пятница, 21 октября 2016 г.

КУН ТАРТИБИМДАГИ УЧ МАСАЛА: АЛОҚА, МУЛОҚОТ ВА МУРОСА

Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Ўзбекистонда том маънода бўлмаса ҳам янги бир вазият ўртага чиқди, дея оламиз. Ҳеч қурмаганда мамлакатнинг биринчи раҳбари ўзгарди. Бу ҳақиқат...
Бундай вазиятда ижтимоий сиёсий вазиятни қайта баҳолаш, давлат сиёсатини қайтадан кўздан кечириш лозим бўлади. Бу жараённининг озми кўпми бошланганини кўраяпмиз. Шу билан бирга эски тузумнинг бирдан ўзгаришини, ҳамма соҳада ислоҳотларни қисқа муддатда амалга ошириб бўлмаслиги ҳам ўз ўзидан тушунарлидир...

Хўш, бундай вазиятда биз мухолифатчилар нима ишлари қилишимиз керак? Эскиси каби ҳукуматга узоқдан тош отиб, қуруқ танқид қилиб, халқдан узоқда ўз билганимизча юраверишимиз керакми?
Менимча ҳозир мухолифат учун ҳам ўзини ҳисобга чекиш, фаолиятини қайтадан кўздан кечириш ва янги шароитда янги сиёсий қадамлар қўйиш вақтидир.
Мен ушбу қадамларни мухолифатнинг Ўзбекистоннинг янги ҳукумати билан АЛОҚА, МУЛОҚОТ ВА МУРОСА қадамлари бўлиши керак, деб ҳисосблайман.
Мустақиллик эълонидан кейин кўп ўтмай ҳукумат ва мухолифат орасида АЛОҚА узилгани бир ҳақиқатдир. Энди бу АЛОҚА қайта тикланиши керак. Бунинг учун аввало мухолифат ўзининг ижтимий сиёсий лойиҳаларини ҳукуматга тақдим қилиши керак.
Мен бу мақсадда Шавкат Мирзиёев ҳукуматига ўз ижтимоий сиёсий дастуримни таклиф қилдим. (https://www.facebook.com/permalink.php?story_fbid=326891874329616&id=100010264186017)
Мен бундан кейинги қадамни ҳукумат билан МУЛОҚОТ қадами, деб биламан. Яъни, ҳукумат менинг бу таклифимга тўлиқ ёки қисман ижобий жавоб берадиган бўлса, ҳукумат ва мухолифат вакили ёки вакиллари ўзаро мулоқотга ўтиб, ватанимизнинг тараққиёти учун амалга ошириладиган ижтимий сиёсий амалларни муҳокама қилиши керак. Бу билан ҳукумат ва мухолифатнинг ўзаро муносабатларини йўлга қўйиш ишлари янги поғонага кўтарилган бўлади. Айни пайтда ҳукумат мухолифатнинг мамлакатимизда қонунлар доирасида фаолият олиб бориши учун имкон ҳам яратиб бериши керак бўлади.
Кейинги босчиқда эса ҳукумат ва мухолифат ўзаро МУРОСА йўлларини излаши керак бўлади. Чунки ҳукумат ва мухолифатнинг ўзаро сиёсий рақобати жамият ва давлат ҳаётини издан чиқариши эмас, аксинча жамиятнинг, давлатнинг ва энг муҳим халқимизнинг бутун соҳаларда тараққий қилишига хизмат этиши керак. Яъни, бу босқичда ҳукумат ва мухолифат учун умумий майдон ва умумий мақсад жамиятнинг, давлатнинг ва халқимизнинг умумий манфаатлари бўлади. Буни ижтимоий сиёсий ҳаётда барқарорликни (тинчликни) қўриш, давлат ва халқнинг олий мақсадларига эришиши, масалан халқаро майдонда Ўзбекистонни энг илғор давлатлар сафига қўшиш, халқ ва давлатни ташқи таҳликалардан қўриш каби соҳаларда ҳукумат ва мухолифатнинг ҳамкорлиги, дея аташ ҳам мумкиндир.
Ҳукумат ва мухолифатнинг сиёсий рақобати эса мана шу доирада, яъни ижтимоий сиёсий ҳаётда барқарорлик қўрилган шароитда мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг тафсилотларида, яъни сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий, маърифий ва маданий ислоҳотларни амалга оширишда ўзини кўрсатиши керак, деб ўйлайман.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, Ўзбекистон халқи ва давлати учун ҳозирги янги, айни пайтда ниҳоятда мураккаб вазиятда ҳукумат ҳам мухолифат ҳам яхши ниятли, ўзаро кечиримли, ўзаро АЛОҚА, МУЛОҚОТ ВА МУРОСАга ҳозир, халқимиз ва давлатимизнинг умумий мақсадлари учун ҳамкорликка тайёр бўлишлари керак.
Намоз НОРМЎМИН
21.10.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий