среда, 13 июля 2016 г.

АРАБ БАҲОРИ: ОРЗУЛАРИМИЗ ВА АФСУСЛАРИМИЗ

Ҳозиргина янги хабар ўқидим: Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим ўлкасининг Сурия билан ярашиши кераклигини айтибди. Бундан олдин Туркия Русия ва Исроил билан ярашиш учун сиёсий ва дипломатик қадамлар отганди.Куни кеча Бош Вазир ёрдамчиси Нуъмон Қуртулмиш Туркиянинг Миср билан алоқларни қайта тиклашда бирон уриниши йўқлигини айтди..Ҳозирча...
Нима бўлаяпти ўзи? Ҳаммаси "Араб Баҳори"дан бошландими? Ёки ҳаммаси "Араб Баҳори"дан олдинги ҳолга қайтаяптими?

"Араб Баҳори"нинг ғояси бизнинг орзумиз эди. Яъни, мусулмон ўлкалардаги диктаторликлар, қиролликлар, зўровонликлар, қолоқликларга барҳам берилсин! Бизнинг ўлкаларимизда ҳам мусулмонларга ярашадиган тўғри эркинликлар (ғарбдагидай пала партиш эркинликлар эмас), ҳақиқий адолат, ҳақиқий тараққиёт (ғарбдагидай фақат моддий, яъни материалистик тараққиёт эмас) ўртага чиқсин. Биз мусулмонлар ҳам ўзимизга ярашадиган, яъни ҳам моддий ҳамда маънавий қадриятларни асос оладиган жамиятлар ва давлатлар қурайлик, бу жамият ва давлатларимизда раҳбарларимизни ўзимиз сайлайлик, бу давлатларимиз ўзаро Оврупо Иттифоқидан ҳам кучлироқ иттифоқ қурсинлар, биз мусулмонлар бу давлатларимизнинг ҳаммасининг фуқароси бўлайлик ва ўзимиз истаган жойда яшайлик...
Бу ширин орзулар менинг тушунчамда бутун мусулмонларнинг орзулари эди. "Араб Баҳори" бошламасдан олдин ҳам, бошлагандан кейин ҳам ва бу "баҳор" ҳозир мағлубиятга учрагандай бўлиб кўринсада, биз асло бу орзуларимиздан воз кечганимиз йўқ...
"Араб Баҳори" нинг бир ижобий натижаси бор менимча: Бугун дунёда, инсоният ичида ҳақиқий маънода эрикинликлар ва адолатга ўрин йўқ. Дунёни бошқараётган "Наҳанг Кучлар" ("Супер Держава"лар) инсоният ичида бундай эркинликлар ва адолатни истамайдилар. Ғарб дунёсининг ва бошқа "Наҳанг" давлатларнинг демократия ва инсон ҳуқуқларидан бонг уришлари мунофиқликдан, иккиюзлиликдан бошқа нарса эмас. Мусулмонлар яшайдиган давлатлар раҳбарларининг аксарияти мана шундай сўзи сафсата, иши зулм ва ёвузликдан иборат "Наҳанг"ларнинг ҳамкорларидир...
Сўзда "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти"нинг эса амалда "Бирлашмаган Миллатлар Ташкилоти" эканлиги эса "Араб Баҳори" жараёнида яна бир марта яққол намоён бўлди.
"Араб Баҳори" бошқа томондан Эроннинг башарасиини тўла тўкис очиб ташлади. Ҳозирги Эрон режимининг Ислом ва мусулмонларга, уларнинг орзу ва дардларига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги тўла тўкис намоён бўлди...
"Араб Баҳори" афсуски ёнғинга айланиб кетди. Натижада ҳўл қуруқ баробар ёнди. Тунис диктатори Зайналобидин бин Али, Миср диктатори Ҳусни Муборак, Ливия диктатори Муаммар Қаддофи, Йемен диктатори Али Абдуллоҳ Солиҳ тахтларидан ағдарилдилар...Фақат бу золимларнинг тахтидан маҳрум бўлиши ҳали улар бошқарган жамиятларнинг ислоҳ бўлиши маъносига келмаслигини биз мусулмонлар кейин ўргандик. Ҳа, бир диктаторнинг тахтдан кетиши билан у бошқарган жамият ўз ўзидан ислоҳ бўлиб қолмас экан...
"Араб Баҳори" Баҳрайн ва Сурияда боши берк кўчага кириб қолди. Урдунда ижтимоий ларзаларга сабаб бўлсада муваффақиятли бўлмади. Саудия Арабистонига етиб келмади. Афғонистон ва Ироқ зотан ҳарбликларнинг ишғоли остида эди...
"Араб Баҳори" биз Ўрта Осиёлик мусулмонлар учун бир пайтлар қайта қуриш ва ошкоралик қандай ширин хаёл ва орзу бўлса, шундайлигича қолди. Гарчи қайта қуриш ва ошкораликдан озгина бўлсада насибимизни олгандик...
2011 йилда "Араб Баҳори" бошланар экан, Туркияда 2002 йилда ҳукуматни ўз қўлига олган Тойиб Эрдўғон бошчилигадиги ҳукумат тобора ўз кучини ортириб бораётганди. 1923 йилдан бери Туркия деган давлатни қуриб, уни бошқарган ҳарбий бюрократик сирли диктатурага устма уст зарбалар берилаётганди.
"Араб Баҳори" бошланиши билан Тойиб Эрдўғон давлат раҳбари сифатида Тунис, Миср ва Ливиянинг янги ҳукуматларини бор кучи билан қўллаб қуватлади. Бу давлатларга махсус зиёратлар билан борди. Ахир, Туркия мусулмонларни охирги марта бирлаштирган Усмонли давлатининг ўрнига қурилганди ва Тойиб Эрдўғон бу мусулмон ўлкаларга ёрдам қўлини ўзатишни ўз бурчи, деб билди...
Аммо "Араб Баҳори" бизнинг орзуларимни орзу ҳолида ташлаб, орқага қайтиб кетди. Бунинг сабаблари кўп: Аввало юқорида айтганим каби дунёни бошқараётган "Наҳанг Кучлар" ("Супер Держава"лар) инсоният ичида бундай эркинликлар ва адолатни истамайдилар. Шунинг учун ҳам улар "Араб Баҳори" инқилобларининг калит ўлкаси бўлган Мисрда эркинлик ва адолат тарафдори Муҳаммад Мурсийнинг ёнини эмас, зўровонлик ва зулм тарафдори диктатор Абдулфаттоҳ Сисийнинг ёнини олдилар. Саудия эски қироли Абдуллоҳ уларнинг ва Сисийнинг энг катта ҳамкори бўлди. Эрон сунний дунёдаги ўзгаришлардан ўз манфаати йўлида фойдаланмоқчи бўлди ва бу билан "Араб Баҳори"нинг сўнишига катта ҳисса қўшди...
Сурияда қотил Башшар Асад режими эркинлик истаган мусулмонларни ваҳшийларча қатл қилар экан, дунё бунга томошабин бўлиб турди ва турибди...
Бошқа томондан биз мусулмонларда ҳам камчиликлар жуда бисёр: биз динимизни яхши билмаймиз, асрлар давомида асли содда ва тушунарли, осон амал қиланадиган динимизни жуда мураккаб ва ихтилофли ҳолга келтирганмиз. шунинг учун ҳам қаёққа юришимизни, нима қилишимизни, бирон нарса қилсак уни қандай қилишимизни яхши билмаймиз...
Хуллас, дунё "Араб Баҳори"дан олдинги ҳолига қайтди. Яна золимлар "ғолиб", мусулмонлар мазлум...Нима қилиш керак? Қийин савол...Аввало нима қилиб бўлса ҳам уруш оловини ўчириш ва тўп тўполон ва қирғин бўлаётган жойларда бунга барҳам бериш керак. Чунки тинчлик бўлмас экан, ҳеч кимга дардингизни тушунтира олмайсиз, ўзингизни яхши тарафдан кўрсата олмайсиз. 2000 йиллардан кейин Яқин шарқда, Афғонистонни ҳам қўшиб ҳисоблаганда миллионларча мусулмон ўлдирилди. Натижа нима бўлди? Ҳеч нарса! Бу берилган қурбонлар ҳисобига мусулмон ўлкалар бирор соҳада тараққиётга эришдиларми? Йўқ, аксинча, бутун соҳаларда орқага кетдилар...
Баъзилар ахир бу золимлар ўлкаларимизга бостириб келдилар, улар бизларни ўлдирмоқдалар, қирғин қилмоқдалар, улар билан қандай тинчлик қилиш мумкин, дейишлари мумкин. Мен бу саволга "ДУНЁДА МУСУЛМОНЛАРНИНГ БОРМАГАН ЖОЙИ ЙЎҚ, ДЕМАК КУРАШИМИЗ ҲАМ ТИНЧ КУРАШ ЙЎЛИ БЎЛИШИ КЕРАК" (www.facebook.com/permalink.php?story_fbid=279046495780821&id=100010264186017)
номли мақоламда жавоб берганман. Қисқа айтадиган бўлсам, золимларнинг иши зулмдир, мусулмонларнинг иши эса давъат, сабр, ҳақиқий тинчлик ва тинимсиз курашдир...
Мен Туркия ҳукуматининг кейинги қадамларини бу мамлакатнинг ўзида ва қўшни минтақа, яъни "Араб Баҳори" эсиб ўтган ва ҳозирда уруш олови ичида қолиб кетган Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишга қаратилган қадам, деб биламан. Чунки сиёсатнинг, айниқса халқаро сиёсатнинг энг катта воситаларидан бири дипломатиядир.
Агар кимдир йўқ, бу хато, деса марҳамат ўз фикрини айтсин...
Тавфиқ Аллоҳ таолодандир!
Намоз НОРМЎМИН
13.07.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий