суббота, 25 февраля 2017 г.

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ РАҲБАРЛИГИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЎРТА ОСИЁ СИЁСАТИ

Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Ўзбекистоннинг Ўрта Осиё сиёсати ўзгаргани бир ҳақиқатдир. Шавкат Мирзиёев Президент бўлиб сайланишдан олдин ҳам Президент бўлиб сайлангандан кейин ҳам аввал Қирғизистон ва Тожикистон, кейин эса Қозоғистон ва Туркманистон билан муносабатларни тараққий қилдиришга, яъни халқларимиз ва давлатларимиз орасидаги муносабатларни яхшилашга, яқинлаштиришга, чегараларни очишга қаратилган амалий қадамлар отила бошлади.

Қирғизистон билан икки томонлама Бош Вазир ўринбосарлари раҳбарлигидаги ҳайъатлар зиёрати амалга оширилди, Тожикистон раҳбарияти билан Ташқи Ишлар Вазирлари даражасида учрашувлар бўлиб ўтди ва икки мамлакат орасида ҳаво йўллари саёҳатини йўлга қўйиш жараёни бошлатилди, Қозоғистон билан тезюрар поездлар сайёҳати ҳамда автомобил йўлларнинг очилиши кун тартибига келтирилди, Туркманистонга Ўзбекистон Бош Вазири ўринбосари сафар қилди...Ҳатто Ўзбекистон Ташки Ишлар Вазири Абдулазиз Комилов Афғонистонга сафар қилиб, 1,5 Миллиард долларлик шартнома имзолади.
Хўш, Ўзбекистоннинг Ўрта Осиёдаги қўшни ва қон қариндош давлатлар билан бундай ўзаро яқинлашув ва ҳамкорликни кучайтириш сиёсатининг маъноси ва аҳамияти нимадан иборат?
Бунинг маъноси ва аҳамияти шундан иборатки, бугунги глобаллашув ва мураккаб геополитик шартларда Ўрта Осиёдаги беш мустақил давлатларимиз, яъни Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон Қозоғистон ва Туркманистоннинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан якка якка ҳолда оёқда туриши унчалик осон эмас. Чунки бу шартларда нафақат тезкор хабар алмашуви ва тарқалиши (масалан, интернет), балки инсонларнинг бир мамлакатдан бошқасига кўчишининг (миграция) ортиши билн бирга, дунёдаги тижорат ва иқтисодий алоқаларни кучайтириш тақоза қилинмоқда. Яъни, Ўрта Осиёдаги мустақил беш давлатимизнинг бутун соҳаларда ўзаро ҳамкорлиги тарихда бўлгани каби бугун ҳам ўта долзарбдир.
Сўнгги ойларда Ўрта Осиё минтақасига алоқадар бўлган икки хусус тобора ошкор бўлиб бормоқда. Бу биринчидан, Русия лидерлигидаги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг заифлашиши. Белоруссия ва Русия раҳбарлари орасида бу масаладаги очиқ ихтилоф бунга далилдир. Иккинчидан, Афғонистонда Русия ва АҚШ бошқараётган ғарб давлатлари кучлари орасидаги зиддиятнинг ортиб бораётгани. Бунинг натижасида ғарб қўллаб қувватлайдиган Афғонистон расмий ҳукумати ва Русия очиқ қўллаб қувватлай бошлаган Толибон ҳаракати (http://www.kp.ru/daily/26642.5/3661224/) орасида жанглар янада шиддатланиши мумкин.
Бундай мураккаб вазиятда Ўрта Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорликни ва яқинлашишни кучайтириши айни мақсадга мувофиқ сиёсатдир. Бу ўринда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Қозоғистонга амалга оширадиган расмий зиёрати жуда катта аҳамият касб этади. Чунки бу икки давлатнинг бугунги Ўрта Осиёнинг "икки мотори ва икки қаноти" эканлиги ҳамма эътироф қилган бир ҳақиқатдир.
Бугунги кунда Ўрта Осиёдаги беш давлатимиз орасида миллатчилик, маҳаллийчилик, сув ва энергия тақсимоти, чегараларнинг аниқланиши каби муаммолар борлиги маълум. Бу муаммоларни ҳал қилишда давлат ва ҳукумат раҳбарларининг ўзаро ҳамкорлиги ёнида чегараларни янада кўпроқ очиш орқали тижорий алоқаларни кучайтириш, маданият ва адабиёт соҳасини вакилларининг учрашувларини ортириш ва Ислом дини вакилларининг ҳамкорлигини кучайтириш алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳозирда Ўрта Осиёдаги беш давлатимизнинг ўзаро ички ва ташқи сиёсатини мувофақлаштирадиган ва давлатлар ёки ҳукумат раҳбарларидан ташкил топадиган "Фавқулодда Ҳамкорлик Кенгаши"нинг ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу Кенгаш нафақат минтақанинг ички муаммоларининг ечимида, балки ташқи сиёсатдаги муаммоларни ечишда ҳам ҳал қилувчи ролни ўйнаши, яъни Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон Қозоғистон ва Туркманистоннинг умумий сиёсий ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишнинг зарурий воситаси бўлар эди.
Ўрта Осиё учун яна муҳим бир масала минтақада Хитойнинг сиёсий ва иқтисодий манфаатлари ва айтиш мумкинки, бу соҳалардаги босимига қарши умумий сиёсатни шакллантиришдир. Бунинг учун ҳам беш мустақил давлатимиз орасида "Фавқулодда Ҳамкорлик Кенгаши"нинг ташкил қилиниши воз кечиб бўлмас умумий сиёсий ҳамладир.
Хулоса ўрнида таъкидламоқчиманки, Ўрта Осиёдаги давлатларимиз орасидаги ҳозирги илиқлашув жараёни Ўзбекистон ҳукуматининг минтақавий сиёсатдаги ижобий қадамларининг натижасидир. Шундай экан, Шавкат Мирзиёев ҳукумати бундай ижобий минтақавий сиёсатини давом эттириши учун ҳам мамлакат ички сиёсатидаги ислоҳотларни жадаллаштириши зарур. Чунки Ўзбекистоннинг ички ва ташкқи сиёсатда ислоҳотлар ўтказиб, кучли давлатга айланиши Ўрта Осиё минтақасининг умумий манфаатларига ҳам мосдир.
Намоз НОРМЎМИН,
Мухолиф сиёсатчи
26.02.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий