четверг, 8 декабря 2016 г.

БУГУННИНГ ҚАТРАЛАРИ

"Кимсиз", дедим ёнимда бошини эгиб келаётган оқсоқолга.
"Ақлингизман", деди у.
"Нима қилиб юрибсиз бу ерда", деб сўрадим ундан яна.
"Сизни кузатиб юрибман", деди хўрсиниб у...
*****
Ҳикмат бу дунёнинг йўловчи “гувоҳнома”сидир...
*****
Баъзан шундай аҳволда бўламанки, юзимни қорага бўяганим билан кўнглимнинг қораси оқармайдиганга ўхшайди...
*****
Сизга илҳом бериш учун ер қимирлайвериб чарчади, аммо сиз пинагингизни ҳам бузмадингиз...
*****
Тоққа суяниб, бир оғир ўйга ботсам...
*****
Калхат бўлишнинг шарти карахт бўлмасликдир...
*****
Ҳаётда юзи чўтир бўлиб ўтганга, ўлганидан кейин ҳайкал қўйиш билан изидаги чўтирларни ўчириб ташлай олмайсиз...
*****
Қулоқларим сизларга нима бўлди ўзи? Авваллари ичимдаги тўс тўполонларнинг шовқинини эшитмас эдингизку...
*****
Гулдурос қарсаклар билан борса келмасга учиб кетди...
*****
Кўзини мой босгани учун йиғлаш нималигини унутган эди...
*****
Мен гўё юмшоқ кўнгилли, мулойим бир қўйим,
Кесишга ярайди, аммо тортишга ярамайди бўйним...
(Турк шоири Меҳмет Оқиф Эрсой)
Намоз НОРМЎМИН
09.11.2016

БУГУННИНГ ҚАТРАЛАРИ

Ўзимиз қарисак ҳам сафаримиз қаримади...
*****
Инсон оёғига тикан кирганда товонининг қадрига етар экан...
*****
Афсуски дунёнинг буюклигини дунёқарашимиз билан ўлчаймиз...
*****
Эй инсон, қалбингда жой олган Зотнинг қаердалиги ҳақида нега тафаккур қиласан...
*****
Кўп иддиоларимдан нигоҳим куракларимга тушмаслигини ўйлаб воз кечаман...
*****
Мени тўйлар, ўйлар, уйлар, куйлар бўйлар...
*****
Жисмим исмимни бир пас кўтаради. Ким билади исмим жисмимни қанча кўтариб юрар экан...
*****
Соғиндим сўзининг ифода кучи қанчалар
заиф...
Намоз НОРМЎМИН
08.12.2016

БУГУННИНГ ҚАТРАЛАРИ

Истасангиз ҳаётга изимдан қарашингиз мумкин, аммо унга зимдан қарашингиз унча яхши эмас. Аммо ҳаётга асло "изм"дан қараманг...
*****
Ажаб бўпти дедим, бир надомат қилганнинг ҳолига. Кейин бу гапимнинг ажаб бўлганидан қаттиқ надомат қилдим...
*****
Сен йўқсан. Бўлганингда мен шундай бўлармидим...
*****
Муаммо бизнинг уларнинг тушунмаётганимизда эмас. Муаммо уларнинг бизни тушунмаётганидадир. Асосий муаммо эса бизнинг уларга бизни яхши тушунтира олмаётганимиздадир...
*****
Кошки уммий бўлганимда...Кошки уммимнинг ёнида бўлганимда...Кошки умматимизнинг бу кунларини кўрмаганимда....Кошки...
*****
Биламан видо куни келганда мени қабрга кўмиб, ҳаққимга мағфират дуоси ўқийсиз. Аммо шу дуодан кейин қабримга мана шу қатраларни сепишингиз кераклигини эса билмайсиз. Айтиб қўяй, дедимда...
*****
Менимча шахс ва жамият ўлароқ бизга етишмайдиган асосий хусусиятлардан бири БУРД бўлса керак...
Ҳаммамиз бу сўзни қачон эшитганимиз ва қўлланганимизни, энг муҳими унга қандай амал қилганимизни ва қилаётганимизни бир ўйлаб кўрайлик а...
Намоз НОРМЎМИН
06.12.2016
  
БУГУННИНГ ҚАТРАЛАРИ
Бир гуруҳ ватансеварлар зулмдан юз ўгириб, яъни эл дардини қўйниларига солиб, қамоқхонага кириб кетдилар.Уларнинг дўстлари бўлган бошқа бир гуруҳ эса эл дардини хуржунларига солиб, ватанни тарк этдилар...
Бундан хурсанд бўлган, дард нималигини билмайдиган галварслар золимларнинг оёқларини ўпиб, шундай дедилар:
'Подишоҳим, бегим, тўрам! Мана буларни қамоққа тиқиб, мана буларни эса .юртдан қувиб жуда яхши иш қилдингизлар. Қаранг қандай яхши бўлди, майдонда фақат биз ўзимиз қолдик...'
Ҳолбуки, майдон бўм бўш қолган эди...
*****
Икки саҳнали, ажиб бир туш эди. Биринчи саҳнасида, чўлда синовда эдик...ҳамма ёқ қум, саҳро қуёши, чидаб бўлмас иссиқ ва сувсизлик билан имтиҳондан ўтаётгандик...
Тўсатдан саҳна ўзгарди..ватанда юрган эканман..қайсидир қариндошнинг қизинингми, ўғилинингми тўйи экан...Хурсандчилик, тўй, ош...ТЎсатдан қаршимда ёши тўқсондан ошган қайнонам чиқди ва қудалар қачон келишар экан, деди. Билмадим, келиб қолишар дедим. Кейин бир зумда Олтинсойда, узумзорда кўрдим ўзимни. У ерда поччам, бизнинг қўнғиротчада айтганда жеззам яшайди. Мени унинг акаси қаршилади. Орадан ҳеч вақт ўтмагандек, ҳар куни кўришиб юргандек саломлашдим у киши билан. Жеззам ерда ўтирган экан, мени кўриб, ўрнидан турди ва қучоқлашиб кўришдик. У кишининг елкасига бош қўяр эканман бутун борлиғим билан ўкирдим.
"Онамдан айрилиб қолдик..."
Ҳолбуки онамдан айрилганимизга деярли 18 йил бўлди...
Охирги марта қачон бундай ўкириб, кўз ёшларим сел бўлиб йиғлаганимни эслай олмайман...
Қотиб қолган кўнглимга, чўлга айланган дийдамга яна онам сув келтирганди...ажиб бир туш эди..
*****
Самандар ака Қўқоновнинг озодликка чиққанини эшитиб, ўз акам қамоқдан қутулгандай хурсанд бўлдим. Эсимга "Иф қалъаси маҳбуси"нинг қаҳрамонлари Граф Монте Кристо ва аббат, яъни роҳиб Фарианинг қамоқхонанинг даҳшатли қоронғу хонасидаги ҳаётнинг мазмунини тушунтирган, инсонларнинг нақадар пасткаш бўлишлиги айтилган саҳналар келди...
Бир томонда Александр Дюманинг китобдаги қаҳрамони, бир томонда ўзбекнинг ҳаётдаги ҳақиқий қаҳрамони...Биз учун бу иккала қаҳрамонда ҳам катта ибратлар бордир...Аллоҳ умрини узоқ қилсин, Самандар аканинг...
Намоз НОРМЎМИН
28.11.2016

БУГУННИНГ ҚАТРАСИ
СОДИҚ НУР ВА ХОИН ЧИРОҚЛАР
Ишонманг сиз, телевизорнинг, радионинг, интернетнинг ва қўлингиздаги телефоннинг мўлтираган чироқларига. Ахир улар эмасми, сизга кўнглингизни очишни ваъда қилиб, аслида уни қорайтирган...
Ишонманг, шифтда ноз ва табассум қилаётган нокга ўхшаган чироққа ҳам. Ахир, у инсониятнинг тунини ёритиш учун келган эмасмиди? Мана энди бомбалар бўлиб, дунёнинг устига ёғмоқда ва шу тарзда миллонларча инсонларнинг нурини ўчирмоқда...
Шу тарзда хонангиздан қочиб, деразангизни очинг ва самога қаранг: Унда бу дунё тургунча турадиган ва ердаги барча нарсаларга ўз нури билан ҳаёт бағишлайдиган Қуёшни кўрасиз...Аммо, минг надоматки у ҳам бир кун сизнинг ҳаётингиздан ўчади...
Сиз яхшиcи "Нурун аъла Нур", яъни Нур устида Нур бўлган Роббингизнинг Нурига ишонинг. Чунки Унинг Нури бу дунёнгизни ҳам, охиратингизни ҳам ёритади.
Ва шундай пичирланг:
"Улар Аллоҳнинг Нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз Нурини тамомлаяжакдир" (Соф сураси, 8 оят)
Намоз НОРМЎМИН
26.11.2016.

БУГУННИНГ ҚАТРАСИ
Бош Ярамас топилгандан кейин қолган ярамасларнинг топилиши муаммо бўлмайди...
Намоз НОРМЎМИН
21.11.2016
ХАЛҚНИНГ БЕЛИНИ КИМ СИНДИРДИ?
Бу саволнинг жавобини давлат идораси, диний идора ва ёзучилар уюшмасидан излаш керак. Чунки халқнинг белини синдирган умуртқасизлар мана шу идораларда яширинганлар...

Намоз НОРМЎМИН
21.11.2016
www.facebook.com/profile.php?id=100010264186017

Комментариев нет:

Отправить комментарий