пятница, 5 августа 2016 г.

ЖИННИХОНАГА ҚАЙТИШ



Бундан деярли 40 йил олдин Тошкентнинг қайсидир бурчагидаги психиатрия килиникасида, яъни жиннихонада жиннилик касаллигини ва жинниларнинг қандай даволанишини ўрганишга борардик....
Мен жиннилардан баъзилари билан узоқ ўтириб гаплашардим. Психиатрия фани китобларини титкилаб ўқирдим, бу бечораларнинг ҳолини тушунишга, ўрганишга, уларнинг қандай шифо топишини билишга бўлажак бир шифокор сифатида албатта қизиқардим...

Бу бошимдан нималар ўтмади дейсиз: Ўлик тўла морглар, қон ва йиринг оққан операция хоналари, тузалиб кетганидан боши осмонга етган хасталар ва улар орасидаги омадсизлар, яъни касалхонадан чиқолмай моргга ўтиб кетганлар...
Биламан булар даҳшатли сўзлар, бу гапларни бу соҳанинг ичида бўлмаганларга, сирини билмаганларга айтиш балки тўғри ҳам эмасдир...
Аммо бугун дунё кўз ўнгимда мана шундай катта жиннихонага айланиб бораётганга ўхшайди. Сурияда, Афғонистонда, Ироқда ва дунёнинг бошқа жойларида урушлар, террор ҳужумлари оқибатида олинган шундай даҳшатли суратлар ва видео материаллар ижтимоий тармоқларга, интернет саҳифаларига, телевидение экранларига ва газеталарга қўйиладики, умрининг деярли ярмини касахоналарда, моргларда, жиннихоналарда ўтказган менинг каби "профессионал" ҳам сесканиб кетаман. Қарай олмайман бу парам парча бўлган жасадларга.. Ота онаси Оврупога қочишга шайланар экан, қўл бола кеманинг денгизга ағдарилиши натижасида сувда чўкиб ўлган ва денгиз қирғогига чиқиб қолган норасида боланинг жонсиз гавдасига қарай олмайман ва шундай дейман:
"Наҳотки дунё катта жиннихонага айланиб бормоқда..."
Бу манзарани ғарб фалсафаси ва сиёсий тушунчаси тушунтира олмайди. Зеро, бу ваҳший манзара ғарб тушунчасининг маҳсули, бу тушунчага эргашган "жиннилар" қилаётган ишларнинг натижасидир, менинг тушунишимга кўра....
Аммо бу манзарани тузатиши, даволаши лозим бўлган мусумонларга нима бўлган? Нега улар бу жинниликни тузатиш учун ақлларини ишга солмайдилар? Нега улар душманни қўйиб, бир бирига душман бўладилар, ҳақоратлайдилар, ўзаро урушадилар ва бир биларини ўлдирадилар.
Бугун дунёнинг кун тартиби Туркияда амалга ошмай қолган давлат тўнтаришига қаратилган. Ким кимга қарши қилмоқчи бўлди бу давлат тўнтаришини?. Ҳукуматни бошқариб турган бир мусулмон сиёсатчига қарши ўзининг мусулмонлигини, оддий мусулмонлигини эмас, энг яхши мусулмонлигини ва ҳатто дунёни қутқарадиган имом Маҳдийлигини эълон қилган бир имом ва муридлари. Хўп, имом йўлдан чиққан экан, ахир унга эргашган ўн мингларча, юз мингларча муридларининг ақли қаёқда қолди?. Нега улар, биз нима қилаяпмиз ўзи, биз ҳукуматдан ағдармоқчи бўлаётган давлат раҳбари ҳам яхшими, ёмонми мусулмон кишику, деб ўйлаб кўрмадилар...
Қаёққа қараманг, Қобулми, Шомми, Боғдодми, Станбулми, Парижми, Мюнхенми, Токиоми, Америками, Триполами...ҳамма тараф қирғин барот уруш, террор ва мингларча, ўн мингларча гуноҳсиз инсонларнинг ўлими...
Дунёнинг бошқа учида, яъни ўзини эркинлик маркази, деб эълон мамлакатда Доналд Tрамп исмли сиёсатчи ҳозир дунёни бошқариб турган Америка Президентлига номзод бўлди. Ҳозирги Президент Барак Обама Трамп Президенликка ярамайди, дейишига қарамасдан...
Нима бўлаяпти ўзи? Мен ақлимдан озаяпманми? Ёки 40 йил орқага қайтиб, Тошкентнинг бир бурчагидаги жиннихонада юрибманми?
Намоз НОРМЎМИН
04.08.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий