понедельник, 30 января 2017 г.

БЕНАМОЗ ЎЛИБДИ...ЁМОН БЎЛИБДИ...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Ўлим ҳақиқат бўлгани каби, унинг ҳақидаги хабарлар ҳам доимийдир. Кун ора бир хабар келади: Анови киши ўлибди...Фалон киши вафот этибди...
Мен кейинги вақтларда ўлим ҳақидаги бу хабарларни шундай таҳлил қиладиган бўлдим: Марҳум намозхон эканми ёки бенамозми?
Баъзилар нима бўпти бенамоз бўлса, дейишади. Нима намозхон бўлса, гуноҳсиз ва хатосиз бўладими, намоз ўқийдиганлар ҳам фаришта эмаску, дейишади.

Тўғри, хато ва гуноҳни намозхонлар ҳам бенамозлар ҳам қиладилар. Айниқса ҳозирги “тараққиётнинг” сунъий дунёсида хато ва гуноҳга ботиш тобора осонлашиб бормоқда.
Аммо мусулмонлар учун беш вақт фарз ҳисобланадиган намоз ўқиш энг катта ибодат ҳисобланади. Намозларини ўз вақтида ўқийдиганлар бу билан Аллоҳ таолони зикр қиладилар, охиратни эсда тутадилар. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаламнинг машҳур ҳадсиларида эса масжидга қатнайдиган кишининг мўминлигига гувоҳлик берингизлар, дейилган...
Энди эса бир умр намоз ўқимай, боши саждага тегмай ўтган кишиларга келайлик. Бундай кишилар билан оғилхонадаги мол орасида қандай фарқ бор?. У ҳам умрини кундузи еб ичиб ва кечаси ётиб ўткaзади, бу ҳам умрини кундузи еб ичиб ва кечаси ётиб ўткaзади . Аслида эса ҳайвонлар ҳам ўз фитратларига кўра Аллоҳни тасбеҳ қиладилар. Аммо бенамоз инсон эса бутун умрини сажда қилмасдан бекорга ўтказиб юборади, зое қилади...
Баъзи кишилар беш вақт намоз ўқиш ҳақида гап кетганда эртага ўқийман, уйимни битириб олай ўқийман, тўйни ўтказиб олай ўқийман, менинг қалбим тоза, намоз ўқимасам нима бўпти, дардларим жуда кўп ва ҳакоза гапларни айтишади. Аслида бандай дейиш инсоннинг шайтонга эргашиб, ўзини ўзи алдашидан бошқа нарса эмасдир.
Кунда беш вақт намоз ўқиш қулай ва оз вақт талаб қиладиган ибодатдир. Нари борса бир ёки бир ярим соат вақтни олади. Яъни, кунда беш вақт намоз ўқиш инсоннинг ишига, ўқишига, дам олишига зарар бермайди. Дунёвий ҳаётига, машғулотларига тўсиқлик қилмайди. Имкони бўлган намозларни масжидларда, бўлмаганлар эса иш жойларида, уйларида ва бошқа жойларда ҳам ўқишлари мумкин. Шундай экан, баъзи кишиларнинг намоз ўқишга вақтим йўқ, намоз ўқишга жой йўқ, имкон йўқ дейишлари ҳам ёлғон бир баҳонадир.
Аллоҳ таоло охиратда Ўзига ширк келтирганларни кечирмайди. Бенамоз кишилар эса ўз ҳавойи нафсларини бут, санам қилиб олиб, уларга эргашган кишилар ҳисобланадилар. Баъзи уламоларга кўра эса бенамозлик куфрдир. Яъни, бенамоз кишилар бу дунё ҳаётларини маъносиз ўтказганлари каби, охиратда ҳам абадий жаҳаннамда қолиб кетишлари мумкин…
Намозхонлар ҳам хато ва гуноҳ қиладилар, дедик. Беш вақт намоз эса намозхонларни улар билиб билмай қилган кичкина гуноҳлардан поклайди. Қолаверса улар бенамозлик каби энг катта хато ва гуноҳдан покдирлар.
Ким вафот этибди, дейсиз..Фалон киши…Намозхонмиди? Йўқ. Бенамоз ўлибди…Ёмон бўлибди…
Намоз НОРМЎМИН
30.01.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий