четверг, 19 января 2017 г.

ЎЗБЕК ЁШЛАРИГА МАКТУБ

Менинг ёш дўстларим!
Сизга мактуб битишимнинг сабаби маълум: Бундан кейин сиз яшайсиз, сиз яшнайсиз ва ҳақиқатан яшасангиз ва яшнасангиз, яқинларингизнинг ҳам, халқимизнинг ҳам, инсониятнинг ҳам яшашига ва яшнашига ўз ҳиссангизни қўша оласиз.

Биз энди катта авлод саналадиган бўлдик. Бу қандай рўй берди, ўзимиз ҳам била олмай қолдик. Кеча ёш авлод эдик, бугун ўз ўзидан катта авлодга айланиб қолдик.
Биз аввал социализм ёлғони, кейин эса мустақиллик армони билан яшадик. Ёлғон юзига парда тортилган жарликдир, у томон оёқ қўйишингиз билан жарликка қулаб тушасиз. Худога шукр, биз социализмнинг бу жарлигидан қутулишга муваффақ бўлдик. Умримизнинг иккинчи қисми эса мустақиллик армони билан ўтди ва ўтмоқда.
Бу орада сизлар дунёга келдингизлар ва мана ёшларингиз ҳам ўттизга яқинлашиб қолди. Сизлар мустақиллик дейилган даврнинг фарзандларисизлар. Номи бор, ўзи нималиги номаълум мустақиллик даврининг...
Мени ташвишлантирган нарса шу: биз совет ёлғонининг хаёллари ва мустақилликнинг у чексиз орзуси билан яшадик. Сизларда эса у ёлғон хаёлни ҳам, бирор мақсад томон орзуни ҳам кўра олмаяпман.
Яъни, Ўзбекистон мустаққиллигидан кейин ўтган йигирма беш йил давомида вояга етган янги авлод ХАЁЛ ВА ОРЗУсиз вояга етди менимча. Яъни, қаёққа юришини, нима қилишини, нима учун курашишини ва қандай яшашини билмайдиган янги бир авлод бу!
Ўзбекчасига айтганда боши гангиб қолган, ўзини ва ўзгаларни танимайдиган, ўзи бирор ишга қўл ура олмайдиган, бирор вазифани топширсанг, уни бажариш у ёқду турсин, вазифа нималигини, уни бажариш масъулятини ҳам тушунмайдиган янги бир авлод бу!
Сизларга оғир гапираяпман, балки уйғонарсиз, ўзингизга келарсиз, эй инсон, сиз нима деяпсиз ўзи, бизнинг мана бундай чегарасиз ХАЁЛЛАР ВА ОРЗУЛАРимиз бор, дея ҳайқиришингиз учун.!
Билингки, яхши ХАЁЛ ва ОРЗУлар эгаси бўлиш ёшликнинг, ёшларнинг энг катта бахтидир. Бу икки қуроли ва бу икки нишони бўлмаган ёш йигит ва қизлар ҳақида ҳам дейиш мумкин?!.
Сизнинг фожеангиз сиз улғайган йигирма беш йил давомида бир шахснинг, бир раҳбарнинг сизларга мана бу одам сизнинг ва халқингизнинг Отаси, деб танитилиши эди. Бу ўгай Ота асос солган режимнинг ёлғон ташвиқот воситалари сизларга эй болалар, сизлар ҳеч нарса ҳақида ўйламанглар, ташвишланманглар, мана шу Отангиз сизларга ҳамма нарсани муҳаё қилиб беради, деган эртагу чўпчаклар айтарди. Ҳолбуки, бу одам ўз болаларига ҳам оталикни эплай олмайдиган даражада савиясиз эди. Бу Ота сизлар учун ҳамма нарсани қилиб беришга ваъда берганди, бунинг эвазига эса сизларнинг ХАЁЛ ВА ОРЗУларингизнинг ўғирлаганди.
Оддий банда бўлган, аслида сизларга ва халқимизга бегона бўлган бу "Ота" бошқа инсонлар каби ўлимга таслим бўлди ва ундан бир сиқим тупроқдан иборат бўлган қабрдан бошқа нарса қолмади.
Бу золим "Ота" сизларни, яъни мустақилликнинг илк авлоди бўлган ёшларни ХАЁЛЛАР ВА ОРЗУЛАРсиз йўлнинг ўртасида ташлаб кетди.
Шунинг учун ҳам сизлар ҳозир ўзларингизга ҳаёт нима, яшашдан мақсад нима ўзи, деган саволларни ҳам бера олмайдиган ва бу саволларнинг жавоби ҳақида ўйлаб ҳам кўра олмайдиган ёш авлод ҳолига тушиб қолдингизлар.
Атрофингизга қарасангиз, фақат тирикчилик ташвишида, яъни қорин дардида юрган инсонларни кўрасиз. Мактабга борсангиз ўқитувчиларингиз сизга инсон ва унинг ҳаёти ҳақида мазмунли дарс бера олмайди. Олийгоҳларда эса сиздан ўқиш учун пора талаб қилишади. Телевизор каналларида маъносиз сериаллардан бошқа нарсани кўрмайсиз. Интернетга кириб бир оз ўзингизни овутгандай бўласиз, аммо бу ҳам вақтинчлик бир овунишдир...
Аммо сизларнинг бир устунлигингиз бор, у ҳам бўлса, сиз ҳали ёшсиз. Сизда Аллоҳ берган фитрат тамоман сўнгани йўқ. Яъни, сиз ҳали ўзингизни, ўзгаларни, халқингизни, инсониятни таниш, унинг муаммоларини ўрганиш ва бу мауммоларни ҳал қилишда иштирок этиш фурсатини тамоман бой берганингиз йўқ. Бошқа сўз билан айтганда сизнинг ҳаётнинг маъносини ўрганиш ва ўз ҳаётингизни маъноли ўтказиш учун ҳали ҳам имконингиз бор.
Шундай экан, ноумид бўлишга ўрин йўқ, зеро ноумид бўладиганлар шайтон ва унинг малайларидир.
Қатраларимни ўқиган бўлсангиз. унда шундай сўзлар бор:
"Капитализм, материализм номи берилган даҳшатли селда оқиб кетяпти инсоният...Бу сатрларни сел сувидан бошимни чиқаришни эплаган онларимда ёзаяпман...бу селдан қутула олмаганларга алвидо..."
Яъни, инсоният Одам ас яратилгаган бери бу қадар моддапараст, манфаатпараст ва шаҳватпараст бўлмаган эди назаримда.
Демак, сизларнинг вазифаларингиз мана шу уч парастликдан ўзларингиз узоқ туришларингиз ва бошқаларни уларнинг ёмонликларидан огоҳлантириб, инсониятнинг фитратини кемираётган бу уч иллатга қарши курашишингиздир. Бу эса осон иш эмас, албатта. Бунинг учун сиз фойдали илмларни ўрганишингиз, саҳиҳ бир имонга эга бўлишингиз, қўлингиздан иш келадиган бир мутахассис ёки ҳунар эгаси бўлишингиз керак.
Ва ниҳоят ёлғондан узоқ туришингиз керак. Чунки ёлғон бутун бу айтилган гапларни бир ҳамлада йўққа чиқарадиган энг катта душманингиздир.
Истасангиз бу мактубни сизлардан олдин ўтаётган катта авлод вакилларининг ўзлари қила олмаган ва ета олмаган мақсадларини сизларга мерос қилиб кетиши ўрнида кўринг. Чунки ҳақиқат ўртадир. Агар биз яхши бўлганимизда, сизлар бу аҳволда бўлмас эдиларингиз. Энди эса сизлар яхши бўлингизлар. Шунда сизлар ўзларингиздан кейин келадиган авлодларга бундай мактублар ёзиб юрмайсизлар.
Сизларни озгина имони ва виждони билан яхши кўрадиган акангиз:
Намоз НОРМЎМИН
20.01.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий