понедельник, 17 апреля 2017 г.

ТУРКИЯ РЕФЕРЕНДУМИ МАВЗУСИ ХУЛОСАСИ

Туркияда кеча бўлиб ўтган референдум мавзуси Ўзбекистонликлар орасида ҳам қизғин муҳокама қилинаётганидан очиғи жуда хурсандман. Албатта, ҳар ким ўз билганича ва ўзи истаган шаклда фикрини айтмоқда. "Энди Эрдўғон диктатор бўлади", дейдиганларнинг сони ҳам талайгина...
Худди дунёда бошқа диктатор йўғу, Эрдўғон энди дунёнинг биринчи диктатори бўлади...Буш, Обама, Трамп, Путин ва уларга ўхшаш давлат раҳбарлари, Эроннинг руҳоний раҳбари, Араб қироллари диктатор эмаслар гўё..

Туркияда Эрдўғон ҳокимиятга келмасдан аввал Отатуркчи секуляр ҳарбий диктатура бор эди. Бу диктатура ҳар ўн йилда бир ҳарбий тўнтариш қилиб, мусулмон Туркия ҳалқини эзарди, зулм қиларди. Буни энди ҳамма билади. Эрдўғон ва партияси бу яширин диктатурага барҳам берди. Бошқа томондан ўзининг руҳоний, яъни муқаддас зот эканлигини иддио қилган ва 2016 йил 15 Июлда давлат тўнтаришига уринган Фатҳуллоҳ Гулан диктатураси ҳам тиз чўктирилди.
Шундай экан, нега бу одамлар Эрдўғон диктатор бўлади, дея аюҳоннос солишмоқда? Бундай инсонлар аввал Туркияда Отуатуркчиликка асосланган секуляр диктатурани ёки ўзининг руҳоний, яъни муқаддас зот эканлигини иддио қилган Фатҳуллоҳ Гулан диктатурасини рад қилишлари керак. Улар олдин биз инсонликка ҳам, мусулмонлиликка ярашмайдиган бу икки диктатурани рад қиламиз, деб сўзга бошлашлари керак. Аммо улар бу икки диктатура ҳақида чурқ этмайдилару "Энди Эрдўғон диктатор бўлиб кетади", дея аюҳоннос соладилар. Ҳолбуки бу икки диктатура факт, яъни хаёлий эмас, аниқ бўлган нарса, ҳаётда кузатилган воқеалик. Эрдўғоннинг диктатор бўлиб бўлмаслиги эса эртанинг иши, ҳали содир бўлмаган иш, бир тахмин холос...
Эрдўғон диктатор бўлганда бундай референдум ўтказиб ўтирмасди. Ислом Каримов каби, Қурбонгули Бердимуҳамедов каби, Илҳом Алиев каби "мана мен 90% овоз олдим", ёзиб берар, Турк халқи ҳам Ўзбеклар каби, Туркманлар каби, Озарбойжонлар каби номигагина, яъни сохта, ёлғон ва хўжакўрсинга ўтказиладиган рефередумда "овоз" берган бўларди.
Ҳолбуки, кеча Туркияда ўтган референдумда ундай бўлмади. Бу реферундум энг камида 95% эркин ва адолатли шаклда ўтказилди. Балки 5% камчиликлари бўлгандир. Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбойжонда ўтказилган реферундумлар эса 99% сохтагарчилик ва ёлғон билан ва хўжакўрсинга ўтказилади. Бу гапим ёлғонми, ёлғон бўлса, айтишсин нимаси ёлғонлигини...
Ўзбекистонликларнинг Туркияга қизиқиши мени хурсанд қилди, дедим. Чунки биз ҳали Туркия халқи ва давлати қўлга киритган ютуқларнинг кўпини билмаймиз ҳам. Бизда Туркиядаги сўз, матбуот ва фикр эркинлиги борми? Бизда Туркиядаги сайлаш ва сайланиш эркинлиги борми? Бизда Туркиядаги хусусий телевидение ва радио каналлари борми? Бизнинг инсонларимиз, тижоратчилармиз, тадбиркорларимиз Туркиядаги каби эркинми? Бизнинг мусулмонларнинг Туркия мусулммонлари каби эркинликлари борми, ҳақ ҳуқуқлари борми?
Эрдўғон диктатор бўлар эмиш? Ким айтаяпти буни? Русия матбуоти айтаяпти. Гуё Путин жаноблари дунёнинг энг олий демократи, ҳурриятпарвари, Эрдўғон эса диктатор. Яна ким айтаяпти? АҚШ матбуоти айтаяпти. Кечагина АҚШ Президенти Дональд Трамп Миср диктатори Абдулфаттоҳ Сисийни роса мақтади яхши ишлар қилаяпсиз, деб. Яъни, АҚШ матбуотига кўра Сисий демократ, ҳурриятпарвар президент, Эрдўғон эса диктатор? Шуми сизнинг адолатингиз, шуми сизнинг ҳаққонийлигингиз? Яна ким айтаяпти? Олмония матбуоти айтаяпти. Маркел хоним диктатор Сисийга 8 миллиард Евро пул бериб, уни қўллаб қувватлади. Энди юзини бу томонга қаратиб, Эрдўғон диктатор бўлади, демоқда.
Туркия ҳозир бир ўтиш давридадир. Қаёқдан қаёққа ўтиш бу? Отатуркчи секуляр ҳарбий диктатурадан ва Фатҳуллоҳ Гуланчи муқаддас зот, роҳиблик диктатурасидан мусулмон Туркия халқининг ҳам моддий ҳамда маънавий қадриятларга асосланган, шу билан бирга ижобий маънода шахс ва жамиятга (яъни ғарб дунёсидаги каби инсонлар билан бирга итга ҳам, битга ҳам, ..тга ҳам эркинлик берадиган эмас) эркинликлар берадиган, ҳақиқий адолатни асос оладиган бир жамият шаклига ўтиш даври бу...
Хуллас, Туркияда Ўзбекистондаги Ислом Каримов ёки Русиядаги Путин диктатурасига қайтиш бўлмайди. Эрондаги оятуллоҳлар режими ёки араб оилавий қироллик диктатуралари ҳам ўрнатилмайди. Овруподаги яхши ва ёмон аралаш қуралаш оқу қора бирга бўлган эркинликлар тузуми, моддапараст, худбинлардан иборат, оила йўққа чиқарилган, маънавият йўққа чиқарилиб, пул, доллар илоҳлаштирилган жамият ҳам бўлмайди...
Ўзбекистонликларнинг Туркияга қизиқиши мени хурсанд қилди. Улар Туркия тажрибасидан тўғри фойдалана олсалар янада кўпроқ хурсанд бўламан...
Намоз НОРМЎМИН
17.04.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий