понедельник, 23 мая 2016 г.

"ҚОЗОҚ БАҲОРИГА " ЭҲТИЁЖИМИЗ ЙЎҚ

Шанба куни Қозоғистоннинг кўпгина шаҳарларида ер ислоҳоти ҳақидаги қонунга қарши норозилиК намойишлари бўлганлиги, юзларча намойишчилар ва ўнларча журналистларнинг Қозоқ милицияси тарафидан қўлга олинганлиги хабарлари тарқатилди.
Қозоқ биродаримизнинг албатта ўз ерларининг хорижийларга, айниқса Хитойликларга узоқ муддатга ижрага берилишига қарши чиқиш ҳақлари бор. Шунингдек, улар Президент Назарбоев ҳукуматининг тобора коррупцияга ботиб боришидан ҳам мамнун эмаслар. Яқинда эълон қилинган Аффшор ширкатлари молиявий жанжалида Бош Вазир ўринбосари Дариға Назарбоеванинг ҳам исми айтилганди...

Шу билан бирга Қозоғистонда мустақиллик йилларида масалан Ўзбекистонга қиёсланганда анчагина ислоҳотлар қилингани ҳам бир ҳақиқатдир. Мамлакат иқтисоди Россия ва Туркия иқтисодий кўрсаткичлари даражасига етди. Қозоқ миллий кимлиги, тили ва Қозоқларнинг Ислом динига қайтишида ҳам жиддий олға босишлар бўлгани ҳам бир ҳақиқатдир.
Фақат Қозоғистонда ер ислоҳоти ёки ҳукуматнинг коррупцияга ботганини сабаб қилиб, Украина, Қирғизистон ва Грузияда бўлгани каби бир инқилобнинг ўртага чиқиши асло исталган нарса эмас, деб ўйлайман. Чунки Қозоғистонда сиёсий барқарорликнинг бирор сабаб билан бузилишининг ҳеч шубҳасиз миллий низога, тўғрироғи Қозоқлар ва Руслар орасидаги низога айланиб кетиш хавфи жуда каттадир. Бу эса ўз ўзидан Қозоғистонда Украина воқеаларининг такрорланиши, бу ўлка шимолий ҳудудларида Рус аҳолининг Остона ҳукуматига қарши исён қилишига олиб келиши мумкин.
Бу ҳақда Президент Назарбоев бир икки ҳафта олдин баёнот бериб, Қозоғистонда Украина сценарисийни такрорлашни истаётганларнинг энг қаттиқ шаклда жазолантирилиши айтган эди.
Мустақилликдан кейин ўртага чиққан Тожик Баҳори (бу мамлакатдаги фуқаролар уруши), Араб Баҳорининг оз ижобий ва кўп салбий якунлари, Украина воқеалари тажрибалари Қозоғистонда асло бундай "Баҳор"га, яъни ижтиоий сиёсий бўҳрон ва тўс тўполонлар билан ҳукуматга қарши норозиликларга йўл қўйиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.
Юқорида айтганим каби Қозоғистон мустақилликдан кейин иқтисодий, миллий ва диний масалаларда анча илгарилади. Ҳозирги вазифа сиёсий барқарорликни бузмасдан (жамият ва давлат ҳаётида тўп тўполонларга йўл қўймасдан) ушбу соҳалардаги ислоҳотлар давом эттирилиши керак.
Албатта, Назарбоев ҳукуматинин халқнинг кейинги норозиликларидан хулоса чиқариши ва ижтимоий ва сиёсий соҳаларда эркинликлар ва адолатнинг таъминланиши учун зарурий ислоҳотларни зтказиши зарур.
Ўрта Осиё (Туркистон) давлатларининг кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам ўзаро ҳамкорликка эҳтиёжи бор. Айниқса, бугунги мураккаб геополитик ва глобализм шароитларда бундай ҳамкорлик мутлақо шартдир. Афсуски, бугун биз бундай ҳамкорликни эмас, аксинча бу давлатларнинг (тўғрироғи уларнинг раҳбарларининг) бир бирларига қарши душманлик ва рақобатни кучайтираётганини кўрмоқдамиз. Масалан, Қирғизистон шу кунларда Оролни қутқариш халқаро Фондидан чиққанини эълон қилди. Ўзбекистон матбуотида эса Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонов оиласини фош қилувчи мақола эълон қилинди. Худди Ислом Каримов ҳукумати фариштаю, Раҳмонов оиласи порахўр ва халқига зулм қилаётган ҳукумат қилиб кўрсатилди.
Табиий бундай ўзаро рақобат ва ғиж ғижлашишларда Русиянинг қўли йўқ эмас. Русия Тожикистонда ва Қирғизистонда ҳарбий базаларга эга ва бу икки иқтисодий қашшоқ қўшни давлатларнинг "рули" (бошқарувида) Москванинг ҳиссаси катта. Аммо Ислом Каримов буни баҳона қилиб, Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматларига қарши душманча сиёсат юритмаслиги керак.
Сиёсатда, айниқса халқаро сиёсатда дипломатиянинг катта ўрни бор. Шундай экан, Ўрта Осиё давлатлари бугунги мураккаб шартларда ўзаро алоқаларни ривожлантириш учун тўғри дипломатик алоқаларни йўлга қўйишлари керак. Қолаверса бу давлатлар орасида чегараларни шаффофлаштириш (қисман бўлса ҳам чегараларда эркин ўтишларни йўлга қўйиш) вақти келди. Шунингдек, Чимкент, Ўш, Тошоуз, Хўжанд каби шаҳарларда катта умумий бозорлар очилиб, ўзаро тижоратнинг йўлга қўйилиши, бунинг ёнида бу ва бошқа шаҳарларда Ўрта Осиё давлатлари илм маърифат, санъат ва адабиёт аҳлларининг ижодий учрашувларини ташкил қилиш орқали аста секинлик билан бутун соҳаларда давлатлармиз ва халқларимизнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш керак.
Ўрта Осиёда диктаторликлар ҳукмрон бўлишига қармай, аслида сиёсий барқарорлик (ҳукуматларнинг жамиятни бошқариш кучи ва имконлари) жуда заифдир. Иқтисодий қашшоқлик ва ижтимоий адолатсизликлар туфайли халқларимизнинг бу ҳукуматларга қарши оммавий ҳаракатга кечишлари эҳтимоли катта. Буни бугун Қозоғистон ва Қирғизистонда кўрмоқдамиз. Агар бу норозиликлар катта сиёсий бўҳронларга сабаб бўладиган бўлса, бу ҳолда Ўрта Осиёдаги 5 давлат мустақилликнинг 25 йилида у билан хайрлашишлари ҳам мумкин.Бунинг масъулияти эса халқларининг ва давлатларининг манфаатларини эмас, фақат ўзларининг мансабларини ва оилаларининг манфаатлари қўриш учун сиёсат олиб бораётган раҳбарларда бўлади.
Намоз НОРМЎМИН
23.05.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий