пятница, 31 марта 2017 г.

ЎЗБЕК МАТБУОТИДА НИМА ЯНГИЛИКЛАР БОР?

Эски ва ўзгармас ҳақиқат: Инсон ақли билан ҳақиқий инсондир. Ақл эса озуқага муҳтож. Дунё тажрибасида бундай озуқанинг асосийси оммавий ахборот воситалари тарқатадиган тўғри хабарлар, жиддий ва чуқур фикрлаш асосида ёзилган таҳлилий мақолалар, замонавий хабарлашиш воситалари бўлган телевидение ва радио каналларида ёритиладиган ижобий, яъни инсон маънавиятини тараққий қилдиришга хизмат қиладиган дастурлар эканлиги яхши маълум...

Хуллас, Ўзбек матбуотида, яъни телевидение, радио, газета ва журналларининг фаолиятида нима янгиликлар бор?. Ёки улар ҳали ҳам Каримов давридагидек сўз ўйини, қоғозбозлик, раҳбарни ноўрин мақташ каби сийқаси чиққан ишлар билан машғулми?
Ислоҳотлар бошланиб кетди, оламшумул тус олди, дейилмоқда. Бунинг далили матбуот, сўз ва фикр эркинлиги бўлиши керак эмасми? Қани бу эркинликлар? Ким, қаерга кўмиб қўйган уларни? Ёки сўз ва матбуот эркинлиги душмани бўлган Ислом Каримов уларни ўз тобутига солиб олиб кетдими?
Олиб кетмаган бўлса, Ўзбекистонда шахс ва жамият тараққиётининг, давлат ҳокимиятини назорат қилишнинг муҳим воситаси бўлган бу эркинликларнинг ҳаётга жорий қилинишини яна қанча вақт кутишимиз керак?. Дейлик, Ўзбекистон миллий телевидение ва радио комитетига янги раҳбар тайинланди. Аммо у нима янгилик қилди? Янги раҳбар бошқарувида Телевидение ва радио каналларининг фаолиятида қандай ижобий ўзгаришлар бўлди ва бўлмоқда...
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, яъни эркин фолият олиб борадиган телевидение ва радио каналлари, газета ва журналлар "тўртинчи ҳокимият тармоғи" ўрнида кўрилади. Бу "ҳокимият тармоғи" бизда қаерда қолган? У кимни ва қандай бошқармоқда? Ўзи оёққа турганми бу ҳокимият "тармоғининг"? Ёки у ҳам мухолифларга қўшилиб, қамоққа ташланган ва сургун қилинганми?
Ислоҳот, ислоҳот, деймиз. У ҳолда олдин матбуот, матбуот, дейлик. Матбуот эркинлиги бўлмаса, мастақил нашрлар, мустақил телевидение ва радио каналлари фаоояти бўлмаса, қанақа ислоҳот ва тараққиётдан гапириш мумкин?
Ўзбекистонда сўз, фикр ва матбуот эркинлиги учун вақт етиб келди эмас, бу вақт ўтиб кетди ва кетяпти. Матбуот, оммавий ахборот воситларига эркинлик бермай, кўзи очилмаган, дунёдан бехабар, фикри, дунёқараши, тафаккури тараққий қилмаган шахслар билан ва замон руҳидан орқада қолган оммавий тушунча, ижтимоий дунёқараш билан қандай тараққиётга эришиш мумкин?
Ўзбекистонда ҳар куни юзларча марказий ва маҳаллий телевидение, радио каналлари фаолият олиб боради, газета ва журналлар нашр қилинади. Аммо сўз ва матбуот эркинлиги бўлмаган шароитда бу оммавий ахборот воситаларининг миллатга, халқга, жамиятга хизмати сариқ чақалик ҳам бўлмайди. Ҳолбуки, уларнинг фаолияти учун давлат, маблағидан ҳар йили балки бир миллиард, балки ярим миллиард доллар (бу рақамларнинг тобора қадри йўқ бўлиб бораётган ўзбек сўмида қанча бўлишини билмайман тўғриси) пул ажратилади. Яъни, бу маблағ бекорга сарфланади, кўкка соврулади, исроф қилинади. Бу ҳам моддий ҳамда маънавий жиноятдир. Бу жиноятлар учун ким жавоб беради. Ўзбек матбуоти ўз "жисмидаги" бу жиноятларни қачон фош қилади?
Ўзбекистон сўз, фикр ва матбуот эркинлиги масаласида Туркияни ўрнак олиши мумкин. Туркияда эркин фаолият олиб борадиган юзларча телевидение ва радио каналлари, газета ва журналлар бор. Al Jazeera, Euronews нинг туркча нашлари бор. Бу давлатда ёки дунёдаги бутун янгиликлар ва долзарб воқеаларни бу Турк ОАВ зудлик билан халққа етказиб туради. Албатта, Туркияда бу соҳада муаммолар ҳам йўқ эмас. Аммо Ўзбек ва Турк ОАВ бир бирига таққосласак орада жуда катта фарқ борлигини кўрамиз...
Фақат Ўзбек матбуотида эмас ўзбек адабиёти, маданияти ва санъатида ҳам чуқур инқироз борлиги ҳаммамизга маълум. Чунки сўз ва матбуот эркинлиги бўлмаган жойда ёзувчилар, шоирлар, санъат ва маданият вакиллари ҳам эркин фаолият олиб бора олмайдилар. Бу соҳаларнинг вакилларининг овози ўчирилган бўлса, миллий тафаккур, янги ижтимоий дунёқараш қандай шаклланади?.
Ҳолбуки, бугун жамиятда Ўзбек матбуотида ёритилиши зарур ва долзарб бўлган жуда катта муаммолар ва мавзулар бор. Масалан, хорижга чиқиб кетаётган миллионларча ўзбекларнинг муаммолари ва фожеали тақдирлари...Фуқаровий жамият ва уюшмаларнинг жонсизлиги мавзуси...Иқтисодий инқироз, ҳуқуқий тенгсизлик, порахўрлик, сиёсий майдонда қўғирчоқ партияларнинг кулгили ҳоли ва яна юзларча муаммолар ҳақида ким, қачон ёзади, уларнинг ечими ҳақида қайси телевидение, радио канали долзарб дастурлар ҳозирлайди?. Қачон ўзбеклар бу соҳалардаги муаммоларнинг асл сабабларини эркин оммавий ахборот воситаларидан ўрганадилар? Қачон?
Аслида сўз, фикр ва матбуот эркинлигининг шахс ва жамият ҳаётида қанчалик фойдали эканлигини Ўзбек жамияти қайта қуриш ва ошкоралик йилларида ўз тажрибасида синаб кўрганди. 1985 йилда собиқ СССР ҳудудида бошланган ошкоралик сиёсати 1987 йилда бизга ҳам етиб келганди. Мустақил газета ва журналлар нашр қилина бошланди, мустақил телевидение ва радио каналлари фаолият олиб борди. Ҳатто мухолиф газетанинг тиражи юз мингдан ошиб кетди. Натижада халқимиз мустақиллик, она тили, давлат тили мавзуси ва шуури билан танишди, миллатимизнинг ижтимоий онгида бу қадриятлар қайта тиклана бошлади. Шундай экан, Ўзбекистонга бугун янги ошкоралик даврининг зарурлиги баҳсталаб қилмайдиган бир ҳақиқатдир. Бунинг учун эса ҳеч кечиктирилмсдан сўз ва матбуот эркинлиги йўлга қўйилиши керак.
Мустақилликдан кейин ўтган чорак аср давомида Ўзбек халқи, жамияти ва янги давлати Ислом Каримов режимининг зулм ва қатағонларини бошдан ўтказди. Бу қатағонлар ҳақида, уларнинг мазлумлари, яъни қамоққа ташланган, йўқ қилинган, сургун қилинган мингларча Ўзбек мухолифлар, дин пешволари, эркин фикрлайдиган журналистларнинг тақдири ҳақида Ўзбек матбуоти қачон сўз очади? Бу мавзуга қўл уриш билан Ўзбек матбуоти қачон ўзининг тириклигини кўрсатади?
Сталин қатағонлари ҳақида "Архипелаг Гулаг" номли асар ёзган рус ёзувчиси Александр Солженицинга Нобель мукофоти берилганди. Сталин қатағонларига ўхшаш бўлган Ислом Каримов қатағонларини ёзадиган Ўзбек Солженицини қачон ўртага чиқади? Қачон "Архипелаг Жаслиқ" китоби ёзилади? Матбуот, сўз ва фикр эркинлиги бўлмасдан бундай Ўзбек ёзувчисининг ўртага чиқмаслиги ўз ўзидан тушунарлидир...
Эркин матбуот, эркин оммавий ахборот воситлари шахслар, жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги энг катта ва чуқур муаммоларни ва масалаларни кун тартибига келтира олади. Бу муаммоларнинг ечими учун йўл кўрсатади. Ўзбекистонда бугун шундай матбуот борми? Йўқ...
У ҳолда ҳали ватанмизда ислоҳотлар ва тараққиёт бошланмади. Буни яна қанча кутишимиз керак? Жавобни сиз айтинг...
Изоҳ: Мен бу масалада фақат танқидчи эмаслигимни айтмоқчиман. Ўзбекларнинг янгича фикрлаши, эркин матбуотда муҳим хабарлар ва долзарб масалалар ҳақида маълумот олиши учун ушбу тармоқда "Янги Жамият" саҳифасини очганман. Буни ҳам "хўш сизнинг ўзингиз бу соҳада нима қилдингиз", дейдиганларга маълумот учун айтаяпман. Бу саҳифада ўз имконларим даражасида Ўзбек жамияти ва дунёда бўлаётган воқеалар ва жараёнлар ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилаяпман. Саҳифа манзили:
Намоз НОРМЎМИН
28.03.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий