воскресенье, 26 марта 2017 г.

ТУРКИЯДАН НОРВЕГИЯГА НЕГА КЕТГАН ЭДИК? (5)

( "Хаёлий эмас, ҳаётий ҳикоялар" туркумидан)
5
...“Анъанавий Ислом” ва динни бундай тушунишнинг зидди ҳақида гаплашаётган эдик. Динни бундай тушуниш аслида янгилик ҳам эмас. Ислом дини нозил бўлгандан кейинги илк асрларда давлатлар бунчалик қудратли эмас, яъни улар дин вакилларини бу қадар ўз назоратларига олган эмас эдилар. Ҳали мазҳаблар ва тасаввуфий тариқотлар ўртада йўқ эди. Давлатларнинг кучайиши, мазҳабларнинг тарқалиши ва турли тариқотларнинг мусулмонлар ичида ёйилиши билан “анъанавий дин” ҳам ўртага чиқа бошлади.
Яъни, мусулмонлар ўз динларига амал қилишда, бу иловалар баъзан диннинг асосларига унчалик тўғри келмаса ҳам, давлат ва унинг раҳбарларининг сиёсатига, мазҳабий қарашларга ва тариқотларнинг ғояларига ва амалларига, Ислом динининг асосларига илова сифатида ўзлари истаб истамай, эргаша бошладилар...
Ислом динининг асосий ғоясининг зулмга қарши чиқиш эканлиги маълумдир. Зулмнинг маъноси эса эса жуда кенгдир. Зулм аввало ширк, яъни Аллоҳ таолога шерик қўшишдир. Шунинг учун ҳам Қуръонда Луқмон ас номидан: “Эй, ўғилгинам! Асло Аллоҳга шерик қўшманг. Чунки ширк энг катта зулмдир” (Луқмон сураси, 13 оят), дея марҳамат қилинган. Шунингдек, зулм инсонлар ва бошқа жонзотларни уларнинг фитратига мос бўлган ҳақ ва ҳуқуқларидан маҳрум қилишдир. Яъни, қасддан бегуноҳ одамни ўлдириш ёки яралаш, унинг ақлига зарар беридаган маҳсулотларни (ароқ, наша ва ҳк) ишлаб чиқариш ва сотиш, инсонларнинг мол мулкига ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик ва ҳк йўллар билан зарар бериш, уларга туҳмат ва бўҳтон қилиб беобрў қилиш, инсон наслини бузадиган фаҳш ишларни қилиш ёки шунга тарғиб ташвиқот қилиш ҳам зулмдир. Шунинг учун ҳам бутун пайғамбарлар ўз замоналаридаги зулм ва золимларига қарши чиққан эдилар. Иброҳим алайҳиссалом Намрудга, Мусо алайҳиссалом Фиръавнга, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳиссалом эса Абу Жаҳлга...
Кейинчалик мусулмон халифалар давлатни бошқарадиган бўлди. Аммо тўрт рошид (яхши) халифадан кейин бошқарув шакли салтанатга айланди ва тахтни эгаллган султонлар ўз қўл остидагиларга зулм ўтказа бошладилар. Золим султонга итоат масаласида турли фатвволар берилди. Бир фатвога кўра, бундай султонга итоат қилмаслик керак дейилди. Бошқа фатвога кўра эса модомики султон мусулмон халқ билан бирга намоз ўқир экан, унга итоат вожиб дейилди...
Мазҳаблар ва тасаввуфий тариқотлар масаласида эса бунданда кўпроқ ва кенгроқ ихтилофу жанжаллар кўпайгандан кўпайиб бораверди. 20 асрга келинганда эса дунё мусулмонлари аввал ўз салтанатидан айрилдилар. Кейин уларнинг душманлари (асосан ғарбликлар) мусулмонлар яшайдиган мамлакатларни босиб олиб, уларни ўзларининг қулларига айлантирдилар...
Аввалда ҳам Исломнинг марказидан узоқ бўлган, кейинги беш асрда дунё ва охират ишларида қолоқлик, бидъату хурофат, сиёсат ишларида маҳаллий хонлик ва тўралик гирдобида бўлган Ўрта Осиё (Туркистон) мусулмонлари 20 асрда ҳолига маймунлар йиғлайдиган аҳволга тушиб қолдилар. Чор Русиясида ҳокимиятни ўз қўлига олган Ленин ва Сталин раҳбарлигидаги коммунистик (даҳрий, динсиз) тузум мусулмон Ўрта Осиё халқларини зулм ва ўз тузумининг ёлғон ташвиқоти билан тамоман диндан чиқарди. 19 асрнинг охирида туғилган мусулмон Туркистонликлар 20 асрнинг 40 ва 50 йилларига келинганда ўз авлодларини танимайдиган ҳолга келиб қолдилар. Чунки бу йилларга келинганда Ўрта Осиёлик Ўзбегу Қозоқ, Қирғиз, Туркман ва Тожиклар сунъий совет инсонларига, яъни ўз динини ва тарихини унутган ва танимайдиган манқурт олмонларга айланиб бўлганди...
Совет жамиятда дин ақлни заҳарлайдиган афюн ўрнида кўриларди. Ўзини диндор деб биладиганлар сони миллионда бир эди, улар ҳам қабристонда қачонлардир ўтиб кетган пиру шайхларининг қабрларида “бирлашишган”, яъни мана шу муқаддас зиёратгоҳларга бориш динга эргашиш ўрнида кўриларди. Яна динни билган жуда озчилик мусулмонлар “ҳужраларида” (хусусий уйларда) ўз яқинларига ёки динни ўрганишни истаганларга диний таълим берарди...
Шу шаклда аввал қайта қуриш, кейин эса мустақилликнинг илк йилларига (1985 йилдан 1993, кейин 2000 йилларга) етиб келинди. Бу даврда Ўрта Осиё халқлари ичида ҳам миллий ва диний уйғониш жараёнлари бошланди. Аммо бу уйғониш ҳам ҳамма нарсанинг аралаш қуралаш бўлиб кетиши шаклида рўй берди. Аввал асосан зиёлилардан иборат кичкина гуруҳлар мустақиллик талаб қилиб чиқдилар. Бошқа томондан эса диний уйғониш бошланди, "анъанавий" ва унга мос бўлмаган диний қарашлар ва гуруҳлар майдонларни тўлдира бошлади...
Бу жараёнларни қисқа хулосалайдиган бўлсак, Ўрта Осиё халқларининг айтилган даврда, яъни мустақиллик учун сайъй ҳаракатларнинг бошланишидан то унинг дастлабки йигирма йилида содир бўлган воқеалар ва ижтимоий сиёсий жараёнлар ҳалқларимизнинг ҳали ўзининг ҳақиқий миллий, диний ва сиёсий ўзлигини (кимлигини) таниш ва бунга кўра яшашга ҳозир эмаслигини кўрсатди. Бу даврда ўрта чиққан қонли миллий низолар (Ўзбек ва Месҳети Турклари, Ўзбек ва Қирғиз халқлари орасидаги маълум воқеалар), диний низолар (Тожикистондаги фуқаролар уруши), иқтисодий, ижтимоий ва маънавий бўҳрон Ўрта Осиёда сиёсий ночорлик (сиёсий ислоҳотларни ўтказмаслик) ва янги мустақил давлатларнинг ўз фуқароларига (айниқса Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда) зулм қилишига олиб келди.
Қолаверса, эски СССР ҳудудида Русия ҳукуматининг (кўпроқ Путин раҳбарлигида) эски совет империясини қайта тиклаш сиёсати ва АҚШ ва Оврупо давлатларининг иттифоқ ҳолида мусулмон дунёсига қайта ҳужуми (2000 йилларнинг бошларида Ироқ ва Афғонистоннинг ишғол қилиниши) ва бу ишга Ўрта Осиё давлатларининг ҳам жалб қилиниши бизнинг ҳалқларимизнинг миллий ва диний уйғонишини баттар қийинлаштирган омилллар бўлди.
Қолаверса, умумиятла Ислом дунёси то “Араб Баҳори” жараёнларига қадар “чуқур уйқу”да ҳолида эди. Кейин тўсатдан эсган бу “баҳор” шамоли мусулмон дунёни озроқ уйғотгандай бўлсада, воқеаларнинг кейинги ривожи яна мусулмонларнинг бошига катта мусибатларнинг тушиши билан давом этди ва этмоқда...
Хўш, мусулмонлар учун бундай ички зиддиятлар ва ташқи босимлар шарт шароитида қутулиш йўли қандай бўлиши керак? Нима қилса мусулмонлар ўзаро ихтилофу жанжаллардан ва ташқи душманларнинг мусулмонларга раво кўрган қуллигидан қутула оладилар?
Бу савол, бу масала ва бу муаммо бугун ақли ҳуши жойида бўлган мусулмонларнинг, уларнинг илми, имони, амали ва тақво даражасидан қатъий назар, кун тартибидги биринчи масала эканлигидан шахсан мен шубҳа қилмайман. Чунки челакдаги сутга тушган қурбақа, чуқурга тушган бирон жонзот ўз фитратига зид бўлган бу қийин ҳолидан қутулиш учун ҳаракат қиладию, ўзи, бола чақаси, мусулмон миллати ва мусулмон уммати қуллик ҳолида бўлган мусулмон бундай ҳолдан қутулиш ҳақида ўйламайдими? Албатта, ўйлайди...
Мусулмонлар учун ниҳоятда фожеали бўлган бундай қуллик ҳолидан қутулишнинг йўлини тушуниш (амалга ошириш қийин бўлса ҳам) менимча қийин эмас. Бу йўл мусулмонларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва иттифоқини йўлга қўйишдир. Мусулмон киши ким ўзи? Мусулмонлар ким ўзи? Мусулмон очиқ шаклда (зоҳиран) ўзининг мусулмонлигини эътироф қилган, яъни “Ашҳаду ан ла илоҳа иллоллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан аъбдуҳу ва расулуҳу” шаҳодат калимасини айтиб, Ислом динида фарз ҳисобланадиган намоз ўқиш, Рамазон рўзасини тутиш, закот бериш ва Ҳажга бориш каби амалларни адо қиладиган, динимизда ҳалол дейилган нарсалардан истеъмол қилиб, ҳаром дейилган нарсалардан узоқ турадиган кишидир. Умумиятла эса калимаи шаҳодатни айтган киши агар Ислом динининг имоний ва амалий талабларини очиқ рад қилмагунча (масалан, намоз ўқимаса ҳам унинг фарзлигини рад қилмаса, ароқ ичса ҳам унинг ҳаромлигини қабул қилса, яъни ароқ ҳалол демаса) мусулмон инсон ўрнида кўрилади...
Демак, мана шу шартларга эргашганлар мусулмонлар экан ва улардан исталган нарса қўлларидан келганча, сен анъанавийсан, сен анъанавий эмассан, сен мазҳабчисан, сен мазҳабчи эмассан, сен у миллатдансан, сен эса бу миллатдансан, сен у ерликсан, сен бу ерликсан демасдан Ислом динида яхшилик, дея танитган амалларда ва тақвода ҳамкорлик қилишларидир.
Қаранг, кимнинг мусулмон эканлиги маълум:
“ Аллоҳ сизларга мусулмон исмини берди” (Ҳаж сураси, 78 оят)
Ислом динига кўра яхшилик нималиги маълум:
“ Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир.” (Бақара сураси, 177 оят)
Ислом динида мусулмонларга қўйилган талаб маълум:
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида сураси, 2 оят)
Мусулмонлардан исталган вазифалар, уларни ҳозирги қуллик ҳолидан эркин ва адолатли умматга айлантирадиган вазифалар ҳам мана шундай ўзлигини таниш, яхшилик ва тақво нималигини билиш ва бу йўлда ҳамкорлик қилишдан иборатдир...
Собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни мамлакат раҳбари Ислом Каримов Ўзбекистонга қайтишга даъват қилган пайтда мусулмонларнинг умумий аҳволи шунга ўхшаш ҳолатда эди. Мен мусулмонларнинг бундай аҳволини олдин таъриф қилишим, ким нима учун шундай қадам отди, деган саволга тўғри жавоб топиш учундир. Яъни, мавжуд шартларни билмасдан, у одам ундай эди, бу одам бундай эди, деявериш менимча тўғри эмас. Бир томондан, Тожикистонда фуқаровий уруш тугаб, Тожик мухолифатининг энг танилган намоёндаларидан Акбаржон Тўражонзода муфтийнинг ватанга қайтиши масаласида ташаббус кўрсатган, иккинчи томондан 1999 йилда Тошкентда, 2000 йилда Москвада ва 2001 йилда Нью Йоркда катта фитналар, яъни портлашу тўс тўполонлар бўлиб, бутун дунё қайтадан мусулмонлар оламига ҳамжиҳатлик билан ҳужумга ўтаётган бир вақт эди...
Хўш, муфтий Каримовнинг таклифини нега қабул қилиб, ватанга қайтди? Менимча бунинг кўп сабаблари бор эди. Чунки биринчидан, агар у киши Каримовнинг таклифини рад қилса, бошига Абдували қори ва бошқа дин пешволарининг (шу жумладан кейинчилик Обид қорининг ҳам) бошига тушган қора кунлар тушиши мумкин эди. Кейин аввалги бўлимларда айтганимдек, Туркияда турган пайтимизда жуда кўп исломий китоблар, шу жумладан “Тафсири Ҳилол”нинг бир қисми ҳам нашрга таёрланган ва бу китоблар ўзбек мусулмон китобхонларга етказилиши керак эди. Бунинг учун ҳам ватанга қайтиш зарур эди. Яна хорижда юрган ҳамюртлар орасида ҳамжиҳатлик йўқ эди, у киши ташқарида қолгани билан мамлакатдаги золим режимга қарши бирор бир жўяли иш қилишнинг имкони йўқ эди...Қолаверса, муфтий мен юқорида айтган мусулмонларнинг ва мусулмон дунёсининг умумий абгор ҳолидан менданда яхши хабардор эди. Бутун бу шарт ва шароитлар тақсирни “диндан бир сўз бўлса ҳам халққа етказай”, деган қарорга бошлаганди ва у киши шу шаклда ватанга қайтиб кетди менимча...
Тақсир аввал давлатнинг диний идораси раҳбари бўлиб ишлагани учун ҳукуматнинг зулм ва фитна сиёсатидан яхши хабардор эди. Зотан, ўзи ҳам мустақилликнинг илк алғов долғов йилларида зулмга учраб, ҳижратга кетишга мажбур бўлганди. Шунинг учун ҳам ватанга қайтиб келгандан кейин у киши расмий диний идорада ишламади ёки бундай мансаб таклиф ҳам қилинмади. Бошқа жиҳатдан муфтий мазҳаб масаласида ҳам қаттиқ турди. Балки бу масала у кишининг илмий қараши эди. Менинг ўзимнинг фикрим динни билган илмли кишиларнинг бу масалада мўътадил бўлишларидир. Чунки мазҳаб масаласи диндаги бир илмий ва амалий (фиқҳий) қараш масаласидир. Бирор мазҳабга кириш динга киришни, ёки мазҳабдан чиқиш диндан чиқишни билдирмаслиги маълум гап. Шундай экан, аҳли илмлар бу масалада бирор томонни эмас, мусулмонларнинг умумий манфаати мақомида туришлари керак, деб ўйлайман...
Тақсир яна ўзини аҳли тасаввуф, деб биларди. У кишининг бу мавзуда ёзган “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китоби машҳурдир. Бу китобида муфтий тасаввуфни сунний ва фалсафий тасаввуф, дея иккига айиради ва ўзининг сунний тасаввуф тарафдори эканлигини билдиради. Ибн Аъробий, Мансур Ҳаллож каби “ваҳдати вужудчиларнинг” тариқот йўлларини фалсафий тасаввуф сифатида танқид ва рад қилади. Сунний тасаввуфни эса қалб поклиги, қалб “таҳорати” ўрнида таърифлайди...
Хуллас, собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Каримов режими билан маълум маънода муроса қилиши, мазҳаб масаласида мўътадил эмас, қаттиқ туриши, тасаввуф йўлида бўлиши (бу уч хусус “анъанавий Ислом” таърифига мос, деб кўрилади) турли танқиду мунозараларга сабаб бўлгани маълум гапдир. Шу билан бирга тақсирнинг эл орасида диний илмларни ёйиш учун қилган саъйи ҳаракатлари ҳам бир ҳақиқатдир...
Албатта, дин масаласида бундай “анъанавийликка” эргашмаган уламоларимиз йўқ эмас. Булардан бири машҳур имом Обидхон қори Назар ўғлидир. Мен қори ака билан илк марта 2011 йилда Берлинда ўтказилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг (ЎХҲ) таъсир қурултойидан кейин Швецияда у киши у пайтлар яшаган шаҳарчада кўришгандим. Бу қурултойга қори аканинг жамоатида беш олти мусулмон биродарларимиз ҳам қатнашганди. Қурултойда ЎХҲнинг демократик ҳаракат, дея номланишига қарши мен фуқаровий ва ҳуқуқий ҳаракат бўлсин, дея таклиф киритдим. Чунки қурултой қатнашчиларининг демократия фикрини бир овоздан қўллаб қувватлаши мумкин эмасди. Бу масала овозга қўйилганда бир овоз кўпчилик билан ЎХҲ фуқаровий ва ҳуқуқий ҳаракатдир, деган таъриф қабул қилинганди...
Мен Обидхон қори билан учрашганимда у кишининг илк гапи “Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Биз қиладиган ишни сиз қилибсиз”, деб кутиб олганди. Бу билан у киши ЎХҲнинг таърифи масаласидаги ташаббусимни назарда тутаётганди. Кейин “динимизда анча илмли кишисиз. Илмни қаердан ўргангансиз”, деб сўраганди. Мен Истанбулда тақсир билан ҳамкорлик қилганимни ва Туркиянинг энг илғор аҳли илмлари билан таниш эканлигимни айтгандим. Қори ака билан умумий ва хусусий тарзда икки кун суҳбатлашгандик ўшанда...”Араб Баҳори” дунёни титратаётган кунлар эди. Биз бир пайтлар қайта қуришни ва ошкораликни орзиқиб кутганимиз каби, бу марта ”Араб Баҳори”нинг диёрларимизга етиб келиши орзу қилардик. Афсус...
Қори ака “Озодлик” радосидан Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини халқ ҳашарига ўхшатиб, инсонларимизни бу ҳаракатга қўшилишга даъват қилганди. Ҳаракатнинг Швецияда ўтказган мажлисига ҳам қатнашганди бир марта у киши...
Ўша зиёратимда қори аканинг энг яқинидаги илмли биродарлардан биридан “Собиқ муфтий Ўзбекистонда жуда кўп диний китоблар ёзиб, таржима қилиб тарқатаяпти. Бу ишнинг халқимизга фойдаси борми?”, деб сўраганимда у биродар: “Албатта, фойдаси бор”, деганди...
Кейин “Араб Баҳори” қандай шиддат билан бошлаган бўлса, шундай шиддат билан сўниб кетди. Унинг ўрнини Миср, Ливия, Йемен, Сурия ва бошқа давлатларда ғарбликлар аралашган сиёсий фитналар олди. ЎХҲ тақдири ҳам шунга ўхшаш бўлди. Бу ҳаракат жуда катта умидлар билан тузилганди. У хориждаги (чет эллардаги) Ўзбекистонлик мухолифларнинг энг яхши ва донг таратган ҳаракати бўлганди. Ислом Каримов режими бу ҳаракатдан қаттиқ қўрқиб кетганди. Шунинг учун ҳам аввал ЎХҲнинг Русиядаги вакили Фуат Шокирий (Рустамхўжаев) номаълум (аслида маълум, яъни МХХнинг жосуси ёки жосуслари) томондан отиб кетилди ва ўлдирилди. Кейин Андижон Адолат ва тараққиёт ҳаракати (“Акромийлар”, дея танилган гуруҳ) Каримов режимининг тазйиқи билан ЎХҲ сафларини тарк этди...Кейин ЎҲХни қўллаб қувватлаган Обидхон қори 2012 йилда Швецияда отиб кетилди ва оғир ярадор бўлди...Кейин эски Бирликчилар, Инсон ҳуқуқлари гуруҳи вакили, Обид қори аканинг жамоатидаги дўстлар,“Таянч” гуруҳи вакили ҳаракатдан чиқишди...ЎХҲ тақдири бир маънода “Араб Баҳори”нинг тақдирига ўхшади. Албатта, булар ҳаракат тарқалиб кетишининг жиддий сабаблари эди. Бунинг яна бир сабаби ҳаракат раҳбариятнинг, биринчи навбатда унинг мувофиқлаштирувчиси бўлган менинг сиёсий уқувсизлигим эди...
(Давоми бор)
Намоз НОРМЎМИН
26.03.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий