пятница, 10 февраля 2017 г.

ДУНЁ КАТТА СИЁСАТИДА НИМАЛАР БЎЛЯПТИ?

АҚШда Дональд Трамп Президент ўлароқ иш бошлаганидан кейин қуйидагилар маълум бўла бошлади: АҚШ баъзилар тахмин қилгани каби Русия билан апоқ чапоқ бўлмайди ва иқтисодий санкцияларни бекор қилмайди. Сабаб Русиянинг Қиримни тарк қилмаётгани. АҚШ Эронни Ироқни босиб олишда ва дунёда террорни қўллаб қувватлашда айблади. АҚШ Сурияда хавфсизлик минтақаларини барпо қилишни истайди. АҚШ ва Оврупо Иттифоқи муносабатлари қандай ривожланиши ҳақида мавҳумлик бор. АҚШ ва Туркия муносабатларида ҳам ҳануз аниқ режалар ўртага қўйилмади...

Кеча Русия ҳарбий учоқлари Суриянинг Ал Боб шаҳридаги Турк аскарлари мавқеини "хато" туфайли нишонга олдилар. Ҳужумда 3 Турк аскари ҳалок бўлди ва яна 10 аскар яраланди. Матубот Путиннинг Эрдўғондан узр сўраганини ва таъзия билдирганини хабар берди. Баъзиларига кўра Русларнинг бу нишонга олиши бундан бир ярим йил аввал Турк ҳарбий учоғининг Сурия чегарасида Рус ҳарбий учоғини уриб туширгани учун қасосдир. Аммо ҳақиқат бироз бошқача бўлиши ҳам мумкин. Чунки Русия томони Турк аскарларини АҚШ Марказий Разведка бошқармаси (русча ЦРУ) раҳбари Анқарага келган соатларда амалга оширди. Бу билан Русия Туркияга умумиятла дунё сиёсатида ва айниқса Сурия масаласида АҚШ томонга мойиллик кўрсатма, дея пўписа қилган ҳам бўлиши ҳам мумкин.
Сурия ва Яқин Шарқ муаммоси дунё сиёсати кун тартибининг энг асосий масаласи бўлиб қолар экан, бошқа томондан АҚШ ва ОИ нинг Русияга қарши кураши ва Русиянинг ҳам бу икки супер кучга қарши кураши тобора авж олиб ормоқда. Бу кураш тарафларнинг матбуот, разведка, иқтисодий соҳалардаги кураши, АҚШ ва ОИ Украинага ёрдам бериб Русияга Донбасс минтақасида зарба бериш шаклида ўзини кўрсатмоқда. Тарафларнинг ўзаро кураши Афғонистонда ҳам ўзини кўрсатадиганга ўхшайди. Халқаро матбуотга кўра Русия Афғонистонда АҚШ ва иттифоқчиларига қарши Толибон билан ҳамкорлик қилишга ҳам тайёр. Трампнинг Афғонистон раҳбари Ғани билан телефон суҳбатида АҚШнинг бу мамлакат раҳбариятига ёрдам бериши билдирилди. Олдинроқ АҚШнинг Афғонистонга яна қўшимча аскарлар жўнатиши мумкинлиги ҳам хабар берилганди...
Бу орада Путин бу кунларда Қирғизистон, Тожикистон ва ҳатто Ўзбекистонга ҳам сафар қилади. Кун тартибида ўзаро алоқаларнинг ёнида албатта Афғонистон масаласи ҳам бўлади ва Путин Ўрта Осиё раҳбарларидан АҚШ ва ОИ қарши бу минтақда умумий сиёсат олиб боришни талаб қилиши мумкин...
Сурия ва Ироқда Туркиянинг олиб борадиган сиёсати ўта муҳимдир. Туркия бир томондан Русия билан ҳамкорлик қилиб АҚШ ва ОИ нинг таъсиридан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда. Иккинчи томондан эса АҚШ билан алоқаларни ва ҳамкорликни давом этттириб, минтақада Эроннинг таъсирини камайтиришга ҳаракат қилади.
Туркия бу сиёсатида ёлғиз эмаслиги кўрсатиш учун бу давлат раҳбари Тойиб Эрдўғон 12-15 Февраль кунлари Араб дунёсининг уч муҳим давлатлари Баҳрайн, Саудия Арабистони ва Қатарга расмий зиёратларни амалга оширади. Яъни, Туркия ва мусулмон давлатлари бир томондан АҚШ ва ОИ, иккинчи томондан Русиянинг Сурия ва минтақадаги сиёсатлари ва ўзаро курашлари орасида ниҳоятда қийин ва нозик сиёсат олиб боришга мажбурдирлар. Туркиянинг Рус учоқларининг Суриядаги аскарларини нишонга олишига қарши қаттиқ эътироз билдирмагани мана шу мажбурликнинг бир кўринишидир.
Ўрта Осиёга келадиган бўлсак, Русия ва АҚШ ва иттифоқчиларининг ўзаро кураши эрта индин бу минтақада ҳам ўзини кўрсата бошлашини тахмин қилишимиз мумкин. Шундай экан, Ўзбекистон раҳбарининг вилоят зиёратларини ҳозирча тўхтатиб, Қозоғистон ва Тожикистон раҳбарлари билан дунё сиёсатидаги бу воқеаликларни муҳокама қилиши ва бу масалаларда давлатларимиз олиб борадиган сиёсатни мувофиқлаштириши мақсадга мувофиқ бўларди.
Намоз НОРМЎМИН
10.02.2017
Генштаб армии Турции сообщил о гибели трех своих военнослужащих из-за…

Комментариев нет:

Отправить комментарий