вторник, 7 февраля 2017 г.

МЕН МИРЗИЁЕВГА ЁРДАМ БЕРАЁТГАНЛАРНИНГ САФИДАМАН

Бу тармоқдаги баъзи дўстлар менга нега сиз ҳукуматни танқид қилмоқдасиз, унинг ўрнига қўлингиздан келса, ёрдам бермайсизми, дейишмоқда.
Имом Тирмизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (сав) "Золимга ҳам, мазлумга ҳам ёрдам берингизлар", дея марҳамат қилдилар. Саҳобалар "Мазлумга ёрдамни тушундик. Аммо золимга қандай ёрдам берайлик", деб сўрашди. Муҳаммад (сав) "Золимнинг зулмига тўсиқлик қилишга урининг, бу билан унга ёрдам берган бўласизлар", дея марҳамат қилдилар...

Ҳа, зулмга қарши ҳеч қурмаса сўз билан, даъват билан қарши чиқиш шу зулмни амалга ошираётганларга катта ёрдам бериш ҳисобланади.
Мен шу маънода ҳозирги ҳукуматга ислоҳотлар дастурини юбордим. Шундай ёрдам бериш мақсадида Бош Вазир сифатида Абдулла Орипов, эски Ички Ишлар Вазири Зокир Алматовларнинг қайта лавозимига тикланишига қарши чиққанлар орасида бўлдим. Ислом Каримовнинг номини улуғлаш, унинг исмини муҳим жойларга, шу жумладан Тошкент аэропортига берилиши ҳам халқимизни ҳақорат қилиш эканини айтиш билан яна Мирзиёв ва ҳукуматига ёрдам қўлимни узатаяпман...
Яна Мирзиёвга ёрдам бериш учун у олиб бораётган ҳозирги сиёсатнинг ҳақиқий ислоҳотлар эмаслиги, ҳақиқий ислоҳотларни хаспўшлаш эканлиги, бу эса Ўзбек халқига, давлатимизга, ватанимизга жуда қимматга тушиши мумкинлигини айтдим.
Айтишим керакки, Шавкаат Мирзиёевнинг ҳақиқий душманлари "Сизга тасонналар бўлсин, сиз раҳбар бўлиб Ўзбекистонга қўёш чиқди, сиз олдин ҳам Каримовга мухолиф эдингиз, сиз оламшумул ислоҳотларни бошлаб юбордингиз, дунёда сиздан буюк раҳбар йўқ", деб маддоҳлик қилаётганлардир.
Мен ўз ёрдамимни яхшироқ тушунтириш учун унинг моҳиятини яна бир марта такрорламоқчиман:
"Ислом Каримов диктатурасида Ўзбекистоннинг белини синдирган уч идора бор эди: 1 Ҳукумат идораси. 2 Диний Идора 3 Ёзувчилар идораси. Бу идораларнинг ислоҳоти ҳали бошлангани йўқ. 1. Ҳукумат идорасининг ислоҳоти сиёсий ислоҳотларни билдиради. 2. Диний идоранинг ислоҳоти мусулмонларга эркинликлар берилиши, диний идоранинг қайта ташкил қилинишини билдиради. 3. Ёзувчилар идорасининг ислоҳоти эса сўз ва фикр эркинлиги, матбуот ва ижод эркинлиги демакдир. Бу ислоҳотларнинг бирортаси бошланмади, бошланиш у ёқда турсин, ишорати ҳам берилмади. Ҳозир қилинаётган туман ва вилоят ҳокимларни алмаштириш, товуқчилик сиёсати (?) ва ҳк ҳақиқий ислоҳотларни хаспўлашдан иборатдир. Бундай хаспўшлаш давом этган сайин шахсларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг инқирози янада чуқурлашаверди ва бунинг нима билан тугашини ҳеч ким айтиб беролмайди..."
Сиёсатни озгина тушунадиганлар менинг бу ёрдамим Шавкат Мирзиёев ва ҳукумати учун қанчалик муҳим эканлигини дарров тушуниб оладилар. Чунки бундай ислоҳотлар амалга оширилмай, ҳозирги ислоҳот ўйини давом эттириладиган бўлса, ҳозирги раҳбарларнинг ва уларнинг оилаларининг бошига Ислом Каримов ва унинг оиласининг бошига тушганларнинг тушиши муқаррардир. Бу огоҳлантириш ҳам Шавкат Мирзиёв ва ҳукумути учун энг катта ЁРДАМдир.
Намоз НОРМЎМИН
07.02.2017

ИЛТИМОС, ИСЛОҲОТЛАР БОШЛАНГАНИДАН БОНГ УРМАНГ
Бу ижтимоий тармоқдаги дўстларимдан бири Мирза Анвар Ҳамид ўғли Ўзбекистоннинг ҳозирги Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом Каримов диктатурасига мухолиф бўлганини, бунинг далили эса Мирзиёвнинг ҳозирда "алтернатив фикр ўйларини амалга ошира бошлагани" эканлигини ёзибди.
Аслида, Мирза Анвар аканинг анча соғлом фикр мулоҳазалари бор. Масалан, кеча ёзган "Совет даврини Каримов китобларидан билган авлод рельсни ғўзапоядан ясаш мумкинлигига ишонган авлоддир" мулоҳазаси таҳсинга сазовор,деб ўйлайман.
Аммо Шавкат Мирзиёев Каримовга мухолиф бўлган дейиш билан у киши ўзбекчасига айтганда ҳақиқий маънода қовун туширдилар.
Мен ҳукуматни ҳам, мухолифатни ҳам анча яхши таниганим учун Мирзо Анвар аканинг бу фикрига ушбу изоҳ билан жавоб бердим. Кимнинг ҳақлигини эса бу ердаги дўстларнинг ҳар бири ўз муносабатлари билан билдиради, деб ўйлайман:
"Биринчидан ШМ яширин мухолифатда бўлган дейишингиз мумкин эди, аммо у ҳам ҳақиқат бўлмасди. Иккинчидан, қанақа алтернатив (ўзбекчада муқобил ) фикр ўйлар? Ислом Каримов диктатурасида Ўзбекистоннинг белини синдирган уч идора бор эди: 1 Ҳукумат идораси. 2 Диний Идора 3 Ёзувчилар идораси. Бу идораларнинг ислоҳоти ҳали бошлангани йўқ. 1. Ҳукумат идорасининг ислоҳоти сиёсий ислоҳотларни билдиради. 2. Диний идоранинг ислоҳоти мусулмонларга эркинликлар берилиши, диний идоранинг қайта ташкил қилинишини билдиради. 3. Ёзувчилар идорасининг ислоҳоти эса сўз ва фикр эркинлиги, матбуот ва ижод эркинлиги демакдир. Бу ислоҳотларнинг бирортаси бошланмади, бошланиш у ёқда турсин, ишорати ҳам берилмади. Ҳозир қилинаётган туман ва вилоят ҳокимларни алмаштириш, товуқчилик сиёсати (?) ва ҳк ҳақиқий ислоҳотларни хаспўлашдан иборатдир. Бундай хаспўшлаш давом этган сайин шахсларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг инқирози янада чуқурлашаверди ва бунинг нима билан тугашини ҳеч ким айтиб беролмайди. Сиздан ҳаққонийлик (реаллик) ва адолат тарафида туришингизни кутиб қоламан. Чунки айтилаётган ҳар бир сўз учун, айниқса бу сўз умумнинг (халқнинг) манфаати учун айтилаётган бўлса, бу сўзлар учун эртага бу дунёда халқ, охиратда эса Холиққа жавоб бериш керак бўлади...Саломат бўлинг..."
Намоз НОРМЎМИН
06.02.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий