среда, 11 января 2017 г.

“FACEBOOK”ДАГИ ҲАВАС, ҲАВАСКОРЛАР ВА МУТАХАССИСЛАР ҲАҚИДА

Маълумки, ҳавас яхши ва ижобий бир хислатдир. Айниқса, яхшиликка ва яхшиларга эргашиш маъносида ҳавас эгаси бўлиш тўғри бир хислатдир, ишдир.
Ҳаваскорларга келадиган бўлсак, бу эҳтиёт бўлиш керак иш ёки соҳадир. Нега? Чунки бир ҳаваскор бирор соҳани билмасдан унда от чоптиришга уринади. Масалан, бир ёш йигит ҳаваскор футболчи бўлиши мумкин. Ва бунинг ҳеч кимга зарари йўқ. Худди шундай адабиёт соҳаси ҳам ҳаваскор шоиру ижодкорлар билан тўладир. Одатда бундай ҳаваскор ижодкорларнинг ижод маҳсуллари кўпчиликнинг эътиборини тортмайди, нари борса бундай "асарларни" ўқиган киши жиғибайрон бўлади ва бундай муаллифларнинг ёзганларини ўқимай қўя қолади..

Энг таҳликали ҳаваскорлар сиёсат, тиб, дин ва шунга ўхшаш соҳалардаги шаввозлардир. Facebook майдонида булар талайгинадир. Ўзим гувоҳ бўлган ва ўзини энг етук мухолифатчиман, деган бирининг авторитар ва тоталитар тузумлар орасидаги фарқни билмаслиги бу "сиёсатчининг" ҳаваскорлигига яққол далилдир. Чунки бу икки режимнинг моҳияти ҳам, уларга қарши курашиш усули ва стратегияси бир биридан фарқлидир. Аммо сиёсат шундай соҳа ки, унинг эшиги ҳаммага очиқ. Бу соҳада ҳаваскорлар у ёқда турсин, сон саноқсиз телбалар (дунёдаги диктаторлар орасида айниқса) ҳам от чоптира олиши ҳаммага маълум. Масалан, депутатликка сайланадиган қанча инсонлар борки, сиёсий ҳокимиятнинг вазифаси ва тармоқлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга ва нуқтаи назарга эга эмасу, аммо янада улар депутат, деган ном ва мақом эгасидир...
Сиёсат майлию, тиб соҳасидаги ҳаваскорларга нима дейсиз? Бу ерда мен умуман тиббиётга алоқаси бўлмаган қанча доктору табибларни кўрдим. Буларнинг тавсияларига эргашишдан олдин бу одам ким ўзи, қаерда ва қайси соҳада таълим олган, деган саволни беришни унутманг. Чунки гап соғлиғингиз ҳақида бормоқда ва бу ишда эҳтиётсизлик қилсангиз, кейин қаттиқ пушаймон бўлишингиз мумкин.
Кейинги вақтда психологман, руҳшуносман, деган тоифалар ҳам кўпайиб кетди. Бу аслида жуда мураккаб, инсонларнинг шахсий ва ижтимоий муносабатларини тадқиқ қиладиган, бу соҳадаги муаммоларга ечим топишга уринадиган соҳадир. Психология кўплар ўйлагани каби руҳшунослик эмас (чунки инсон руҳи умумиятла инсонда ҳаёт, жон манбаидир), инсон қалби, ақли ва нафсининг ўзаро “алоқалари, ҳамкорлиги ёки қарама қаршилиги” натижасида ўртага чиқадиган ички ҳис ва туйғуларини ва булар асосида ташқи дунёда содир бўладиган фаолиятларни тадқиқ қилади. Яъни, психология инсон нега бундай тафаккур қилади ёки эътиқод қилади ва буларнинг зоҳирий кўриниши ўлароқ инсоннинг ўзини тутиши, саъйи ҳаракатлари, ўзига ва бошқаларга муносабати, ижтимоий фаоллиги каби мураккаб жараёнларга баҳо берадиган ва бу жараёнлардаги муаммоларга аниқлаш киритишга ва уларга чора топишга уринадиган соҳадир. Бошқа сўз билан айтганда психология инсоннинг мен кимман ўзи, менинг оиламдаги ва жамиятдаги ўрним нимадан иборат ва мен ўз ҳаётимда қандай тўғри ва хато қадамлар отмоқдаман, бу ишларда масъулиятим нимадан иборат, деган саволларга жавоб излайди ва инсоннинг шахсий ва ижтимоий ҳаётидаги мана шундай саволлар ва муаммоларнинг ечимини топишга уринади...
Шундай экан бу ердаги эълонларда мен ундай психологман, мен бундай психологман ёки руҳшуносман, деган иддиоларга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишимиз керак, деб ўйламан. Яъни, дардингизни дарди пул ва сохта шуҳрат бўлган ҳаваскор “психолог”ларга очиб юрманг, демоқчиман.
Ҳаваскорликнинг энг таҳликали соҳаси албатта дин соҳасидир. Чунки бу соҳада ҳаваскор бўлиш Аллоҳ қўрисин, инсоннинг нафақат ўзининг, балки бошқаларнинг ҳам икки дунёсини таҳликага отиши мумкин. Ҳақиқат шундан иборат бўлишига қарамай, бу ерда дин масаласида айтилаётган баъзи фикрлар, фатволар, шарҳлару баҳсу мунозараларни ўқиб, инсон ҳайратдан ёқа ушлайди. Қизиғи шундаки, бу “уламои олимларнинг” кўпчилигининг Ислом динида ҳар мусулмонга вожиб бўлган илму маърифатдан хабари йўқ. Яъни, ҳақиқий “ҳаваскор мусулмонлар” булар. Шунга қарамасдан улар Ислом дини масаласида энг кўп тортишадиган шаввозлардир. Аслида мусулмонлар учун кони зарар бўлган бундай фойдасиз баҳсу мунозараларга қисман бўлса ҳам барҳам бериш учун дин соҳасининг ҳақиқиий мутахассислари бўлган аҳли илмларимиз ҳар мусулмонга вожиб бўлган илмлар ва амалларни қисқа баён қилган бир рисола ёзсалар яхши бўларди. Чунки мусулмонлар биринчи навбатда мана шундай ҳар мусулмонга вожиб бўлган фойдали илм ва саҳиҳ амаллардан масъулдирлар. Дин масаласидаги турли қарашлар, ихтилофлар, фирқалар ва гуруҳлар масаласига келадиган бўлсак, бу диний соҳанинг мутахассилари бош қотирадиган ва ечим излайдиган масалалар, деб биламан. Унутмаслигимиз керакки, Ислом динининг энг асосий қоидаларидан бири мусулмонларнинг бир бирларига “тиллари ва қўллари” билан зарар бермасликларидир. Мана шу қоида биз мусулмонларнинг ҳаммамизнинг тушунчамизда, ҳаётимизда, кун тартибимизда ва ўзаро муносабатларимиздаги биринчи масала бўлиши керак. Яъни, мусулмонлар бошқа мусулмонларга тили ва қўли билан зарар бермасликлари билан Ислом умматининг ислоҳоти бошланади, инша Аллоҳ...
Ҳаваскорларни мутахассислардан ажратидиган энг асосий хусусият албатта ки, мутахассисларнинг ўз соҳаларида илм соҳиби бўлишдаридир. Бошқа сўз билан айтганда бирор соҳада олий маълумотли бўлишдир. Албатта, ҳар олий маълумот олган киши (айниқса пора билан ўқишга кириб, диплом олганлар ва олаётганлар) мутахассис ҳисобланмайди, аммо янада бир соҳада мутахассис бўлишнинг асосий жиҳати шу соҳани ўқиб ўрганиш ва ҳозирги тушунчада бу соҳада дипломли бўлишдир. Турли соҳанинг мутахассисларини уларнинг ўзини тутишларидан, масалаларга, муаммоларга ва берилган саволларга аниқ, лўнда ва даллилар билан жавоб беришларидан ҳам таниб олиш мумкин. Ҳаваскорлар эса умумий илмий ва амалий савияларининг пастлиги билан ҳам дарров ўзларининг кимликларини билдириб қўядилар.
Facebookдаги энг “илғор” мутахассисларнинг МХХ агентлари эканликларини тан олмасликнинг асло иложи йўқ. Улар бу тармоқ фойдаланувчиларини таъқиб қилиш, улар ҳақида маълумот тўплаб, ўз марказларига узатиш, мухолифатни ёмон отлиқ қилиш ёки унинг аъзоларини бир бирларига қарши қайраш, мухолиф ёки фойдали диний баҳсу мунозараларга арашалиб, уларни беъмани тортишувларга айлантириб юбориш ва троллик қилиб, ўзларига ёқмаганларни энг оғир ва ҳаёсиз шаклда ҳақорат қилиш каби ўз соҳаларининг энг яхши мутахассислари эканликларини бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари асло унутмасликлари керак.
Менинг назаримда Facebook тармоғи аслида ҳам жиддий илм ва тажриба ўрганадиган майдон эмас. Аммо Ўзбекистон каби матбуотда қаттиқ цензура ўрнатилган давлатлар фуқаролари учун бу тармоқ тезкор хабарлар олиш, ёзувчи шоирларнинг янги ижод намуналари билан танишиш, дунёда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиб бориш учун бир восита ролини ўйнаши мумкин.
Шундай экан, дўстлар Facebookда енг шимариб, мен ундайман, мен бундайман, менга саволларингизни юбораверинг, ҳамма соҳаларда мутахассисман, психологман, сиёсатчиман, аҳли илмларданман, дейдиганларнинг иддио ва баёнотларига эҳтиёт билан муносабатда бўлишимиз керак. Албатта, ҳар ким ўз фикрига ва дунёқарашига эга бўлишга ва уларни баён қилишга ҳақлидир. Аммо ҳавас бошқа ҳаваскорлик бошқа бошқа нарсаларни унутмаслигимиз, одамларга фойда бераман, деб зарар беришдан узоқ туришимиз менимча мақсадга мувофиқ бўлса керак.
Маълумки, Facebook таржимада “Юз Китоби” ёки оддий тилда айтганда бу ерга кириб қолган ҳар бир кишининг юзини, яъни илмини, ақлини, истеъододини, тажрибасини ва ниҳоят ният ва мақсадини кўрсатадиган майдон ёки кўзгу ҳамдир. Айни пайтда бу ернинг “Юзсизлик” намойиш қилинадиган жой ҳам эканлигини унутмаслигимиз зарур...
Намоз НОРМЎМИН
10.01.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий