понедельник, 13 марта 2017 г.

ТУРКИЯДАН НОРВЕГИЯГА НЕГА КЕТГАН ЭДИК? (4)

( "Хаёлий эмас, ҳаётий ҳикоялар" туркумидан)
4
Собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф аҳли илмлардан, мустақилликка эришиш ва ундан кейинги икки ўн йилликда эл ичида энг кўп танилган уламолардан бири эди. Албатта, илм ва олим мавзуси катта ва чуқур мавзу...Илм нима ўзи деган саволнинг аввалги жавоби илм Қуръони Каримдир.

“(Эй Муҳаммад) Агар Сизга келган илмдан (Қуръондан) кейин ҳам уларнинг (аҳли китобларнинг, яъни насроний ва яҳудийларнинг) ҳавою нафсларига эргашсангиз, унда, албатта, золимлардан бўлурсиз” (Бақара сураси, 145 ояти)
Шунга ўхшаш бошқа кўп ояти карималарда Қуръони Каримнинг илоҳий илм эканлиги билдирилган. Шу билан бирга саҳиҳ ҳадислар ҳам илмдир. Буларнинг ёнида илмнинг кавний манбалари ҳам бор. Бу ҳам бўлса: атроф муҳитдаги, табиатдаги, еру осмондаги нарсаларга, яъни қуёш, ой, юлдузлар, булутлар, қору ёмғирлар, ўрмонлар ва тоғлар...хуллас табиатда нима бор бўлса уларга қараб инсонларнинг бу мавжудотларнинг ҳақиқатини ўрганиши ҳам бир илм манбаидир. Қолаверса, инсоннинг ақли, яъни кўриш, эшитиш, сўзлашиш, ўқиш ўрганиш орқали биладиган нарсалари ҳам илмнинг бир қисмидир. Дунёвий илмлар, деб аталадиган илмлар инсон ақлининг мана шундай фаолияти натижаси эканлиги ҳаммамизга яхши маълум...
Демак, илм аввал илоҳий манбалар, яъни Қуръони Карим ва унинг изоҳи, шарҳи бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Сўнгра кавний манбаларга асосланган илмдир. Ва яна инсон ақлининг, тафаккурининг фаолияти ва тажрибаси натижасида ўртага чиққан илмдир...Афсуски, сўнгги икки асрда Қуръон илми ва унинг амалий қоидалари турли сабабларга кўра инсонлар ва жамиятлар ҳаётидан узоқлаштирилди. Натижа фақат табиатдаги нарсалар ва воқеъликларга ҳамда инсон ақли, тафаккурининг фаолиятига асосланган илм соҳалари ривожланди. Бундай фақат модда (материализм) ва инсон ақли асос бўлган мусбат, яъни дунёвий илмлар инсониятнинг моддий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қила бошлади. Натижада инсонлар, халқлар ва улар қурган янги жамиятларнинг дунёқарашлари ва ҳаётлари моддапарастликка, шаҳватпарастликкагина асосланиб қолди...
Аммо ҳеч шубҳасиз, илмнинг асли ва асосий манбаи Аллоҳ таолонинг Каломи Қуръони Каримдир. Чунки икки дунёнинг, яъни бу дунё ва охират ҳаётининг маъноси, ҳақиқати, тартиби ва сирини Аллоҳнинг Каломи бизга тушунтириб беради. У ҳолда Қуръони Карим қандай илм ва уни қандай тушунишимиз керак? Қуръони Карим ўқиса тушуниладиган Китобми ?! Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни бандаларим ўқисин, деб нозил қилди ва унинг илк ояти “Иқро..” (Ўқинг), ояти бўлди. Менинг саволни бу шаклда кўндаланг қўйишимнинг сабаби баъзи инсонларнинг биз Қуръонни ёки унинг оятларининг таржима маъноларини ўқисак ҳам тушунмаяпмиз, дейишларидир. Ёки баъзи “уламоларнинг” авом халқ барибир Қуръонни тушунмайди, дейишларидир. Ҳолбуки, Қуръони Карим бутун инсоният уни ўқиши, унга имон келтириши ва унга эргашиши учун нозил қилинган, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассалам эса бутун инсониятга пайғамбар сифатида юборилганлар...
“Албатта, бу (Қуръон) Сиз учун ҳам, қавмингиз учун ҳам бир Эслатма (илоҳий насиҳатдир). Ва, албатта (сизлардан дунё ва охиратда) ундан сўралурсизлар (имтиҳон қилинурсиўлар)” (Зуҳруф сураси, 44 оят)
Демак, Қуръони Карим Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалам учун ҳам, бутун инсоният учун ҳам, шу жумладан илми ва амали кўп бўладими, оз бўладими, мусулмонларнинг ҳаммалари учун Илоҳий ҳақиқат, насиҳат, ҳамма икки дунёда имтиҳон қилинадиган дастур экан. У ҳолда ҳеч кимнинг мен Қуръони ўқимадим ёки ўқисам ҳам тушунмадим, дейишга ҳаққи йўқ экан...
Қуръони Карим қанақа Китоб ўзи? Нега баъзи инсонлар уни ёки оятларининг маъноли таржималарини ўқиса ҳам, Аллоҳнинг Каломининг ҳақиқатларини яхши тушунмайдилар? Чунки Қуръон аввало башарий, яъни инсонлар ёзган Китоб эмас, Илоҳий Китобдир. Бунинг маъноларидан бири башарий китобларни ўқувчи бошидан охиригача ўқимаса унинг маъносини тўлиқ тушунмайди. Аммо Қуръони Каримнинг бир сурасини ёки бир оятини ўқиш билан унинг бутун моҳияти ва ҳақиқатини ўрганиши мумкин. Қандай қилиб? Чунки Қуръони Каримнинг аниқ, ўзининг тили билан айганда муҳкам, яъни осон ифодаланган ва осон тушуналадиган бир мавзуси бор. Математика тили билан айтганда, бир махсус “формуласи” бор Илоҳий Каломнинг...Маълумки, математика ёки алгебрада формулани билган ўқувчи ёки талаба, унга имтиҳонда берилган масалани осонгина ечади...Худди, шундай Қуръони Каримнинг унинг моҳияти жамланган ўз “формуласи”, унинг моҳиятини очиб берадиган ўзига хос мавзуси бор: Бу ҳам бўлса “Ла илоҳа илоллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” ҳақиқатидир. Яъни, Аллоҳдан бошқа бандалик қилишга лойиқ маъбуд (Илоҳ) йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расулидир, пайғамбаридир...
Демак, Қуръоннинг “формуласи”, яъни асосий мавзуси ва моҳияти уч қисмдан иборат: 1. Аллоҳ таолони тўғри таниш, Унга тўғри имон келтириш ва Унга тўғри бандалик қилиш. 2. Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг охирги пайғамбари эканлиги имон келтириш ва У зотнинг суннатларига эргашиш. 3. Лаънати шайтонни таниш ва унинг куфр, ширк ва мунофиқликдан иборат ботил йўлларидан узоқ туриш...
Мана энди, Қуръони Карим жуда осон тушуниладиган Китобга айланди. Чунки Қуръони Каримнинг ҳар бир сураси ва ҳар бир ояти мана шу уч ҳақиқатдан баҳс юритади. Эй инсонлар, Аллоҳ сизнинг ягона Роббингиз ва Илоҳингиздир, шунинг учун ҳам фақатгина Унга бандалик қилингизлар. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбаридир, У сизларга Аллоҳнинг охирги каломи, китоби Қуръонни келтирди ва Ислом динида У Зотга эргашингизлар. Лаънати Шайтон ва унинг унинг куфр, ширк ва мунофиқликдан иборат ботил йўлларидан узоқ турингизлар... Қуръонни ушбу асосий мавзусидан хабардор бўлиб ўқиган киши уни бошдан охирига қараб ўқийдими, ўртадан бошланиши ва ниҳоясига қараб ўқийдими, ёки ниҳоясидан бошланишига қараб ўқийдими, Аллоҳнинг каломини жуда осон тушуниб олади. Ҳолбуки, бутун башарий китобларнинг тушунишнинг асосий шарти уларни бошдан охирагача ўқишдир. Акс ҳолда уларни тушуниб бўлмайди...
Муҳаммад алайҳиссалом замонларида яшаган илк мусулмонлар Қуръонни шундай осон тушунар эдилар. Шунинг учун ҳам уларда Қуръоннинг ҳозиргидек тек китоб ҳолига келтирилган шаклига эҳтиёж йўқ эди. Зотан, уларнинг кўпчилиги уммий, яъни фитрати бузилмаган ва ўқиш ва ёзишни ҳам билмайдиган содда инсонлар эдилар. Лекин улар Қуръонни, Исломи динини жуда осон тушунар, имон келтиришар ва Аллоҳ таолога ихлос билан бандалик қилар эдилар...
Машҳур ривоятда бир киши Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурига келади ва “Эй, Аллоҳнинг Русули. Аллоҳ сизга ўзининг ягона Илоҳлигини ва сизнинг Унинг пайғамбари эканлигини бизга билдиришни, намоз ўқишни, закот беришни, рамазон ойида рўза тутишни ва Ҳаж мавсумида бу ибодатни адо қилишни буюрдими?”, деб сўрайди. Пайғамбар алайҳиссалом бу саволларнинг барчасига ижобий, яъни тасдиқ билан жавоб берадилар. У киши эса Аллоҳга қасамки, мен сиз келтирган динга имон келтирдим ва бу амалларни озайтирмасдан ҳам, кўпайтирмасдан ҳам адо қиламан, дейди. Расулуллоҳ алайҳисалом саҳобаларига жаннатга ошиққан кишини кўришни истаганлар мана шу кишига қарасин, дейдилар...
Ҳа, дин аввалда, бошланишда мана шундай соф ва содда ҳолда эди. Қуръони Карим унга имон келтирганлар учун тушуниши ва амал қилиши осон Китоб эди. Мана шу дин ҳақиқий Ислом дини эди.
“Ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ наздида ҳақиқий дин Исломдир” (Оли Имрон сураси, 19 оят)
Кейин мана шу ҳақиқий динга икки “илова” ўртага чиқди. Булар тарихнинг ва давлатнинг, яъни сиёсатнинг иловалари эди...
Тарихнинг ҳақиқий динга “иловасида” турли ақидавий, фиқҳий, фикрий гуруҳлар, фирқалар ва тоифалар, тасаввуф ва тариқотлар, калом илми ва унинг диний қарашлари, фалсафа ва унинг ҳақиқий динга таъсири ўрин олди...
Давлатнинг, яъни сиёсатнинг “иловаси”да эса дин давлатнинг, сиёсатнинг хизматкорига, воситасига ва ҳатто ўйинчоғига, қўғирчоғига айланди. Давлатнинг динга қўшган“иловасида” сарой уламолари, диний идоралар пайдо бўлди. Бу сарой уламолари ва диний идаролар давлатнинг хизматкорига айландилар, ҳақиқий дин ҳаром деган нарсани давлат, сиёсат ҳалол деса, сарой уламолари ва диний идоралар “ҳа, албаттта, бу нарсанинг, бу амалнинг ўзи ҳалолдир”, дея фатво берадиган бўлишди. Шу даражадаки, золим Ислом Каримов режими муслималарнинг ҳижобда юриши фарз эмас, деб буйруқ берганида сарой уламолари ва диний идора масуъллари Каримовга қуллуқ қилиб (аслида бандалик қилиб), “ҳа, ҳа, ҳижобда юриш аслида фарз эмас”, дея сохта фатво беришгача етишди...
Хуллас, бизгача етиб келган динда тарих ва давлат, яъни сиёсатнинг иловалари мавжуддир. Ҳозирда дин дейилганда Қуръон ва саҳиҳ суннатларда ўрин олган диннинг асослари билан бирга тарих ва сиёсатнинг унга қўшган иловалари ҳам тушунилади. Инсонлар ҳам билиб билмай мана шу “аралаш қуралаш ҳолдаги” динга эргашадилар. Шунинг учун ҳозирда инсонларнинг аввалда соф ва содда ҳолда бўлган ҳақиқий динини тушунишлари ниҳоятда қийин ва мураккаб ҳолга келиб қолган...
Бу ҳам етмагандай кейинги пайтларда диннинг яна икки шакли ҳақида гапириш бошланди: "Анъанавий" Ислом ва "ноанъанавий" Ислом...Буниси аввалгиларидан ҳам қизиқ, шундай эмасми?
"Анъанавий" Ислом дейилганда асосан ушбу уч хусусият тушунилади: Биринчидан, давлат сиёсатига қарши чиқмаслик, яъни унинг диний идораси хизматида бўлиб, динни давлат истаган ва буюрган шаклда талқин қилиш ва шу доирада инсонларга динни тушунтириш. Иккинчидан, мазҳаб масаласида қаттиқ туриш. Учинчидан, сўфийликни тарғиб қилиш ва ундаги тариқотлардан бирига эргашиш. "Анъанавий" Исломчилар давлатга ва унинг сиёсатига итоат қилишда ҳам икки тоифага бўлинадилар: булардан биринчи тоифа ҳақиқий сарой уламоларидир. Улар давлатнинг умумий сиёсатига қарши бўлмайдилар, яъни зулмни бу зулмдир, деб унга қарши чиқмайдилар, инсонларни бундай золим давлатга бўйунсунмасликка даъват қилмайдилар. Улар бу билан давлатнинг бундай адолатсиз дин сиёсатига жону кўнгилдан хизмат қиладилар ва агар давлат раҳбарлари (сиёсатчилар) дин ҳаром қилган нарсани ҳалол, деб буйруқ берса, ҳеч эътироз қилмайдилар ва шу буйруққа кўра фатво берадилар. Иккинчи тоифа анъанавий Исломчилар давлатнинг зулм сиёсатининг зулм эканлигини биладилар, қалбида унга қарши бўладилару, аммо буни турли сабабларга кўра ошкор қилмайдилар...
"Ноанъанавий" Исломчиларнинг ҳам асосий уч сифатлари бор: Биринчи сифатлари, давлатга ва унинг зулмига муносабат масаласи. Улардан бири қисми, давлатнинг сиёсати қандай бўлишидан қатъий назар уни қўллаб қувватлайдилар, унга қарши чиқмайдилар. Бу тоифага “мадҳалийлар” тоифаси ҳам, дейилади. Иккинчи қисми эса, давлатнинг зулм сиёсатига қарши чиқадилар ва инсонларни бундай золим давлатга бўйунсунмасликка даъват қиладилар.
"Ноанъанавий" Исломчиларнинг иккинчи сифати эса, мазҳаб масаласига эркин муносабатда бўлишлари, яъни бу масалада қаттиқ турмасдан ва ҳатто мазҳабларга эргашмай ҳам динга эргашиш мумкин, деган тушунча ва амалда бўлганлар. Уларнинг учинчи сифати эса, тасаввуф ва тариқотларнинг йўлларини рад қилишларидир...
Яъни, "анъанавий ва ноанъанавий" Исломчилар орасида бу уч масалада жиддий ихтилоф ва тафовутлар мавжуддир. Юқорида айтилгани каби, бу ихтилоф ва тафовутлар давлатга, мазҳабларга, тасаввуф ва тариқотларга муносабатларда ўзини кўрсатади...
Ҳурматли ўқувчи! Биз Ўзбек мухолифатининг мустақилликдан кейинги хориждаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритмоқда эдик. Маълум, 1993 йилга келиб, яъни мустақилликнинг иккинчи йилида Ислом Каримов диктатураси сиёсий ва диний мухолифларга қарши қатағон сиёсатини очиқ шаклда амалга ошира бошлаганди. Бунинг натижасида бир гуруҳ мухолифлар муҳожиратга чиқиб кетишга мажбур бўлишганди. Улар орасида собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам бор эди. Мен у киши билан Туркияда уч тўрт йил ҳамкорлик қилган ва ушбу ҳаётий ҳикоянинг аввалги бўлимларида тақсир билан исломий китобларни таржима қилиш, “Тафсири Ҳилол”нинг ёзилиши ва нашрга таёрланиш жараёни ҳақида қисқа ҳикоя қилган эдим. Хорижда сиёсий ва диний қарашда бўлган муҳожирлар ва ўзларини жиҳодчилар, дея атаганлар орасида баъзи учрашувлар бўлган бўлсада, лекин улар орасида ҳеч қандай амалий ҳамкорлик бўлмагани, натижада Ўзбек мухолифати умумий бир ташкилот тузиш у ёқда турсин, бу ҳақда ташаббус ҳам кўрсатмаганини баён қилдим. Хўш, нега шундай бўлди? Мустақил давлат нима ўзи? Дин нима ўзи? Давлат ва сиёсат нима дегани? Илм ва унинг моҳиятини нимада?
Бу бўлимда ўз илмим даражасида илмнинг моҳияти, ҳақиқий илмнинг Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларга асосланиши, шу билан бирга илмнинг кавний ва ақлий асослари ҳам борлиги, ҳақиқий диннинг Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда ифодаланган дин эканлиги. Қуръони Каримнинг асосий мавзуси ва ҳақиқати “Ла илоҳа Иллоллоҳ ва Муҳаммадур Расулуллоҳ ” ҳақиқатига имон келтиришда ва унга амал қилишда эканлиги ва буни тушунишнинг осонлиги, аммо кейинчалик бу ҳақиқий динга тарих ва давлат, сиёсатнинг ўз қўшимчаларини илова қилганлиги, натижада бугунги кунда "Анъанавий" Ислом ва "ноанъанавий" Ислом тушунчаларининг ва гуруҳларининг пайдо бўлганини ва уларнинг асосий хусусиятлари ҳақида тўхталдим. Чунки бу ҳақиқатларни билмасдан туриб, дин нима, давлат нима, диний мухолифлик нима, сиёсий мухолифлик нима, деган саволларга жавоб топиш жуда мушкулдир, деб ўйлайман...
Собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга келадиган бўлсак, у киши "анъанавий" Ислом дейилган диний йўлга яқин ҳолда фаолият олиб борган эди. Яъни, у киши давлат билан у ёки бу сабабга кўра у ёки бу шаклда муроса қилган, айни пайтда мазҳабни тутишда собит қадам бўлган ва ўзи сунний тасаввуф, дея таъриф этган сўфийликда пирлик мақомида бўлган диний пешво эди. Дейлик, яна машҳур ўзбек уламоларидан Обидхон қори Назар ўғли "анъанавий" Ислом дейилган йўлдан бошқа усулда фаолият олиб борган эди. Буларнинг маъноси нимада? Собиқ муфтийнинг давлатга ва давлатнинг у кишига, Обидхон қори Назар ўғлининг давлатга ва давлатнинг у кишига муносабати қандай бўлганди? Бу ҳақда ҳикоямизнинг кейинги бўлимларида ўз фикрларимни айтишга ҳаракат қиламан, инша Аллоҳ...
(Давоми бор)
Намоз НОРМЎМИН
13.03.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий