понедельник, 27 февраля 2017 г.

ТУШ...ЮРАК МИСРАЛАРИ

Хорижда бир забардаст, паҳлавон, қўли ва юраги очиқ бир дўст топгандим. Кейин у мия раки касаллигига чалинди ва бу забардаст дўстим бу ердаги дўстларимизнинг кўз ўнгида эриб кетди...
Бу дўстимнинг икки қизи ва бир ўғли бор эди. Дунёни бир айланиб келганимда унинг катта қизини узатишганини айтишди. Кеча тушимга шу дўстимнинг ўғли кирди...

"Амаки", деди у исмимни айтиб. "Мен хорижга ўқишга кетмоқчиман. Менга нима маслаҳат берасиз?"
"Тақдир сенга онангга ва икки синглинга қарашни буюрди. Сен уларни ташлаб қаёққа кетасан?"
Дўстимнинг ўғли бир оз нарироққа бориб ёнбошлади. Мен унинг ёнига бориб, тиз чўкдим. Икки кўзидан шошқатор ёш оқар, шу шаклда сессиз йиғларди...Ҳаётимда бундай аччиқ кўз ёшларини кўрмагандим...
Кейин дўстимнинг ўғли ўрнидан туриб, юра бошлади ва бир боққа кирди. Мен унинг изидан бордим. Боққа киришимиз билан йигит йўқолиб қолди. Исмини айтиб қанча чақирмайин, ундан жавоб бўлмади... Мен шу ҳолда ёлғиз турар экан, укам ва ўғлим ёнимга келишди. Боғ кимларнингдир томорқаларига уланиб кетганди. Томорқалардан ўта ўта охири кўчага чиқдик. Назаримда уйдан унча узоққа кетмaгандик.
"Дада, автобус бекати бу ёқда экан", деди ўғлим қўлимдан тутиб.
Худди қишлоқда ўз томорқамизни суғориб юрган каби, ялангоёқ ва оёқларим лой эди...
Ажиб бир туш эди...
Намоз НОРМЎМИН
27.02.2017

ЮРАК МИСРАЛАРИ
Юрак севинишдан тўхтади,
Юрак хўрсинишдан тўхтади,
Ва юрак уришдан тўхтади...
Тўхтади шу онда у одам,
Тўхтади ҳориган, эскиган қадам.
Ва айланиб қолди,
Бу исм,
Бу жисм...
Дунёнинг энг катта тоғига...
*****
Ҳаёт албатта сизга,
Яшил чироғини кўрсатади.
Кейин сариқ чироғини,
Кейин қизил чироғини...
Кейин сизни авайлаб,
Бир чеккага олиб қўядилар,
Ҳаётнинг яшил чироғини
Кутиб турганлар...
*****
Сен мени эзма,
Исмимни ҳам чизма,
Сен менга қўлингни узат,
Чиқай сўнг онда,
Шу чўққига...
Сен мени эзма,
Боримни бузма...
Ахир мен ёнингга,
Эзилиб келдим,
Борлиғим чизилиб келдим...
Сен мени эзма...
*****
Кўкрагимда бир оғриқ,
Қора булут каби,
Ёйилар борлиғимда...
Нима ёғар ундан,
Нима ёғар,
Юрагимга...
Тош ёғар,
Тош ёғар...
Намоз НОРМЎМИН
27.02.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий