понедельник, 19 декабря 2016 г.

БОБУРШОҲНИНГ ҲАЁТИДАН БИР ЛАВҲА

Маълумки, Бобуршоҳ Шайбойнийхонга енгилгандан кейин оз сонли лашкари билан Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлади. У ерда Ҳиротга бориб, Ҳусайн Байқаро билан ўз душманига қарши иттифоқ тузмоқчи бўлади. Аммо у вақтда 
Ҳусайн Байқаро вафот этади. Унинг ўғиллари Баддиуззамон мирзо ва Жаҳонгир Мирзо Ҳиротда шерикликка подишоҳ бўладилар. Уларнинг Шайбойнийхон қўйшинларига қарши бирга жанг қилишидан умидини узган Бобур Ҳиротдан Қобулга йўл олишга қарор қилади:

"...Чароқдондин ўтгач ҳам қор кўп улуғ бўлди, ҳам йўл номаълум бўлди. Лангари Мир Ғиёс навоҳисида Қобулга не йўл ила боришимизни кенгашдик. Мен ва аксар барин эдукким, тоғ йўлига кўп дағдаға ва тараддудтур. Қандаҳор йўли агарчи бир нима йироқроқдур вале бетаруддуд ва бедағдаға борилур. Қосимбек у йўлни йироқдур, бу йўл била борурбиз, деб кўп жаҳл қилди, бу йўлга бўлдик. Бир Султон отлиқ пешойи бошчи (йўлбошчи НН) эди, қарилиғиданму ё олдорағониданму ё қорнинг улуғлиғиданму, йўлни йўқотти, бошлай олмади...
Чунки Қосимбек саъйи билан бу йўлга бўлиб эдук, Қосимбек номусга тушуб, ўзи ва ўғлонлари оқ қор тепиб йўл топиб, илгари юрурлар эди. Бир кун ҳам қор асру улуғ бўлди, ҳам йўл номушаххас. Ҳар қанча сайълар қилдук, боролмадук. Чора топа олмай ёниб, бир ўтинлиғ ерга тушиб, етмиш саксон обдон йигитларни тайин қилдукким, изимиз билан ёниб, қўл қўйи қишлоғон ҳазора мазорадин топиб, йўл бошлағали келтиругайлар. Ул борғонлар келгунча уч тўрт кун бу юрттин кўчилмади. Борғонлар ҳам ўбдон йўл бошлар киши келтирмадилар. Таваккул қилиб, Султон пешойини илгари солиб, ушбу йўлға ўқ ким топа олмай ёнилиб эди бўлдик (яъни адашиб қолдик НН). Ул неча кун бисёр ташвишлар ва машаққатлар тортилди, андоқким, муддатул умр мунча машаққат камроқ тортилиб эди. Бу матлаъани ўшал фурсатта айтилди:
Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдими,
Хасту кўнглим чекмаган дарду балоси қолдими?
Бир ҳафтага ёвуқ қор тепиб, кунда бир шаръий бир ярим шаръийдан ортиқ кўчилмас эди. Қор тепар киши мен эдим, ўн ўн беш ички била (яқин беклар НН) ва Қосимбек эди, икки ўғли Тангриберди ва Қанбар Али била яна икки уч навкари ҳам бор эди. Ушбу мазкур бўлганлар яёоқ юруб, қор тепар эдук, ҳар киши етти саккиз ўн қари (қадам? НН) илгари юруб қор тепар эди. Ҳар қадам қўйғонида белигача, кўксигача бота бота қор тепар эди. Бир неча қадам боргандан сўнг илгариги кишининг ҳамли кўйуб турар эди, яна бир киши илгари ўтар, бу ўн, ўн беш, йигирма киши яёоқ қорни тепар эди, онча бўлур эдиким бўш отни тортса бўлур эди. Бўш отни тортилур эди, узангусиғача, қоптолиғача кўп кўп, бота бота бу бўш от ҳам ўн ўн беш қадамча йўл юруб толиқар эди. Бу отни ёқага (чеккага НН) тортиб, яна бир бўш отни илгари тортилур эди. Ушбу дастур била биз ўн, ўн беш, йигирма киши қор тептук. Ушбу ўн, ўн беш, йигирма кишининг отлари илгари тортилди, ўзга тамом ўбдон ўбдон йигитлар ва бек отонғонлар отларидин ҳам тушмай, тайёр тепилган ва босилғон йўлға кириб, бошларини қўйи солиб келурлар эди. Маҳал у эмас эдиким, кишига таклиф ва зўр қилинғай, ҳар кимнинг ҳиммат ва журъати бўлса, бундай ишларни ўзи тилаб қилур...
Ушбу тариқ била қор тепиб, йўл қилиб, Инжукон ердан уч тўрт кунда кўтали Заррининг тубига ҳақоли қутий деган ҳаволға (ғорга) келдик. Ушбу кун ғариб чопқун (бўрон НН) билан қор ёғар эди. Андоқким, барчага ўлим ваҳми бўлди. Ул эл тоғдаги ғор ва ковакларни ҳавол дерлар. Бу ҳаволга етганда чопқун беҳад тез бўлди. Ушбу ҳавол қошига ўқ тушилди (тўхтадик, тушдик НН). Қор улуғ, йўл якраҳа (муз НН), тепилган босилган йўл билан ҳам от буҳайла (қийин НН) борадур. Кунлар ғоят қисқалиққа илгарги киши ёруғ чоқда ҳавол олдиға келдилар, намози шом намози хуфтонгача эл кела қолди (йиғилди НН). Андин сўнгра турғон ерда ўқ тушди (тўхтадик НН). Кўп эл от устида ўқ тонг ортирди, ҳавол торроқ кўринди. Мен ҳаволнинг оғзига курак олиб, қор кураб, ўзимға бир тақия миқдори ер ясадим, қорни кўкисгача (кўкракгача НН) қоздим ҳануз ерга етмайдур эди. Бир нима елга (шамолга НН) паноҳ бўлди, ўшанда ўқ ўлтирдим. Ҳар неча дедиларким, ҳаволға (ғорга) боринг, бормадим. Кўнгилга кечтиким, борча эл қорда ва чопқунда (бўронда), мен иссиқ уйда ва истироҳат била, мунда борча улус ташвиш била машаққатда, мен мунда уйқу била фароғатда. Мурувваттин йироқ ва ҳамжиҳатликдин қироқ ишдур. Мен ҳам ҳар ташвиш ва машаққат бўлса кўрайин, ҳар нечук эл тоқат қилиб турса, турайин, бир форси масал бор: " Марг бо ёрон сураст", яъни "Дўстлар билан биргаликдаги ўлим тўйдир..."
"Бобурнома", Камолот Кутубхонаси, "Янги аср авлоди" нашриёти, 2015 йил, 328-329 бетлар.
Баъзи ибратлар:
1. "Лангари Мир Ғиёс навоҳисида Қобулга не йўл ила боришимизни кенгашдик...".
Яъни, Бобуршоҳ ишларини маслаҳат, кенгаш билан қилган ва Қобулга қайтишда Қосимбекнинг, яъни энг катта бегининг маслаҳатига қулоқ солган.
2. "Қор тепар киши мен эдим, ўн ўн беш ички била (яқин беклар НН) ва Қосимбек эди, икки ўғли Тангриберди ва Қанбар Али била яна икки уч навкари ҳам бор эди.."
Яъни, энг қийин пайтда Бобуршоҳ шоҳлигини рўкач қилиб, одамларга буйруқ бериб ўтирган эмас. Аксинча энг машаққатли ишда ўзи иштирок этган.
3. "Ўбдон ўбдон йигитлар ва бек отонғонлар отларидин ҳам тушмай, тайёр тепилган ва босилғон йўлға кириб, бошларини қўйи солиб келурлар эди. Маҳал у эмас эдиким, кишига таклиф ва зўр қилинғай, ҳар кимнинг ҳиммат ва журъати бўлса, бундай ишларни ўзи тилаб қилур..."
Бу ерда изоҳга эҳтиёж бўлмаса керак. Фақат бу воқеа Бобуршоҳнинг адолатли ва одамларига ташаббус беришга мойил раҳбар бўлганини кўрсатади.
4. "Ҳар неча дедиларким, ҳаволға (ғорга) боринг, бормадим. Кўнгилга кечтиким, борча эл қорда ва чопқунда (бўронда), мен иссиқ уйда ва истироҳат била, мунда борча улус ташвиш била машаққатда, мен мунда уйқу била фароғатда. Мурувваттин йироқ ва ҳамжиҳатликдин қироқ ишдур".
Бу сатрлар Бобурнинг нақадар яхши ахлоқ соҳиби бўлганига далилдир.
Намоз НОРМЎМИН
15.12.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий