понедельник, 5 декабря 2016 г.

ЭЪТИРОФ

Ҳурматли дўстлар!
Бугун мен ҳаётимнинг эътирофини сизлар билан баҳам кўрмоқчиман.
Аҳли қалам биладики, улар ёзадиган нарсалар ҳар замон ҳам самимиятдан иборат бўлмайди. Чунки қалам аҳли инсонларга ўз ёзганларининг маъқул келишини, жуда кўпчиликка ёқишини ва бу ёзганлари орқали ўзларининг халқ орасида машҳур бўлиб кетишини кўнглининг бир чеккасидан албатта ўтказади. Бу билан ўз самимиятларига путур етказаётганларига эса улар эътибор бериб ҳам ўтирмайдилар.

Аммо мен бугун сизларга самимий бир эътирофда бўлишни истайман. Бу эътироф кимларнинг ҳақиқан ҳам халқ, миллат ва ватан қаҳрамонлари эканлиги ҳақидадир.
Маълумки, ҳақиқий қаҳрамонлар қаҳрамонлик ҳақида ўйламайдилар, ўз амалларини одамлар уларни қаҳрамон, деб эълон қилишлари учун қилмайдилар.
Ҳақиқий қаҳрамонлар ўз соддаликларининг ёнида ҳақиқий эътиқодлари билан Ҳақни, ҳақиқатни жонларини ўртага қўйиб ҳимоя қилишлари билан қаҳрамон бўладилар. Улар бу билан аслида орқада келаётганларнинг жонларини ҳам сақлаб қоладилар. Орқада эса шуҳратпараст, кўпроқ ўз манфаатларини ўйлаган, одамлар бизни қаҳрамон, деб билсин дейдиган тоифалар келади. Одатда мана шу тоифалар фармонларда, қоғозларга, газеталарда, эълонларда, маросимларда қаҳрамон, деб эълон қилинади. Халқ қаҳрамони, халқ ёзувчиси, халқ артисти, халқ мухолифатчиси ва ҳакоза...
Ҳалқнинг ҳақиқий қаҳрамонларида эса бундай унвонлар бўлмайди. Зотан, улар ҳаётларини қаҳрамон бўлиш учун эмас, ҳақиқий инсон бўлиш учун яшайдилар. Бу билан фақат ўзларининг эмас, ўзлари мансуб бўлган миллатларининг, халқларининг кимлигини, шон шарафини, ва тарихини қўриб қоладилар.
Улар бу билан нафақат халқнинг, балки Ҳақнинг ҳам қаҳрамонларига айланадилар. Аммо улар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайдилар, буни анови "халқ" қаҳрамонларига ўхшаб кўз кўз ҳам қилмайдилар...
Халқимизининг шундай қаҳрамонларидан бири ҳеч шубҳасиз Обид қори Назар ўғлидир.У киши Ислом олими, даҳрий совет тузумидан кейин мусулмон халқимизнинг ўз динини, эътиқодини қайта танишида ва унга эргашишида жуда катта хизмат қилган халқимизнинг асл фарзандларидан биридир. Обидхон қори ўз даъватларини фақат халққа эмас, золимларга ҳам етказа олди, бу билан уларнинг зулмининг ошкор бўлишига катта ҳисса қўшди. Фақат ўзи эмас, бутун оиласи билан Ҳақ йўлида бўлди, натижада ўғилларидан бири золим режим тарафидан ўғирлаб кетилди. Золимлар бу билан чегараланмадилар. Улар муҳожиратда яшаётган Обид қорининг изидан ўз жосусларини юбориб, ўзбек имомнинг жонига қасд қилдилар...
Яна шундай ҳақиқий қаҳрамонлардан бири ҳеч шубҳасиз шаҳид дўстимиз Фуад Шокирий, яъни Фуад Рустамхўжаевдир. Фуад зиёли айни пайтда иймонли бир халқпарвар йигит эди. У Халқ Ҳаракатининг йиғилишида Каримовнинг зулмига қарши миллат манфаатини ҳимоя этиб сўзлаган самимий чақириғи ва бу йўлдаги саъйи ҳаракатлари учун Русияда режимнинг қотиллари тарафидан шаҳид қилинди. Фуад соф, мард, иймонли ва жасур инсон эди. Унинг сиймоси доимо менинг кўз ўнгимда ва бу сиймо менга ҳақиқий ўзбеклар мана шундай инсонлардир, деган самимий бир таассурот беради...
Халқимизнинг яна шундай фарзандларидан бири золимнинг кўзига тик қараб ҳақиқатни айтгани учун 24 йил қамоқда ўтирган Самандар ака Қўқоновдир. 24 йил айтишга осон. Мен ўзимча ўйлайман: агар мен 24 соат ёки 24 кун Самандар ака каби Каримовнинг даҳшатли қамоғида қолганимда нима бўлар эди.? Бу саволга жавоб бера олмайман, ундай бўлар эди, бундай бўлар эди, деб жавоб берсам ҳам бу барибир сохта жавоб бўлар эди. Чунки бир инсон бунчалик узоқ муддат ноҳақ қамоқда ўтириши учун хаёлий тасаввурга эмас, аниқ ва қаттиқ иродага эга бўлиши керак. Менинг бу гапим Самандар аканинг қамоқхонада ўтирган у даҳшатли кунларининг бир сониясини, бир дақиқасини ҳам таъриф қилишга етмайди. Яхшиси, эътироф қилай: мен бу ҳақиқий қаҳрамонларнинг қаҳрамонликликларини таъриф қилишга ожизман. Зотан, улар бизга ўхшаб, уларнинг сояларидан жон сақлаганларнинг қоғоздаги таърифу мақтовларига муҳтож ҳам эмаслар...
Ўзбек халқининг мана шундай қаҳрамонлари бор. Уларнинг олдида фармонлардаги, қоғозлардаги, газеталардаги, эълонлардаги ва маросимлардаги қаҳрамонлар, улар орасида истиснолар бўлсада, сариқ чақага ҳам арзимайдилар.
Халқнинг бу қаҳрамонларининг сони қанча? Улар 3 та эмас, 30 та ҳам эмас, 300 та ҳам эмас, 3000 та ҳам эмас, энг камида 30 мингта менимча. Бу қаҳрамонлар 27 йил давом этган Ислом Каримов зулмининг чиғириғидан халқимизни омон эсон олиб ўтдилар. Ўзларининг жонларининг ва ҳаётларининг баҳосига бу ишни қилдилар. Уларни қаҳрамон, деб эълон қилишлари учун эмас, буни инсон, дййилган мавжудотнинг фитратида ва табиатида бор бўлгани учун ҳам улар шундай яшадилар...
Менинг эътирофим шундан иборатки,халқни Ҳақ яратган ва халқ бор экан, унинг эътиқодини, маънавиятини, аслини қўриш учун ҳаётларини ўртага қўйиб, бу қадриятларни йўқ қилишга уринадиган золимларга қарши курашадиган халқнинг, миллатнинг ҳақиқий фарзандлари ҳам доимо бор бўлади. Охирги ҳақиқат эса мана шундай қаҳрамонларнинг ёнида, йўқ ёнида эмас, улардан орқада, уларинг соясида жон сақлайдиган бизга ўхшаган инсонлар ҳам доимо бор бўлади...
Ҳаётнинг ҳақиқати шулардан иборатдир. Ҳаётнинг эътирофи шулардан иборатдир...
Намоз НОРМЎМИН
05.12.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий