воскресенье, 27 ноября 2016 г.

СТАЛИНДАН КЕЙИН ХРУШЧЕВ, КАРИМОВДАН КЕЙИН ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ МИ?

Бу билан аслида шундай демоқчиман:
Ҳозир Ўзбекистон Президенти бўлишига бир қадам қолган Шавкат Мирзиёев собиқ Президент Ислом Каримовнинг диктаторлик сиёсатини давом эттирмаслиги керак. У худди собиқ СССРда коммунистик диктаторлик режимини 29 йил бошқарган Сталиндан кейин ҳокимиятга келган Никита Хрушчев каби мамлакатда ижитимоий сиёсий илиқлик муҳитини ўрнатиши ва бу орқали Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери кутилаётган ислоҳотларни ўтказиши зарур.

Ҳа, ҳали Каримов қурган диктатура оёқда турибди, лекин уни бир ҳамла билан йўқ қилиб бўлмайди, бунинг учун ўтиш даврига эҳтиёж бор.
Шавкат Мирзиёевга мухолифлар томонидан айтилаётган энг катта эътироз унинг Асосий Қонунга амал қилмай, вақтинчалик Президентлик вазифасини ўз зиммасига олганлиги ва 4 Декабрда ўтказиладиган янги Президентлик сайловининг ҳақиқий эркинликлар ва адолат шароитида ўтказилмаётганидир.
Бу сиёсий айбловдир ва бу айблов ўринсиз ҳам эмас. Аммо Шавкат Мирзиев 27 йилдир Ислом Каримов амал қилмаган Конституцияга бирданига амал қила олармиди?
Каримов ўлганидан кейин, мана диктатор ўлди, келинглар энди ҳақиқий ва эркин сайловлар ўтказайлик, мухолифат ҳам келсин, сайловда қатнашсин, дея олармиди?
Бу ҳолда Ўзбекистоннинг ҳукумати қоқ марказидан икки ёки уч бўлакка бўлинарди. Бир томонда Шавкат Мирзиёев, иккинчи томонда унинг ёрдамчиси Рустам Азимов, учинчи томонда ҳокимиятда ўз вакилининг қолишини истайдиган МХХ...ва яна 25 йилдир ҳеч қандай сиёсий тажрибаси бўлмаган турли мухолиф ҳаракатлар ва партиялар...
Бундай сиёсий курашнинг энг оғир натижаси Ўзбекистонда ҳокимият учун очиқ сиёсий курашнинг бошланиб кетиши, бунинг анархия ва ижтимоий сиёсий тўполонларга сабаб бўлиши эҳтимолини сиёсатдан озгина хабари бўлган кишиларнинг тушуниши жуда осондир.
Шавкат Мирзиёев бундай "радикал" сиёсий ислоҳотлар ўтказиш қарорини ўз зиммасига олмади. У эркин сайловда сиёсий мухолифларга ютқазиб қўйишидан қўрққани учунгина эмас, балки Ислом Каримовдан мерос қолган оғир ижтимоий сиёсий аҳволнинг бундай сиёсий курашга дош беролмаслигини ўйлагани учун ҳам бундай сиёсий қадам қўя олмади менимча...
Унутмаслик керакки, Сталиндан кейин келган Никита Хрушчёв ҳам СССРни тарқатиб юбормаган, унинг коммунистик режимидан воз кечмаган эди. Аксинча у мавжуд тоталитаар режимни мўътадиллаштирган эди, холос...
Шундай экан, Ўзбекистоннинг янги раҳбари эски сиёсатни давом эттира олмайди. Аммо бирданига мавжуд авторатар режимни оёғидан осмондан қилиб ағдариб ҳам ташлай олмайди.
Сиёсатнинг асосий қонуни шундан иборатки, агар ҳукумат ислоҳотларни ўтказишни истаса, у аввало ҳокимиятнинг ағдарилишига йўл қўя олмайди. Чунки ҳокимиятнинг ағдарилиши ислоҳотни эмас, инқилобни билдиради. Ўзбекистонда аввало бундай инқилобни амалга оширадиган сиёсий кучнинг ўзи йўқ, қолаверса инқилобнинг яхшилик билан тугашига ҳеч қандай кафолат ҳам йўқ.
Тожикистондаги мустақилликнинг илк йилларидаги инқилобга уриниш, Қирғизистонда амалга ошган икки инқилоб, "Араб Баҳори" инқилобларининг асосий саҳифалари бундай инқилобларнинг жуда ёмон натижа бериши мумкинлигига амалий далилдир.
Баъзи мухолифлар ғарбдан, яъни АҚШ ва Оврупо давлатлари дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам демократия, эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини ўрнатилишига ёрдам беради, деб умид қиладилар. Бу умид қўйнинг терисига бурканган бўридан марҳамат кутиш каби бир умиддир. Чунки ғарб радикал материализм, яъни манфаатпараст капитализмга асосланган бу "эркинликларни" ўзидан бошқа ҳеч кимга раво кўрмайди. Ғарб дунёси бир жойда бу эркинликларнинг жорий қилинишини истаётган бўлса, аслида у ерда сиёсий ҳокимиятнинг дарз кетишини, анархия ва фуқаровий тўс тўполонлар ва ҳатто фуқоралар урушини истаётган бўлади. Ана шундай кейин ғарб дунёси бу халққа ва давлатга шундай дейди:
"Оббо нодонлар эй! Сизлар демократияни эплай олмадингизлар. Сизлар мана шу янги диктаторга муносибсизлар (Тожикистонда Раҳмоновга, Мисрда Сисийга ва ҳк). У сизларни бошқарсин. Узаро низоларингиздан барбод бўлган иқтисодни тузатишингиз учун эса сизларга катта фойизга қарз берамиз. Бизнинг сизларга ҳақиқий ёрдамимиз мана шундан иборатдир..."
Яъни, ғарб дунёсининг асосий мақсади, айниқса мусулмонлар яшайдиган ўлкалардаги мақсади шундан иборатдир. Ғарбликлар бизнинг ҳақиқий маънода мустақил бўлишимизни эмас, уларга итоат қиладиган ҳукуматларнинг иш бошида бўлишини ва берган қарзларига фойиз тўлайдиган замонавий мустамлакалар бўлишимизни истайди...
Ғарбликлар бирор жойда демократик сайловлар ёки ҳукуматни ағдаришга қаратилган инқилобларни истаётган бўлса, албатта буни "косанинг тагида нимкоса" ҳақиқатига кўра амалга оширадилар. Бу билан бирор халқни ёки давлатни ўз хизматкорига айлантиришни мақсад қилиб оладилар.
Бу билан Ғарбда ҳақиқий эркинликларни истайдиган кучлар, ташкилотлар ва инсон ҳуқуқини ҳимоя қиладиган инсонлар умуман йўқ, демоқчи эмасман. Аммо замонавий ғарб дунёсининг асосий фалсафаси ва сиёсий ҳаракатлари турли йўллар билан ўз манфаатини қўлга киритишга қаратилгани бир ҳақиқатдир.
Демак, Ўзбекистон учун ғарбона демократия ёки қандайдир инқилоблар йўли бугунги кунда мақсадга мувофиқ бўлмаган йўллардир.
У ҳолда бугун Ўзбекистон тараққиёти учун ягона йўл ислоҳотларни ўтаказиш йўлидир
Бошқа сўз билан айтганда, Шавкат Мирзиёев ҳозир "Каримов диктатураси йўқ қилиниши керак, шунинг учун ҳам биз ҳукуматдан кетдик, энди бу ёғи нима бўлса бўлсин, ҳокимиятга ким келса келсин, бизнинг бу масала билан ишимиз йўқ", дея масъулиятсиз қадам ота олмайди.
Чунки давлат иши, ҳукумат иши жуда жиддий иш, давлатда сиёсий барқарорликнинг ушлаб турилиши, оддий сўз билан айтганда ижтимоий тўп тўполонларга, сиёсий жанжалларга, бундан келиб чиқадиган фуқаровий тўқнашувларга йўл бермаслик ниҳоятда муҳим, Ўзбекистон халқи ва давлати учун бор бўлиш ёки йўқ бўлиш масаласидир.
Яъни, Ўзбекистонда ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларни ўтказиш учун ўртада бир ҳукумат, бир бошқарув бўлиши шартдир.
Бу ислоҳотларни навбати билан айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда аввал амалга ошириладиган ислоҳот иқтисодий ислоҳотлар, кейин жамиятда дин масаласининг тўғри ҳал қилиниши ва сиёсий ислоҳотлардир.
Яъни, ҳозирги кунда Ўзбекистонда қандайдир ҳукумат маҳкам оёқда туриб, аввал иқтисодни тузатиши, кейин эса аҳолининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлгани учун жамиятда Ислом динига ва мусулмонларга тўғри муносабатда бўлиш масаласини ҳал қилиши керак.
Шавкат Мирзиёев бу масалаларни қандай ҳал қилишини ҳозирдан айтиш қийин.
Аммо унинг Ислом Каримов вафотидан кейин тадбиркорларга эркинлик бериш масаласига жиддий эътибор қаратаётгани ва аввало Ўрта Осиёдаги бизга қўшни ва қон қардош давлатлар билан, бунга Туркияни ҳам қўшсак бўлади, ўзаро алоқаларни яхшилашга уринаётгани ўта муҳимдир.
Иқтисодни тузатиш учун Ўзбекистоннинг ўзида иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш билан бирга Ўрта Осиё, Туркия, Русия ва Япония каби давлатлар билан яхши ва ўзааро манфаатли иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ўта муҳимдир.
Дин масаласига келадиган бўлсак, бу масала ҳам ўта муҳим ва айтиш мумкинки Ўзбекистон халқининг ва давлатининг келажаги учун ҳаёт мамот масаласидир. Яъни, ватанимизда диний масала шундай ҳал қилиниши керакки, бу масалада "сих ҳам, кабоб ҳам куймасин". Каримов даврида мусулмонларга қарши ўтказилган даҳшатли зулм ва репрессия сиёсати билан бу масалани ҳал қилиб бўлмаслиги ўз ўзидан тушунарлидир.
Бу масалага менинг қарашим шундан иборат: Ўзбекистонда бир томондан, ижобий маънода замонавий дунёвий тараққиётнинг баъзи жиҳатлари ўрин олиши керак. Яъни, давлат сиёсатда фуқаровийлик (диктататорлик эмас) қоидасига, халқнинг ўз ўзини бошқариш, раҳбарларини сайлаш, яна ижобий маънода сўз, фикр, матбуот эркинлиги, иқтисодий эркинликлар ва ижтимоий адолат сиёсати ўтказилиши зарур. Иккинчи томондан эса, мусулмонларга ибодат эркинлиги, кийиниш эркинлиги ва ижтимоий ҳаётнинг бутун соҳаларида ўз ўринларини олиш эркинликлари таъминланиши зарур.
Бу масаланинг бу шаклда ижобий ҳал қилиниши унчалик осон эмаслигини албатта тушунамиз. Бу дин ва давлат, дин ва сиёсат муносабатлари масаласига янгича, яъни ижобий ёндошувни талаб қилади. Бунинг учун эса ҳукуматнинг диндорлар билан муносабатда янги сиёсат олиб бориши билан бирга мусулмонларнинг ҳам мазҳабий, ақидавий, гуруҳий, ҳизбий ва бошқа ихтилофлардан воз кечиб, бу билан ўзаро тотувликни ва ҳамкорликни йўлга қўйишлари ва бу орқали ҳукуматнинг дин масаласидаги ижобий ислоҳотларига ёрдамчи бўлишлари керак бўлади.
Ушбу мақоламни қуйидаги шаклда қисқа хулосаламоқчиман:
1. Ўзбекистонда ҳозирги кунда бир ҳамла билан Ислом Каримовдан мерос қолган диктатура режимидан қутулиш мумкин эмас. Шавкат Мирзиёев нафақат мухолифларнинг иштирокини истамагани учун, балки Каримов режими қолдиғининг, яъни Ўзбекистондаги ҳозирги танг ижтимоий сиёсий аҳволнинг эркин сайловларга дош беролмаслигини ўйлагани учун ҳам ҳукуматни ўз қўлига олишга қарор берган бўлиши мумкин. Қолаверса, бугун Ўзбекистонда ғарб демократияси қоидаларини жорий қилиш ёки мавжуд ҳукуматни қўзғолон ёки инқилоб йўли билан ағдаришга давъат ёки уринишлар ниҳоятда ёмон сиёсий оқибатларгаа олиб келиши мумкин эди.
Демак, Ўзбекистон ҳукуматига мухолифларнинг ҳозирги кундаги шиори "Йўқолсин Шавкат Мирзиёев ҳукумати" шаклида эмас, "Шавкат Мирзиёев ҳукумати зудлик билан ижтимоий сиёсий ислоҳотларни ўтказишни бошласин" шаклида бўлиши керак.
2. Ўзбекистонда энг аввало иқтисодий ва дин соҳаларида ислоҳотлар ўтказилиши зарур. Бунинг учун давлатни ва халқни маҳкам оёқда тура оладиган ислоҳотчи ҳукумат бошқариши шарт. Бу ислоҳотларни ўтказиш билан ижтимоий тинчлик ва адолат томонга жиддий қадамлар отилган бўлади. Шу билан бирга жамиятда фуқаровийлик, яъни халқнинг ўз ўзини бошқариш, раҳбарларини сайлаш, ижобий маънода сўз, фикр, матбуот эркинлиги каби эркинликлар ҳам босқичма босқич жорий қилиниши зарур.
Мен бу сиёсий хулосаларимни аввало Ўзбекистондаги реал (ҳақиқий) ижтимоий сиёсий аҳволдан ва дунё сиёсатида турли давлатларда содир бўлаётган жараёнлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда айтдим.
Шу билан бирга мен бир мухолиф сиёсатчи сифатида ҳозирги ҳукумат мана шундай ислоҳотларни ўтказишни бошласа, бу ҳукумат билан амалий ҳамкорлик қилишга тайёрлигимни яна бир марта таъкидламоқчиман.
Намоз НОРМЎМИН
25.11.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий