понедельник, 20 февраля 2017 г.

АВВАЛ МУСУЛМОНМИЗ, КЕЙИН ЎЗБЕКМИЗ

Кеча бозор куни хориждаги баъзи зиёли биродарлар билан давра суҳбатида эдик. Орамизда ёши олтмишдан ошганлар ҳам, ёши ўттизга етмаганлар ҳам бор эди. Мавзу ҳар томондан бўлса ҳам, дард бир эди: Биз киммиз, тарихда ким эдику, бугун ким бўлиб қолдик, энди бу ёғи нима бўлади...

Давра ва суҳбат эркин бўлгани учун бу мавзуларда ҳар ким ўз тушунчаларини айтди: Чингизхоннинг турк қавмига мансублиги ҳақида ихтилоф борлиги, Темурнинг ва Бобурнинг она тарафдан мўғулларга қариндошлиги, ўз замонида улар билан "Ўзбак" қабилалар орасида душманлик бўлгани, Навоий ва Бобурнинг Турк тилини ўз тили деб билганликлари, Ҳусайн Байқоранинг Шиаликка мойил бўлганию, аммо Алишер Навоий ва бошқа сарой аёнларининг уни бу мойилликдан воз кечиргани, Бобурнинг шиа Иброҳим Лўдий билан жанг қилиб, Ҳиндистонни қўлга киритгани, Бобурнинг шиалар билан ҳамкорлик қилиб Самарқандга қайтгани ва кейин яна ватанидан чиқиб кетгани...
Тарихда Ўрта Осиё ҳудудларида маълум муддат ғарблик Александр Македонский, форс Сомонийлар, мўғул Чингизхон ва авлодлари, мусулмон Араблар, энг охирида Руслар ҳукмрон қилганликлари, уларнинг ҳукмронлигининг халқимизнинг тили, маданияти, сиёсий ҳаёти, адабиётига таъсири бўлгани... Бухоро Амирлиги ва Усмонли давлатининг ўзаро алоқалари...
Э ҳей, уч соатдан кўпроқ "паловхонтўра" иштирокида давом этган суҳбатида дин ва миллат дардидан ўзимизча баҳсу мунозарани қизитганча қизитдик.
Кейин гап Туркиянинг ҳозирги аҳволига, "Турк моделига", Туркия тараққиёт йўлидан нима олишимиз мумкинлигию, нима олмаслигимиз кераклиги ҳақида фикрлар айтилди. Бу мамлакат халқининг 2016 йил 15 Июль куни амалга ошмаган давлат тўнтаришида йўлларда, майдонларда танкларни тўхтатиб кўрсатган қаҳрамонлигига алоҳида эътибор қаратдик. Шу билан замонавий Туркия жамиятининг катта муаммолари борлиги, ғарбона секуларизмнинг бу халқ ва давлат бошига бало бўлгани, бу тажрибадан бизга фойда йўқлиги, ҳозирги ҳукуматнинг мусулмон халқ манфаатидан келиб чиқиб, дунёвийлик қоидасини бошқача талқин қилаётгани...Туркия мусулмонларининг гуруҳбозликларининг салбий оқибатлари...
Хуллас, Туркия жамияти ва давлатининг барча жиҳатларининг ҳам бизга тўғри келмаслиги, шу билан бирга бу давлатнинг биз Ўзбекларга энг яқин давлатлардан бири эканлиги айтилди.
Ўзбекистон янги ҳукуматининг ислоҳотлар қилишга уринаётгани, аммо Ислом Каримовдан оғир ижтимоий сиёсий мерос қолгани, ҳукуматнинг ислоҳ уринишларига кимлардир тўсиқлик қилаётгани ҳам сўз орасида айтиб ўтилди...
Хулоса эса, бизнинг халқ сифатида аввало мусулмон эканлигимиз, тарихий жарёнлар натижасида Ўзбек, деган бир мусулмон миллатнинг, халқнинг ўртага чиққани, замонавий Ўзбек тилининг мустақил тил эканлиги, яъни Ўзбекистон халқининг асосий қисми мусулмон Ўзбеклардан ташкил топгани, янги давлатимизнинг ҳам Ўзбекистон эканлиги, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон халқи ва давлатларининг бизга қон қардош, қариндош эканлиги...Туркистон умумий ватанимиз, тарихий қадриятимиз эканлиги...
Хуллас, биз Ўзбекларимиз, мусулмон халқмиз, Ўзбек тили ҳам мустақил бир тил. Ўрта Осиёдаги, яъни Туркистондаги халқлар бизнинг қон қардошларимиздир ва биз ўзаро ҳамкорлик ва иттифоқ бўлишга мажбурмиз. Туркия халқи ва давлати бизга энг яқин халқ ва давлатдир. Бу халқ ва давлатнинг тажрибаларини яхши ўрганишимиз, фойдали тарафларини олиб, фойдасиз тарафларини олмаслигимиз керак...
Бир давра суҳбатида бўлса, шунча бўладида...

Намоз НОРМЎМИН
20.02.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий