понедельник, 11 июля 2016 г.

ҚАТРАЛАР ВА БИР ШЕЪР

• Хонасига пашша кирган инсон шу пашшанинг изини қувиш билан ўзини унинг тенги билиб қолар экан...
• Ҳасадгўйнинг бу дунёдаги азоби ўзини ҳасад оловида жизза қилишидир...
• Барча замонларнинг инсонлари замонавий бўлганлар. Фақат улардан жуда озчилиги бунинг ғафлат эканлигини тушуниб етишган...

• Зерикиб ўтириб хаёл сурасиз...хаёл суриб тафаккур қиласиз..шу тарзда ақл чархингиз айлана бошлайди..демак унумли фойдалансангиз зерикишда ҳам маъно бор...
• Бутун торликлар хорлик эмасдир...масалан ихчамликда маъно кўп...
• Шикоят қилаверинг... истаганча..ўзингизни ўзингизга...
• Тарих хулоса чиқариш учундир...у билан яшаш учун эмас...
• Мухолиф бўлишингизнинг шарти кимнингдир сизга ҳам мухолиф бўлишини қабул қилишингиздир. Акс ҳолда сиз сохта мухолифсиз...
• Ковушнинг бир урингани оёқнинг ўн уринганига ишоратдир. Оёқнинг бир урингани эса...
• Балиқ бошидан сасишини фақат боши сасиган инсонларгина тушунмайдилар...
• Шахсий хатоларингизни шахсий томорқангизга ўхшатинг...томорқани эса кузда шудгор қилиш, қишда яхобини олиш, баҳорда тобга келгач буғдой уруғи экиш, майсаси униб чиққанда уни суғориш, сув бўлмаганда эса Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилиш, буғдой пишганда уни ўриб, доналарини хирмон қилиш, хирмонни тегирмондан ўтказиб ун қилиш, унни пишириб нон қилиш керак...Эҳ, қандай ширин ўз томорқангизда етишган буғдойдан пиширилган нон..Дарвоқе, гапни хатоларингиздан бошлаган эдик а...қани бошланг унда хатоларингизни “шудгор” қилишни...
• Калла соз ишлаши учун ошқозон оз ишлаши керак...
• Замонавий ухлаш усули: компютерингизнинг очилиб ёпиладиган жойида “уйқу” тугмачаси бор. Шу тугмага боссангиз ўзингиз ҳам ухлаб қоласиз...
Намоз НОРМЎМИН
09.07.2016

СЎЗИМ
Сўзим мулойим бўл, мулойим,
Гул бўл инсонларнинг юзида.
Булоқ суви каби шаффоф бўл доим,
Қайтиб оқ уларнинг кўзига...
Сўзим қаноти бўл майин садонинг,
Танима на макон на да бир замон.
Хўрсиниб ухлаётган ҳар бир гадонинг,
Тепасида бўлгин оппоқ соябон...
Сўзим мулойим бўл, жуда мулойим...
Намоз НОРМЎМИН
11.07.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий