четверг, 8 сентября 2016 г.

ЎЗБЕКИСТОННИ ҲОЗИРГИ ИЖТИМОИЙ СИЁСИЙ БОШИ БЕРК КЎЧАДАН ОЛИБ ЧИҚИШ УЧУН ТАКЛИФЛАРИМ

Давлатимизни 27 йилдир диктаторлик билан бошқарган Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Ўзбекистонда жуда катта ва жуда хавфли ижтимоий сиёсий бўҳрон ўртага чиқди. Аслида бу бўҳрон Каримов тириклигида ҳам бор эди, аммо у энди ошкора намоён бўлмоқда...
Ҳозир Ўзбекистоннинг сиёсий бошқаруви қўрқув ва чорасизлик ичидадир. Ислом Каримов 27 Августда хасталангандан ва ўз вазифасини бажара олмаслиги маълум бўлгандан кейин дарҳол Сенат Раиси Неъматуллоҳ Йўлдошев вақтинчалик Президент сифатида фаолиятга бошлаши керак эди. Бунинг учун аслида Ўзбекистон Олий Мажлисининг йиғин ўтказишига ҳам ҳожат йўқ эди. Аммо Олий Мажлис ва ҳукумат раҳбарлари Каримовнинг ўлимидан шунчалик саросимага тушиб қолдилар ки, орадан деярли икки ҳафта (тўғрироғи 12 кун) ўтиб, бугун яъни 8 Сентябрда бу масалада Олий Мажлиснинг қўшма мажлисини ўтказишга қарор қилинди...

Менинг тахминимча, бугун Олий Мажлис ўзининг Конституцияга амал қилиши ёки қилмаслигини кўрсатади. Агар вақтинчалик Президент ваколатлари Сенат Раиси Неъматуллоҳ Йўлдошевга берилса бу Асосий Қонуннинг талабини бажариш бўлади. Акс ҳолда, масалан Олий Мажлис бу ваколатларни Бош Вазирга ёки бошқа бир раҳбарга берадиган бўлса, Ўзбекистонда бир давлат тўнтариши амалга ошган бўлади...
Ўзбекистонда бундан кейин содир бўладиган сиёсий ўзгаришлар шу эҳтимоллар доирасида бўлади, деб тахмин қилишимиз мумкин:
1. Каримов ўлгандан кейин Ўзбекистонда ҳам Туркманистон варианти амалга ошади. Яъни, унинг ўрнини сохта сайловларда Мирзиёевми, бошқа раҳбарми Президент сифатида эгаллайди ва ҳаммаси "эски ҳаммом эски тос" тарзида давом этади. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда диктатура режими сақланиб қолади, аммо диктаторнинг исми шарифи ўзгаради, холос. Аммо бу янги диктатор Ўзбекистонни Каримов каби бошқара олмаслиги ҳам маълум, у ҳолда қисқа муддатдан кейин ватанимизда жуда катта ижтимоий сиёсий бўҳронлар, ўр тўполонлар ва тахмин қилиб бўлмайдиган ҳодисалар ўртага чиқиши мумкин...
2. Бу иккинчи вариантнинг амалга ошиш эҳтимоли жуда оз аммо янада бу ҳақда ҳам ўз фикримни билдирмоқчиман. Ўзбекистон раҳбарлари Каримовнинг сохта сайловларидан воз кечадилар ва 3 ой кейин мухолифатнинг иштирокида Президентлик мақоми учун эркин сайлов ўтказадилар. Бу иш албатта сохта сайловлардан яхшироқ, аммо унинг натижаларини тан олиш, янги ҳукуматнинг тузилиши, эски раҳбарларнинг тақдири масаласида жуда катта муаммолар ўртага чиқиши ва охир оқибат яна жамиятда барқарорсизлик бошланиб кетиши мумкин. Чунки Ўзбекистонда бугунга қадар бирор марта эркин сайловлар ўтказилмади.. Яъни, жамият ва халқ бундай сайловлар ўтказилишига менимча ҳали тайёр эмас...
Хўш, бундай ниҳоятда мураккаб вазиятда менинг таклифларим нимадан иборат:
Менинг таклифимнинг моҳияти ҳозирги ўтиш даврида ва қийин вазиятда марказий ҳукумат ва маҳаллий ҳукумат органларини оёқда тутиб, яъни ижтимоий ва сиёсий бўҳронни янада чуқурлаштирмасдан, бунинг натижасида ўртага чиқадиган сиёсий бошбошдоқликга (анархияга) йўл қўймасдан зудлик билан баъзи ислоҳотларни амалга оширишдир. Бунинг учун:
Сенат Раиси Неъматуллоҳ Йўлдошев раҳбарлигида (ёки бошқа келишилган сиёсатчи раҳбарлигида) ҳукумат ва мухолифат вакилларидан иборат бир "МИЛЛИЙ КЕЛИШУВ ВА БИРЛИК" ҳукуматини тузиш. Бу Конситуцияга зид бўлса ҳам (зеро бу Конституцияга бугунгача ҳеч амал қилинмади) , халқ бундай миллий бирлик ва келишув ҳукумати тузилишидан мамнун бўлади ва жамиятда юқорида айтилган сиёсий бошбошдоқлик (анархия) эҳтимолларига сабаб қолмайди. Бундай ҳукумат бир йиллик ваколатга эга бўлади ва ушбу ислоҳотларни амалга оширади:
1. Иқисодий вазиятни яхши томонга ўзгартириш учун зудлик билан мулкнинг 3 тури эълон қилинади. Булар:
а) Табиий бойликлар, стратегик ҳарбий корхоналар ва шунга ўхшаш бошқа бойликлар давлат мулки сифатида қолади.
б) Давлат ҳақиқий ижарага берадиган (чунки Каримов даврида бу амалга ошмади) ёки ўзи ҳам ўртоқ бўладиган мулклар: булар ер ва стратегик аҳамиятга эга бўлмаган корхоналардир.
в) Тўлалигича хусусий мулк: булар ўрта ва кичик корхоналар ва тадбиркорлик ширкатлари, шахсларнинг тижорий фаолиятлари ва ҳк.
Бундай иқтисодий ислоҳотлар натижасида 6 ой ичида Ўзбекистонда иқтисоднинг яхши томонга ўзгара бошлашини тахмин қилишимиз мумкин.
2. Зудлик билан Ўрта Осиё давлатлари, яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан хавфсилик ва ҳамкорлик шартномаси тузиб, бу ҳудудни эркин иқтисодий минтақа деб эълон қилиш ва Ўзбекистон билан чегарадош Ўш, Хўжанд, Чимкент ва Тошавуз каби шаҳарларда катта умумий бозорлар очиш. Бу билан минтақавий хавфсизлик кучайиши билан бирга Каримов даврида бузилган қардош халқларнинг орасидаги қариндошлик, тижорий, маданий ва маърифий алоқалар қайта тикланади.
3. Каримов даврида ноҳақ қамалган сиёсий ва диний маҳбусларни озод қилиш ва ижтимоий реабилитация, яъни жамиятдаги обрў ва мақомларини қайта тиклаш. Бунинг натижасида жамиятдаги аҳиллик янада кучаяди.
4. Ички Ишлар, Прокуратура ва Миллий Хавфсизлик Хизмати фаолиятларини ошкора олиб боришлари учун муваққат ҳукумат қошида бир комиссия тузиш. Бу билан Каримов давридаги бу органларнинг ўзбошимча фаолияти натижасида ўртага чиқадиган жамиятдаги адолатсизликларнинг олди олинган бўлади.
5. Мусбат маънода (ғарбдаги каби ахлоқсизликларга йўл қўядиган эмас) сўз, матбуот эркинлигига ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фуқаровийлик жамиятларининг фаолиятига рухсат бериш. Бу каби фаолиятлар учун инсонларнинг жони, ақли, мол мулки, насли ва обрў эътиборининг дахлсизлигининг сақланишини чегара қилиб қўйиш.
6. Давлат идораларида порахўрликка ва таниш билишлик каби салбий жиҳатларга қарши қатъий чоралар кўриш, керак бўлса катта миқдордаги порахўрлик жиноятлари учун ўлим ёки умрбод қамоқ жазосини жорий қилиш.
Агар мен таклиф этаётган шаклда муваффақ ҳукумат тузилиб, бу ҳукумат бир йилда ушбу ислоҳотларни амалга оширса, бир йилдан кейин Ўзбекистонда итимоий, сиёсий ва иқтисодий соҳа анча тараққиётга эришади. Муҳими жамият Каримов диктатурасидан кейин эркин нафас ола бошлайди, фуқароларимиз ҳақиқий тинчлик шаротига ўрганадилар, катта илҳом ва уриниш билан табдиркорлик, тижорат ва деҳқончилик ва саноат ишлари билан машғул бўлиб, мамлакатимизнинг тараққиётига ўзларининг катта ҳиссаларини қўшадилар.
Хўш, бир йилдан кейин нима бўлади? Бу саволнинг жавоби қуйидагичадир:
Ўзбекистонда бугун Каримов диктатураси, араб мамлакатларидаги диктатура ва қиролликлар, ғарбдаги моддапараст дунёвий (материалистик секуляр) режимлар ва Эрондаги, Ватикандаги руҳонийлар ва роҳиблар давлати каби давлат тузумини қуриш мақсадга мувофиқ эмас. У ҳолда мамлакатимизда қандай жамият қуришимиз керак. Мен бу саволга мана бу дастуримда жавоб беришга уринмаган:
http://namoznormumin.blogspot.com.tr/2015/02/blog-post_11.html
Бу дастур маъқул бўлганларни ушбу гуруҳга қўшилишга даъват қиламан.

Намоз НОРМЎМИН
08.09.2016


Комментариев нет:

Отправить комментарий