгаси менга пешвоз чиқди. Бу йигит чаққонлик билан ёнимга келди ва қўш қўллаб мен билан кўришди. Хонадаги иссиқлик нормал бўлишига қарамай унинг кафтлари совуқ эканлигини сездим. Йигит менга қараб жилмайишга уринсада, унинг нигоҳлари аянчли, қора кўзлари ёш тўла эди...
“Ассалому алайкум, домла! Узр, минг марта узр! Сизни бу ерга чақирганимдан жуда ҳижолатдаман...”
Хона эгаси шундай дедида, ҳамроҳим Жалолиддин билан ҳам қуюқ кўришди. Биз хонанинг кўрфазга қараган, денгиз манзарали деразаси ёнидаги диванга ўтирдик. Ҳол аҳвол сўрашганимиздан кейин хона эгаси менга юзланди:
“Сиздан бир икки масалада маслаҳат сўрамоқчи эдим...Яна минг марта узр..Ўзим ёнингизга кела олмадим..”
У бу гапни айтар экан, кўзларини тўлдириб турган ёш томчилари юзининг икки томонига оқа бошлади. Менга нотаниш йигит, у ҳали исмини ҳам айтишга улгурмаганди, ўрнидан турдида ён тарафда турли туман неъматлар билан ўзбекона безатилган катта столдан салфетка қоғоз олиб, кўз ёшларини артти. Кейин жойига қайтиб ўтирди ва ўзини ўнглаб олиш учун бошини эгган ҳолда бир муддат сукут қилди...
“Сизга айтадиган гапларим шахсий ҳаётимга оид...”, деди қисқа муддатлик жимликдан кейин. Унинг хонада ёлғиз иккимиз қолишимизни истаётгани аён эди. Мен Жалолиддинга ишорат қилдим ва у ва Ренат билан боя биз кирган залга чиқиб кетишди. Шундан кейин ҳали тўла танишиб улгурмаган ҳамюртим мен бироз “бадиийлаштирган”ушбу ҳикояни менга айтиб берди:
“Сизларга хаёл ҳақида узоқ гапирмоқчи эмасман. Хаёл хаёлда энди...Ақл ва онгнинг маҳсули шу хаёл деганлари. Инсоннинг мияси биринчи қаватда бўлади, онги иккинчи қаватда, ақли эса учинчи қаватда бўладида..Хаёл мана шу уч қаватнинг ўртасида гоҳ баландга, гоҳ пастга тушиб юрадиган кўринмайдиган нарсами, жараёнми...Инсон шу шаклда хаёл суради, шунинг учун ҳам у баъзан хаёлида бургутларданда баландроқ учади, баъзан эса тинмай нималарнидир излаётган чумолилар каби ернинг тагига ҳам кириб кетади...
Хаёл шунақа нарсада энди...Буни ҳам хаёл сурганлар билади...Яъни, ҳамма билади буни, чунки ҳамма хаёл суради, кимдир хаёлида подишоҳ, кимдир гадо бўлади... Боя айтганимдек, хаёл инсонни баъзан юксакликларга олиб чиқади, баъзан эса бунинг зидди бўлади... Хаёл бир фикр, тасаввур, яъни ақлий таҳлил, инсоннинг ўтмишини, бугунини ва ҳатто келажагини, бунисини албатта ўзича, тасаввур қилиши, кўз ўнгига келтириши, шунга ўхшаш нарса хаёл...Ёки бошидан ўтказган бирор воқеанинг инсон шуурида қайта жонланиши хаёл...Дяерли унутган қора кунларини наҳот шу нарса яна бошимга тушса, деб қўрқиши ёки орқада қолиб ктеган бахтиёр кунларига эҳ, қани энди, яна бир марта етишсам, қанийди, дея орзу қилиши ҳам бир хаёл..
Хаёл шунақа нарса ўзи...Мен унчалик хаёлпараст бўлмасам ҳам, анча мунча хаёл сураманда баъзан..Масалан, учоқда сафар қилганимда, унинг торгина муҳитида у ёқ бу ёққа қараб зерикиб ўтиргандан кўра, кўзимни юмиб, бошимни учоқ ўриндиғининг тепа қисмига қўйиб, хаёл суриб ўтиришни яхши кўраман...Хаёлга нима келмайди, дейсиз энди?
Аммо баъзи инсонларда хаёл шунчаки хаёлпарастлик эмас, мажбурий ўйланиш, фикр юритиш ҳолига ҳам келиб қолар экан. Менинг ўз акам, акажоним ҳаётининг сўнгги кунларидан мана шундай хаёлпараст бўлиб қолганди..
...Йўлдаги қизил чироққа яқинлашган машина шунчалик қаттиқ тормоз бердики, балонларидан ўт чиқиб кетай дедиёв ўзиям...Чунки ҳайдовчи анча узоқдан кўрган чорраҳадаги яшил чироқнинг қизил чироққа айланиб қолганини тўсатдан кўриб қолдида...Хаёл суриб келаётгандида профессор Ўктам Назир ўғли машинасининг рулида...У қизил чироқни кўрдию, жон жаҳди билан тормозга босди. “Машинанинг балонларининг чийиллаши олдида хотинимнинг рашк жазавасига тушиб чийиллаши ҳам орқада қолиб кетди” деган гап ўтди унинг хаёлидан. Яқинда олган “Нексия”сининг тормозлари қанчалик яхши ишламасин янада машинасининг ўзи ўтирган тарафидаги қаноти яшил чироқда йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган нимжон йигитни туртиб юборди. Ҳалиги йигит шу арзимас зарбадан йўлнинг ўртасида йиқилиб тушди...
Ўктам домла машинаси тўхтар тўхтамас, қўл тормозининг дастагини охирагача юқорига тортиб, ерда ўтирган йигитнинг ёнига борди..Йигит қаттиқ йиқилмаганди, аммо машина балонларининг чийиллашиданми, тўсатдан келган зарбаданми қўрққан бўлса керак, дир дир титрарди. Бу орада яшил чироқда йўлнинг бошқа томонига ўтиб олган ўрта яшар бир киши орқага қайтиб келиб Ўктам домлага дашном берди:
-Ака, эҳтиёт бўлиш керакда...Одам деган кўзига қарайдида..
-Узр, акажон...
Вақт тиғиз эди. Йўл чироғи қайтадан яшил рангга айланиб, чорраҳадан ўтишни кутиб турган машиналар “додиллай” бошлашди. Боя машинасини ҳайдаб келаётганда миясидан айланаётган хаёллари бир зумда ғойиб бўлган Ўктам домла машина туртиб юборган йигитни бу ҳолда ташлаб кетиб бўлмаслигини тушунди. Вақт тиғиз эди. У йигитнинг қўлтиғидан олдида, машинасининг ўзи ўтирадиган тарафидаги орқа эшикни очиб, уни машинасига миндирди. Йигит қаршилик ҳам қилмади, бирон нарса ҳам демади...
Ўктам домла дарров рулга қайта ўтириб, машинасини олға ҳайдади. Ярим километрча олдинга кетгач, катта йўлдан чиқиб, шаҳар маҳаллаларидан бирига олиб борадиган йўлга кирди. Бу йўл серқатнов эмасди. Домла энди ёв қараш билан пешонасига тегай деб турган ойнадан орқада ўтирган йигитга қаради. Нотаниш йигит боши эгик ҳолда худди хаёл сураётган киши каби сессиз ўтирарди...
 -Исмингиз нима, деб сўради домла ойнадаги йигитдан...
-Бахтиёр, деди йигит жуда паст овозда...
-Ҳеч нарса бўлмадими сизга ишқилиб?  Ўктам домла эҳтиёткорона сўради йигитдан...
-Йўқ, деди йигит яна ингичка, маҳзун овоз билан.
 -Худога шукр эй, ука! Аммо мени жуда қаттиқ қўрқитдингизда. Оғриқ борми бирор жойингизда?
-Йўқ...Бироз... бир пайтлар мактабда бир оғайним орқамга ўхшатиб бир тепганди...шунақа оғриқда..
“Вой, аблаҳ..мен ўламан деяпману..бунинг гапига қаранг”, деди Ўктам домла ўзига ўзи...
Яна бироз олға кетишгандан кейин Ўктам домла машинасини кичикроқ бир паркнинг ёнида тўхтатди. Йигитнинг машинадан тушишига ёрдам бериб, икковлон бир паркнинг йўлга яқин томонидаги скамейкага бориб ўтиришди.
Домла энди ўзига беихтиёр йўлдош бўлган Бахтиёрга яхшилаб разм солди. Йигитнинг юзидаги қишлоқ болаларига хос соддалик, ранги кетиб қолган костюм шими, оёғидаги эски туфлиси унинг шаҳарда келгинди эканлигини кўрсатиб турарди...Ўктам йигитдан қаердан, қачон келганлигини сўрамоқчи эди, аммо соткасидан қўнғироқ овози кела бошлади. Одатдагидек хотини телефон қилаётганди:
 -Ўктам ака, қаердасиз?, деб сўради хотини Замира салом аликсиз. Ёки талаба қизлардан биротасини шаҳар айлантириб юрибсизми?
“Яна шу гап”, деди ичида Ўктам домла.
-Йўқ, касалхонадаман...
-Вой, нега?
-Йўлда бир йигитни машинам билан уриб юбордим, уни касалхонага олиб келим...
-Вой, вой, қайси касалхонадасиз? Ҳеч кимнинг овози келмаяптику? Нега ёлғон гапираяпсиз ҳар доимгидек...
Ўктам домла телефонининг “ўчир” тугмасига босди. Аммо бироз ўтмай телефони яна жиринглади. Домла хотинининг рашк машмашаларини эшитмаслик учун энди телефонини бутунлай ўчириб қўйди. Бирдан хаёлига боя йўлда йигитни машинаси билан туртиб юборишдан олдин ўтган гаплар келди...
...Ўктам Назир ўғли ёши қирқда бўлишига қарамай Миллий Университетнинг энг истеъдодли ва иқтидорли устозларидан бири эди. Филология фанлари доктори, профессор...Мамлакатда энг танилган адабиёт ва тил мутахассисларидан бири эди Ўктам Назир ўғли. Фақат унинг шахсий ҳаётида кейинги йилларда кўп хаёл суришига сабаб бўлган муаммолар ўртага чиққанди. У бундан етти йилча олдин, биринчи хотинидан ажралиб, ўзидан ўн уч ёш кичкина бўлган талабаси Замира исмли бир қизга ўйланганди. Гапнинг рости улар бир бирига ошиқ маъшуқ бўлдиларда, севги муҳаббатнинг ўтида ёниб, ҳар икки  тарафдаги оилаларнинг қаршилигию уруш жанжалларига қарамай бир бирига қовушган эдилар. Замира пойтахтнинг эмас, мамлакатнинг энг гўзал қизи эди. Уларнинг ишқу муҳаббати фақат Миллий университетда эмас, бутун шаҳар халқининг оғзига тушганди ўша пайтлар...
Ўктам домланинг биринчи хотини Маҳбуба муслима аёл эди, тоату ибодатда эди. Оиласида уни шундай тарбиялашганди. Ўктам домланинг онаси бир дугонасининг тавсияси билан  ўғли Ўктамга Маҳбубани олиб берганди. У йиллар Ўктам домланинг аспирантлик йиллари эди. Фикру хаёли кандидатлик, кейин докторлик диссертациясида эди. Биринчи хотинини ҳам аслида ёқтириб олганди у. Аввал Ўктамга қизнинг рўмол ўраб тушган расмини кўрсатишди. Кейин у Маҳбубабилан икковларининг опалари ҳамроҳлигида бир паркда кўришишди. Ўктам қизни ёқмади демади , қолаверса онаси истётганди Маҳбубани келин қилишни...Кўп ўтмай тўй бўлди, кейин биринчи, икки йилдан кейин иккинчи фарзанди туғилди. Ўзи беш йилда кандидат, ўн йилда фан доктори бўлди...Кейин доцент, кейин профессор..Кейин кафедра мудири...Ҳамма учун яхши домла, ҳамма учун яхши инсон...Токи Ўктамнинг Замира билан ишқу муҳаббат мажораси бошлангунга қадар..                
...Маҳбуба эрининг ажралиш ҳақидаги гапини эшитгандан кейин  икки уч кунни уйдан чиқмай, кўз ёшлари ичида ўтказди. Кейин индамай икки ўғлини олиб, ота онасиникига кетиб қолди. Ўктам бир томондан Замира билан муҳаббат айшу ишратини сурар экан, иккинчи томондан хотинидан ажралиш учун судга ариза берди. Суд куни хотини икки ўғли билан ёнига келди ва Ўктамга шундай деди:
“Истасангиз, иккинчи хотингиз бўлиб қолай...”.
Биринчи хотинининг иккинчи хотинликка ризолик кўрсатиши ҳам ўшанда Ўктамга малол келганди...
Ўктам ўшанда ёлғон гапирганди биринчи хотинига. “Йўқ, деди у, мен уйланмоқчи бўлаётган қиз бунга рози бўлмаслигини айтган”. Ҳолбуки, Ўктам бу гапни Замирага очмаганди ҳам. Айта олмас ҳам эди. Замиранинг бу икки хотинлилик масаласидан умуман хабари ҳам йўқ эди... Айтса ҳам барибир, янги маъшуқаси бунга рози бўлмасди. Аммо Ўктам “Мен уйланмоқчи бўлаётган қиз бунга рози бўлмаслигини айтган”, дея ёлғон гапирганди ўшанда. Гапнинг рости бу гап Замиранинг оғзидан эмас, Ўткамнинг ўзининг ҳавойи нафсидан чиққанди...
Бу гапни эшитган Ўктамнинг биринчи хотини ҳар доимгидек, бошини эгиб, индамай қўя қолганди. Фақат Ўктамнинг хотирасида ўша онда Маҳбубанинг кўзларидан оқаётган ёш ва икки норасида  фарзандининг “йиғламанг ойижон”, дея ёлворишлари қолганди...
Аслида Ўктамнинг биринчи хотинидан ажралиши ҳам, кейин ҳаётининг муҳаббати Замирага уйланиши  ҳам унчалик осон бўлмади. Аввало оиласидагилар унинг Маҳбубадан ажралишига қарши чиқишди. Йўлдош акаси ва укаси Ҳусан Ўктамнинг оиласидан ажралмаслиги учун роса жон куйдиришди. Ҳусаннинг Ҳасани онаси уларни туғаётганида ўлганди. Онажонлари Ҳусан Ҳасансиз бўлмайди, деб укаси Ҳусанга Ўктамни мана шу аканг сенинг Ҳасанинг бўлади, деб ўргатганди.  Шунинг учун ҳам Ҳусаннинг Ўктам акасига алоҳида меҳр муҳаббати бор эди. Акаси ва укаси  Ўктамга Маҳбубадан ажралмаслиги учун нисиҳат қилавериб чарчашди, кейин дошном беришди, хуллас айтмаган гаплари қолмади. Аммо қўлларидан бирор иш келмади..Фақат жисми ва кўнгли онажонининг худди ўзи бўлган Фотима опаси бу масалада Ўктамга бирон нарса, демади. Бунинг ўрнига у деярли ҳар куни ёлғиз қолган Ўктамнинг уйига келар, унинг овқатига, уст бошига қарар ва тинимсиз йиғларди, холос...Онаси эса ўзи барпо қилган оиланинг бундай фожеага рўпара бўлишини сезгандек, Ўктам хотинидан ажралишидан бир йил олдин вафот этганди...
Замиранинг ота онаси ҳам бу ишга дарров рози бўлишмади. Улар анча тихирлик қилишди, бўлажак куёвнинг обрўли домлалигига ҳам қараб ўтиришмади. Замиранинг отаси шаҳарнинг энг бой одамларидан бири эди. У албатта қизининг ўзига ўхшаган бой бадавлат оилага келин бўлишини истарди. Тенг тенги билан дегандек... Хуллас, Ўктам биринчи хотинида ажралгандан кейин ҳам Замиранинг ота онаси унинг совчиларини орқага қайтариб юборишди. Аввал Ўктам Замирадан отасига кимнинг гапи ўтишини ўрганиб, ўша кишиларни орага солди. Аммо бўлажак янги қайнотаси Аброр ака уларнинг гапига ҳам кўнмади. Кейин орага укаси Ҳусан кирди. У акасини қароридан қайтариб бўлмаслигини тушунган, боз устига акаси Ўктам янгаси Маҳбуба билан судда ажралишга ҳам улгурганди...
Йўлдош акаси Ўктам домлани бу ишқу муҳуббат машмасаси масаласида қароридан қайтариб бўлмаслигини тушунгач, у билан гаплашмай қўйганди. Аммо укаси Ҳусан ва опаси Фотима ҳар куни Ўктамнинг аҳволидан хабардор эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳусан бир кун акасининг ёнига келиб шундай деганди:
“Ака, Маҳбуба янгам ва жиянларимдан айрилиб жуда катта хато қилаяпсиз...”. Ўктам унинг бу гапига қулоқ соладиган эмасди. Замиранинг муҳаббати унинг кўзини кўр қилган ва тек истаги тезроқ шу маъшуқасига етишиш эди...
Ҳусан акаси Ўктамнинг бу ҳолини яхши тушунгани учун чорасиз ўзи совчиликка борадиган бўлди. Нима бўлганда ҳам Ўктам унинг акаси эди, туғишгани эди, огасининг таъбири билан айтганда Ҳасани эди, яхши ёмон кунда акасининг ёнида бўлиш унга вожиб эди. Ҳусан шаҳарнинг янги бойларидан эди. У бир томони Дубай, бошқа томони Станбулда катта тижорат ишларини йўлга қўйганди. У бу тижоратини отаси ўрнида кўрадиган Йўлдош акаси билан бирга юритарди. Фақат катта акаси кейинги пайтларда вақтининг кўпроқ қисмини уйда ўтказар, бозорнинг бутун ишларини Ҳусанга топшириб қўйганди. Ҳусан ёши ҳали ўттизга кирмасдан туриб, Тошкентнинг энг танилган бой йигитларидан бўлишга улгурганди...
“Ака, Маҳбуба янгам ва жиянларимдан ажрашиб жуда катта хато қилаяпсиз...”. Ўктам укасининг бу гапига жавоб бермаганди ўшанда. Чунки улар бу масалани такрор такрор муҳокама қилишган, аммо Ўктамни орқага қайтара олишмаганди...
“Рухсат беринг, ўзим совчиликка борай унда...”
Ўктам Ҳусаннинг акаси эди, жони жигари эди. Унинг дарди Ҳусаннинг дарди эди. У хатокор акасини ёлғиз ташлаб қўя олмасди. Аслида Замираларнинг уйига совчи бўлиб бориш фикрини отаси ўрнида кўрадиган Йўлдош акаси билан ҳам маслаҳатлашган, аммо унинг бу гапдан жаҳли чиқиб, Ҳусанни койиб берганди...
Аммо Замиранинг отаси Аброр ака Ўктамнинг сўнгги умиди бўлган укаси Ҳусаннинг совчилигини ҳам рад қилганди. Ҳусан айтмаса ҳам Ўктам укасининг бўлажак янги қайнотаси Йўлдош акага қизини акасига бериш учун катта миқдорда пул таклиф қилганини ҳам сезганди ўшанда. Аммо бу ўжар одам на сўзга, на да пулга кўнди.
Бу орада Ўктам Замира билан ҳар куни учрашишар, қизнинг отаси ана рози бўлади, мана рози бўлади, дея висол онларининг қолган кунларни эмас, соатларни, дақиқаларни бирга санашарди...
 Укаси Ҳусан ҳам совчиликдан қўли бўш қайтгач, Ўктам ўзининг энг кучли қуроли бўлган ақлини ишлатди ва янги маъшуқасига бор онангга бориб ”менинг ишим битган, орқага қайтишимнинг иложи йўқ”, деган гапни ўргатди. Муҳаббат уларнинг кўзларини кўр қилган бўлса ҳам, бу даражага бормаган эди улар аслида...Аммо бу чорасизликдан қутулишда ягона чора бўлиб кўринганди Ўткамга...Шундан кейин Замиранинг ота онаси уларнинг тўйига чор ночор рози бўлган эдилар...
Ўктам билан Замира тўрт беш йил бахтли ҳаёт кечирдилар. Кейин Замиранинг рашк васвасаси ўртага чиқди. У деярли ҳар кун эрини талаба қизларга ишқий қарашда, баъзан эса бу қизлардан бирортаси билан севги муҳаббатда айблай бошлади. Ўктам бу гапларга авваллари кулиб қўярди. Замира аслида ноҳақ ҳам эмасди. Унинг ўзига ҳам Ўктам бир пайтлар оловли нигоҳ билан қараган, шу шаклда улар бир бирларига ошиқ маъшуқ бўлишганди.  Аммо ҳар куни ейилган бир хил таом кўнгилни айнитгани каби, Замиранинг рашк тўполонлари бора бора Ўктамнинг суягини қақшата бошлади. Бир томонда университетдаги ишлари, бошқа томонда биринчи хотини ва икки фарзандининг ташвишлари  ва ниҳоят Замиранинг ҳар куни рашк жанжаллари натижасида эндигина қирқ ёшга тўлган профессорнинг сочларидан анчаси оқариб улгурганди...
Ўктам домла аввал Замирага панд насиҳат қилиб кўрди. Гаплари таъсир қилмагандан кейин илмий истеъдодини ишга солиб, рашк масаласини ўрганди. Бу “тадқиқотининг” натижаси рашк васвасининг Замирада бир ирсий касалликнинг ишорати эканлигини кўрсатди. Замиранинг амакиси, яъни отасининг акаси, “шизофрения” касаллига йўлиққан ва узоқ даволанишига қарамай, ақлу ҳуши жойига келмай, охири ўзини тўққизинчи қаватдан отиб, жонига қасд қилганди. Бундай касалларнинг баъзи ишоратлари, масалан ўжарлик, рашк каби сипмтомларнинг уларнинг яқинларида ҳам кўринишини Ўктам домла Тиббиёт Академиясида психиатрия мутахасси бўлиб ишлайдиган бир дўстидан ўрганганди. Ўктам ҳақиқатни ўргандан кейин уни хотинига айтиб, “Кел бирга докторларга кўринайлик, балки улар дардимизга даво топишар”, деди. Олган жавоби эса “сизнинг ишқий касаллигингизга мен жавобгарман эмасман” бўлди...
Ўктам иккинчи хотини билан укаси Ҳусан унга бўшатиб берган дабдабали уйда туришарди. Ҳусан яна акасига туғишганлик қилган, бой қайнотасининг Ўктамга паст назар билан қарамаслиги учун унга ўзининг янги қурган қаср каби уйини бўшатиб берганди. Мана шу қасрда сўнгги пайтларда Ўктам ва хотини Замира орасида ўртага чиққан рашк жанжалларининг овозаси тез орада Замиранинг ота онасининг қулоғига ҳам етиб борди. Зотан, улар Ўктамни унча яхши ҳам кўришмасди. Тўйдан олдин қизининг ишини битирган куёвни қайси қайнота ва қайнона яхши кўрарди, дейсиз...Шундай бўлса ҳам Ўктам куёв, Замиранинг ота онаси эса унга қайнота ва қайнона эдилар...
Ўктам ва Замиранинг оилавий муаммоси бу билан ҳам битмаганди. Бир куни Замира Ўктамнинг ишхонасига келиб, тўполон қилди ва эр хотиннинг орасидаги бу ўринсиз жанжал шу шаклда, бир пайтлар уларнинг ишқ муҳаббати каби, бутун шаҳарга овоза бўлиб кетди. Шу воқеадан кейин Ўктам ҳамманинг кўз ўнгида субутсиз, бутун иши талаба қизлар билан айшу ишрат қиладиган номард инсонга айланиб қолди. Атрофида унга ҳамма шубҳа билан қарар, ишхонадагилар расмий муомаладан нарига ўтишмас, ошна оғайнилари эса бирин кетин уни тарк эта бошлашганди. У ҳақда тарқалган бу сассиқ миш мишлар яқинларининг қулоғига ҳам етиб келганди. Йўлдош акаси бу ғийбатларни эшитгандан кейин Ўктам билан алоқани тамоман узди. Ҳатто бола чақасини ҳам ўз туққан укасининг уйига юбормайдиган бўлди. Бу гаплар Фотима опасининг дардини минг марта ортирди, унинг кўз ёши тинмайдиган бўлди, у оиласини ташлаб бутунлай Ўктамнинг уйига кўчиб ўтди. Шаҳарда ўзи ҳақида тарқалган ёлғон шов шувлар аслида Ўктам учун ҳам бир тарозу, бир мезон бўлди. Бу нохуш гаплардан қон йиғлаган опаси албатта уларга ишонмасди. Онажони Ўктамни қорнида ташиган бўлса, у уни қўлларида кўтариб катта қилганди. Унинг Ўктамжони, ширин шакар укаси бундай номард йигит эмаслигини у албатта биларди. Ўктам бу шумхабар тарқалган кунлар доимо ҳолидан ахабардор бўлган укаси Ҳусанга ҳам разм солиб қаради. Ҳусан Ўктам акасига муносабати ўзгармаган бўлса ҳам акаси унга бир икки тикилиб қараганида нигоҳини Ҳасани ўрнида кўрадиган акасининг нигоҳидан олиб қочди. Демак, у ҳам бемаъни гапларга ишонмаган бўлсада, барибир кўнглида Ўктам акаси ҳақида шубҳа пайдо бўлгандай эди. Ўктам Ҳусаннинг ўзи билан кўз кўзга келишдан қочишини шундай шарҳлаганди ярадор кўнглида...
Ишнинг қизиқ томони мамлакатда бозорми, мозорми иқтисоди бошланган кейин одамлар орасида инсонгарчилик аста секин кўтарилиб, пулга сотилмайдиган, пулга топилмайдиган нарсанинг ўзи йўқ бўлиб қолганди. Жамият вақт ўтган сайин фисқу фасод, ёлғону бўҳтон, пораю тала тала, жинояту айшу ишрат ботқоғига ботиб борарди. Инсонлар очиқ ўғрилик, порахўрлик, зулм, бузуқлик қиладиганлар ҳақида, худди булар табиий ишлар каби, бирон нарса дейишмасди. Бунинг ўрнига  “ҳозир замон шундай, тепадаги баччағарнинг, кўчадаги барча ғарнинг замони бу замон”, дейишарди инсонлар эшитган ва кўрган номаъқул ишлари ҳақида. Аммо Ўктамнинг бундай маънавий жиноят қилганига кимса гувоҳлик бера олмаса ҳам, унинг Замирага бўлган ишқу муҳаббати шаҳарда тилларда достон бўлгани учун у ҳақда тарқаган миш мишлар худди олов тушган ўрмонга бензин сепилгандек “гуриллаб” ҳар тарафга тарқаб кетди. “Вой аблаҳ”, дейишди Замиранинг университетга келиб, эрини талаба қизлар билан айшу ишратда айблаб, тўполон кўтариб кетганини эшитган одамлар. “Вой аблаҳ, аввал ҳам биринчи хотинингни ҳайдаб, бир нозанин қизга ўйлангандинг. Энди эса ...вой бузуқ одам. Домла деган ҳам, профессор, деган ҳам шундай бўладими?”.
Эски ҳақиқат: эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Ёмонга биров ёмон демайди, аммо яхши ҳақида бирон гап тарқалса, ҳамма унга ташланади, худди шаҳардаги бутун ярамасликни шу одам қилгандек.  Шу шаклда яккамохов бўлиб қолган Ўктамнинг бу ҳоли борган сари унинг ўзига ҳам таъсир қила бошлаган, у ўзи тушиб қолган бу ноқулай аҳволдан қандай қутилишини ўйлайвериб, ўйининг тагига етмолмасди...
У узоқ ўйланишлардан кейин, чорасиз ҳолда қайнотасига бор гапни айтишга қарор қилди. У қайнота ва қайнонаси олди тавба тазурру қилмоқчи, тўйларидан олдин Замира билан билан ораларида номаъқул иш бўлмаганини тушунтирмоқчи, айтган ёлғон гапи учун узр сўраб, хотининг рашк касалининг сабабини уларга очиқламоқчи эди. Шунинг учун ҳам бугун иш жойидан қайнотаси Аброр акага телефон қилиб, “бугун сизларникига кириб ўтаман”, дея уларни огоҳлантириб қўйди. Бу масалада қарори қатъий бўлган Ўктам домла мана шундай хаёллар билан ишдан чиқиб, машинанинг рулига ўтирди. Катта кўчага чиқиши билан тўсатдан мана бу болани машинаси билан туртиб юборса бўладими...Лекин бу воқеа Ўктамга  тўсатдан эмас, қандайдир қонунийликнинг натижасига ўхшаб туюлди...
-Ака, сиз уйингизга кетаверинг...
Бахтиёрнининг овози синиқ ва маҳзун чиқса ҳам Ўктам бу овоздан сесканиб кетди. Чунки у хаёлидан ўтаётган гаплардан “уйғониб” кетган, диққатини ёнида мулзам бўлиб ўтирган қишлоқлик йигитга қаратишга мажбур бўлганди...
-Сиз қаерликсиз ўзи ука?, деб сўради тасодифий танишидан.
 -Сирдарёдан, Гулистондан....
-Қачон келдингиз Тошкентга?
-Кеча кечқурун...
-Нега келдингиз бу ерга? Танишингиз борми Тошкентда?
-Йўқ, танишим йўқ, бу ерда, деди Бахтиёр бошини ердан кўтармай...
-Нега келдингиз Тошкентга, дея такрорлади домла Назиров аввалги саволининг биринчи қисмини...
-Онам юборди, деди Бахтиёр яна маҳзун товуш билан...Унинг ҳолидан ниманидир айта олмаётгани билиниб турарди. Домла Назиров деярли йигирма йилдир талабалар билан гаплашавериб, уларнинг руҳий ҳолатини анча яхши ўрганиб олганди...
-Нега юборди онангиз сизни бу ёққа?
-Ўгай отам мени ҳар куни урмасин, деб юборди онам. Бахтиёр шундай дедию, кўзидан тирқираб ёш оқа бошлади...
...Менинг ўзимнинг отам тракторчи эди. Мен беш ёшимга тўлганимда отам аварияда ўлди. Кейин онам қишлоқда хотини ўлган бир одамга эрга тегди. У пайт мен биринчи синфга борар эдим. Ўгай отам бизнинг уйимизга кўчиб келганди. У хўжалигимизнинг катта бухгалтери бўлиб ишлайди. Ҳар куни ишдан маст бўлиб қайтади. Ўзимни таниганимдан бери ўгай отам ҳар куни онам билан мени кечқурунлари уради. Бизни калтаклаш учун сабаб ҳам излаб ўтирмайди. Баъзан юзимга шапалоқ тортиб юборади, баъзан эса ҳеч аямай тепади...Мендан катта опам ҳам бор. Ўгай отам авваллари уни ҳам урарди. Аммо опам яқинда эрга тегиб қутулди. Менинг яна икки укам бор, ўгай укаларим. Аммо ўгай отам уларни урмайди, доимо қучоғида олиб ўтиради...Мени ва онамни ўз ўзидан ураверади...Мен мактабда жуда яхши ўқир эдим. Бу йил битиришим керак эди мактабни..Аммо онам чидай олмади, бор шаҳарга кет, у ерда ўқишга кирарсан ёки бирор иш топарсан, деб мени Тошкентда ўқийдиган қўшнимизнинг ўғлига қўшиб, бу ерга юборди. Кеча қўшнининг ўғли билан Самарқанд автовокзалига келиб тушдик. У менга сенга яшагани жой топиб келаман, деб онам менга берган беш юз минг пулимни олиб, қаергадир кетди....Шу билан қайтиб келмади, мен кечаси билан автовокзалда ўтириб чиқдим. Эрталаб у ерда атрофларни айланган бўлдим. Аммо қўшнининг ўғлини топа олмадим. Тушдан кейин зерикиб, шаҳарни айланмоқчи бўлдим. Кейин сиз билан...танишиб қолдик...
Бахтиёр ҳикоясини тугатдида, ўзича кулган бўлди. Аммо унинг маҳзун юзига кулиш у ёқда турсин, жилмайиш ҳам ярашмасди...
Ўктам домланинг ўз дарди бошидан ошиб ётгани учун Бахтиёрнинг ҳикоясини аранг тинглади. Қайнотаси ва қайнонаси уни уйларида кутиб ўтиришарди. Ишдан чиқишдан олдин уларга келаман, деб сўз бериб қўйганди. Бу ёқда хотини рашк васвасидан уйда нима қилаётгани номаълум эди...
У яна хаёл суришдан ўзига келиб, бошини ердан кўтармай ўтирган Бахтиёрга қаради. Кейин ҳеч нарса демасдан, йигитнинг қўлидан тутиб, уни ўрнидан турғазди. Кўринишда Бахтиёр бояги авариядан ҳеч жароҳат олмаганди. Шундай бўлса ҳам домла Назиров йигитнинг бошини, елкаларини, қўлларини, кўкрагини, қоринини ушлаб кўрди. У ўз вақтида илк тиббий ёрдам курсига борган, авария ёки бошқа фавқулодда ҳолларда яралаганларга қандай тиббий ёрдам бериш кераклиги ҳақида анча мунча маълумоти бор эди. У Бахтиёрни қайта скамейкага ўтирғиздида, унинг сонларини ва болдирларини пайпаслаб кўрди. Домланинг соғлигидан хавторланётганини кўрган Бахтиёр унга илжайиб қараб турарди...
-Ака, менга ҳеч нарса бўлгани йўқ...Фақат думбамни ерга қаттиқ урдим, холос, деди у яна илжайганча...
Бу гап домла Назировга бироз далда бергандай бўлди...
-Хўш, энди нима қилмоқчисиз ука? Сизни қаёққа олиб бориб қўяй?
-Ҳеч қаёққа, деди Бахтиёр яна маҳзун овоз билан. Менга Самарқанд автовокзалининг  йўлини кўрсатиб қўйинг, ўзим кетавераман...
Ўктам домла Бахтиёрнинг бу гапларига унчалик ҳам тушунмади. У қаёққа кетмоқчи, автовокзалгами, ёки у ердан қишлоғига жўнаб кетмоқчими...Домланинг вақти тиғиз, ақлу фикрини бу масалага айирадиган ҳолда эмасди.У костюмининг ички чўнтагидаги бир миллион сўмнининг учдан бирини ажратдида, уларни Бахтиёрга узатди.
-Ука, сиз мана бу пулни олинг, мендан хафа бўлманг. Мен кетмасам бўлмайди ҳозир..Бундан кейин йўлларда эҳтиёт бўлиб юрингга...
Домла аслида бу насиҳатни ўзига айтиши керак эди. Чунки унинг ўзи машинаси билан қизил чироқда ўтиб кетишига оз қолганди...Аммо бўлар иш бўлди, йигитча ҳам бу авариядан зарар кўрмаганди.  Домла бу ишни тезроқ битириб, бу ердан кетишнинг чорасини изларди...
-Э, ака нима қилаяпсиз? Менга бу пулларингиз керак эмас...
-Ука, хафа бўлманг, мендан. Сизга ажратадиган вақтим йўқ менинг. Мен пулларни кўнглим рози бўлиб беряпман. Бемалол олаверинг энди...
.-Э, йўғе ака..Менга пулингиз керак эмас. Менга йўлни кўрсатиб қўйинг, шунинг ўзи етади...
Асаби шундайига ҳам чарчаган Ўктам домла Бахтиёрга ёв қараш билан деди:
-Мен эҳтиётсизлик қилиб, машинам билан сизни туртиб юбордим. Хайриятки, сизга ҳеч нарса бўлмади. Аммо янада ерга қаттиқ йиқилиб тушдингиз. Бу пулни шунинг учун сизга беряпман..Олинг энди шуни..
-Йўқ, ололмайман ака?
-Нега?
-Э, қўйинг ака! Айтолмайман нега ололмаслигимни...Менга йўлни кўрсатинг, шу етади менга...
Ўктам домланинг энди чинакамига жаҳли чиқди. “Бу болакай пулни нега олмаяпти?”, деган савол миясида гир гир айлана бошлади...
-Хўп, ука олмасангиз олманг унда...Фақат сабабини айтинг, кейин мен кетишим керак...
Бахтиёр скамейкадан бироз узоқлашдида, домланинг кўзига тик қараб шундай деди:
-Онам менга ёлғон гапирадиган одамлардан узоқ тур, улардан ҳеч нарса олма, дея тайинлаганлар...
Бу гапдан Ўктам домланинг миясига қон қуйилгандай бўлди...
-Э,ука нима депсан ўзи...Мен сенга қачон ёлғон гапирдим, деди у сенсирашга ўтиб.
Бахтиёр домланинг сенсирашига хафа бўлмади. Фақат бир оз аввалгидай илжайиб:
-Ака, биз ҳозир сиз билан касалхонада эмасмизку, деди...
Ўктам домла Бахтиёрнинг бу гапларисиз ҳам хатосини тушунганди. У боя хотинига телефонда мен ҳозир касалхонадаман, деб айтгандида...
-Мен у гапни сизга айтганим йўқку ука, деди энди домла синиқ овоз билан...
Аммо бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди. Айтилган сўз отилган ўқ...Ёлғон айтилган сўз эса, номардчасига отилган ўқ эди...
-Ака, сизга бир илтимосим бор, деди Бахтиёр бу гапни хомуш бўлиб қолган Ўктам домлани ноқулай аҳволдан қутқариш учун айтаётгандек...
-Айтинг, ука...
-Телефонингиз билан опамга телефон қила оласизми? Мен бир оғиз айтадиган гапим бор эди...
Ўктам домлага ҳозирги аҳволда бунданда осон иш йўқ эди. У нима қилиб бўлса ҳам йигитчани рози қилиб, ўз йўлига равона бўлиш чорасини изларди...
-Айтинг, опангизнинг номерини...
Домла боя ўчириб қўйган телефонини қайта очиб, Бахтиёр айтган номерни терди. Ва индамай телефонни йигитчага берди...
Бахтиёр скамейкадан бир метрча узоқлашдида, опаси билан гаплаша бошлади. У овозини қанчалик пасайтиришга уринмасин, Ўктам домлага унинг узун юлуқ гаплари эшитилиб турарди...
“Ассалом..опа..Опажон яхшиман...Мен яхши етиб келдим...ўзингиз қандайсиз? Онам, укаларим ҳам яхшими?... Худога шукр, улар яхши экан...Нима дейсиз? Ҳа, қаерда ётдимми? Опа, қаерда ётганимни, нима еганимни яна телефон қилиб айтаман...Ҳозир бировнинг телефонидан қиляпман....майли...майли..сиз ҳам салом айтинг..онамга ва укаларимга...”
Ўктамга Бахтиёрнинг аҳволи тушунарли бўлганди. Йигитча нотаниш шаҳарда бир ўзи, кўчада, кимсасиз қолганди...Кўринишдан бу қайсар йигитча кечадан бери овқат ҳам емаганди...
-Ука, илтимос қайсарлик қилманг энди...Мана шу пулларни олингда қорнингизни яхшилаб тўйдиринг. Мен ҳозирроқ уйга кетмасам бўлмайди, деди Бахтиёр унга узатаётган телефонни олар экан Ўктам...
Унинг қўли Бахтиёр узатган телефонга тегар тегмас, чўнтак телефони яна жиринглади. Табийки, телефон қилаётган яна хотини Замира эди:
-Алло, Ўктам ака тирикмисиз, қаердасиз ўзи? Нега телефонингиз бир соатдан бери ёпиқ?
Домла хотинининг бу шошилинч саволларига жавоб беришдан олдин, Бахтиёрга бир қараб олди ва бу марта хотинига гапнинг тўғрисини айтди:
-Ҳозир паркда ўтирибмиз...боя мен машинадан уриб юборган йигит билан...Худога шукр, унга ҳеч нарса қилгани йўқ...
-Ўктам ака, сиз кимни ўйнатаяпсиз ўзи? Қайси талаба қиз билан паркда ўтирибсиз? Нима қиласиз ёлғон гапириб...
Хотини шундай дедида, энди ўзи телефонни ўчириб қўйди. Аммо бу гал ҳақиқатни гапирган Ўктам домланинг кўнгли анча хотиржам топгандай бўлди...
-Ука, жон ука, мана шу пулни олинг энди...Тўғри тушунинг, мен ҳозирроқ бир жойга кетишим керак...
-Э, ака менга пулингиз керак эмас...Онам менга ёлғон гапирган кишидан бирон нарса олсанг, бошингга катта бало келади, деган...
-Юринг бўлмаса, ошхонада овқатланайлик...Кейин менга рухсат...
-Ака, менинг ёнимда пулим йўқ...сизнинг пулингизга эса овқатлана олмайман..ўзингиз тушунасизку, энди ака...
Ўктам домла Бахтиёрнинг бу гапларидан дод деб юборишига оз қолди. Нимага шамаъ қилаяпти ўзи бу йигит?. Сиз ёлғончисиз, сизнинг на пулингизни оламан, на да сизнинг пулингизга овқат ейман...Шундай демоқчими, бу тирранча...?
Домла Ўктам Назир ўғли оғир зарба олган ярадор одам каби скамейкага чўкиб қолди. Миллий Университетнинг энг иқтидорли ва истеъдолди олимларидан бири ҳали мактабни ҳам тугатмаган бир “тирранча”нинг ҳузурида мот ҳолида тиз чўкиб қолганди...”Нима қилишим керак? Нима қилишим керак?”. Ўктам домланинг миясидан шу савол тинмай айлана бошлади...
-Ука, менга қаранг...Менинг яхши бир талабам бор. Жуда истеъдодли ва яхши йигит. У ўзи мардикорлик қилиб, ҳалол ишлаб топган пулига ўқийди. Жуда ростгўй йигит. Ҳозир уни чақираман. У сизга ёрдам беради. Шаҳарда сизга ётадиган жой, истасангиз иш ҳам топиб беради. Фақат шу гапга йўқ деманг. Менинг жуда зарур ишларим бор ҳозир...
-Яхши ака, деб жавоб берди Бахтиёр домланинг бу гапларига. Шундан кейин иккаласи скамейкада бироз сессиз ўтиришди. Сўнги кунларда бошидан ўтган ишлардан ниҳоятда ҳолдан тойган Ўктам соткасини қўлига олиб, талабаси Эркинга телефон қилди:
-Алоо, Эркин..Ассалому алайкум...Яхшимисиз...қаердасиз ҳозир...Квартирадами? Қаерда эди квартирангиз.?.Ҳа, тушундим, Чорсуга яқин жойда экан...Эркин, менга шошилинч ёрдамингиз керак...Мен бугун бир йигит  билан танишиб қолдим.. Сирдарёдан келган бу йигит...Ҳозир у билан машинада Чорсу бекатига борамиз...Илтимос сиз билан у ерда учрашайлик...Ҳамма гапни у ерда тушунтираман сизга...
Гапларини шу шаклда тугатгач, Ўктам Бахтиёрга кетдик дегандай  ишорат қилди. Икковлон машинада суҳбатлашмасдан Чорсуга етиб келишди. Бекатда уларни домланинг шогирди Эркин кутиб турарди...
Ўктам домла машинасини аввал талабасининг ёнида тўхтатиб, Бахтиёр ўтирган томоннинг ойнасини тушириб у билан саломлашди, кейин машинани бекатдан ўн метрча узоқроққа тўхтатдида, Бахтиёрга “мен ҳозир” деганча, Эркиннинг ёнига келди. Ў талабасининг саломига алик олиб, уни қўлтиқлаганча бекатнинг орқасига олиб ўтди:
-Эркинжон, ёнимда ўтирган йигитни бир соатча олдин машинам билан озгини туртиб юбордим. Худога шукр, унга ҳеч нарса бўлгани йўқ...Аммо у кеча Сирдарёдан келган экан. Бирга келган қўшни йигит унинг ҳамма пулини олиб, жуфтакни ростлаб юборибди. Исми Бахтиёр...кеча Самарқанд автовокзалида юриб чиққан...Қорни ҳам жуда оч шекилли, овози титраб чиқади..Жон ука, шу йигит бугун ёнингизда қолсин...Унга ёрдам беринг, сиздан илтимос...Аввало қорнини туйдиринг, кейин имкон бўлса бирон иш топиб беринг унга...Ҳа я, унга асло ёлғон гапирманг, ҳазиллашиб ҳам..онаси ёлғон гапирган одамдан узоқ тур деган экан...Сиз ўзингиз ростгўй йигитсизку...Мана бу пулни олинг...Ўзингиз ва у йигит учун ишлатинг..Фақат пулни мендан олганингизни унга айтманг...Мендан бошқа гап сўраманг... Бу менинг сизга васиятим...ээ нима деяпман ўзи...илтимосим бу менинг сизга...
Эркин домласини тинчитиш учунми унга ҳазил гап айтгандай бўлди:
-Ким у йигит ўзи домла? Кўринишидан гадой, тиланчига ўхшайдими?
-Йўқ, унақа деманг, Эркинжон. “Бахтиёр яхши йигит...”
Ўктам домла шогирдининг бу йигит гадойга ўхшайдими, деган гапидан ранжисада, уни эшитмаганга олди. Зотан, унинг ўзи ҳозир моддий бўлмаса ҳам, маънавий гадой ҳолида эди. Аҳволи абгор, кимдан қандай ёрдам сўрашни билмасди бу гадой домла...Эркин эса домласининг  пойдар пой гапларига унча тушунмаса ҳам, устозини қаттиқ ҳурмат қилгани учун унинг гапларига бошқа эътироз қилмади. Фақат домласининг гапида катта бир муаммо бор эди...Унинг ёнида пули қолмаган, ўзи ва анови йигитнинг эҳтиёжи учун домласи берган пулни ишлатишга мажбурди...Домласи эса пулни сизга мен берганимни айтманг, деб қаттиқ илтимос қилмоқда эди..
Ўктам домла шогирдининг кўзига тикилиб қарадида, унинг кўнгидан ўтган гапни дарров пайқади...”Вой, деди у ичида ўзига ўзи...Мен нима қилаяпман а?..Энди Эркинни ҳам ёлғон гапиришга ундаяпманку...”
Лекин вақт тиғиз эди, домла машинасини нотўғри жойга тўхтатганди. ДАИ ходимлари тўсатдан келиб қолса, ким билади яна қандай ёлғон гапни тўқишига тўғри келарди...У ниҳоятда жиддий ҳолда талабасига шундай деди:
-Эркинжон, мен сизнинг ақли ҳушингизга ва истеъдодингизга  ишонаман...
Бу билан у бу пулни ишлата олмасангиз, бировдан қарз олинг, демоқчи бўлдими? Ёки бошқа нарсани назарда тутдими?. Шогирди ҳам унинг бу сўзларининг маъносини яхши тушунмади, аммо домласининг нигоҳи унинг нақадар аянчли аҳволда эканлигини кўрсатиб турарди...Улар шу ҳолда шахдам қадамлар билан домланинг машинаси турган жойга келишди.
-Бахтиёр укажон...мана бу киши Эркинжон акангиз бўладилар...у киши сизга истаган ёрдамингизни беради..Мен энди кетишим  керак...Мендан хафа бўлманга...
Ўктам домла машинадан тушган Бахтиёрнинг жавобини ҳам кутиб ўтирмасдан, зудлик билан шофёрнинг ерига ўтирдида, ўнг оёғини газ педалига босди....
2
...Машинаси уйига яқинлашганда Ўктам домла яна бир хато қилганини тушунди. Ахир, у қайнотасига оқшом сизларникига келаман, деб айтиб қўйгандида...У шунака абгор ҳолда эдики, ҳозир ақлига бирор жўяли фикр келмасди. Аммо қайнотасига ҳеч нарса демасдан, тўғри уйига кетиши ҳам номаъқул иш бўлиб кўринди унга. Машинасини йўлнинг чеккасига тўхтатдида, соткаси билан қайнотасига телефон қилди. Салом аликдан кейин Ўктам домла қайнотасига узрини айтмоқчи бўлди... 
-Ҳамма гапдан хабарим бор, деди қайнотаси унинг гапини бўлиб. Замирадан эшитдим: Аввал касалхонага борибсиз, кейин паркда айланибсиз...Инсонда инсоф бўлмагандан кейин билганини қиладида...
Қайнотаси яна нималар деганини Ўктам домла эшитиб ўтирмади...Ҳаммаси маълум бўлганди, у зотан хотини ва хотинининг оиласи назарида ёлғончи, инсофсиз, хуллас, бетайин бир кимсага айланиб қолганди...
Ўктам охирги кучини йиғиб, машинасини уйи томонга ҳайдади. У бутунлайига ҳолдан тойганди, аммо калит билан квартирасининг эшигини очар экан, кўнглига қандайдир хотиржамлик келди...Мияси тиниқлашгандай бўлди, бояги абгор ҳолидан анча узоқлашгандай ҳис қилди ўзини...  
Хотини Замира Ўктам домланинг саломига алик олмасдан, уни ҳар кунги маломатлари билан кутиб олди:
-Қаерларда юрибсиз, деди у ўзининг ниҳоятда гўзал юзи ва хушбичим қоматига ярашмаган қўполлик билан. Соат тўрт яримдан ишдан чиққансиз, ҳозир эса соат тўққиз бўлди. Қаерларда, кимлар билан айшу ишрат қилдингиз?
-Бир йигитни машинада озгина туртиб юбордим, шу иш анча вақтимни олди, деди Ўктам сокинлик билан. У хотинига улар ошиқ ва маъшуқ бўлган даврдаги ўша ҳароратли назар билан қаради, Замирани туйларидан кейинги илк ойлардаги каби қучиб саломлашгиси келди. Аммо вазият у истагандай эмасди. Ўзи ниҳоятда толиққан, хотини эса рашк васвасида ёнарди...
-Нега мени алдадингиз? Нега аввал касалхонадаман, кейин паркдаман, дедингиз?
-Чунки сенинг мана шу жазаваларингдан қўрқдим. Касалхонадаман десам, хотиржамроқ бўласан, деб ўйладим..
-Сиз қайсидир нозанин талабангиз билан айшу ишрат қиласизу, яна мен айбдор бўламанми? Ахир сиз талаба қизлардан кўзингизни узмайсизку? Бу ҳақиқатку, буни тан олишингиз керак..
-Мен уларга дарс бераман, ўзинг буни яхши биласан. Мен уларга қарашга мажбурман. Аммо сен озгина ҳақлисан, улардан бир иккитисига сен айтгандай қараган ҳам бўлишим мумкин. Лекин...
-Нима лекин? Нима лекин? Ўзим ҳам билардим, сизнинг шу ишларингизни...

Замира шундай дедида, йиғлаган ҳолда югурганича ётоқҳонага кириб кетди. У ётоқхонанинг эшигини шунчалик қаттиқ ёпдики, Ўктамнинг назарида эшикнинг қарсиллашидан ўзлари яшайдиган қаср каби уй йиқилиб тушадигандай бўлди...

“Лекин мен уларнинг бирортасига сенга қарагандай севги муҳаббат нигоҳи билан қарамаганман...”.
Ўктамнинг хотинига айтмоқчи бўлган сўнги сўзлари шулардан иборат эди. Аммо бу сўзлар унинг бўғозида қолиб кетди...
Ўктам домла тушкун кайфиятда залдаги диванда кўзларини юмганча бироз ўтирди...Кейин уйдаги ўзи иш хонаси сифатида ишлатадиган хонага кириб, кийимларини алмаштирди. У хонадан чиқиб, ваннага кириб, душ олди. Вужуди бироз енгиллашгандай, фикрлари бироз тиниқлашгандай бўлди ва қайтиб келиб залдаги диванга ўтирди. Кўнглидан балки Замира ётоқхонадан чиқиб қолар, деган фикр ўтдида, диванда кўзларини юмиб ўтирганча, хотинининг ётоқхонадан чиқишини кутди. У шу тарзда ярим соатча кутди, аммо хотинидан дарак бўлмади....
Ўктам очиққанди. У ошхонага ўтиб, қозондаги совиб қолган маставадан ярим косача сузиб, уни бир икки бўлак нон билан едида, кейин яна иш хонасига кирди...У хонадаги диванга чўзилди ва олдин бугунги кунни, кейин эса бутун ҳаётини хаёлидан ўтказа бошлади...
“Мен гадоман, деди Ўктам ички овоз билан ўзига ўзи. Бу дунёда ҳеч кими йўқ, ҳеч ким ёрдам қўлини узатмайдиган бир гадоман...”.
Соат кечки ўнга яқинлашиб қолган, бир олим учун ижод, тафаккур, тадқиқот ва кашфиёт замони эди аслида бу вақт... Аммо уни танийдиганлар тарафидан истеъдодли ва иқтидорли олим, дея тан олинган Ўктам ҳозир илмий изланиш билан эмас, ўзининг тобора чигаллашиб бораёган ҳаётини қайта кўздан кечириш билан машғулди. Бугун ниҳоятда қаттиқ чарчаганига қарамасдан Ўктамнинг кўзига уйқу келмасди...
У ўрнидан турдида, иш столининг ёнидаги креслога келиб ўтирди. Хаёлидан бояги “Мен гадоман. Бу дунёда ҳеч кими йўқ, ҳеч ким ёрдам қўлини узатмайдиган бир гадоман”, деган фикр такрор ўтди. Ўктам хаёлан бу фикрнинг изидан тушди, ақли билан уни тадқиқ қилишга уринди...Зотан, у бир олим сифатида бу ҳақиқатни тадқиқ қилиши, унинг илдизига етиши лозим эди. Шундагина у ўзи билиб билмай тушиб қолган ғариб бир “гадолик” ҳолидан қутулиши, ҳеч бўлмаганда бу ҳолга бирор чора топиши мумкин эди...
Ўктам бирор мавзуда илмий тадқиқот қилар экан, аввал мавзуни танлар, кейин бу мавзунинг моҳиятини чақиш учун фикрларини бир қоғозга ёзиб борарди...Ҳозир ҳам шундай қилди ва столдаги қоғозга “Мен нега бундай кимсасиз гадо ҳолига келдим”, дея ёзди. У бу ҳақда ўйлар экан, бугун ўзи истамай танишган Бахтиёр исмли йигитча айтган бир гап хаёлидан ўтди...
“Онам ёлғон гапирган одамдан ҳеч нарса олмагин, деган...Ёлғон гапирадиган инсондан бирон нарса олсанг бошингга катта бало келиши мумкин, деган...”.
Ўктам бу гапни ҳам қоғозга туширар экан бутун овози билан дод, деб юбормаслик учун, тишини тишига қўйиб, қалам тебратарди...
Мана энди унга ҳозир ўзи танлаган “илмий” мавзунинг ҳақиқати ошкор бўлганди. У юрагида чидаб бўлмас оғриқ билан қоғозга мана шундай деб ёзди:
“Мен дунёда ёлғиз гадоман. Бунинг сабаби эса ҳаётимда гапирган ёлғонларим...” .
Бу хулоса даҳшатли бир хулоса эди. Ўктамнинг бир зумда бутун ҳаёти кўз ўнгидан ўтди...У шу  тарзда ўзини гадоларнинг гадоси қилган ҳаётининг саҳифаларини қайта қайта кўздан кечираётганди. Унинг бу фикрлаш жараёни юз метр масофани сониялар ичида чопиб битирадиган спринтернинг югуришига ўхшарди. Аммо у хаёлан бу шаклда “югурар” экан, унинг фикрлари биринчи хотинига айтган ёлғонига келиб урилди...Ва у энди бутун борлиғидаги оғриқдан очиқчасига инграб юборди.  
“Истасангиз, иккинчи хотингиз бўлиб қолай...”
“Йўқ,деганди у, мен уйланмоқчи бўлаётган қиз бунга рози бўлмаслигини айтган...”
Ўктам бу сўзларни тишини тишига қўйиб ёзди ва жумлани шундай битирди:
“Даҳшатли ёлғон бу...Замира менга бундай, гап айтмаганди. Мен унинг номидан Маҳбубани шундай, деб алдагандим. Ўзимнинг муаммомни осон ечиш учун, Замирани айбдор қилиб кўрсатгандим. Замира Маҳбубанинг иккинчи хотиним бўлиб қолишига ўлса ҳам розилик кўрсатмасди. Лекин гап унда эмас, гап менинг унинг номидан ёлғон гапирганимда...”.
У шу тарзда фикр юритишга давом ва яна даҳшатли шаклда бошқа жойда бошқа бир “тўсиққа”қоқилиб кетди:
““Ота онангга ишим битган, мен учун бошқа йўл йўқ”, деб айт...
“Оҳҳҳ...”, деди Ўктам овоз чиқариб, Оҳҳҳҳ...”
У бу гапни қоғозга қандай ёзганини билмай, ярим ҳушсиз ҳолда бошини иш столига қўйди. Зотан у хаёлидан ўтаётган бу фикрлардан чалажон бўлиб қолганди, ярим кечада виждон азобидан ўзини тўрт томонга уриб, дод вой солаётган бу ёлғиз гадонинг инграшларини ҳам унинг ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмасди...
”Онажон” деди у ўзини сўзсиз тушунадиган ягона ёрдамчисига мурожаат қилаётгандай..”Отажон”...аммо на онаси, на да отаси унинг бу сўзларини эшитмасди, улар аллақачон бу ёлғончи дунёни ташлаб кетишганди. Ўктам домла эса дардини кимгадир айтишни истарди, унинг маҳзун юраги ўртадан қоқ ёриладиган ҳолга келган, бу дардли юрак тўлиб тошган ғаму андуҳларини кимгадир изҳор қилмаса бўлмасди...Юрак юрак эди, дардланиш унинг иши бўлгани каби, бағридаги қонни катта бир томирдан ташқарига отгани каби, бутун дарду ғамини яна ўша Бир, тенги ва ўхшаши бўлмаган У Улуғ Зотга ўз ўзидан изҳор қила бошлади..”Художон”, деб шивирлади, Ўктамнинг лаблари, “Художоним, кечир мени...”
Ўктам шу ҳолда қанча ётганини билмасдан бошни кўтарди. Девордаги соат тунги иккига яқинлашиб қолганди. Домла базўр ўрнидан туриб, аввал ҳожатхонага, кейин эса ошхонага ўтди. У электр чойнакда сув қайнатиб, қаҳва дамлаб ичди. Шундан кейин ўзини анча бардам ҳис қилиб, иш хонасига қайтиб кирди...
Боя ичган қаҳва ва хаёлидаги фикрлар Ўктамнинг диванга чўзилиб ухлашига халақит берарди. У яна ёзув столига ўтириб, ўзини дунёнинг энг чорасиз гадосига айлантирган ҳаёт саҳифаларини қайтадан кўз ўнгидан ўтказа бошлади...
“Замирага ота онангга “ишим битган менинг”, дея ёлғон гапни мен ўргатгандим. Нақадар безбет ва ёлғончи инсонман...”.
Ўктам  бу гапларни ҳам чидаб бўлмас виждон азоби ичида қоғозга туширди.Кейин хаёлан яна ҳаётининг аввал бошига қайтиб, умрининг қайси нуқталарида ўзининг бундай сохта тўсиқларга дуч келганини таҳлил қила бошлади...
“Менинг ота онам яхши, эътиқодли инсонлар эди”, деб ёзди у яна қоғозга. “Отам 50 ёшида, онам эса 65 ёшида юрак инфаркидан оламдан ўтишди...Бу бир ҳақиқат, бунда ҳеч қандай ёлғон йўқ...”.
 “Болалигимда ва ўқувчилик йилларимда ҳеч қандай ёмонлик, ёлғон йўқ...Талабалигимда ҳам...”.
Ҳақиқатан ҳам Ўктам ўзи ўқиган мактабда ва университетда энг аълочи ўқувчи ва талабалардан бири эди...
“Аспирантера, кандидатлик ва докторлик диссертацияси...Ҳаммаси жойида...Ўз кучим ва илмим билан эришганман буларга...Булар ҳақиқат, буларда ҳеч ҳам ёлғон йўқ... ”.
“Кейин уйландим...Биринчи хотинимни, Маҳбубани севганмидим ёки севмаганмидим? Албатта севгандим..у ҳам мени бошига кўтарарди доимо....Биз бахтли эдик...Ўғилларимиз Шавкат ва Шуҳрат туғилганда бирга қанчалик севингандик. Шавкатга ўзим каби шавкатли, Шуҳратга ўзим каби шуҳратли бўлишсин, деб шу исмларни қўйгандим...Шавкат ва Шуҳратнинг суннат тўйларига акаларим, опаларим, хотинимнинг яқинлари...хуллас ҳамма келганди. Фақат Маҳбуба менинг илмий ишларимни тушунмасди, мен эса унинг тоат ибодатига бепарво эдим...У баъзан менга “Аллоҳ тавбакор бандаларини яхши кўради, деб қўярди..У пайтлар мен ҳозиргидек кимсасиз гадо эмасдим...”
Ўктам қаламни столга қўйдида, кўзларидан ва бурнидан оқаётган аччиқ ёшларини кўйлагининг енги билан артти... Унинг кўз олдида биринчи хотини ва икки фарзанди турарди... У суд биноси ёнида “йиғламанг ойижон”, дея оналарининг икки қўлига ёпишиб йиғлаган икки ўғлини эслади...Мана энди Ўктамнинг ўзи  қалбидаги оғриқдан бироз аввалгидан ҳам кўпроқ инграган ҳолда сессиз йиғларди...
Бироздан кейин ўзига келган Ўктам домла шу онда ҳаётининг энг қийин даврини яшаётганини тушуниб етгандай бўлди. У шу онда ўз уйидаги бир хонада эмас, балки дунёда кимсасиз қолганди. Дардини кимга айтсин, кимни ўзига олампаноҳ қилсин? Шу ҳақда ўйлай бошлади. Табиий, аввал ақлига Замираси, севгили хотини келди. Аммо у қўшни хонада балки донг қотиб ухлаб ётганди.
“Замира касал, у маъзура... Замиранинг ота онаси зотан менга номигагина қайнота ва қайнона, аслида эса бегона менга..менга нисбатан бундай бўлишга улар ҳақли ҳам...шунинг учун ҳам улар ҳеч вақт менга қадрон бўлишмади....”
Кейин домланинг опаси, акаси ва укаси ҳақида ўйлади. “Улар менга ҳозир нима ҳам ёрдам бера олишарди. Акам ва укам Матлубани ташлаб, Замирага уйланганим учун мендан қаттиқ хафа бўлишган. Шундан кейин улар ҳам мендан узоқлашишди. Улар ҳам ўзича ҳақли....Фақат опам, опажоним мени тушуниши мумкин. Аммо бу ҳолимни унга қандай тушунтираман, нима дейман унга. Тушунтирсам ҳам опамнинг қўлидан нима келарди... ”
“Аллоҳ тавбакор бандаларини яхши кўради...” .
Ўктам домла бироз ўзига келгандан кейин биринчи хотинидан эшитган бу жумлани қоғозга қайта ёздида, кейин уни инернетдаги излаш саҳифасига ёзиб, тугмага босди. Интернетда тавба ҳақида жуда кўп маълумотлар бор эди. Улар орасидан домланинг диққатини Қуръоннинг Зумар ва Аҳқоф сураларидаги шу икки оят чекди:
Эй, ўз жонларига зулм қилган бандаларим. Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради...”
“Биз инсонни ота ва онасига яхшилик қилишга амр қилдик. Онаси қийналган ҳолда унга ҳомила бўлди ва уни қийналган ҳолда туғди. Ва унинг ҳомилалик ва кўкракдан ажратиш муддати ўттиз ойдир. Инсон токи қирқ ёшига етганида “Парвардигаро! Ўзинг менга ва ота онамга берган неъматларингга шукр қилишимни менга илҳом қил! Албатта, мен тавба қилдим ва албатта мен мусулмонларданман...”.
Ўктам домла бу оятларни ва айниқса “Инсон токи қирқ ёшига етганида...” илоҳий ҳақиқатларини ўқир экан, ўзини жуда катта бир ҳақиқатнинг илдизига етгандай ҳис қилди...Чунки бу оятлар у ҳақда айтилганди гўё...Унинг ҳозирги аҳволи ҳақида...
У диндор киши эмасди, бир олим сифатида инсонда илм ва ақлнинг етакчи эканлигига ишонарди. Аввалари ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрганди аслида...Чунки ҳозирги кунларда жамиятда дин ҳақида жуда кўп гапирилаётган ва диндорлар устидан катта шов шувларга сабаб бўлган суд ишлари бораётганди...Бу воқеалар бошқа зиёлилар қатори Ўктам домланинг ҳам диққатини ўзига тортарди...Аммо у кундалик ишлари ва шахсий муаммолари билан банд бўлиб, бу муаммолар, уларнинг ечими ҳақила етарлича ўйлаб кўрмаганди...
Матлуба нега менинг иккинчи хотиним бўлишга розилик кўрсатди? Бу қандай иш ўзи? Бир қалбга икки севги сиғмаслигини Абдулла Қодирий “Ўтган кунларда” айтганку? Аммо бунга Исломда рухсат берилган бўлса, бу ерда қандайдир сир бўлиши керак...Мен жоҳилман бу масалада...Буни инсофли бир имомдан сўраб ўрганишим керак... “.
Ўктам домла бу сатрларни қандайдир мамнуниятлик, ички ҳузур билан ёзди. Кейин яна ҳаёт саҳифаларини варақлашга давом этди,
“Кейин ҳаётимга Замира кириб келди...Оҳ, Замира сен не қадар гўзалсан...Сен менинг ақлу ҳушимни бошимдан олдинг, кўзим сендан бошқани кўрмайдиган бўлди. Сен менинг қалбимни ўзингга асир қилиб олдинг...Сени кўрган онимдан мен жиннига айланиб қолдим..Оҳ, Замира сен не қадар гўзалсан...Сенга етишиш учун ҳамма нарсадан воз кечдим...Оиламдан, фарзандларимдан, яқинларимдан, дўстларимдан...Сени бутун борлиғим билан севаман Замира...Бу ҳақиқат, бунда асло ёлғон йўқ...”
Ўктам домла талабаси Замирани у учинчи курсга ўтганда биринчи марта кўрганди. Замира олдинги қаторда, ўнг томондаги энг чекка жойда ўтирарди... Бу қизни илк кўришданоқ Ўктамнинг юраги ўйнаб кетди...Ўтиз уч яшар профессор Ўктам Назир ўғли уйланган ва икки боланинг отаси бўлишига қарамасдан Замиранинг гўзаллиги қаршисида тиз чўкди...У ўша куни дарсни эрта тугатишга мажбур бўлди. Чунки ҳадеб талабалар орасида ўтирган Замирага қарайвериш одобдан эмасди...
Замира ҳам Университетнинг энг танилган, қадди қомати келишган, истеъдодли ёш профессорининг муҳаббат тўла нигоҳларига бардош беролмаган, у ҳам ўзидан ўн уч ёш катта устозига чинакамига муҳаббат қўйганди...
Кейин кутубхонада, домланинг хонасида, шаҳар паркларида пинҳона учрашувлар...Орадаги ўн уч ёш фарқ йўқ эди гўё..Ошиқ ўттиз уч яшар узун бўйли, келишган қоматли, истеъдодли олим...Маъшуқа эса йигирма ёшига эндигини қадам қўйган бетакрор гўзалликкдаги бир талаба қиз...Улар деярли ҳар куни учрашишарди, асло бир бирига тўйишмасди, баъзан Ўктамнинг машинасида шаҳардан узоққа чиқиб кетишарди...Висол онлари, тугаб битмайдиган ишқий суҳбатлар, лаззатли бўсалар, Замиранинг “тўйдан кейин”, дея Ўктамнинг қўчоғидан сирғаниб чиқиб кетишлари...
“Буларнинг барчаси ҳақиқатку...Бунинг ҳақиқий севги эканлигига ҳеч шубҳа қилмайман..Ҳа, мен Замирани севганимда оилали эдим. Аммо уни севганим рост...Ажабо, бу севгининг ўзи ёлғон бўлиши мумкинми? Яъни, оилали бир эркакнинг ёш бир қизни севиб қолиши катта бир ёлғон бўлиши мумкинми? Чунки менинг гадолигим шу муҳаббатдан бошланмадими? Наҳотки, бу даҳшатли ёлғон бўлса? Мен ҳозир ҳам Замирани айни муҳаббат билан севаманку...Унга бўлган ишқим зарра қадар камаймаган...У ҳолда ҳақиқат қаерда?. Илм бунга нима дейди? Ақлчи? Дин бунга нима дейди?...”.
Ўктам домла хаёлан ўзига бу саволларни берар экан, яна катта жумбоққа дуч келганини ҳис қилди. Унинг хаёлидан икки хотини ҳам чиқмас, уларни қандай севганини ўйлар ва ўйлаб ўйининг тагига ета олмасди. У ўзи дучор бўлган шахсий муаммоларига илмидан, ақлидан жавоб изларди. Ҳолбуки, бу жумбоқларнинг жавоби илму ақлда эмас, имонда эди. Агар у ҳақиқий мўмин бўлганида аввало хотини бўла туриб, нафсидан пишқираётган шаҳват вулқони билан ёш талабасига боқмаган бўларди. Кўзлари Замиранинг гўзаллигига бардош бера олмаганда ҳам имони уни кейинги қадамлардан тўхтатиб қолган бўларди. Чунки мўмин кишининг қалбидаги севги аввало Парвардигорига оид бўлгани учун, мўминлар кимни бўлса ҳам Аллоҳ ризоси деб севгани учун бир хотинми, икки хотинми мусулмон киши уларга бир кўз билан қараган бўларди...
Аммо Ўктамнинг имони бу даражада эмасди. У шу бугунгача ақли ва илмига таяниб иш кўрганди. Мана энди уни гадоларнинг гадоси ҳолига туширган бу аҳвол қаршисида ўзига ёрдам берадиган берадиган бирор дўст тополмагани каби, у ишонган, таянган ва таваккул қилган илми ва ақли ҳам унга ёрдам бермасди. Шунинг учун ҳам ўзини ёрдамга муҳтож гадолар ичида энг фақир ва ҳақир гадо каби ҳис қиларди...
Ўктам домла шу ҳолда бошини чанггалаганча қанча вақт ўтирди, билмади. У яна девордаги соатга қаради. Соат чорак кам тўрт эди. У калаванинг учини йўқотиб қўйганди. У ақлини қанча ишлатмасин, ўрганган илмларини қанча таҳлил қилмасин, бошига тушган муаммоларни ечишнинг аниқ чорасини топа олмаганди. Бунинг устига вужуди ва зеҳни қаттиқ чарчаганидан боши лўқиллаб оғрий бошлади...
“Бошимга нима келган бўлса мана шу ишқу муҳаббатдан келмадими? Севги эса инсон ижод қилган нарса эмас. Аллоҳга имон ҳам Парвардигори оламни севишдан бошланади дейишадику...Демак, масалани шу ердан ҳал қилишга бошлашим керак. Замирага яна ҳамма гапни тушунтиришга уринаман, тушунмаса бир йўлини қилиб, уни даъволатаман. Кейин қайнотам, қайнонам, биринчи хотиним, фарзандларим билан ярашишга уринишим керак...Бунинг учун ҳамма ҳақиқатни уларга айтишим, лозим бўлса пойқадамларига йиқилиб, улардан узр сўрашим керак... ”.
Ўктам домла шу гапларни қоғозга ёзгач кўнгли бироз тиниқлашганга ўхшади. У энди ётиб ухламоқчи бўлди, аммо Замиранинг касаллиги ҳақида ўйлаб, унга яна бир икки гап айтмасам бўлмайди, деган қарорга келди...
“Замирам, севгилим, гўзалим...Сенинг менинг ҳақимдаги барча шубҳаларинг ўринсиздир. Қасам ичаманки, менинг қўлим фақат сенга ва биринчи хотиним Маҳбуба опангдан бошқа биронтасига теккан эмас...”
У “опангдан” сўзини ўчирмоқчи бўлди, аммо негадир ўчиргиси келмади. Ва хотинига мактубини қолган жойдан давом эттирди.
“Ҳа, мен дарсларда талаба қизларга қарайман, улардан бир иккитасига сен айтган нигоҳга ўхшаш қараш билан қараган бўлишим ҳам мумкин. Аммо уларнинг ҳеч бири мени сенинг каби юрагимдан урмаган. Бу сўзларимни қалбимнинг энг нозик ва чуқур жойидан айтаяпман. Сен менинг ягона севгилимсан. Фақат охирги пайтда оиламизнинг дарз кета бошлаганини ўзинг ҳам яхши биласан. Бунинг бир қанча сабаблари бор, аммо янада бош айбдор менман. Мен ўзим аввало сени ота онангга “ишим битган” деб, ёлғон гапиртирдим. Маҳбубадан ажрашаётганда ҳам унга баъзи ёлғон сўзларни айтгандим...Сенинг рашк васвасаларингда эса марҳум амакингнинг касаллигининг таъсири ҳам бўлиши мумкин. Аммо бу хавфли эмас, жуда оддий даволаш билан ҳал бўладиган иш..Менга ишонавер, мен бу масалани атрофлича ўргандим...Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Мен ҳаммасини тузатишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун сенга сўз бераман. Ҳозир ўзимни саҳрода ёлғиз қолган гадодек ҳис қиляпман. Кимдан, қандай ёрдам сўрашни, кўнгил “қўлларимни” кимга очиб, кимдан қандай ёрдам сўрашни билмаяпман. Мени тўғри тушун.. Сен тўйимиздан олдин қандай масъума бўлсанг, мен ҳам ҳозир шундай масъумман, сенинг олдингда гуноҳсизман. Сендан фақат шу гапимга ишонишингни истайман...”
Ўктам шу сўзларни қоғозга туширдида, бемажол ҳолда ишхонасидаги диванга ёнбошлади. Соат эрталаб роппа роса беш бўлганди. Унинг дам олиш учун икки соатгина вақти қолганди. Эрталаб еттида ўринда туриши, нонушта қилиб, соат саккизда ишида бўлиши керак эди...
Ўктам домла шу тарзда уйқуга кетди...Тушида “хотини Замиранинг ўз жонига қасд қилган амакиси кирди...Унинг исми Тўравой ака эди...Тўравой ака тўққизинчи қаватдан сакради, аммо у пастга шўнғиш ўрнига Ўктамнинг ёқасига икки қўли билан ёпишиб турарди...”
Ўктам бу кўрган тушидан даҳшатга тушган ҳолда уйғонди...Соат еттига ўн дақиқа қолганди. У елкасига халатини ташлаб, иш хонасининг эшигини очди...Эшик унинг дарчасидан қарашга уринаётган Замиранинг бошига секин урилди. Замира бу кутилмаган зарбадан ўзини орқага отди...
-Вой, Ўктам ака, сизга нима бўлди? Тобингиз йўқ шекилли...
Ўктам домла хотинининг бу сўзларидан бироз жонландида, уни бағрига босди. Аммо шу онда боши қаттиқ айланиб, орқадаги деворга суяниб қолди...
Замира унинг қўлтиғига кириб, залдаги диванга бошлаб борди. Ўктамнинг оёқ қўли титрар, боши айланиб, кўнгли беҳузур бўлиб кетаётганди...
-Сиз диванда бироз ўтиринг, мен ҳозир тез ёрдамга телефон қиламан, деди Замира эрига меҳрибонлик  билман.
-Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади. Кел ёнимга ўтир, сенга айтадиган гапларим бор...
-Нималар деяпсиз Ўктам ака, аввал сиз юз кўзингизга бир қарасангизчи...
Замира шундай, дея ўрнидан турдида ётоқхонага кириб, ўзига аро берадиган ойнасини олиб чиқди. Кўзгуга қараган домла Назиров унда ўзини зўрға таниди. Унинг кўз ва қовоқлари шишган, ўнг кўзининг ичкари томонига қон қуйилганидан бу кўзи қонталаш бўлиб кетганди. Икки юзи куз япроқлари каби сарғайган, бурни ва лаблари шишган ва кўкариб кетганди...
Ўктам кўзгуни кўзидан узоқлаштирар экан, кўкрагининг чап томонидаги оғриқдан инграб юборди. Гўё биров қалбига пичоқ санчгандай бўлди. У жон талвасасида хотини Замирага қаради ва “ичкарида..столда сенга ёзган мактубим бор”, деди...Бу сўзлар унинг ҳаётдаги охирги сўзлари бўлди. Ўктам ўтирган жойидан турмоқчи бўлди, аммо худди рукуъда турган намозхон каби олдинга эгила олди холос ...Кейин эса хотинининг уни тик  тутишга уринишига қарамай, пешонаси билан ерга қулаб тушди...Бу билан у гўё  ҳаётининг илк ва сўнгги саждасини ҳам адо этгандай бўлди...
Замира додлаганча телефонга ёпишди, тез ёрдамга эрининг ҳушидан кетганини ва уй адресини тушунтиргунча, Ўктамнинг жони чиқиб бўлганди...Ўлим фариштаси бу севги, илм ва имон орасида йўл тополмай аросатда қолган гадога ачиндими, унинг жонини ёғдан қил суғургандек жуда осон олди...
Замира телефонни ташлаб, залда юз тубан ётган эрининг ёнига чопди. У Ўктамни чалқанча ётқиздида, бошини тиззасига қўйди. Эри нафас олишдан тўхтаган ва унинг кўз қорачиқлари катта очилиб қолганди...
Йигирма дақиқаларда етиб келган тез ёрдам шифокорлари Ўктамнинг жасадини текшириб кўришди ва унинг эҳтимолий юрак хуружидан вафот этганини айтишди. Бирор соатлардан кейин аввал Замиранинг ота онаси, кейин Ўктамнинг акалари, опалари, тушдан кейин эса даҳшатли воқеа хабари ўзига сўнг айтилган Ўктамнинг биринчи хотини Маҳбуба фарзандлари билан унинг уйига етиб келишди...
Докторларнинг тавсияси билан Ўктамнинг жасадини касалхона моргига олиб боришди. Патологоанатомик тадқиқотлар унинг ўткир юрак инфаркидан ўлганини тасдиқлади...
Миллий Университетнинг энг истеъдодли ва иқтидорли олими, филология фанлари доктори, профессор Ўктам Назир ўғлининг вафоти у ишлаган илмий даргоҳда ҳам зилзила каби даҳшатли таъсир уйғотди. Филология кафедрасининг кираверишига марҳум кафедра мудирининг  қора лента билан ўралган портретини осиб қўйишди. Расмдаги  кулимсираб турган, ниҳоятда келишган, очиқ чеҳрали бу ёш йигитнинг вафот этганига кўплар ишонқирамай боқишарди...
Домла Ўктам Назир ўғлининг дафн маросими эртаси куни ўтказилди. У вафот этган кун домланинг бутун яқинлари илк марта бир орага тўпландилар. Чунки унинг биринчи ва иккинчи хотинининг яқинлари бундан олдин бир бирини кўришмаган, улар таниш ҳам эмас эдилар. Эрининг кўз ўнгида вафот қилганини кўрган Замира тирик ҳайкалга айланиб қолганди. У Ўктамнинг ўлимида ўзини асосий гуноҳкор, деб биларди. Замира бир кеча кундузда дунё гўзалидан юзи сарғайган, кўзи мунғайган ўрта яшар аёлга айланиб қолди...У эрининг ўзига ёзган мактубини аввал ”опаси” Матлубага, кейин ота онасига, энг сўнгида эса Ўктамнинг акаси ва укасига ҳамда опасига ўқитди...Бу мактубни ўқиганлар Ўктамнинг ўлимининг сирини бироз бўлсада тушунгандай бўлдилар...Аммо ўлган ўлган, қолган қолганди энди...
Жанозага келган халқ тарқалиб кетар экан, қабр бошида Ўктамнинг акаси Йўлдош, укаси Ҳусан ва опаси Фотима қолдилар. Инсонлар мозордан узоқлашар эканлар уларнинг қулоғига Ҳусаннинг “Акажон, Ўктам акам, Ҳасан акажон, дея ўкириши” эшитилди...
Дафн маросимидан бир хафта ўтиб, домла Ўктам Назир ўғлининг қабри бошига унинг яқинлари фарзандлари билан бирга келишди. Қабр бошидаги дуо фотиҳадан кейин марҳумнинг яқинларининг илтимоси билан қабристондаги гўрковлар қабрининг бош тарафига мармардан қилинган кичкина ёдгорлик тошини ўрнатдилар. Ушбу мармар лавҳага Қуръони Каримнинг Аҳқоф сурасининг 15 ояти Араб тилида ва унинг ўзбекча маъноси жуда чиройли ва ихчам усулда ёзилганди:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
“Биз инсонни ота ва онасига яхшилик қилишга амр қилдик. Онаси қийналган ҳолда унга ҳомиладор бўлди ва уни қийналган ҳолда туғди. Ва унинг ҳомилалик ва кўкракдан ажратиш муддати ўттиз ойдир. Инсон токи қирқ ёшига етганида “Парвардигаро! Ўзинг менга ва ота онамга берган неъматларингга шукр қилишимни менга илҳом қил! Албатта, мен тавба қилдим ва албатта мен мусулмонларданман...”.
3
...Тошкентлик нотаниш йигит ўзининг бу маҳзун ҳикоясини бошини олдинга эгган ҳолда тугатди. Унинг ҳикоясидаги дард алам биз ўтирган хонага ёйилиб, унда овоз чиқишига йўл бермасди. Шу шаклда иккимиз анча вақт сукут сақлаб ўтирдик...
-Сиз Ҳусанжонмисиз, дедим ниҳоят сессизликни эҳтиёткорлик билан бузиб...
-Ҳа, деди йигит бошини кўтариб ва нигоҳини менга қаратди. -Мен ўз акасига ишонмай унинг ўлимига сабаб бўлган хоин Ҳусанман, деди у кўз ёшлари шашқатор ҳолда. Менинг гуноҳим ҳаётимда бир марта нигоҳимни акамнинг нигоҳларидан олиб қочганглигимда... Фақат бир марта...
Хона эгаси шундай дедида, овозининг борича ўкиришга тушди. Унинг бу фарёдидан менинг ҳам юрак бағрим эзилиб, кўзларимдан ёш оқа бошлади...
Биз бу ҳолатда экан, хонанинг эшиги очилиб, Жамолиддин ичкарига кирди. Афтидан Ҳусанжоннинг фарёди қўшни хонада ҳам эшитилганди.
-Яхшимисизлар, домла?
Мен энди нигоҳимни Жамолиддинга қаратдим ва кўз ёшлари ичида унга қўлим билан ташқарига чиқинг, дея ишорат қилдим...
Мен яна қаршимда титраб йиғлаётган йигитга қарадим. Ва кўзларимиз бир бирига тушмаслиги учун ҳамон нигоҳимни бошқа томонга қаратдим. Шунда инсонлар орасида суҳбатнинг фақат тил билангина эмас, кўз қарашлари билан, қувонч ёки ҳузунлик сочадиган нигоҳлар билан ҳам бўлишига эътибор қаратдим. Инсон дунёга кўзларини очиб, бир нигоҳ билан келади, кейин яна бир нигоҳ, охирги нигоҳ билан кўзларини юмиб, бу дунёдан кетади. Бир нигоҳ бу дунёга устун бўлгани каби, яна бир бошқа нигоҳ бу дунёнинг устунини йиқитади.  Ҳозир нега Ҳусаннинг кўзига тик қараёлмаётганимни тушунишга уриндим. Унинг кўзига тик қараб нима ҳам дердим? Ёмон бўлибди, бекор қилибсиз, нодон одам экансиз, деган сўзлар билан, уни бу шаклда койиш билан нимага ҳам эриша олардим? У зотан буни эътироф қилган, руҳан тиз чўккан ҳолда эди..
-Аъузу Биллаҳиминаш Шайтониррожиим! Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. АлҳамдулиллаҳиРоббил Оъламин...
Аллоҳ таоло менга берганимон ва иқтидор билан Фотиҳаи шарифни ўқидим ва Ҳусанжон билан марҳумнинг ҳаққига дуо қилдик. Қуръони Каримнинг шифо сифатига қилган дуомизнинг таъсири ҳам қўшилиб хона эгаси анча ўзига келди ва менга:
-Домла менга баъзи масалаларда маслаҳатингиз керак эди, деди.
Мен энди унинг юзига тикилиб қарадим. Нигоҳларимиз тўқнаш келди ва орамизда ўзаро ишонч риштаси боғлангандай бўлди.
-          Марҳамат, сизга қўлимдан келган ёрдамни беришга тайёрман, дедим.
-Акамнинг вафотига кеча уч ой бўлди. Ҳусан шундай, дея чуқур нафас олиб, кўз ёшларини қўлидаги қоғоз билан артди. Бу уч ой ичида биз оиламиз билан адойи тамом бўлдик. Ҳаммамиз акамнинг вафотида ўзимизни айбдор ҳисоблаймиз. Йўлдош акам уйдан чиқмайди, ҳеч ким билан гаплашмайди, қилган иши менга ўхшаб кўз ёши тўкиш. Опам ҳар куни касалхонада, жинни бўлиш даражасига етган, ҳар кунини касалхонада ўтказади. Ўзимни кўриб турибсиз, ўттиз беш ёшимда адойи тамом бўлдим. Оилаларимиз ҳам шу аҳволда, бола чақаларимиз нима бўлганини унча тушунишмаса ҳам бизнинг абгор ҳолимиз уларга ҳам қаттиқ таъсир қилган. Муҳими бирортамиз бир биримизнинг кўзимизга тик қарай олмаймиз, ҳамма дардли аммо бу дардни аввал изҳор қилиб, кейин унга чора излайдиган кўзларимизнинг ўзаро учрашувига, бир нигоҳига шу қадар зормизки...агар бир биримизга қарайдиган бўлсак, кўзларимиз бир бирига тушадиган бўлса, осмон бошимизга йиқилиб тушадигандай дарров нигоҳларимизни бошқа томонга олиб қочамиз...
Ҳусанжон шу гапларни айтиб, менга тикилиб қаради. Унинг мунг тўла кўзлари киртайиб, қовоқлари йиғлайверганидан анча шишиб кетганди. Мен янги танишимнинг “ўзим қуяман” деган эътирозига қарамай орамиздаги кичкина столчадаги чойнакдан унга совуқ чой қуйиб узатдим. Ҳусанжон чойни ҳўплади ва яна чуқур нафас олиб, менга юзланди:
 -Тўғрисини айтсам, уч ойдир биринчи марта бир суҳботдошимнинг кўзига тик қараб суҳбатлашмоқдаман. Сизга минг бор раҳмат...
-Ҳечқиси йўқ, дедим мен ҳам унинг кўзига тикилганча. Шу пайт унинг нигоҳидаги бутун ғам аламнинг борлиғимга бостириб келаётганини ҳис қилдим. Буни Ҳусанжонга сездирмаслик учун ўзимга ҳам чой қуйиб, уни ҳўпладим...
-Сиздан маслаҳат сўрамоқчи бўлган бир неча масалалардан бири акамнинг қайнотаси Аброр акага тегишли. У кишиникига совчи бўлиб борганимда менга жуда қаттиқ гаплар, тўғрироғи ҳақоратлар айтганди. Мен ўшанда буларга тишимни тишимга қўйиб чидагандим, чунки акамни тўйдан олдин номаъқул иш қилган, деб билардим. Ўшанда янгамнинг отаси менга “Сенинг пулинг кўп, ҳар ойда менга икки минг доллар пул берасан, бўлмаса акангнинг қилмишини шаҳарга овоза қиламан”, дея пўписа қилганди. Ноилож унинг шартига кўндим ва етти йил давомида унга ҳар ой бу пулни тўлаб келдим. Аммо акамнинг қайнотасининг бу шартидан ва менинг унга ойма ой пул беришимдан хабари йўқ эди...Энди маълум бўлишича, акам тўйдан олдин янгамга қўл текизмаган экан. Аммо акам вафот этгандан кейин ҳам Аброр ака қизим сенларни, деб ёш ҳолида бева қолди, энди бу пулларни унга бериб турасан, кейин қизим аканг билан яшаган уйни ҳам унинг номига ўтказиб берасан, деб оёқ тираяпти. Худога шукр, мен ўзимга тўқман ва албатта янгамни қаровсиз ташлаб қўймайман, аммо ойда икки минг доллар оз пул эмас. Қолаверса акамнинг вафотида янгамнинг анча айби бор...Шунга нима дейсиз, домла, нима иш қилишим керак бу масалада...
Мен бироз ўйланиб турдимда, Ҳусанга шу жавобни бердим:
-Иккинчи янгангизни соғлиғи қандай ҳозир?
-Акамнинг вафоти унга ҳам жуда қаттиқ таъсир қилди. У ўзини айбдор ҳисоблайди, раҳматли акамнинг ўлимида...Бир ойлар психиатрия касалхонада ётди ва даволангандан кейин анча ўзига келди. Ҳозир гоҳ бизникида, гоҳ опамникида туради. Икки ҳафта олдин катта янгамнинг ёнига бориб, Қуръон ўқишни ўрганишга бошлади. Ҳижобга ҳам кирган ҳозир, алҳамдулиллаҳ...
-Унда бориб отасига бутун ҳақиқатни айтсин...
-Айтган, аммо Аброр ака жуда ўжар одам, деди Ҳусан хўрсиниб. Суҳбатимиз ривожланган сайин унинг анча ўзига кела бошлаганини сездим...
-Сизнинг ҳузурингизда отасига бутун ҳақиқатни айтсин. Биламан аёл кишига осон эмас бу ишни қилиш. Аммо орада сизларнинг яқинингиз бўлган бегуноҳ одамнинг вафоти масаласи бор. Бундай одамлар жуда ўжар, қўрс ва худбин бўлишини ҳам яхши биламан. Аммо бу фақат у кишига хос эмас, шизофрения касалига дучор бўлганларнинг яқинларида одатда шундай ҳоллар кузатилади. Кичкина янгангиз отасига бор ҳақиқатни сизнинг ҳузурингизда айтгандан кейин менимча бу одамга ойма ой пул беришингизга ҳожат қолмайди. Чунки у сиздан бўлмаган иш учун тўлов сўраган ўз вақтида... Билишимча, акангиз иккинчи хотини билан яшаган уй  ҳам сизнинг номингизда...Шундай экан, бу уйни акангиздан мерос сифатида, кичкина янгангизга беришга мажбур эмассиз. Аммо ўзингиз буни хохласангиз, бошқа масала...
-Акам ва опамга тегишли тавсияларингиз ҳам борми?
-Уларга тақдирга кўниш имоннинг шартларидан эканини айтинг. Истасангиз, менинг номимдан айтинг бу гапни, озроқ илми бор киши шундай, деди деб. Аслида мусибатларга сабр қилиш Аллоҳнинг амри, ундан кейин Муҳаммад пайғамбаримизнинг суннатлари...Улар Қуръон ўқишни билишадими, намоз ўқишадими?
-Йўқ, Қуръон ўқишни билишмайди, аммо опам намоз ўқишни анча йиллар олдин бошлаган. Катта акам эса Ўктам акамнинг вафотидан кейин намоз ўқий бошлади...
-Уларга айтинг ўзларингиз ишонадиган домлалардан Қуръон ўқишни ўрганишсин. Ҳозир Ўзбекистонда намоз ўқиш, Аллоҳ таолонинг Китобини ўқиш жиноят ҳисоблансада, аммо Қуръон шифо ва раҳматдир...
-Албатта, албатта, бу айтганларингизни уларга етказаман...
-Кейин сизнинг имконингиз бор, уларни олиб келинг бу тарафларга, оилача танишайлик, инсон дардини инсон олади...
-Бажонидил... Аслида акам ва опамга айтганман бу гапни, аммо улар кўнишмаганди. Энди, албатта олиб келаман бу шаҳарга уларни...
Бу билан орамиздаги ғам андуҳ тўла суҳбатнинг ниҳоясига етгани ўз ўзидан маълум бўлганди. Мен янги танишим Ҳусанжон билан хайрлашиш учун ўрнимдан турдим. У ҳам дадил ўрнидан турдида кўзларимга тикилиб менга ташаккур айтди:
-Минг марта раҳмат сизга. Бола чақангизнинг яхшилигини кўринг доимо..
Унинг кўзларидаги ғамгинлик анча озайган, қарашлари дадил, ўзига ишонган кишининг нигоҳи эди энди. Мен унга яқинлашдимда самимий шаклда қучоқлашиб, хайрлашдим. Ҳусанжон бу самимиятимдан жуда хурсанд бўлиб кетди ва менга шундай дейди:
-Бир гапни айтишни унутибман, домла...Ўктам акамнинг катта ўғли Шавкатжон бу йил мактабни битираяпти. Инша Аллоҳ сизга ўхшаган врач бўлмоқчи. Унинг бу ерда ўқишига нима дейсиз?
-Врач бўлсин албатта, шифокорлик жуда фойдали ва масъулиятли касб. Аммо менга ўхшаган врач бўлмасин...
-Нега?
-Менга ўхшаса бир кун тиббиётни ташлаб кетади, шунинг учун, дедим кулимсираб.
-Э, узр, домла бу гапнинг сизга малол келишини билмагандим...
-Узр сўраманг, бу бор гап. Мен ҳаётимдан ҳам, ҳолимдан ҳам хурсандман, алҳамдулиллаҳ..
-Албатта, албатта, деди Ҳусанжон мени тушунганини бу сўзлари билан ифода қилиб. Кейин бу гапларига қўшимча сифатида шундай деди: Мен яна бир икки ҳафта бу шаҳарда бўламан, тижорий ишларимнинг бир қисми бу ерда. Агар малол келмаса, яна бир икки марта сиз билан мана шундай суҳбатлашсак...
-Бемалол, истаган пайтингиз телефон қилинг. Мана рақамларни ёзиб олинг, айтиб тураман...
-Узр, деб жавоб берди Ҳусан бу таклифимга. Телефон масаласи нозик иш, сиз учун ҳам, мен учун ҳам. Яхшиси мен Ренатни жўнатай ёки у ҳалиги укахонингиз билан келишишсин, қаерда учрашишимизни. Бундан кейин ўзим сиз айтган жойга келаман, Худо хоҳласа...

“Хўп, яхши”, дедим мен унинг бу таклифини қабул қилиб ва янги танишган биродарим билан хайр хўшлашиб, қадрдоним Жалолиддин ва татар йигит Ренат билан бирга меҳмонхонанинг 707 хонасидан ташқарига чиқдим. Пастга тушиш учун лифтни кутар эканмиз, ён тарафдаги шошилинч чиқиш эшигига яна бир марта кўзим тушди. Лифтга кирганимиздан кейин бутун борлиғимда чидаб бўлмас бир оғриқ ва чарчоқ ҳис қилдим. Негадир лифтнинг кенг хонасида нигоҳимнинг қаршимда турган қадрдоним Жалолиддин ва Ренатнинг кўзларига тушишини истамасдим. Назаримда нигоҳларимиз учрашадиган бўлса, ҳозиргина мен меҳмонхонанинг еттинчи қаватида эшитган фожеали ҳикоя кўзларимнинг қарашларидан ўртага бомба каби тўкилиб, нафақат лифтни, балки бутун бу ҳашаматли меҳмонхонани пjртлатиб юборадигандай эди. Ҳолсиз бўлиб қолган вужудимни осонроқ оёқда тутиш учун, кўзларимни юмган ҳолда икки курагимни лифтнинг деворига тирадим. Борлиғим зир зир титрар, юрагимдан ва жигаримдан бир мудҳиш оғриқ ингроқ ҳолида ташқарига отилишни истаётганди. Зўр базўр ўзимни қўлга олдим ва шу шаклда пастки қаватга етиб келдик. Лифтдан тушар эканман яна ҳамроҳларимнинг кўзларига қарашдан чўчидим ва тез тез юриб, меҳмонхонанинг кириш эшигидан ташқарига чиқдим. Ренатнинг BMW машинаси ён тарафда, ўн беш йигирма метрча узоқликда парк қилинганди. Мен машина томонга юришим билан ҳамроҳларим илдам қадамлар билан мендан олдинга ўтиб олишди ва Ренат машининг мен ўтирадиган орқа эшигини очди...
Машина ўрнидан қўзғалиб, соҳилга параллел шаклда йўл ола бошлади. Нари борса юз метр узоқликда Эгай денгизининг бошланиш қисми бутун чиройи билан кўз ўнгимда турарди. Мен ҳозир денгизга тўйиб қарасам, боя меҳмонхонада менинг борлиғимига ҳижрат қилган ғаму андуҳнинг бироз енгиллашини ҳис қилгандай бўлдим...
-Машинани тўхтатинг, илтимос...
Бу сўзларимни айтишим билан Ренат тормозга босди ва BMW жиловланган тулпор каби таққа тўхтади. Мен ҳамроҳларимга ҳеч нарса демасдан, машинадан тушиб соҳил томонга юра бошладим. Кўксимга денгизнинг менга йигирма йилдир таниш майин шамоли келиб урилди. Энди кўзларимни катта очиб, денгизга тўйиб қарадим. Оҳ, денгизнинг бу бетакрор мовий манзараси, унинг тўлқинларининг соҳилга майин урилиши нақадар гўзал ва шифобахш эди. Мен бу гўзалликка тўймасдан туриб, ҳозиргина меҳмонхонда эшитганим ёш олимнинг фожеавий қиссаси хаёлимга қайта келди. Негадир кўзларим ўз ўзидан юмилиб, бу фожеавий қиссанинг бутун ғам андуҳи қайтадан борлиғимни титрата бошлади. Бу фожеа мени ҳам ўз гирдобига олиб, бўғиб ўлдирадигандек, кўзларимни мошдек очиб, нигоҳимни қайтадан денгизнинг тўйиб бўлмас гўзаллигига қаратдим. Шунда инсон ҳаётининг бутун мазмуни бир нигоҳда, тўғрироғи унинг ўзига хос мазмуни бўлган дунёқарашда эканлигини тушундим. Ахир, ҳар бир инсон нигоҳларидан туғиладиган шу дунёқарашига кўра яшайдику...Ахир биргина нигоҳдан бошланган ҳаёт яна бир нигоҳ билан ниҳоясига етадику. Муҳаббату нафрат, шодлик ва алам, висолу фироқ шу бир нигоҳга ҳадя ёки қурбон қилинадику. Инсон кўзларининг ташқи гўзаллиги қорачиғларда тўплангани каби улар ифодалайдиган маънолар нигоҳларда тўплангани нақадар катта ҳақиқатдир...
Кўзларимдан оқаётган шошқатор ёшларнинг аччиқ таъми лабларимга етиб келганини сездим. Бу чидаб бўлмас ғам андуҳдан ушбу хулосалар билан қутулишга уринардим:

 “Парвардигаро, биз  ожиз бандаларингни нигоҳларимизнинг хиёнатидан қўри ва биродарим Ҳусанжонга ҳам бошига тушган мусибатда ёрдамчи бўл..Омин!!!”

Битди
Намоз НОРМЎМИН

2015 йил, Декабрь-2016йил Май.  
Истанбул-Осло








Комментариев нет:

Отправить комментарий