суббота, 11 марта 2017 г.

ТУРКИЯДАН НОРВЕГИЯГА НЕГА КЕТГАН ЭДИК? (3)

( "Хаёлий эмас, ҳаётий ҳикоялар" туркумидан)
3
...Марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан Туркияда қилган ҳамкорлигимиз, ўзаро оилавий борди келдиларимиз ҳақида гапираётган эдим. 1997 йилда онаизоримдан айрилиб қолдим...Оҳ, муҳожирликнинг мураккаб ҳаёти... Бу ёқда сиз ота онам, деб ёнасиз, у ёқда ота онангиз сизни, деб...Ким айтдим муҳожирлик, мусофирчилик осон иш, осон ҳаёт, деб. Бу ҳаёт фақат соч соқолингизни эрта оқартириб қолмайди. Суягингиз оқ бўлса қорайтиради, қора бўлса оқартиради. Шунақа оғир ҳаёт муҳожирнинг, мусофирнинг ҳаёти...
Байт:
Агарда қорни тўқ бўлсада хорижда мусофирнинг,
Ватан дардидан кўнгли вайрондир муҳожирнинг...
Онамнинг вафотини эшитган бу ердаги муҳожир ҳамюртлар ва Туркияда ортирган дўстларим таъзига келишди. Уларнинг орасида муфтийнинг укаси Муҳаммад Амин ака ҳам бор эди. У кунлар тақсирнинг ўзи оиласи билан Маккада умра зиёратида экан. Укаси у кишига телефон қилиб, онаизоримнинг вафот хабарини айтади. Тақсир муқаддас маконда онажоним учун дуо қилиб, хабарни аёлига ҳам айтади. Кеннойининг қўлида эндигиги тили чиқа бошлаган қизи бор экан. Тақсир эҳтиёсизлик билан онамни вафот этибди эмас, “дўхтирнинг онаси ўлибди”, деб айтади оиласига...Бу сўзни қизчаси ҳам эшитиб қолади ва “Ойижон ким ўлибди?”, деб сўрайди. Кеннойи бир одамнинг онаси ўлибди, деса қизалоғи “Дадамнинг ойисими”, дейди. Бу гапдан тақсир турган жойида қотиб қолади. Онажонимнинг вафотида кейин бир ёки икки ой ўтмай тақсирнинг оналари ҳам вафот этди..
Оила аъзолари орасидаги бу гапларни тақсир менга онасининг вафотидан кейин Истанбулга келганда айтиб берганди. Менинг кўз ёшларим шашқатор эди, тақсир эса оғирбошли ҳолда бу гапларни менга ҳикоя қилди ва кичкина қизим ”Дадамнинг ойисими...”, деганда мен адойи тамом бўлгандим. Чунки болакайларнинг фитрати тоза бўлади, Аллоҳ таоло баъзан уларнинг қалбига ҳақиқатларни солади, деганди. Бу гапларни айтиб, “Онангизнинг бирор касали бормиди?”, деб сўраганди муфтий мендан. Мен: “Йўқ, жиддий касаллари йўқ эди. У кишининг касали мен эдим. Уйдан кетганимдан кейин Намоз, Намоз, деб куйиб, ўтиб кетдилар”, деб жавоб бергандим кўз ёшларим билан. Тақсир ўшанда йиғлаб юбормаслик учун аранг ўзини тутган, анча вақт жим ўтириб, кейин “Катта бир ҳақиқатни айтингиз, дўхтир. Оналаримизнинг дарди биз эдик”, деб жавоб берганди.Ўша суҳбат ҳали ҳам кўз ўнгимда шундайлигича турибди...
Муфтий кейин оналарига атаб, бир насрий марсия ёзган, у ерда менинг онажанимнинг вафотига алоқали сўзлар ҳам бор эди. У кишининг оталари ҳам Истанбулга келган ва мен бир икки марта бу нуроний оқсоқол домла билан суҳбат қилгандим. Жуда мутавозе ва камтарин домла эдилар, ёши саксонга яқинлашиб қолганига қарамай, тақсир турган уйга у кишини кўргани келганимда ўрниларидан туриб, “Эй, дўхтир, келсинлар, келсинлар”, деб кутиб олар ва қучоқлашиб кўришар эди. Аллоҳ таоло раҳмат айласин, тақсир ватанга қайтиб кетганларидан бир неча йил ўтиб, намозда, сажда ҳолида вафот этган эканлар...
Мен ҳозир айтаётган гаплар 1997 ва 1998 йилларда, яъни бундан 20 йил олдин бўлиб ўтган воқеалардир. Мен бу воқеаларни хотира сифатида ёзмаётганимнинг, ватанимиз, мусулмон халқимиз ҳаётига оид воқеаларни ва бу воқеларга алоқаси бўлган шахсларнинг дунёқарашларини ва фаолиятларини шарҳлаб кетаётганимни муҳтарам ўқувчилар сезиб турган бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки мақсад мустақилликдан кейинги биз режим мухолифларининг ҳаётларини ҳикоя қилиш эмас, бунинг ёнида биз сиёсий бўладими, диний бўладми мухолифлар, нималар қила олдик, нималар қила олмадик, буларнинг моҳиятини ва сабабларини, тафсилотларини тушунтиришга уринишдир. Бу ерда собиқ муфтий билан ўзаро алоқаларимиз ва ҳамкорлигимизга кўпроқ тўхталишимнинг сабаби ҳам ўз ўзидан тушунарли бўлса керак: Гап аслида муфтийнинг шахси ёки бизнинг ўзаро муносабатларимиз эмас, мусулмон халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган динимиз мавзуси ҳақидадир. Кейин мухожиратдаги бошқа мухолиф шахслар ва уларнинг фаолияти ҳақида ҳам аввалги китобларимда етарлича ёзганман. Бу гапни эса баъзи кишиларнинг бу одам нега фақат собиқ муфтий ҳақида ёзаяпти, дея турли гумонларга бормасликлари учун таъкидлаяпман...
Шу 1996 ми 97 йилдами Истанбулга янги келган ҳамюртлар орасига кейинчалик номи биздан ҳам машҳур бўлиб кетган Зайниддин Асқаров келиб қўшилганди. Зайниддин у пайтлар 25 ёшлардаги йигит эди. Дунёвий маълумоти ҳам, диний маълумоти ҳам ўрта, тиниб тинчимас, бормаган ери, кириб чиқмаган эшиги йўқ муҳожир йигит эди у...Бир кун қарасанг Туркияда, бошқа кун Суданда ёки Олмонияда, араб давлатларидан бирида. Шу сабабли у билан дейлик тақсирнинг укаси Муҳаммад Амин ака ёки сиёсий мухолиф дўстлар каби тез тез учрашмасдик. Мен билан кўришгани келганининг сабаби эса аёли ёш бўлишига қарамай хаста бўлгани учун эди. Эсимда бир икки доктор танишларимга кўрсатгандим унинг хотинини...
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва унинг раҳбари Тоҳир Йўлдош ҳақида кўп гапирилган. Тоҳир ва ёнидаги сафдошлари вилоят раҳбарияти биносини босиб олишганда Ислом Каримовнинг ўзи “Керак бўлса Ўзбекистонни Исломий давлат қиламиз”, деб сўз берган эди. Бу гуруҳ аъзоларини ҳукумат бирин кетин қамаб бошлагандан кейин Тоҳир Йўлдош баъзи сафдошлари орқали аввал Тожикистонга, кейин эса Афғонистонга ўтиб “ЎИҲ” ташкил қилади...Зайниддин Асқаров шу ҳаракатнинг хориждаги вакилларидан бири эди. Унинг асосий ташвиқот материали ўша Каримов ва Тоҳирбойнинг (Зайниддин уни шундай дер эди) “учрашуви” ҳақидаги видео лавҳа эди. У бу видео материалдан фойдаланиб, Туркиядаги расмий ва норасмий идоралар, партиялар ва жамоатларга ўзларининг ҳаракатини танитиб юришини қулоғимга чалинганди...
Бир кўришганимизда Зайниддин Тоҳирбойнинг Туркияга келишини айтди. Кейин билсам у Истанбулга келиб, сиёсий мухолифат раҳбарлари ва диний раҳбарлар, тўғрироғи муфтий билан ҳам бир неча марта учрашган экан. Мен бу учрашувларда аниқ нималар гаплашилганини билмайман, аммо Тоҳирбой келиб кетгандан кейин Зайниддиндан эшитганим сиёсий мухолифат раҳбарлари билан учрашувнинг хулосалари ҳақида “Бу раислар ўлса ўлади, аммо раисликдан воз кечмас эканда” ёки муфтий билан учрашув ҳақида “Одам жуда улуғ бўлиб кетса ҳам бўлмас экан..”, деган норозилик кайфиятидаги гаплар эди. Муфтийнинг укаси ҳам менга бу ҳақда “Булар жиҳод, жиҳод, дейди..Ким билан кимга қарши жиҳод қила олади...Бу ёқда халқнинг диндан хабари бўлмаса..”, дея ўз норозлигини билдирганди.
Мен бу ерда айтмоқчи бўлган нарса, бу учрашувлар бўлиб ўтганини тасдиқлашдан иборат эмас. Чунки булар ҳақида мухолифатчиларнинг ўзлари ҳам қайта қайта ёзишган ва ҳатто Тоҳирбойнинг кимлар билан учрашгани ҳақида расмлар ҳам интернетда тарқалганди. Яъни, булар сирли гаплар эмас, ўз вақтида жамоатчиликка ошкор бўлган гапларди. Ҳатто Зайниддиннинг ўзи уни ва Рустам Маматқулов исмли сафдошини Туркия ҳукумати Ўзбекистонга бериб юборгандан кейин қамоқхонадан ББС Ўзбек хизмати билан ўтказган суҳбатида хориждаги сиёсий мухолифларнинг Тошкентда 1999 йил 16 Февралда содир қилинган портлашларга алоқаси йўқлигини эътироф қилганди...
Мен бу ерда айтмоқчи бўлган фикр эса, боя айтганимдек ҳаммага маълум бу гапларни такрорлашдан иборат эмас, албатта. 1997 йилларда биз хориждаги сиёсий ва диний мухолифатчилар ҳудди бундан етмиш йиллар (ўтган асрнинг 20 ва 30 йиллари ) олдин жадидчи маърифатпарвар устозлар, қуролли босмачи боболаримиз ва диний уламоларимиз каби бирор масалада иттифоқ бўлиб ҳаракат қилиш (масалан, умумий мухолиф ҳаракати тузиш каби) у ёқда турсин, халқимизнинг мавжуд муаммолари ҳақида жиддий баҳсу мунозаралар ўтказмаганини айтишдан иборатдир. Ким ким билан бу масалаларни жиддий мунозара, муҳокама қилиб, умумий бир ҳаракат ҳақида қайғурар эди?. Ўзи Туркияда юрганларнинг сони икки қўлнинг бармоқлари сонидан ошмасди, бунинг устига улардан бири тоғдан келса, иккинчиси боғдан келарди. Биримиз сиёсат, биримиз маърифат ва яна биримиз жиҳод, дер эдик. Аммо сиёсат қандай бўлади, маърифат қандай амалга ошади ва жиҳод қандай қилинади...Бу ҳақда умумий дастур йўқ эди, ҳатто умумий дастурни ишлаб чиқиш ҳақида ният ҳам, уриниш ҳам йўқ эди у пайтлар...
Мен Туркияга 1993 йилнинг охирида келдим ва 1999 йилда Норвегияга кетдим. Бу йилларда муҳожиротдаги юрган фаолларнинг бирон расмий йиғилиши у ёқда турсин, ўзаро каттароқ бир маслаҳат мажлиси ўтказганимизни ҳам эслай олмайман. Хориждаги мухолифатнинг бундай расмий йиғилиши илк марта 2011 йилда 50-60 киши қатнашган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Берлиндаги биринчи қурултойи, бир йилдан йилдан кейин эса 15-20 киши қатнашган Прагадаги бу ҳаракатнинг иккинчи қурултойи эди.
2014 ва 2016 йилларда Истанбулда Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик жамиятининг 400 кишига яқин ҳамюртларимиз иштирок этган ва Туркистоннинг бугунги ва кечаги муаммолари кун тартибига қўйилган катта расмий йиғилишлар ўтказдик...
Хуллас, муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўша йилларда муҳожиратда бўлишига қарамай Ўзбек мухолифатининг ишларига жиддий аралашгани йўқ эди. Боя айтганимдек, мухолифатнинг ўзининг ҳам аниқ бир дастури, режаси ва мақсади ҳам йўқ эди. Бизнинг мухолиф деган номимиз бор эди. Биз Ислом Каримов режимига қарши эдик, буни Озодлик ва БСС радиосидан гапирар эдик. Зотан, бундан бошқа иш қилишга имконимиз ҳам йўқ эди. Бунинг сабаби эса оддий эди: Биз ватанимиздан ва халқимиздан айрилиб қолгандик. Худди асосий томири кесилгану, бир неча кичкина томири қолган дарахт каби, ўзимиз аранг оёқда турардик...
1997 йилда Тожикистон ҳукумати ва мухолифати орасида тинчлик шартномаси имзоланди. Бундан олдин Тожик уламолардан Акбаржон Тўражонзода бир икки марта Истанбулга келганди. Тақсир ўғлини уйлантирганда у киши тўйга кела олмаган экан. Кейин домла Тўражонзодани тўй бўлиб ўтган Истанбул бўғозининг шундайгина қирғоғида жойлашган Турк рестонига олиб бориб, зиёфат бердик. Зиёфатда муфтий, у кишининг укаси, мен ва яна домла Тўражонзода билан келган бир Тожик меҳмон бор эди. Суҳбат умумий гаплардан, Туркиядаги сиёсий аҳволдан ва шунга ўхшаш гаплардан иборат бўлди. Кейин эшитишимча, айнан Тожикистонда ҳукумат ва мухолифат ўзаро муросага келгандан кейин Акбаржон Тўражонзода Ислом Каримовга муфтийни ватанга қайтариш масаласини таклиф қилган экан...
Бу таклифни “Озодлик” радиосидан шахсан Ислом Каримовнинг ўзи айтганди. “Муфтий ақлли одам, у кишининг ватандан ташқарида юриши яхши эмас...”. Каримов тақсирнинг ватанга қайтиши ҳақида мана шундай сўзлар айтганди. Бу таклифдан кейин ҳам, тақсир яна бир муддат хорижда юрди. Бу орада бу масалада бизлар билан ҳам маслаҳатлашган бўлди. У киши билан танишиб, ҳамкорлик қила бошлаганимизга уч тўрт йил бўлган, Турк тилидан Исломий китобларни таржима қилиш иши ҳам ниҳоясига етиб қолган, “Тафсири Ҳилол”нинг ҳам катта қисми ёзиб тугатилганди...
Тақсир ватанга қайтиш масаласида мен билан маслаҳатлашганда мен жуда қисқа жавоб берганимни эслайман:
“Биз Ислом Каримов режимига мухолифмиз...”. Муфтий бу гапимга ҳам, худди бир пайтлар “Бизда Эрондаги каби оятуллоҳлар йўқ ку”, деган гапимга бўлгани каби индамай қўйганди. Назаримда бу гапларим тақсирга ёқмаганди. Гўё биз мухолифмизу, у киши мухолиф эмасдай...Ватанга қайтиш масаласида менинг гапларимнинг маъноси ҳам аслида шу эди. Аммо мен бу гапни у пайт чуқур ўйлаб айтмагандим: Сиз ватанга қайтсангиз ҳам, биз қайт олмаймиз, деган маънода айтгандим...
Бу марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан охирги юзма юз суҳбатимиз эди. 1999 йил арафасида эди. Чунки 1999 йил 16 Февраль воқеаси бўлганда у киши Истанбулда эмасди. Укаси Муҳаммад Амин ака билан бирга Истанбулда эдик. Тошкентдаги портлашларнинг зилзиласи Истанбулгача етиб келган ва биз ҳам қаттиқ қайғуга тушгандик ўшанда. Тақсирнинг укаси билан маслаҳатлашиб, менинг машинамда Истанбулдан етти юз километр узоқликдаги Самсун шаҳрига кетгандик. У кунлар Қурбон байрами кунлари эди. Самсундаги бир Турк танишимизникида қурбонлик қилиб, зиёфат қилганимизни худди ҳозиргидек эслайман...
Тақсир мен Норвегияга келгандан кейин бир йилча ўтиб, яъни 2000 йилда менга телефон қилди. Назаримда Истанбулга бир иш билан келганди ва менинг у ердаги дўстларимдан телефон рақамимни олган экан. Салом аликдан ва сўрашишдан кейин у киши мендан: “Норвеглар ўзаро қандай саломлашишар экан?”, деб сўраганди . Мен: “Ҳай (Hei)”, десам, и киши “Ҳай, Гитлер эканда”, деб кулганди телефонда...
Бу менинг тақсир билан охирги марта гаплашишим, суҳбатим эди...
Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистоннинг мусталликка эришиш ва мустақиллик йилларида фаолият олиб борган энг зиддиятли шахслардан ва диний раҳномалардан бири эканлиги жамоатчиликка яхши маълумдир. Бу зиддиянтинг фақат муфтийнинг шахсига тааллуқли эмаслиги, бу зиддият унинг Ислом динини тушуниши, унга амал қилиши, қолаверса Ўзбекистондаги ва Ўрта Осиёдаги сўнгги чорак асрлик ижтимоий сиёсий вазиятга алоқаси борлигини ҳам яхши тушунишимиз керак. Бу ҳақда, кейинги бўлимда фикр юритамиз, инша Аллоҳ...
(Давоми бор)
Намоз НОРМЎМИН
10.03.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий