пятница, 3 марта 2017 г.

ТУРКИЯДАН НОРВЕГИЯГА НЕГА КЕТГАН ЭДИК?

( "Хаёлий эмас, ҳаётий ҳикоялар" туркумидан)
Туркияга 1993 йилнинг охирларида келган эдим. Мухолифлик ҳаётимнинг муҳожирлик қисми бошланаётган эди. Мухолифлик нима, муҳожирлик нима, мен бу мавзулар ҳақида кўп ёзганман. Бошқа мухолифлар ва муҳожирлар қатори...Бугун бу ҳам қисматда бор эканда, деб қўймоқчиман.

Туркия ҳам, Турклар ҳам мен учун янгилик эди 1993 йилнинг охирги ойларида. Чунки биз СССР деган қизил коммунистик империяда буюк рус оғанинг кичкина укалари бўлиб вояга етган, Туркия ва Турклар ҳақида эса нари борса Отутурк ва коммунист бўлганлиги учун исми биз томонларга етиб келган Турк шоири Нозим Ҳикматнинг исмларинигина эшитгандик...
Туркияга келаркан йўлда америкалик очлик мутахассиси Поль Брейгнинг "Очлик мўъжизаси" китоби қўлимга тушганди. Бизнинг бу ерга келишимизга сабабчи бўлган акахонимиз ўзининг ўн кун оч қолганини (албатта фақат сув ичиб) ва бунинг инсон соғлилига жуда фойдали эканлиги айтганди. Мен бу ерга келганимдан кейин бир икки ҳафтанинг уч кунида сув ичиб, оч юрдим ва бунинг фойдали эканлигини ўз танамда ҳис қила бошладим. Кейин ўша акамизга мен ҳам ўн кун сув ичиб, очлик қилишга қарор берганимни айтдим. У бунинг оғир иш эканлигини, балки мен уддасидан чиқа олмаслигимни айтди. Бу жавоби бироз қитиғимга тегиб, ниятим яна кучайиб, ўн кун сув билан оч қолишга қарор бердим. Бизга ажратилган тўрт хонали уйнинг бир хонасини ўзимга маскан қилиб, тўғрироғи бу хонага ўзимни қулфлаб, ўн кун давомида ҳеч нарса емай, фақат сув ичиб ўтказдим. Бу бир ўжарлик масаласи ҳам эди аслида...Нега энди бошқалар қилган ишни мен қила олмас эканман? Ўша кунлар ўзимда ирода кучи борлигини ҳис қилдим. Фақат сув ичиб, оч қолиб, хонада ётиб олгандим, десам тўғри бўлмас...Ҳар куни эрталаб ва тушликдан кейин (бошқаларнинг тушлигидан кейин) кўчага чиқиб, ярим соат, бир соат ташқарида айланиб келардим. Чунки очлик мутахассиси Поль Брейгнинг китобида шундай тавсия бор эди. Яъни, оч қолган одам жисмоний фаолликдан бутунлай воз кечмаслиги зарур эди бу китобга кўра...
Авваллари бир неча марта уч кунлаб оч қолганим учун бу марта ҳам дастлабки уч тўрт кунни сув ичиб, "нормал" ўтказдим. Аммо бешинчи кундан бошлаб, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва кечалари оз бўлса ҳам ваража қила бошладим. Ва турмасдан ўқчирдим...Бу меъдамнинг тобора кичрайиб бораётганига ишорат эди. Менинг бу ҳолимни кўрган атрофимдагилар очликдан воз кечишимни тавсия қила бошлашди. Аммо мен бунга кўнмадим. Чунки аввало сув билан оч қолишнинг соғлигимга катта фойдаси борлигидан ҳеч шубҳам йўқ эди, қолаверса бу ишни сен қила олмайсан, деган гап қулоғимда жаранглаб турарди. Сув билан оч қолишиннг еттинчи ва саккизинчи кунлари бутун вужудим ларзага келганди, ҳар тарафим титрар, ўрнимдан туришга мажолим қолмаганди. Меъдам сувни ҳам қабул қилишни истамасди...Турмасдан ўқчирдим...
Шу тарзда ўн кун сув ичиб оч қолдим. Бобурнинг таъбири билан айтганда онадан қайта туғилдим. Шерикларимнинг айтишича, биров бурнимдан тортса йиқиладиган ҳолга келгандим...Ортиқча вазним кетиб, қуш каби енгил бўлиб қолгандим. Аммо очлик масаласида тажрибам унчалик кўп бўлмагани учун очликнинг ўзидан ҳам ундан чиқиш муҳимроқ эканлигига эътибор қилмаган эканмн. Яъни, етти, ўн кунлаб, сув ичиб оч қолган киши бирдан “нормал” кунлардагидек овқатланиб кета олмасди. Яъни, очликдан аста секинлик билан чиқиш керак эди. Аслида “Очлик мўъжизаси” номли китобда ҳам бу масалада тавсиялар бор эди. Аммо мен шериклар пиширган овқатлардан едим. Ва ўша кунлар хорижда ЭРК газетасининг илк сонини чиқариш билан машғул эдик. Бу ҳам жисмоний ҳамда асабий зўриқишимга сабаб бўлганди..Хуллас, очликдан чиқиш қоидасига унчалик риоя қилмаганим яъни одатий, нормал тузли таомлардан еганим ва жисмонан ва асабий чарчаганим учун қовоқларим ва вужудим сезиларли даражада шишиб кетди...Бу ўн кунлик очликдан кейин буйракларимнинг тузли овқатни ва жисмоний (асабий ҳам) чарчоқни кўтара олмаслигига ишорат эди...Мен яна бир икки кун сув ичиб, ўзимга келдим. Эҳтиётлик билан овқатланиб, яъни кўпроқ мева ва сабзавотлар еб, соғлигимни тиклаб олдим...
Энди мухолифлик, хусусан мухолиф бўлиш масаласига келайлик. Мухолиф бўлиш ихтилоф қилиш, яъни бошқаларга нисбатан ўзга фикрда бўлиш ва бундай фикр асосида амал қилиш, деганидир. Икки инсоннинг жуда кўп масалаларда бир хил фикрда бўлмаслиги маълум нарса. Чунки инсонларни Аллоҳ таоло эътиқод, ақлу фаросат жиҳатидан турли турли қилиб яратган. Эътиқоди бир бўлганларнинг ҳам ишонч даражаси ҳар хил бўлиши мумкин...Хуллас, инсонлардаги турли эътиқодлар ёки улар бир эътиқодда бўлсаларда, ишонч кучларининг ва ақлу фаросатларининг, дунёқарашларининг, тажрибаларининг турли хил ва турли даражада бўлиши уларнинг бирор масалада турли фикрларга, қарашларга эга бўлишига олиб келади. Бу эса уларнинг ўзаро мухолиф бўлишларига сабаб бўлади...
Бир бирларига илк мухолиф бўлганлар Одам (ас)нинг икки ўғли, яъни Ҳобил ва Қобил эдилар. Улар Аллоҳ ризоси учун яхшилик қилиш масаласида ихтилоф қилган эдилар. Ҳобил тақводорлик, Қобил эса кибр тарафида эди...
Сиёсий мухолифлик эса янада тушунарли нарсадир. Сиёсат жамиятни бошқариш ишидир, жараёнидир. Кимдир ўз ғояси учун сиёсий мухолифликка даъвогар бўлади, кимдир тожу тахтни, мансабу бойлик эгаси бўлиш учун...
Ўзбекларнинг яқин тарихида ҳукуматга қарши ошкора сиёсий мухолифлик 1985 йилда бошланган Қайта қуриш ва ошкоралик сиёсатининг натижасида ўртага чиққанди. Бу мухолифликнинг мавзулари пахта монокультурасига қарши туриш, Ўзбек тилининг давлат тили бўлиши ва ниҳоят Ўзбекистоннинг мустақил давлат бўлиш масалалари эди. Зотан, у йилларда қайта қуриш ва ошкоралик бутун СССР ҳудудидаги халқлар ва жамиятларни ларзага келтирган, қисқача айтганда бу қизил империя таркибидаги халқларнинг подабоқаридан бошлаб зиёлисига қадар сиёсат билан шуғуллана бошлаганди...
Бундай миллий уйғониш, халқнинг ўзини таниши натижасида, янада тўғрироғи СССР деган қизил, коммунистик империянинг интиҳори (ўзини ўзи ўлдириши) натижасида Ўзбекистон ҳам мустақил бўлганди. Аммо энди мустақил Ўзбекистонда мустақиллик талаб қилган янги сиёсий кучлар эски коммунист (аслида бутун ҳаёти давомида коммунист бўлган) Ислом Каримов ҳукуматига қарши мухолифликни давом эттиришни истарди. Аммо диктатор Ислом Каримовнинг худди маънавиятсиз оталари Ленин ва Сталин каби мухолифатга тоқат кўрсатиш нияти йўқ эди. Натижада 1988, 89 йилларда шакллана бошлаган ва янги Ўзбек миллий сиёсий тушунчаларни асос олган янги сиёсий ҳаракат ва фирқалар (партия) 1993 йилга келиб, яъни мустақилликдан икки йил ўтиб йўқ қилинди...
Хўш, мен, асл касби врач жарроҳ бўлган бир ўзбек зиёлиси қандай қилиб сиёсатга аралашиб қолдим?
Тиббиёт ходимларининг сиёсатга аралашуви ўзимизда кўп учрамаса ҳам дунё тажрибасида одатий ҳол эканини хорижга чиққандан кейин ўргандим. Бизни Истанбулга келганимизда асли ўзбек ва менинг каби касби жарроҳ бўлган Аҳад Андижон кутиб олганди. Кейинчалик Аҳад Андижон миллатвакили (депутат) сайланиб, Туркия ҳукуматининг вазири лавозини эгаллаганди. Ўзимизнинг (?), яъни Туркманистонинг ҳозирги президенти Қурбонгули Бердимуҳаммадов тиш доктори, Суриянинг диктатори Башшар Асад кўз доктори, Норвегиянинг собиқ Бош Вазири Гру Ха́рлем Бру́нтланн хонимнинг касби ҳам врач эди...
Сиёсат ўзи шундай кириш эшиги ҳам, чиқиш эшиги ҳам очиқ бўлган бир оз тутуруқсиз соҳада аслида ҳам. Бу соҳада ҳеч бир соҳада бўлмагани каби телба тескари шахсларнинг учраши табиий ҳолдир менимча. Масалан, Қаддафий, Саддам каби диктаторлар...Ёши ҳам ҳар хил бўлиши мумкин сиёсатчиларнинг. Заҳриддин Муҳаммад Бобур 12 ёшида подишоҳ бўлганди, Султон Муҳаммад Фотиҳ 21 ёшида Истанбулни фатҳ қилганди...Ҳозирда Зимбабвенинг президенти Мугабе 93 ёшида, Туниснинг Президенти Ас Себси 91 ёшида...
Сиёсий мухолифлик ўзининг дастурига эга бўлган сиёсий кучларнинг (сиёсий партия ва ҳаракатларнинг) ҳукуматнинг камчликларини танқид қилиши ва сайловда ҳокимият учун курашиб, ҳукуматни қўлга киритишга уринишидир. Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбек мухолифати оз бўлсада бу имконга эга бўлганди. Аммо юқорида айтилгани каби 1993 йилга келганда Ислом Каримов режими зўровонлик, яъни мухолифларни қамоққа ташлаш, баъзиларига суиқасд қилиш ва қолган қутганларини чет элларга сургун қилиш орқали ватанимизда қайта қуриш ва ошкоралик йилларида шаклланган сиёсий партия ва ҳаракатларнинг фаолиятига чек қўйди.
Хорижга чиқиб кетган мухолифатчиларга келадиган бўлсак, уларнинг имкони фақат ҳукуматнинг жиноятларини фош қилиш ва уни танқид қилишдангина иборат бўлиб қолди. Чунки чет эллардаги мухолифат худди ўқ илдизидан айрилган, фақат бир икки заиф, қўшимча илдизи ерга ботиб турган дарахтга ўхшаб қолади. Яъни, чет эллардаги сиёсий мухолифат ўз халқидан ва ватанидан айри қолади, бу билан унинг табиий мухолифлиги катта зарар кўради. Халқнинг қўллаб қувватлашидан ва ватаннинг маънавий муҳитдан ажралган сиёсий мухолифатнинг қўлидан нима ҳам келар эди. Бу томондан Ислом Каримов режими зулм машинасини кучайтиргандан кучайтираётган бўлса?!
Шунинг учун ҳам баъзиларнинг мухолиф халққа нима қилиб берди, деган саволи ўринсиз саволдир. Чунки мухолифат Ўзбекистондаги сиёсат майдонидан, сиёсий “томорқа”дан қувиб юборилгани учун у нима ҳам қилиши мумкин? Томорқага яқинлаштирилман ва унга бирон нарса экишга рухсат берилмаган деҳқондан куз келганда нега ҳосил етиштирмадингиз, дея сўраш нақадар мантиқсизлик....
Шунга қарамасдан, хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган Ўзбек мухолифати ўтган 25 йиллик даврда Ислом Каримовнинг авторитар диктатура режимининг халқимизга қилган зулм ва жиноятларини фош қилишда жудда катта роль ўйнайди, дейишим мумкин. 1993 йилда Туркияга келганимизда бу ерда туриб, бир икки йил давомида мухолиф газета чиқаришга уриндик. Албатта, Туркиядан Ўзбекистонга газета юборишнинг ўзи катта муаммо эди. Кейин интернетнинг ёйилиши билан ва “Озодлик”, ББС Ўзбек хизматларининг эфирларидан фойдаланиб, мухолифатчилар Ўзбекистондаги режимнинг қатағонларини фош қилишда муҳим роль ўйнади. Зотан, мухолифатнинг хорижга сурган қилиниши Каримов режимининг зулмини фош қилиб бермоқда эди. Яъни, хорижда бўлса ҳам сиёсий мухолифатнинг борлигининг ўзи бир муваффақият эди менимча...Яъни, мухолифат халққ нима қилиб берди саволининг жавоби, Ўзбек мухолифатчилар чет эллардан туриб бўлса ҳам Ислом Каримов режимининг моҳиятини ва жиноятларини фош қилишда катта роль ўйнади, дея жавоб беришим мумкин. Каримов ўлгандан кейин унинг ўрнига Президент бўлган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда давлатнинг яроқсиз ҳолга келиб қолганини, ижтимоий сиёсий ҳаётнинг бутун соҳаларини жиноятчилар ва порахўрликлар босиб кетганини, халқ билан, унинг дарди билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолганини гапира бошлади. Баъзи маддоҳлар буни катта сиёсий ўзгариш, ислоҳотларнинг бошланиши, дея таъриф қила бошладилар. Ҳолбуки, Каримов режимини бундай фош қилиш билан биз сиёсий мухолифлар мустақилликдан кейин ўтган 25 йил давомида шуғулланиб келдик. Ахир, бу мухолифатнинг ютуғи эмасми?
(Давоми бор)
Кейинги ҳаётий ҳикоямда Туркиядан Норвегия кетишимизнинг асосий сабаби бўлган 1999 йил 16 Февралида Тошкентда содир бўлган портлашлар, бу портлашларга кимларнинг алоқадар бўлгани, Истанбулда марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан ҳамкорлигимиз ҳақида тўхталаман, инша Аллоҳ..
Намоз НОРМЎМИН
01.03.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий