воскресенье, 16 апреля 2017 г.

ТОЙИБ ЭРДЎҒОННИНГ ИСЛОҲОТЛАРИ



Тойиб Эрдўғон 2003 йилдан бери аввал Бош Вазир, кейин Давлат Раиси (Президент) ўлароқ Туркияга раҳбарлик қилмоқда. Эрдўғон ўзини мусулмон муҳофазакор (ғарбона сиёсий талқинда Исломий консерватив) сиёсатчи сифатида танитади. Унинг фирқаси (партияси) Адолат ва Тарақққиёт номи билан 2001 йилда тузилган ва бу партия Туркиядаги Исломий "Фазилат" (аввалги номи Рефах, яъни Фаравонлик) фирқасидан ажралиб чиққан эди.

I. Мафкура Ислоҳоти
1923 йилда Отатурк раҳбарлигида Усмонли давлатининг ўрнига Туркия Жумҳуриятига (ТЖ) асос солинган эди. ТЖнинг мафкураси дунёвийлик (секуларизм)дан иборат бўлиб, унинг мақсади Ислом дини ва мусулмонларни ижтимоий ҳаётдан ажратиш, бу шаклда ижтимоий сиёсий ҳаётда (мафкурада, сиёсатда, иқтисодда, таълим ва маърифат соҳасида, ҳуқуқий соҳада, оилавий ҳаётда ва ҳк) ғарбона қонун ва қоидаларни жорий қилишдан иборат эди.
Тойиб Эрдўғон сиёсатчи ва давлат раҳбари сифатида дунёвийлик (секуларизм) мафкурасини бевосита инкор қилмасдан (бундай қилиш Отатуркчилик ва унга эргашадиган Туркия армияси ва ўн миллионларча ғарбпараст фуқораларга қарши очиқ курашни билдирарди), аксинча дунёвийликни дин ва давлат ишларини бир биридан ажратиш эмас, давлатнинг бутун динларнинг мансубларига адолатли бўлиши сифатида талқин қилмоқда. Идеология (мафкура) соҳасидаги бундай меъёрий сиёсат натижасида Туркияда бугун ғарпараст Отатуркчилик ва унинг тарафдорларининг таъсири жиддий даражада камайди. Янги талқинда Отатурк секулар тизимнинг асосчиси эмас, Турк халқини ва ватанини 1920 йиллардаги ғарб босқинчиларига қарши урушда (Истиқлол саваши, жангида) ғалабага бошлаган рахбардир.
II. Сиёсат соҳасидаги ислоҳотлар
Туркияда аввал ошкора (1923 йилдан 1950 йилгача), кейин сирли (1950 йилдан 2000 йилларгача) секуляр ҳарбий бюрократик диктатура мавжуд эди. Турк ҳарбийлари (генераллари), давлат маъмурлари (бюрократлар), ғарбпараст "зиёлилар" (ўқитувчилар, ёзувчилар, санъатчилар, университетларнинг домлалари) ва санъатчилар бу диктатуранинг ҳимоячилари ва хизматчилари эдилар. 1950 йилда Аднан Мендерес тарафидан қурилган Демократ партия илк ўлароқ Отатуркчиликка қарши чиқди. Шу сабабдан Мендерес 1960 йилда ҳарбийлар амалга оширган давлат тўнтаришидан кейин осиб ўлдирилди. 1970 йилда Нажмиддин Эрбоқон бошчилигидаги мусулмон зиёлилар Миллий Низом партиясини ташкил қилдилар. Кейинчалик бу партия сиёсий тазйиқлар туфайли исмини шу шаклда ўзгартириб келди: Миллий Саломат партияси(1971), Рефах партияси 1983 йилдан 1998 йилгача, Фазилат партияси 1998 йилдан 2001 йилгача, Саодат партияси 2001 йилдан ҳозиргача. 1983 йилда Турғут Ўзол тарафидан қурилган Она Ватан партияси ҳам қисман миллий муҳофазакор партия эди. Аммо бу партиялар Туркиядаги Отутуркчи секуляр ҳарбий бюрократик диктатурага қарши очиқ кураша олмаганди. Узоқ йиллар Сулаймон Демирэл лидери бўлган Демократ партия (1961 йилдан 1981 йилгача) ва Тўғри Йўл Партиялари (1983 йилдан 2000 йилгача) Отатуркчиликни яширин қўллаб қувватлайдиган сиёсий куч эди. Тойиб Эрдўғоннинг Адолат ва Тараққиёт партияси 2002 йилдаги сайловларда ғалаба қилиб, сиёсат майдонида яккаҳукмрон партия бўлди. Шундан кейин Туркияда ижтимоий сиёсий кучлар шу шаклда тақсимланди:
1. Эрдўғон раҳбарлигидаги мусулмон муҳофазакор кучлар.
2. Отатурк тарафидан қурилган Жумҳурият Халқ партиясига бирлашган ва ҳарбийлар таъсирида бўлган Отатуркчи секуляр, яъни ғарбпараст кучлар.
3. Фатҳуллоҳ Гуланни "Кутилган муқаддас зот", яъни имом Маҳдий ва мусулмон дунёсининг сўнгги мужтаҳиди ва мужаддиди ўрнида кўрадиган унинг жамоати ва бу жамоатнинг давлатнинг бутун идораларига (Ҳуқуқ тартибот, армия, хусусий матбуот, иқтисодий ширкатлар, хусусий мактаблар, банклар ва ҳк) жойлашиб олган кадрлари.
4. Миллиятчи Турк партияси (асосчиси Алпаслан Туркаш, ҳозирги раҳбари Давлат Боғчали)
5. Абдуллоҳ Ўжалон раҳбарлигида секуляр (динсиз) Курдлар тарафидан қурилган ва мақсади Туркиянинг жанубий шарқида мустақил Курд давлат қуришдан иборат бўлган сиёсий (Халқларнинг Демократик Партияси) ва қуролли (ПКК, яъни Курдистон Ишчи Партияси) кучлар.
2002 йилдан 2007 йилгача бу кучлар орасидаги сиёсий ва ижтимоий кураш зимдан, ярим яширин эди. Бу босқичда Тойиб Эрдўғон ва партияси Оврупо Итифоқи билан жуда яқин муносабатда бўлди. Бундан мақсад Туркияда фуқаровий жамият қоидаларини кучайтириш ва бу орқали ҳарбийларнинг сиёсатдаги ўрнини таъсирсиз ҳолга келтириш эди. Тойиб Эрдўғон яна шу мақсадга эришиш учун 2002 йилдан 2012 йилгача Фатҳуллоҳ Гулан жамоати ва бу жамоатнинг давлат органларидаги кадрлари билан яқин ҳамкорлик қилди.
Эрдўғоннинг Туркия сиёсий соҳасини ислоҳот қилишдаги асосий мақсади бу мамлакатдаги Отутуркчиликка (Камолизм ҳам дейилади) асосланган секуляр ҳарбий бюрократик диктатурани бартараф қилишдан иборат, дейишимиз мумкин. Айтиш керакки, бу диктатурага ўз вақтида, яъни 20 асрнинг бошларида Овруподаги Ислом дини ва мусулмонларга қарши бўлган кучлар таъсирида ва ёрдамида асос солинганди. Тойиб Эрдўғоннинг бу мақсадга эришиш учун тинч сиёсий кураш йўлини танлагани алоҳида эътиборга лойиқдир. Аммо унга қарши бўлган сиёсий ва ҳарбий кучлар Эрдўғонни сиёсат саҳнасидан узоқлаштириш учун турли фитна ва зўровонлик йўлларига бош уриб келмоқдалар. Бу мақсадда 2007 йилда Туркия ҳарбийлари Эрдўғон ҳукуматига қарши очиқ огоҳлантирувчи баёнот (мухтира дейилади) билан чиқдилар. Бу ҳарбийларнинг ҳукуматни ағдаришдаги илк қадами ҳисобланарди. Туркияда бундай баёнотдан кейин ҳукумат раҳбарларининг истеъфога кетишлари одат тусига кириб қолганди. Аммо 2007 йилда Эрдўғон ҳукумати илк ўлароқ ҳарбийларнинг бу баёнотига қарши ўз баёнотини эълон қилди ва ҳарбийларни халқ сайлаган ҳукуматга итоат қилишга чақирди. Отатуркчилик тарафдорлари бу йўл билан ўз мақсадларига эриша олмагандан кейин 2008 йилда Эрдўғоннинг партиясини таъқиқлаш учун Давлат Низомий Маҳкамасига (Конституция судида) бош урдилар. Аммо маҳкама бу даъвони рад қилди. 2013 йилда яна Отатуркчилар Гулан жамоатининг хайрихохлигида Истанбуллнинг Таксим майдонида Эрдўғонни ҳукуматдан узоқлаштириш учун (худди Қоҳирада Мисрнинг қонуний раҳбари Мурсийни қўғолон йўли билан ҳукуматдан ағдариш учун ўтказилган митинглар каби) оммавий норозилик митингларини бошладилар. Аммо ҳукумат бу митингларни тарқатиб юборди ва сиёсий курашни қонуний йўл билан, яъни сайловлар йўли билан давом эттиришга чақирди. Ва ниҳоят 2016 йил 15 Июль куни Фатҳуллоҳ Гулан ва жамоатига хайрихоҳ ички ва ташқи кучлар Эрдўҳон ҳукуматига қарши қуролли исёнга бош урдилар. Бу исён ҳам қонуний ҳукумат томонидан муваффақиятли тарзда бостирилди.
Тойиб Эрдўғон ҳукуматинг мафкура ва сиёсий ислоҳотларини шу тарзда ифодалаш мумкин:
1. Аввало Отатуркчилик, яъни ғарбона секуларизм (динни ва мусулмонларни ижтимоий ҳаётдан ажратиш) мафкурасини давлатнинг бутун динлар вакилларига адолатли бўлиши шаклида талқин қилишга эришиш.
2. Бундай мафкуравий ислоҳот орқали секуларизмнинг ашаддий тарафдорлари бўлган ҳарбийларнининг сиёсий соҳага таъсирини йўққа чиқариш ва ҳарбийларни халқ эркин ва адолатли сайловларда сайлаган ҳукумат ва унинг раҳбарига буйсундириш.
3. 2000 йилларгача секуляр ҳарбий бюрократик диктатурага хизмат қилган Мажлис (парламент) тизимини ўзгартириб, эркин ва адолатли сайловларда сайланадиган Давлат Раиси (Президент) тарафидан бошқариладиган янги ҳукумат тизимини шакллантириш.
4. Бу янги тизимда Давлат Раиси (Президент) ва қонун чиқарувчи Мажлис (парламент)инг ваколатлари аниқ белгиланади. Агар Давлат Раиси ва Мажлис орасида келишмовчилик бўлса, бу икки сиёсий кучнинг ҳар бири янги сайловлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳолда Давлат Раиси ва Мажлис сайлови бир вақтда , яъни бир кунда ўтказилади. Бир киши фақат икки марта Давлат Раиси лавозимига сайлана олади. Ҳозирги кунда асосан ғарб матбуотида айтилаётган янги тизимда Эрдўғон парламентни тарқатиб юбориш ваколатига эга бўлади, деган иддиолар ёлғон ташвиқотдир. Юқорида айтилгани каби Давлат Раиси ва Мажлис келиша олмаса, ҳар икки тарафнинг янги сайловлар ўтказиш ҳуқуқи бўлади. Шу билан бирга Давлат Низомидаги (конституция) янги ўзгаришларга кўра, Давлат Раисига қарши маҳкама даъволари ҳам очилиши мумкин.
III. Ҳуқуқ тартибот соҳадаси ислоҳотлар
2015 йилгача бу соҳадаги кадрларнинг асосий қисми (масалан барча вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари), суд ва прокуратура органларидаги кадрларнинг ярмидан кўпроғи Фатҳуллоҳ Гулан жамоати мансублари эди. Ҳозирги кунда бу соҳа бу жамоат мансубларидан тозаланмоқда ва Ҳуқуқ тартибот идоралари, шу жумладан маҳкамаларнинг ҳам тарафсиз бўлиши (бирор жамоат ёки партияга хайрихоҳ бўлмаслиги) учун ислоҳотлар олиб борилмоқда.
IV. Иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар
Туркияда бозор (капиталистик) иқтисоди қоидалари амал қилади. Иқтисодий соҳада иншоат, автомобил саноати (йилига тахминан бир миллион ишлаб чиқарилади) ва бошқа машинасозлик саноати, туризмдан келадиган даромадлар ва деҳқончлик асосий ўринларни эгаллайди. 2000 йилгача иқтисодий соҳа Отатуркчи капиталист бойлар ва бу тизимнинг сиёсий ва бюрократик кучлари назоратида эди. Шу сабабдан Туркияда вақти вақти билан иқтисодий инқирозлар ўртага чиқарди. Давлат халқаро пул жамғармасидан (İMF, русчаси МВФ) қарз олишга мажбур эди. Тойиб Эрдўғон ҳукумати ишни бошлаши билан бу жамғармадан олинган 27 Миллиард доллар қарзни (табиий фоизи билан) тўлади ва бундай "спонсор"лар билан иқтисодий ва молиявий алоқани деярли тугатди.Шу билан бирга маҳаллий тадбиркорларга ва тижоратчиларга катта имконлар берилди. Натижада 2000 йилларда ҳар кишига тўғри келадиган миллий даромад 3 минг доллардан 11 минг долларчага кўтарилди. Мамлакатда ўн мингларча километр янги асфальт йўллар, 50 га яқин янги ҳаво учиш майдонлари (аэропортлар) қурилди. Истанбул бўғозида Осиё ва Оврупо қитаъаларини бир бирига боғлаган янги Ёвуз Султон Салим кўприси, Мармарай поезд тунели ва Овроосиё автомобил тунели қурилди. Туркиянинг иқтисодий жиҳатдан муаммоси бу мамлакатда нефть ва табиий газ заҳираларининг йўқлиги ёки бор бўлса ҳам кашф қилинмаганлигидр.
V. Таълим ва марифат соҳасидаги ислоҳотлар
Туркияда 2000 йилгача таълим соҳасида Отатуркчилик ғояларининг ўргатилиши ва ташвиқотига (биз совет даврида Ленин ғоялари ўргатилгани каби) катта эътибор бериларди. Исломий мактабларга ва таълимга 60 йиллардан бошлаб рухсат берила бошлаган бўлса ҳам, мусулмонларнинг ўз мактабларини очишларига, муслима қизларнинг ҳижоб билан мактабга боришларига катта тўсиқлар қўйилганди. Айниқса 1998 йилда Нажмиддин Эрбоқон ҳарбийлар босими билан ҳукуматдан четлаштирилгандан кейин мусулмонлдарга қарши бундай тазйиқлар янада авжга чиқди. 2002 йилдан кейин Эрдўғон ҳукумати таълим соҳасида бундай чекловларни аста секинлик билан олиб ташлай бошлади. Диний ва дунёвий таълимни биргаликда олиб борадиган имом хатиб мактабларида ўқийдиган ўқувчилар сони юз мингдан ҳозирги кунда бир миллиондан ошди. Университетларда ва давлат идораларида мусулмон қизлар ва аёлларга таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқи берилди.
VI. Дин ва оила соҳасидаги ислоҳотлар
Туркиядаги мавжуд режим дин ва давлат ишларини бир биридан айрилганини иддио қилса ҳам аслида давлат мусулмонларнинг тоат ибодатларини ўз назоратида сақлаш учун диний идорага (Диёнат Ишлари) эгадир. Шу билан бирга секуляр режим ҳақиқий Ислом дини асосларидан анча узоқлашган ўнларча турли тариқот ва тасаввуфий гуруҳларнинг фаолиятига қисман рухсат берган эди. Бу гуруҳлардан бири бўлган Фатҳуллоҳ Гулан жамоати 1970 йилларда ўртага чиқди ва вақт ўтиши билан жуда катта мансубларига ва ижтимоий сиёсий кучга эга бўлди. Гулан ва жамоати мамлкатда ҳокимиятни ўз қўлига олиш учун узоқ йиллар яширин кураш олиб борган эди. Натижа Гулан жамоатининг ички ва ташқи ҳамкорлари билан бирга Тойиб Эрдўғон ҳукуматига қарши қуролли исёнигача етиб келди. Бу исён йўқ қилингандан кейин ҳозирги ҳукумат Гулан жамоатини таъқиқлаш учун мамлакат ичкрасида ва ташқарисида жуда катта тадбирларни амалга оширмоқдадир. Бу мақсадда Диёнат Ишлари раҳбарияти бутун жамоат ва тариқотларга мусулмонларнинг бирлигига йўлнома ўлароқ беш қоида эълон қилди. Бу қоидалар мусулмон жамоатларнинг бошқа жамоатларни такфир қилмаслиги (куфрда айбламаслиги), бошқа жамоатларга тазйиқ ўтказмаслиги, Ислом динини ўз билганича шарҳламаслиги ва унинг йўлидан айрилмаслиги, ўз шайхларини муқаддаслаштирмаслиги ва ҳар турли шиддат ва зўровонлик йўлларидан узоқ туришликдир.
Тойиб Эрдўғон ҳукумати оилаларни барқарорлаштириш учун ёшларни оила қуришга ташвиқ қилмоқда ва ёш оилаларга моддий ва маънавий ёрдам бермоқда. Эрдўғоннинг ўзи имкон топилганда жамиятнинг турли табақаларидан (бой ва камбағал демай) никоҳ тўйларига иштирок этиб, ҳар янги оилага энг камида уч фарзанд кўришни тавсия қилади. Бунинг сабаби Эрдўғоннинг ғарб давлатларида ва Русияда кузатилаётган демографик фожеага, яъни аҳоли сонининг камайиб кетишилига йўқ қўймасликка уринишдир.
VII. Ташқи сиёсатдаги ўзгаришлар
Дунё икки мафкуравий ва сиёсий тизимлар (социалистик ва капиталистик) рақобати орасида қолган даврда Туркия НАТО блокига аъзо бўлганди. 2000 йилларга келиб дунё бошқарув сиёсатида (геополитикада) катта ўзгаришлар бўлди. Англия собиқ Бош Вазири социалистик блокнинг мағлуб бўлганини, ғарбликларнинг душмани энди "қизиллар" (коммунистлар) эмас, "яшиллар" эканлигини таъкидлади. АҚШ президенти ўғил Буш Ислом дунёсига қарши янги салб урушини бошлатганини эълон қилди. Эрдўғон ҳукумати 2000 йилларнинг бошларида маълум сабабларга кўра Оврупо Иттифоқи билан яқин ҳамкорлик қилган бўлса ҳам, кейинчалик бу алоқалар тобора заифлаша бошлади. Бунга сабаб, биринчидан Оврупо Иттифоқига аъзо баъзи давлатларнинг (хусусан Юнонистон, Австрия, Ҳолландия ва ҳк) Туркияга қарши нодўстона сиёсати бўлса, иккинчидан Туркиянинг бу шартларда ўз геополитик ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш учун Русия, Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти, Араб дунёси билан ҳамкорликни кучайтириш сиёсати бўлди. Туркия Яқин Шарқда содир бўлаётган жуда катта ва муҳим геополитик кураш ва ўйинларнинг иштирокчиси ҳамдир. Бу минтақадаги ниҳоятда мураккаб диний, сиёсий ва ҳарбий аҳвол туфайли Туркия минтақадаги ташқи сиёсатини ва бу минтақага алоқаси бўлган давлатлар билан муносабатларни вақти вақти билан кўздан кечириб, зарурий ўзгартиришлар қилишга мажбур бўлмоқда.
Хулоса ўрнида
Тойиб Эрдўғон мусулмон сиёсатчи ва давлат раҳбаридир. Туркия эса дунёда деярли 7 аср ҳукмронлик қилган Усмонли давлатининг меросчисидир. Эрдўғон нафақат Туркияда, балки Ислом дунёсида жуда катта ижтимоий сиёсий ислоҳотларни амалга ошираётган сиёсий раҳбардир. У ўз ислоҳотларини мамлакат ичкарисида ва ташқи дунёда ҳамкорлари бўлмаган, аксинча ҳар икки тарафдан бу ислоҳотларга қаттиқ қаршилик кўрсатилаётган шартларга амалга оширишга уринмоқда. Бугун, яъни 16 Апрелда ўтказиладиган референдумда Тойиб Эрдўғон ва ҳукуматининг ғалаба қилиш эҳтимоли жуда каттадир. Бу эса Туркиянинг мусулмон халқига ярашадиган, ҳам диний ҳамда дунёвий қадриятларга асосланган янги бир жамият ва давлат тузумининг ўртага чиқишида муҳим аҳамият касб этади.
Намоз НОРМЎМИН
16.04.2017
Расмда: Туркия Давлат Раиси Тойиб Эрдўғон неварасига Қуръони Карим ўқишни ўргатмоқда


Комментариев нет:

Отправить комментарий