пятница, 4 ноября 2016 г.

ЎЗБЕКИСТОН ОНА, ТУРКИЯ ХОЛА ВАТАНИМДИР (1-4)


"Холалар оналар ўрнидадир..."

Билмадим бу мавзу бир мақолага сиғадими, йўқми? Чунки Туркия ва турклар мавзуси бир мақола у ёқда турсин, бир китобга сиғмаслиги аниқ...
Биз ҳозир 2016 йилда яшаяпмиз, аммо биламизки, аслида инсоният тарихи янада узоқ ва чуқуррироқдир. Биз ҳозир икки минг йил, дея баҳолаётган давримиз (эрамиз) Насронийлар, тўғрироғи Григорий йил ҳисобига кўра, Ийсо (ас)нинг туғилган куни, дея ҳисобланган кундан бошланади. Бутун манбалар бу кунни тахминий ўлароқ Ийсо (ас)нинг туғилган куни, дея баҳолайдилар. Унинг аниқ қачон, яъни қайси куни туғилганини Аллоҳ таоло билади...

Бу ҳисобга кўра, биринчи асрда дунёда Рим Императорлиги ҳукмрон эди. 4. Асрда ҳозирги Оврупо қитъасида миллий давлатлар ўртага чиқа бошлади ва шу тарзда Рим империясининг ғарбий қисми қулади. Шарқий Рим империяси Бизанс (Визанс) Империяси номи билан Истанбул фотиҳи Султон Муҳаммад (Меҳмет) Фотиҳхон 1453 йилда бу шаҳарни фатҳ қилгунга қадар мавжуд бўлган эди. Визанс ёки Византия Истанбул шаҳрини қурган бир юнонлининг исмидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)нинг Шарқий Рим императори Ҳераклга уни Ислом динига даъват қилиб ёзган мактуби машҳурдир.
Турк қавмлари 10 асрда Салжуқли давлати ҳукмронлигида Онадўли (ҳозирги Туркиянинг Осиё қисми) тупроқларига кириб кела бошлашганди. Онадўли юнонча Анатолия сўзининг туркча талаффузидир ва баъзи манбаларга кўра қуёш чиқадиган жой маъносини билдиради. Онадўлида Турклар аввал Салжуқлилар давлати, кейин эса 6 аср оёқда турган ва дунёни титратган Усмонли давлатини қурдилар. Усмонли давлати 1299 йилдан 1923 йилгача ҳукмрон сурган эди...
1923 йилда Усмонли халифалигининг йиқилиши билан Мустафо Камол Отатурк раҳбарларигида ҳозирги Туркия Жумҳурияти (Республикаси) қурилди.
Жумҳурият қиролликнинг, яъни бир оилавий салтанат ўрнига давлат раҳбаларининг халқ тарафидан сайланадиган сиёсий режимнинг исмидир.
Усмонли давлати (УД) билан Туркия Жумҳурияти (ТЖ) орасидаги асосий фарқлар шулардир:
Усмонли давлати Ислом Халифалиги эди, Туркия Жумҳурияти бир миллий давлатдир.
УД да Султон давлат бошлиғи эди, ҳарфи араб алифбоси бўлиб, бу давлатнинг ҳудуди 22 милён кв км тенг буюк бир давлат эди. УД асоси шариат бошқаруви эди, мактаблар мадрасалар шаклида эди. Тили Турк, Араб ва Форс тилларидаги калималардан иборат Усмонли тили эди...
ТЖ да давлат бошқаруви Президент (Давлат Раиси) ва Туркия Буюк Миллат Мажлисига (Парламент) ўтди. Отатурк қурган Жумҳурият Халқ партиясининг якка ҳумкронлиги (диктатураси) 27 йил, яъни 1923-1950 орасида сақланиб қолганди. Бу давр ичида Отатурк инқилоблари дейилган жараёнлар содир бўлди. ТЖ султонликдан жумҳурият шаклини олди, араб алифбоси ўрнига лотин алифбоси жорий қилинди. Шариат бекор қилинди, унинг ҳукмлари ўрнига ғарб давлатларининг ҳуқуқий, иқтисодий ва сиёсий қонун ва тартиблари жорий қилинди. Аёллар ҳижобдан чиқдилар, мадрасалар тугатилиб, уларнинг ўрнини Оврупо шаклидаги мактаблар олди...
Онадўли инсонларини ва улар яшайдиган жамиятни бу шаклда ғарблаштириш жараёни аслида 2002 йилгача, яъни ҳозирги Президент Режаб Тойиб Эрдўғоннинг партияси ҳокимиятни ўз қўлига олгунча давом эттирилди.
Мен Туркиядаги сиёсий жараёнлар ҳақида кўплаб мақолалар ёзгаанман. Ўрни келганда уларни бу ерда ҳам тўлагигича ёки иқтибослар ҳолида келтираман, деб ўйлайман. Чунки замонавий Туркияда, бутун дунёда бўлгани каби, сиёсат бутун ижтимоий соҳаларнинг асоси ҳолига келиб қолган. Аммо ҳозирча Турклар ва Ўзбекларнинг ўзаро ўхшашликлари ва фарқлиликлари мавзусига тўхталмоқчиман...
УСМОНЛИ ДАВЛАТИ ВА ТУРКИСТОН ОРАСИДАГИ ФАРҚ
Усмонли бир давлатнинг, Туркистон эса бир ҳудуднинг исмидир. Бу фарқ гўё оддий фарққа ўхшаб кўринсада, биз ўзбеклар ёки туркистонликлар учун аслида маъно жиҳатдан тоғлар ва ҳатто океанлар каби буюктир бу фарқ...
Нега Усмонли 6 аср дунёни титратган буюк давлат бўла олдию, нега Туркистоннинг буюклиги фақат хаёлларда ва шеърларда қолиб кетди?. Нега Усмонли буюк фатҳлар, шонли зафарлар ва буюк қаҳрамонлар билан тарихда ўрин олдию, нега Туркистон шууримизда ва тарихда фақат қолоқлик, ўзаро ихтилофлар, қайғу ва алам билан ўрин олди...? Нега?
Бу ҳақда кўп гапириши мумкин аммо мен масалани шу шаклда кўндаланг қўймоқчиман:
Нега Усмонли буюк давлат бўла олди, аммо Туркистон бундай давлат бўла олмади?
Давлат бўлиш шунчалик муҳимми? Ҳа, бир халқ учун унинг дини, иймонидан кейин энг асосий хусусият давлат бўлиш,, яъни ўз давлатига эга бўлишдир. Тўғри, солиҳ дини, иймони, яхши миллийлиги, маданияти бўлмаган инсонлар ва халқлар, Аллоҳ қўрисин икки дунёда мағлубият ичида бўлсалар, ўз давлатига эга бўлмаган инсонлар ва халқлар энг камида бу дунёда мағлубият ичида бўладилар.
Усмонли унинг бутун камчиликларига қарамай Буюк бир давлат эди, исми фахр билан айтиладиган, бу исм талаффуз қилинганда ҳали ҳам дунёнинг тўрт томони титрайдиган ҳақиқий маънода бир Давлат эди...
Туркистон эса ўзбекчасига айтганда фақатгина номи улуғ, супраси қуруқ, нималигини бировлар у ёқда турсин, Туркистонликларнинг ўзлари ҳам тўлалигича билмайдиган бир афсона, бир хаёлдир менимча...
Усмонли дин, иймон, миллат ва давлатнинг бирлигини ўртага қўйган буюк бир исмдир. Туркистон эса дину иймонни тўлиқ танимаган, миллатининг ўзи ўзлигини билмаган, ҳақиқий маънода давлат бўлиш эса хаёлига ҳам келмаган қабилалар ва бу қабилалар қурган ва ўзаро бир бирини еган феодал давлатчаларнинг исмидир...
Шундай эмасми? Ахир Аллоҳнинг инояти билан Совет империяси йиқилмагунча Туркистон исмини қанча туркистонликлар билар эди? Усмонлининг эса нафақат исмини, куч қудратини, ҳайбатини нафақат туркларнинг ўзлари, балки бутун дунё билади...
Бўртириб юборяпманми ёки? Усмонлининг мукаммал эмаслигини айтдим, ҳозирги Туркиянинг минг камчилиги бор. Аммо минг камчилиги бўлса ҳам, улар бор эди, биз кечагина умуман йўқ эдик. Қаёққа кетган эди Ўзбек деган бутун бошли халқ, Туркистон деган бутун бошли бир ўлка? Қаёққа кетган эди?
Нега шундай бўлди? Нега Турклар бутун қийинчиликлари, муаммоларига қарамай миллий ўзликларини, яхшими ёмонми ўз давлатларини сақлаб қола олдиларда, биз эса русга қул бўлиб кетдик. На миллийлигимИз, на да давлатимиз қолди?
Нега?
Нега бугун ҳам Туркия миллат, халқ ва давлат сифатида яхшими ёмонми дунёда ўз ўрнига эга, аммо биз ҳали ҳам ҳақиқий маънода миллат ва давлат бўла олмаяпмиз?
Нега?
(Давоми бор)
Намоз НОРМЎМИН
29.10.2016
ЎЗБЕКИСТОН ОНА, ТУРКИЯ ХОЛА ВАТАНИМДИР (2)
Ўтган мақоламда нега Усмонли давлати тарихда буюк давлат сифатида ўрин олди, аммо Туркистонда бундай давлат қурила олмади, деган маънода гаплар айтгандим. Бунга муносабат билдирган дўстларимдан бири Туркистонда ҳам Хоразмшоҳлар, Тимур, Бобур қурган давлатлар бўлганку, дея бир маънода ҳақли эътироз билдирган. Албатта, бу давлатларнинг бор бўлганлиги тарихий фактлар, аммо Усмонли давлати билан қиёслаганимизда айниқса сўнгги 500 йил давомида Туркистонда унга ўхшаш муҳташам ва буюк бир давлатнинг мавжуд бўлмаганлиги ҳам бир ҳақиқатдир...
Ҳурматли ўқувчи эътибор бераётган бўлса мен бу туркум мақолаларимда урғуни асосан сиёсат ва давлатчилик мавзуларига қаратаяпман. Чунки биринчи мақоламда ҳам айтганим каби халқларнинг ва давлатларнинг, умумиятла инсоният ҳаёт тарзини асрлар давомида дунёдаги катта давлатларнинг қандай сиёсат олиб боришлари белгилаб келмоқда. Шу билан бирга сиёсат соҳаси ва давлатлар инсонлар учун ҳам халқлар учун ҳам асосий масала эмаслигини, буларнинг бир восита эканлигини, асосий масаланинг эса дин, имон ва эътиқод масаласи эканлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман...
Туркия аҳолисининг бугунги кунда ҳам сиёсий жиҳатдан ниҳоятда фаол эканлигига бу йил 15 Июль куни бу мамлакатда Тойиб Эрдўғоннинг қонуний ҳукуматига қарши давлат тўнтаришига уриниш қилинганда гувоҳ бўлдик. Шу кун ҳарбийларнинг қурол кучи билан ҳукуматни ағдаришга уринишига қарши милёнларча инсонлар кўчаларга, майдонларга, аэропортларга чиқиб, намойиш ўтказдилар. Бу намойишларда улар ҳарбийларни давлат тўнтаришидан воз кечишга чақирдилар, кўчаларда ва майдонларда ўзларининг вужудларини, шахсий автомобилларини, юк машинларини ва ҳатто тракторларини ҳарбийларнинг танкларига қарши тўсиқ сифатида қўлландилар. Туркия халқи ҳарбийларга қарши бундай ҳатти ҳаракатларини ҳар ким ким ўз эътиқоди, дунёқараши, сиёсий мафкураси, ватан ва байроқ севгиси учун, ўзлари эргашган сиёсий лидерларини қўллаб қувватлаш учун амалга оширдилар...
Хўш, нега Туркия халқи ҳарбийларнинг ташқи кучлар томонидан қўллаб қувватланган давлат тўнтаришига бундай мардона ва оммавий қаршилик кўрсатди?. Чунки Туркия аҳолисининг катта қисмида дин, эътиқод, ватан, байроқ севгиси жуда кучли ва бу халқ ўзи сайлаган қонуний ҳукуматнинг бошқалар тарафидан ағдарилишига асло рози бўлмайди...
Ислом Каримов даврида яккашахс диктатурасининг ҳукмрон бўлганлигини ва шу сабабдан Ўзбекистонда халқнинг бундай ижтимоий сиёсий фаоллиги йўққа чиқарилганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу диктатура халқнинг ижтимоий сиёсий жиҳатдан фаол бўлишини таъминлайдиган матбуот эркинлиги. сайлов эркинлиги, тинч намойишлар эркинлиги, сиёсий мухолиф бўлиш эркинлиги каби халқнинг ўзига, дину иймонига, давлатига, ватанига, байроғига қарши бирон таҳлика бўлганда оёққа туришига асос бўладиган бутун яхши қадриятларнинг шаклланишига йўл бермади...
Қолаверса Туркияда инсонларнинг турли фуқаровийлик жамиятлари, уюшмалари, вақфлари ва шунга ўхшаш ташкилотларини тузиши тамоман эркиндир. Истаган киши қонунлар доирасида ўз ҳамкорлари ва ҳамфикрлари билан ўзи истаган фуқаровий ташкилотни тузиб, унинг фаолиятида иштирок эта олади.
Яъни, халқнинг ижтимоий сиёсий фаоллиги давлатни кучли қиладиган энг асосий омил эканлигини ҳозирги Туркиянинг тажрибасида кўришимиз мумкин.
Албатта, Туркияда ҳам етарли даражада ижтимоий, сиёсий, миллий, иқтисодий ва диний муаммолар бор. Фақат ҳалққа етарли даражада сиёсий ва ижтимоий эркинликлар берилиши натижасида халқ ва давлат ҳаётида нисбатан бўлсада тўғри ва адолатли сиёсатнинг йўлга қўйилиши, ҳамда мавжуд ҳукумат ва мавжуд мухолифатнинг бир қисмининг ва халқнинг етарли даражадаги ҳамкорлиги билан Туркия халқи ва давлати бу муаммоларни ечишга уринмоқда.
Мен айтмоқчи бўлаётган фикр биз Туркиядаги ҳозирги ижтимоий сиёсий аҳволни, бу ердаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва бошқа эркинликларни, Туркия халқининг сиёсий фаоллигини, ватансеварлигини, Туркия ҳукумати олиб бораётган кундалик ички ва ташқи сиёсатнинг энг яхши жиҳатларини ўрнак олиб, бу соҳалардаги камчиликлардан хулосалар чиқариб, Ўзбекистонда ҳам халқимизнинг Туркия халқи каби ижтимоий сиёсий фаоллигини таъминлайдиган ислоҳотларни ўтказиш зарурлигини таъкидлашдир.
(Давоми бор)
Намоз НОРМЎМИН
31.10.2016
ЎЗБЕКИСТОН ОНА, ТУРКИЯ ХОЛА ВАТАНИМДИР (3)
Азиз дўстларим, мана ушбу мавзунинг учинчи бўлимига ҳам етиб келдик. Эътибор қаратаган бўлсангиз, мен Туркия ва Ўзбекистонни ҳар томонлама қиёслаш орқали бу икки ватанимиз ҳақида баъзи мулоҳазаларимни билдираяпман.
Бугун 1850-1900 йиллар орасида бу икки ваатанимизда содир бўлган ижтимоий сиёсий воқеаларнинг баъзи нуқталарига қисқача тўхталмоқчиман. Мақсад нима қилсак биз Ўрта Осиё ёки Туркисонликлар ва Туркиялик қондош ва қардошларимиз бир бирларини яхши тушунадилаар, ҳақиқий биродарлар бўладилар ва ўзаро ҳамкорликни кучайтирадилар...Мана шунга озми, кўпми ўз ҳиссамни қўшишдаан иборатдир.
Бугун айтадиган аввалги гапим Афанди ҳақида бўлади. Туркияда инсонлар Насриддин Афандини қачонлардир Онадўлида яшаган бир авлиё, деб биладилар. Бизда эса Афанди халқ оғзаки ижодининг бир қаҳрамонидир, холос. Ҳар икки томонда афанди, дейиш ҳурматли маъносига ҳам келади. Масалан, машҳур ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романида бу сўзни ҳурматли маъносида қўлланганини биламиз. Турклар бу сўзни биздаги "лаббай" маъносида ҳам қўлланадилар. Масалан бу ерда бирон кишининг чақирсангиз ёки телефон қилсангиз, "ефендим", деган жавобни, яъни лаббай жавобини эшитасиз.
Ўзбекларда эса "Афанди"нинг яна бир маъноси баъзан ишларга билиб билмай жиддий қарамайдиган инсонлар ҳақида ҳам айтилади. Тўғрисини айтсам, бу туркум мақолаларга мавзу, яъни сарлавҳа танлаганга шундай ўзбекона афандилик қилганга ўхшайман. Нега деганда мен ўзимча бир Туркистон даъвосига хизмат қилаётган кишиман, аммо қўйган сарлавҳамга қаранг энди...Тўғри сарлавҳа "Туркистон она, Туркия хола ватанимдир" бўлиши керак эмасмиди? Оббо афандим эй...
Майли Аллоҳ бандаларининг кўнглини яхши билади. Мен Ўзбекистон деганда бутун Туркистонни тушунганим каби, Туркистон деганда унинг бир қисми бўлган Ўзбекистонни тушунишим ҳам ўз ўзидан тушунарли бўлса керак. Бу маънода мен Ўзбек бўлганим билан айни пайтда Туркистонликман ҳам...
Энди бугунги мавзумизга келсак, 1850-1900 йиллар орасида Туркистон ҳам, Туркия, яъни у замондаги Усмонли давлати ҳам "қаттиқ хаста" эдилар. Бу " ташҳис, яъни диагнозни" аслида аввал Рус подишоҳи, кейин эса ғарбликлар Усмонли давлати учун қўйган эдилар:
"Термин вошёл в употребление в середине XIX века применительно к Османской империи. Принято считать, что именно так во время обсуждения накануне Крымской войны «восточного вопроса» с британским послом Сеймуром назвал загнивающую державу российский император Николай I."
Яъни, Рус подишоҳи 1850 йилда Англия элчисига илк марта Усмонлини касал одам, дея таъриф қилган ва кейинчалик бу лақаб ғарлликлар орасида тарқалиб кетганди.
Энди бир қарайлига, у пайтлар Усмонли 22 милён кв км ҳудудга ҳукм қилган дунёнинг энг катта давлати эди. Бутун Оврупо, Америка ва Русия каби мана ман, деган давлатлар бу "хаста одамдан" чўчиб туришарди.
Туркистончи, Туркистон у йилларда қай аҳволда эди?. Оҳ, Туркистоним менинг сен у йилларда хастамидинг ёки тамоман ўлиб бўлганмидинг? У йилларда Туркистон бир бирига душман бўлган Қўқон ва Хива хонлиги ва Бухора амирлигидан иборат эди. Ўз ёғига ўз қоврулмоқда эди. Кейин, яъни 1900 йилларнинг бошларида Туркистонга сафар қилган сибирялик боболаримиздан Японияга Ислом даъватини олиб борган устоз Абдурашид Иброҳим Бухорога ҳам борган ва шундай деганди: "Менинг яқин орада бу ерлардан одам чиқишига кўзим етмайди. Бухоро мадрасаларида 20 йил талаба бўлиб, ҳали араб тилини ўргана олмаган кишиларни кўрдим".
Гап бу ерда албатта араб тилида эмас. Ўша йилларда бир тилни 20 йилда ўрганмаган талабалар бошқа фанларни ва илмларни ҳам шундай "маваффақият" билан ўрганишганига албатта шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Бекорга Туркистонликларнинг бундан кейинги авлодлари бўлган Жадидчи боболаримиз мактабу мадраса ислоҳоти билан машғул бўлмаган эдилар, ахир...
Абдулла Қодирий эса "Ўтган кунлар"да ўша йилларни ҳикоя қилар экан Тошкентда Мусулмонқул бошлатган қипчоқ қатлиомини танқид қила туриб, ахир Рус қўшинлари Оқ масжидга, яъни ҳозирги Қозоғистоннинг шимолига келди, биз эса бир биримизни қатлиом қилиш билан машғулмиз, дея йиғлаган, манфаатчи ва тор тушунчали бойлар ва раҳбарлар эса уни "Юсуфбек ҳожи кўкнорини кўп ичган шекилли", дея масхара қилишганди...
Усмонли эса 1850 йилларда "Танзимат" номли ислоҳотлар дастурини жорий қилиш билан машғул эди.
Танзимат луғатда низомга солиш ёки сиёсий ислоҳотлар маъносини билдиради. Маълумки Усмонли подишоҳлари сиёсий тилда айтганда мутлақ қирол эдилар. Taнзмат фармони билан Усмонлида фуқароликни, шу жумладан ғайримуслимларни ҳам тенг ҳуқуқли фуқаролар ўрнида кўриш, порахўрликни тугатиш, давлатда солиқ сиёсати, аскарликнинг беш йилга қадар камайтирилиши каби ислоҳотлар амалга оширилиши назарда тутилганди...
Яъни, Усмонли яхшими ёмонми бир давлат эди. Уни ислоҳ қилиш фикри бор эди. Кейинчалик Мешрутийат, яъни машруълааштирма, қонунлаштирма жараёнлари билан Подишоҳнинг ваколатларининг қисқартилиб, давлатда бир Мажлис (ҳазриги тушунчада Парламент) қуриш масаласи ҳам кун тартибига келтирилганди.
Албатта, ўша даврда Усмонли давлати бу ислоҳотларни Овруподаги ижтимоий сиёсий ўзгаришлар тааъсирида қилишга урингани ҳам бир ҳақиқатдир.
Шу билан бирга мусулмонларнинг тарихида иккинчи Умар, дея ном олган Умар ибн Абдулазизнинг мусулмонларнинг раҳбарларининг ўша пайтда шакллана бошлаган тарзда отадан болага ўтиши шаклида эмас, мусулмонларнинг шўроларида сайланишини тадбиқ қилишга урингани, мазҳаб имомларидан Абу Ҳанифанинг мусулмонларнинг раҳбарларини айнан мана шундай сайловларда сайланиши учун курашгани ҳам бир ҳақиқатдир.
Туркистонда келадиган бўлса у йиллардаги бизнинг давлатларимиз феодал усулда фаолият олиб борган, давлатни ислоҳ фқилиш фикри эса умуман кун тартибида бўлмаганди...
(Давоми бор)
Намоз НОРМЎМИН
01.11.2016

ЎЗБЕКИСТОН ОНА, ТУРКИЯ ХОЛА ВАТАНИМДИР (4)
ТУРКИЯДА НИМАЛАР БЎЛАЯПТИ?
Бугун Туркия оммавий ахборот воситалари асосан мамлакатнинг жанубий шарқида фоалият олиб борадиган Курд миллатчиларининг ХДП, яъни Халқларнинг Демократик Партияси (Türkçe: Halkların Demokratik Partisi (HDP) 12 Миллатвакилининг (депутатининг) қамоққа олинганини хабар берди.
Бу миллатвакиллари Туркияни бўлиб, парчалаб юборишни мақсад қилиб олган ва унинг жанубий шарқий қисмида мустақил Курдистон давлатини қуриш учун қуролли кураш олиб бораётган ПКК (Курдистон Ишчи Партияси) террор ташкилоти билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқдалар.
Бугунги кунда Туркиядаги ижтмиоий сиёсий муаммоларни 4 катта қисмга ажратиш мумкин:
1. Мамлакатни бўлишга ёки ундаги ижтимоий сиёсий барқарорликни издан чиқаришга уринаётган ПКК, ХДП, шунингдек Фатҳуллоҳ Гулан тарафидан қурилган ФЕТО терор ташкилотларининг фаолияти натижасида ўртага чиққан муаммолар.
2. Ҳозирги ўтиш даврида мамлакатдаги ижтимоий сиёсий режимнинг келажагидаги ноаниқликлар муаммоси. Бу масаладаги асосий нуқта Туркияда деярли сўнгги бир асрда ҳукмрон бўлиб келган ғарбона секуляр режимни мўътадиллаштириб, уни асосан мусулмонлардаан иборат бўлган аҳолининг эътиқодий ва турмуш тарзига мослаштириш муаммоси.
3. Амалдаги Давлат Низомини (Конституцияни) ўзгартириш орқали ҳозирги сиёсий бошқарув тарзи бўлган Парламентар Жумҳуриятни Президентлик бошқарувидаги давлат шаклига ўтказиш муаммоси.
4. Халқаро майдонда Туркияга қўшни бўлган Сурия ва Ироқдаги урушларнинг Туркия учун салбий ҳудудий ва сиёсий таъсири муаммоси.
Илк 3 мауммо бўйича Туркия ҳукумати қатъий ва аниқ сиёсат олиб бормоқда, дейиш мумкин. Яъни, Курд миллатчтларининг мамлакатни бўлиш ёки ФЕТО ташкилотининг давлат сиёсатини издан чиқариш уринишларига қарши Туркия ҳукумати қатъий чоралар олмоқда. Шу билан бирга Президент Тойиб Эрдўғон ва Бош Вазир Бинали Йилдирим раҳбарлигидаги иқтидор партияси Турк Миллатчиларининг МХП партияси билан келишган ҳолда Давлат Низомини (Конституцияни) ўзгартириш учун зарур бўлган сиёсий қадамларни отишга ҳозирланмоқда.
Тўртинчи мауммо, яъни ташқи сиёсат масаласига келадиган бўлсак, Туркия АҚШ, Оврупо Иттифоқи ва Русия орасида ўзаро геополитик курашда ўрта бир позицияда туриб, ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уринмоқда.
Унутмаслик керакки, Туркияда ҳозирги кунда Фавқулодда Вазият эълон қилинган ва мамлакатнинг бутун ҳудудида ушбу ҳолат қонун ва қоидалари жорий қилинган.
Туркиядаги вазиятни Ўзбекистондаги ҳозирги аҳволга қиёслайдиган бўлсак, ватанимизда уни бўлишни мақсад қилиб олган ҳеч бир миллатчи партия ёки Фатҳуллоҳ Гулан каби динни ниқоб қилиб олиб, чет давлатларнинг сиёсий ўйинларига ўйнайдиган ташкилотларнинг йўқлиги албатта ижобий ҳолдир.
Қолаверса, бу ерда тўртинчи муаммо сифатида айтилган Туркия атрофидаги ниҳоятда мураккаб геополитик кураш ва урушларнинг Ўзбекистон атрофида содир бўлмаётгани ҳам Ўзбекистон учун ижобий ҳол дейиш мумкин. Табиий бизнинг минтақамида Афғонистон муаммоси бор, аммо бу муаммо ҳозир Ўрта Шарқдаги каби чигал ва даҳшатли эмас, деб ўйлайман.
Яъни, Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги ҳукумат учун зарурий ислоҳотларни ўтказишда Туркияда бўлгани каби жуда катта ички ва ташқи муаммолар йўқ. Бу эса ислоҳотларни ҳеч кечиктирмасдан ўтказиш учун нисбатан қулай имконият беради.
Эндиги масала янги ҳукуматнинг бу ижтимоий сиёсий ислоҳотларни ўтказишида қолди...
Намоз НОРМЎМИН
04.11.2016
(davomi bor)

Комментариев нет:

Отправить комментарий