вторник, 20 декабря 2016 г.

ТУРКИЯНИ ТУШУНИШ ҲАМ ТУШУНТИРИШ ҲАМ ҚИЙИН

Ҳақиқатан ҳам осон эмас, Туркияни тушуниш ҳам тушунтириш ҳам.
Туркия бундан бир аср аввал Усмонли давлатининг маркази эди. Усмонли давлати 22 миллион кв км кенгликда, яъни ҳудуд жиҳатдан собиқ СССР каби буюк бир давлат эди. Биринчи дунё уруши жараёнида бу давлат парчаланиб кетди ва унинг ўрнида энг камида 20 янги давлат пайдо бўлди...
Бугун Русия қандай парчаланиб кетган собиқ СССРнинг вориси бўлса, Туркия ҳам 100 йил олдин парчаланган Усмонли давлатининг вориси сифатида ўртага чиққанди.

1923 йилда Мустафо Камол Отатурк тарафидан қурилган Туркия Республикаси (Жумҳурияти)нинг ижтимоий сиёсий тизими ғарб, яъни Оврупо ижтимоий сиёсий тизимини копиялаш, яъни нусхалашга уриниш натижасида ўртага чиққанди...
Яъни, 1920 йилларда Ўзбекистон ва бошқа Ўрта Осиё давлатлари қурилиб, уларнинг халқларидан қандай Совет халқи ясашга уринилган бўлса, 20 асрда Туркия Жумҳуриятида ҳам ғарблик, секуляр Турк халқи пайдо қилишга уринилди.
Бу мақсадда Туркияда ғарбона лаик (секуляр) режим эълон қилинди, мусулмонча урф одатлар, ижтимоий қонунлар бекор қилинди, аёллар паранжи ташлади, мадрасалар ёпилди, эркаклар ғарбликларнинг шапка ва шляпасини кйиишга мажбур қилинди, азон 17 йил давомида Турк тилида ўқилди...
Натижада 1950 йилларга келинганда Туркия аҳолисининг катта қисми Отатуркчи бўлди, мусулмонлик анъаналари ва ҳаёт тарзидан узоқлашди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунё АҚШ раҳбарлигидаги капиталистик ва СССР раҳбарлигидаги коммунистик блокларга айрилиб кетди. Бу жараёнда Туркия яна ғарбликларнинг иттифоқдоши бўлди, НАТОга аъзо бўлди, мамлакат ҳарбий секуляр бюрокартик тизим билан бошқарилди.
Аммо 1950 йилда ҳукуматга келган Андан Мендерес, 1983 йилда Турғут Ўзол, 1997 йилда Нажмиддин Эрбоқон ва 2002 йилда ҳокимиятга келган Тойиб Эрдўғон ҳукуматлари Туркияни 100 йил давом этган ғарбона ҳаёт тарзи, ғарбона жамият кўринишидан узоқлаштириб, мусулмончиликка асосланган ижтимоий нуқтаи назарга ва яшаш тарзига буришга ҳаракат қилдилар ва қилмоқдалар.
Туркияни бу маънода Қозоғистон ва Қирғизистонда ўхшатиш мумкиндир. Яъни, ўтган юз йил давомда Туркиялик инсонларнинг жуда кўпчилиги кундалик ҳаётда французларга, олмонлар, италияликларга ўхшаб қолдилар. Ҳудди бизнинг қозоқ ва қирғизларнинг кўпчилиги русларга ўхшаб қолгани каби. Фақат Туркларнинг ғарбона ассимилияциясининг қозоқ ва қирғизларнинг русона ассимилациясидан фарқи туркларнинг ўз тилларини сақлаб қолганлигидир. Аммо қозоқ ва қирғизларнинг жуда кўпчилиги совет даврида ўз тилларидан ҳам деярли маҳрум бўлганди.
Бошқа тил билан айтганда Отатуркнинг уринишлари натижасида Турклар ичида жуда кўпчилик Туркча гапирадиган "французларга, олмонларга, италияликларга" айланиб қолганди ва бугун ҳам уларнинг сони турк жамиятида талайгинадир.
Бу инсонлар номигагина Турк ва номигагина мусулмондир. Аслида эса ўзларини замонавий лаик (секуляр) инсонлар деб билишади, ҳаётларида мусулмончиликдан асар ҳам йўқ, бемалол ароқ, вино ва шунга ўхшаш маст қилувчи ичимликларни ичишади, эркак ва аёллар аралаш қуралаш бўлиб зиёфат қилишади, мусиқа тинглаб рақс тушишади. Хуллас, улар ғарб инсонларининг нусхасига (копиясига) айланиб қолишган...
1980 йилларга келинганда Туркияликлар ижтимоий сиёсий жиҳатдан тўрт катта гуруҳга ажрала бошлади. Булар Ислом дини тарафдорлари, Отатуркчи секуярлар, Турк ва Курд миллатчилари. Бу тоифаларни бир биридан мутлақ ажралиб кетган дейиш ҳам нотўғри бўларди. Масалан, бу ижтимоий гуруҳларга оид барча инсонлар ўзларини мусулмон ҳисоблашади ва уларнинг паспортларига дини “Ислом”, дея ёзилган...
Бошқа томонда Туркияда Ислом дини тарафдорлари ҳам ўзаро жуда кўп ва хилма хил жамоат, тариқот, фирқа ва гуруҳларга бўлиниб кетишганди. Булар орасида энг машҳурлари мусулмонлар тузган ва узоқ йиллар Нажмиддин Эрбоқон бошқарган Рефах (Фаравонлик) мусулмон сиёсий партияси (фирқаси, бу партия жуда кўр марта ўз номини ўзгартирган ва ҳозирги кунда Саодат, деб аталади), Фатҳуллоҳ Гуланнинг хизмат жамоати, Одиёмон вилоятидаги “Манзил” ва Станбулдаги Маҳмуд Хўжа ва Сулаймончи каби сўфийлик тариқотлари мансубларидир.
Булар орасида ҳозирги кунда Туркияда муаммо ҳолини олган жамоат ҳозир АҚШнинг Пенсилвания штатида яшайдиган Фатҳуллоҳ Гулан жамоатидир. Бу жамоат 1970 йилларда шакллана бошлаган, лидери Фатҳуллоҳ Гуланни ўз руҳоний йўлбошчиси деб биладиган, унинг буйруқларига сўзсиз итоат қилидаган жуда катта ижтимоий, сиёсий ва ҳарбий кучга эга ташкилотдир.
2016 йил 15 Июль куни Туркиядаги ҳарбий тўнтаришда мана шу Гулан жамоати айбланмоқда. Албатта, буни тушунтириш ниҳоятда қийин: қандай қилиб бир диний, яъни мусулмон жамоат ғарбда Ислом тарафдори деб билинадиган Тойиб Эрдўғон ҳукуматига қарши давлат тўнтиришига қўл уриши мумкин?. Бунинг сабаби Гуланнинг 1970 йиллардан бери Нажмиддин Эрбоқон тарафидан тузилган Исломий “Миллий қараш” ҳаракатига мухолиф бўлиб келганлигидир. Яъни, Гулан ва тарафдорлари аввал Эрбоқонни, кейин эса Тойиб Эрдўғонни ўзларига диний ва сиёсий рақиб, деб биладилар. Тўғри 2002 йилдан 2010 йилга қадар Эрдўғон ҳуқумати ва Гулан тарафдорлари ўзаро муроса ичида эдилар. Аммо 2011 йилдан бошлаб уларнинг иттифоқи дарз кета бошлади ва иш 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишга қадар етиб келди...
Зотан, Туркияни 20 асрда машҳур қилган жиҳатлардан бири ҳам бу мамлакатда вақти вақти билан амалга оширилган давлат тўнтаришларидир. 1923 йилда Отатурк бошчилигидаги ҳарбийлар Туркия Жумҳуриятини қурган эдилар. 1961, 1970, 1980, 1998, 2007 ва ниҳоят 2016 йилда Туркияда турли кўринишдаги давлат тўнтаришлари ёки тўнтатаришга уринишлар бўлди.
Яъни, Туркия сўнгги асрда узлузсиз ҳолда ижтимоий сиёсий ва иқтисодий бўҳронлар ичида бўлди ва бу жараёнлар ҳозир ҳам давом этмоқда. 2016 йилги давлат тўнтаришидан кейинги аниқлашларга кўра мамлакат Ички ишлари (полиция), суд ва прокуратура органлари ва ҳарбийларининг деярли ярмига яқини Фатҳуллоҳ Гулан тарафдорлари бўлганлиги маълум бўлди. Бунинг ёнида Гуланнинг жуда кучли оммавий ахборот воситалари, иқтисодий ширкатлари, вақфлари, сон саноқсиз мактаблари ва университетлари ва жамоатчилик уюшмалари бор эди. 2014 йилдан бошлаб Тойиб Эрдўғон ҳукумати Гулан жамоатига қарши курашни бошлади. Натижада бу давлат ташкилотларидаги Гулан тарафдолари ишларидан қувилдилар, улардан жуда кўп сондаги инсонлар қамоққа ташландилар ва бир қисми эса мамлакатдан қочишга мажбур бўлди.
Яъни, ҳозир Туркияда Тойиб Эрдўғон ҳукумати қарши Фатҳуллоҳ Гулан жамоати ва Курд миллатчилари қаттик курашмоқдалар. Бунинг ёнида Отатуркнинг Жумҳурият Халқ Партияси, бошқа сўл кучлар, яна секуляр капиталист бойлар, секуляр зиёлилар, секуларизм ва каптилизм тарафдори оммавий ахборот воситалари ҳам Эрдўғон ҳукуматига очиқ мухолифлик, аслида эса зимдан душманлик қилмоқдалар...
Бундай ниҳоятда чигал ва мураккаб ички вазиятга Туркияга қўшни давлатлар Ироқ ва Суриядаги фожеали аҳволнинг ва бу аҳволнинг Туркияга салбий таъсирини (масалан, ҳозир Туркияда 3 милллион Суриялик қочоқ инсонлар бор) ҳам айтадиган бўлсак, Туркиянинг бугунги аҳволининг нақадар қийин эканлигини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин. Айтиш керакки, Туркиядаги барқарорликни бузишни истаётган ва бу мақсадда Туркияда террор ҳужумлари уюштираётган Курд миллатчиларини ва уларнинг ҳарбий бўлими бўлган ПКК террор ташкилотини ва Тойиб Эрдўғон ҳукуматига қарши курашаётган Фатҳуллоҳ Гулан жамоатини Оврупо давлатлари (асосан Олмония, Франция, Ҳолландия ва бошқа давлатлар) ва АҚШ қўллаб қувватлаётгани ҳам сир эмас.
Яъни, бугун Туркия бир томондан ички муаммоларга қарши курашмоқда, бошқа томондан эса бу муаммоларнинг манбаи бўлган ташқи сиёсатда ниҳоятда мураккаб сиёсат олиб боришга мажбур бўлмоқда. Ташқи сиёсатда Туркия бир томондан Оврупо Иттифоқи билан масофани узоқроқ тутиб (бунинг сабаби ОИ Туркияга қарши сиёсий қадамларидир) АҚШ билан Сурия ва Ироқ масаласида ҳамкорлик қилишга мажбур бўлмоқда. Иккинчи томондан эса, Сурия масаласида Асад режими ва Эрон иттифоқига қарши Русия ва Араб давлатлари билан ҳамкорлик қилишга уринмоқда.
Хулоса қиладиган бўлсак, ҳозир дунёда АҚШ ва Оврупо давлатлари ва жамиятлари раҳномалигидаги аксилинсоний ва аксилисломий капиталистик тузумнинг моддапарастлик, манфаатпарастлик қарашларининг, шахслар ва иқтисодий ширкатлар эгоизмининг, турли миллатчилик (ғарбдаги ирқчилик, Туркиядаги Курд миллатчилиги ва ҳк) ва диний мутаассибликнинг (масалан, Эрон шиаси мутассиблиги, Гулан жамоатизми, Ливандаги Ҳизбуллоҳ фирқаси ва ҳк) таъсири бутун инсониятга катта зарарлар бераётгани каби, Туркияга ҳам сезиларди даражада салбий таъсир қилмоқдадир.
Бутун бу ич ва ташқи салбий таъсирларга қарамасдан Туркияда умумиятла ижтимоий сиёсий барқарорлик давом этмоқда. Яъни, мамлакатда умумий анархия (бошбошдоқлик) ҳолати йўқ, ҳукумат умумий вазиятни назорат қилмоқда, давлат ташкилотлари фаолиятини давом эттирмоқда, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги жараёнлар издан чиққани йўқ.
Аксинча, маамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўлароқ янги Давлат Низомини (Конституция) қабул қилиш ва бошқарув тизимини Мажлис (парламент) тизимидан Давлат Раислиги (Президентлик) тизимга ўзгартириш жараёни фаол шаклда давом этмоқда. Кейинги ижтимоий сўровлар Туркия халқнинг 60 % яқинининг Тойиб Эрдўғон ҳукуматининг бу сиёсий ислоҳотларини қўллаб қувватлишини кўрсатмоқда.
Айтиш керакки, бундай мураккаб ҳолат бугунги кунда фақат Туркияга хос ҳам эмас. Яқин Шарқ давлатларида, хусусан Ироқ, Сурия, Йемен, Ливия, Миср ва бошқа давлатлардаги ижтимоий сиёсий аҳвол Туркияга солиштирганда жуда ёмон вазиятдадир.
Намоз НОРМЎМИН
20.12.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий