суббота, 7 января 2017 г.

БИЛИШ МАВЗУСИ ҲАҚИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Инсонлар ўзларини, яъни бир кишини ёки табиатни, жамиятни, диннинг моҳиятларини билиш масаласида уч гуруҳга айриладилар:
1. Ҳеч билмайдиганлар.
2.Хато биладиганлар
3. Тўғри биладиганлар

Булар ичида энг хавфлилари бирон нарсани, воқеъаликни ёки жараённи хато биладиганлар ва хато амал қиладиганлардир. Энг яхшилари ва хавфсизлари эса буларни тўғри биладиганлар ва бунга кўра амал қиладиганлардир.
Инсонларнинг ва жамиятларнинг бу нарсаларни ўрганишларининг 3 манбаи бор:
1. Илоҳий манба, бу ваҳийдир.
2. Кавний манба, бу ер, само ва табиатдаги нарсалар (қуёш ой, юлдузлар, денгизлар, булутлар), воқеаликлар (ёнғин, сел, ер қимирлаши ва ҳв) ва шунга ўхшаш жараёнлардир.
3. Инсоннинг эшитиш, кўриш, гапириш, ҳис қилиш, сезиш, ўқиш ўрганиш каби ҳис, туйғулари ва қобилиятлари билан тафаккурини ва ақлини ишлатиши ва тараққий қилдириши ва бу орқали билимини ортиришидир.
Агар инсон шу манбалардан биридан хабарсиз қолса, масалан ваҳийнинг ҳақиқатларини билмаса ёки кўзи кўрмай табиат воқеликларидан хабарсиз қолса ёки ақли носоғлом бўлса, бу инсон билиш масаласида қусурли (инвалид) ҳисобланади.
1. Ҳеч билмайдиганлар.
2.Хато биладиганлар
3. Тўғри биладиганларга бир мисол.
Бир киши Тошкендан Самарқандга қандай боришни ҳеч билмайди. Бу ҳолдаги киши Тошкенда қимирламай ўтиради ва йўлни биладиган бир киши келгунча шу ҳолида қолади.
Иккинчи киши эса бу йўлни хато билади ва Тошкентдан Самарқандга бораман, деб Фарғона водийсига бориб қолади. Бу кишининг йўлни нотўғри билишининг хавфлигиги шундаки, у кишига сиз ҳозир Тошкентдан Самарқандда келмадингиз, ҳозир Фарғонага келгансиз, дейилса у буни тан олгиси келмайди. Чунки у йўлни нотўғри ўрганган лекин нотўғри ўрганганганлигини билмайди, мияси, ақли бу йўл ҳақида нотўғри тасаввур ва маълумот билан тўлгани учун, у энди йўл ҳақида тўғри тасаввур ва маълумотни қабул қилишни истамайди.
3. Учинчи киши эса Тошкент ва Самарқанд орасидаги йўлни яхши билади ва ҳеч қийналмасдан Самарқандга етиб боради.
Энди йўлни бу дунё ҳаётидан жаннатга борадиган йўл, дейлик ва бу масала инсонларнинг ҳолини таҳлил қилишга уринайлик.
Қуръони Карим Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламга шундай хитоб қилади:
'Ва шу шаклда Биз Сизга Ўз амримиздан бир руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик. Сиз аввал Китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам билмас эдингиз.. Лекин, Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак ҳидоят қилурмиз. Албатта, Сиз тўғри йўлга ҳидоят қилурсиз. (Шуро сураси, 52 оят)'
Яъни, Муҳаммад (сав) ва у замонда Маккада яшаган баъзи инсонлар Қуръон нозил бўлганча унинг ҳақиқатидан хабарсиз эдилар. Улар ўқиш ёзишни ҳам билмас эдилар. Яъни, уммий, оналаридан қандай туғилган бўлсалар шундай соф табиатли ва соф тушунчали инсонлар эдилар.
Қуръони Карим нозил бўлиши билан Муҳаммад (сав) аввал ўзлари Ислом моҳиятини билдилар, имон келтирдилар ва яшай бошладилар. Кейин бошқаларни ҳам уни ўрганишга,имон келтиришга ва яшашга даъват қилдилар.
Аммо Макка мушриклари, яъни кўп худоларга сиғинадиган (бутларга, санамларга ибодат ва тоғутларга итоат қиладиган) кишилар дин масаласида бундай уммий эмас, аксинча уни нотўғри билиб олган жоҳил кишилар эдилар. Улар айнан дин масаласида мана шундай нотўғри фикр ва амалга эга бўлганликлар учун ҳам Муҳаммад (сав)нинг Ислом даъватини қабул қилишни истамадилар. Чунки улар "Тошкентдан Самарқандга бориш ўрнига Фарғонага бориб олган, аммо сизлар ҳозир Самарқанда эмассизлар, Фарғонада турибсизлар", дейилганда бу ҳақиқатини қабул қилмас эдилар.
Демак, билиш масаласида энг катта муаммо бирон нарсани умуман билмаслик эмас, уни нотўғри билиб олиб амал қилишдир. Бугунги инсониятнинг энг катта муаммоси ҳам инсон нима, табиат нима, жамият нима, давлат нима, дин нима, инсонийлик нима ва ҳакоза мавзуларда бу мавзуларни нотўғри билган кишилар, гуруҳлар, фирқалар ва давлатларнинг от ўйнатиши, бу билан ўзларига ҳам ўзгаларга ҳам мислсиз зарарлар беришидир.
Инсонлар ва жамиятлар учун билишнинг (билимнинг, илмнинг) энг асосий қоидалари аввал уларнинг манбаларини умумий ҳолда, яъни ваҳий манбаси, кавний манбалар ва ақлий манбалар ҳолида қабул қилишдир. Булардан бир манбани қабул қилмаслик инсонни ва жамиятни билим, илм масаласида қусурли (инвалид) бўлишига олиб келишини юқорида айтдик. Бу ердаги яна бир муаммо инсон ва жамиятнинг билишнинг бу уч манбасини қабул қилиш билан бирга, улар орасидаги мувозанатни бузишидир. Масалан, ваҳийга кўпроқ эътибор бериб, ақл кучини ва табиатдаги воқеаликларга эътиборсизлик қилишдир. Аслида ҳозир Исломий таълим дейилган билиш ёки таълим тизимининг энг катта муаммоси ҳам шундадир. Ҳолбуки, Қуръон инсон ва жамиятдан билишда, имон келтиришда ва уларга амал қилишда ваҳийни асос олиш билан бирга кавний маълумотларга ва энг муҳими ақлий фаолиятларга катта эътибор беришини талаб қилади.
Билиш масаласидаги яна бир муаммо билим манбаларини асл (содда ва тушунарли) ҳолидан узоқлаштириб, уни инсонлар тушуниб етиши қийин, жуда мураккаб ҳолига келтиришга уринишдир. Масалан, Қуръони Карим ўзини муҳкам, яъни соф, содда ва тушунарли илоҳий Китоб, дея таъриф қилишига қарамай (Оли Имрон сураси, 7 оятига ва тафсирига қаранг) ҳозир Ислом дини ҳақида шуначалик кўп маълумотлар, китоблар, тафсирлар борки, диндан хабари бўлмаган киши буларнинг қайсини ўқиб ўрганишга шошиб қолади. Иккинчи томондан, яъни билимнинг ақлий манбаларига келадиган бўлсак, инсоният ичида инсон, ҳаёт, жамият, табиат ва шунга ўхшаш мавзулар ҳақида шунчалик кўп фалсафий назариялар, тушунчалар, дунёқарашлар, китоблар борки, буларга қараб инсоннинг яшагиси келмай қолиши ҳам бир ҳақиқатдир.
Демак, билиш (билим, илм) масаласида аввал тўғри маълумот эгаси бўлишимиз керак экан. Бунинг учун билимнинг манбаларини соф, содда, яъни тушунарли ҳолида, яъни уларни ўз ҳолида қабул қилишимиз керак. Ҳозирда билиш масаласида аралаш қуралаш бўлиб кетган ҳолни тузатиш зарур. Ана шунда инсоният инсон, жамият, давлат, дин, яъни бу дунё ва охират ҳаёти ҳақида тўғри маълумотга эга бўлади ва бутун муаммоларини еча олади.
Изоҳ 1: Ислом динида дин дейилганда ваҳий, инсон ақли ва табиат воқеаликларининг ҳаммаси, дунё ва охират ҳаётининг ҳақиқатлари биргаликда тушунилади. Динни бундай тушуниш ғарбдаги дин бошқа нарса, табиат ва ижтимоий ҳаёт бошқа нарса тушунчасидан фарқ қилади.
Намоз НОРМЎМИН
02.01.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий