среда, 19 апреля 2017 г.

МИРЗИЁЕВ "ПЎСТАК ҚОҚҚАНИ" БИЛАН...

Озодлик радиосининг хабарига кўра, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 11 Апрелда навбатдаги селектр йиғилишини ўтказган ва тобора одатга айланиб бораётган маҳаллий раҳбарларнинг пўстагини қоқиш, яъни уларни ҳақорат қилиш даражасида тергаб, огоҳлантириш ишини давом эттирган. Ҳатто Тошкент шаҳар ҳокимини сенсираб:

- Сенинг прокуроринг ва милициянг ҳақида менда маълумот бор. Мен ҳозир айтмоқчи эмасман. Қабулхонага бориб, прокуратурадан келган шикоятларни киргизма, деяпти прокуроринг, милициянг. Менда маълумот бор. Сен билмаган нарсангни нима қиласан мақтаниб. Билмасанми, сенинг энг катта xатоинг нима? Ичига кирмайсан, - деди Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокимига қаратилган гапида. (http://www.ozodlik.org/a/prezident-shavkat-mi…/28436824.html)
"Президент айни йиғинда Ўзбекистондаги тўртта давлат ташкилоти - прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ҳокимият - "бутун давлатимиз тизимининг ғилдирагини айлантиради", деб айтди ва бу идоралар раҳбарларини ҳар ҳафта ўзига ҳисобот беришга вазифалантирди:
- Ҳар ҳафтада менга шахсан ёзма равишда ҳисобот берасиз: нимага эришилди, кимни ишдан олиш керак, кимга чора кўриш керак, кимга қандай имконият яратиш керак, кимни ишга жойлаш керак, кимга қанча пул керак. Қаерда ғилдирак айлантирилади¸ ҳар бир вилоят бўйича аниқ-аниқ айтасизлар, - деди Шавкат Мирзиёев." (Иқтибос тугади).
Сиёсатда бир ҳақиқат бор: Бюрокартия, яъни маъмуриятчилик ва унинг буйруқбозлиги ортган сайин жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, маърифий фаоллиги сусайиб бораверади...
Яъни, Шавкат Мирзиёев бундай "пўстак қоқиш" сиёсатини давом эттиргани сайин ҳокимият органларида мушт кетди бошланади, ишни самимий, кўнгилдан қилиш эмас, хўжакўрсинга, юқоридаги раҳбарга яхши кўриниш учун қилиш "истаги" ортади. Шу тарзда охирги мушт яна халқнинг, яъни тадбиркорнинг, ўқитувчининг, тиббиёт ходимнинг ва бошқа фуқораларнинг бошига келиб тушади.
Сиёсатнинг, яъни давлатни бошқаришнинг яна бир олтин қоидаси жамиятда қонунларнинг ва инсон ҳуқуқларининг устун бўлишидир. Яъни, инсонлардан аввало катта кичик раҳбарларга итоат эмас, қонун ва ҳуқуққа итоат қилиш талаб қилиниши керак. Чунки ҳақиқий эркинлик ва адолат, қонунлар устун бўлган шароитда шахслар ва жамият ўзининг ҳақиқий кимлигини намоён қилади. Шу шароитда тафаккур ўсади, фикрий ва моддий самарадорлик ортади...
Шахс, жамият ва давлат бошқаруви ҳаётида инсон ҳуқуқларини ва қонунларни устун қилмай, вазирларни, ҳокимларни, ички ишлар органлари ходимларини, прокурорларни сўкиб, пўстагини қоқиб, уларни халқнинг устига кечируасизу "қутурган итдай" ташлаб, нимага эришиш мумкин? Ахир бу усул билан ишлаган қизил империя СССР охири инқирозга учраб, тарқалиб кетдику? Ислом Каримов ҳам шу усул билан ишлаган, натижада Ўзбекистоннинг бутун соҳалари дабдала бўлганди. Шавкат Мирзиёвнинг ўзи буни тан олиб туриб, яна нега айнан шу маъмурий бууруқбозлик бошқарувини давом эттирмоқда? Президентдан дакки, сўкиш эшитган раҳбар аламини кимдан олади? Албатта ўзининг итоатида бўлган кичкина раҳбарлардан ва оддий халқдан олади.
Бунинг ўрнига қонун ва ҳуқуқий қоидаларни мукаммалаштириб, уларга риоя қилиш тўғри эмасми? Яъни, давлат ва унинг катта кичик раҳбарлари халққа тадбиркорликни уриш сўкиш билан ўргатмасин, аксинча халққа тадбиркорлик эркинлиги ва ҳуқуқи берилсин. Давлат органлари эса бу соҳадаги қонунларнинг қандай бажарилаётганини назорат қилсин, адолатли қонун доирасида самарали тадбиркорлик қилаётган фуқароларни рағбатлантирсин, қонунга риоя қилмаётганларнинг пўстагини қоқсин...
Худдий шундай, давлат ва ҳукумат ижодкорларга, ёзучи ва маданият ходимларига "меҳрибонлик" қилиб, қандай ижод қилишни ўргатмасин, уларга эркин ижод қилиши учун шарт шароитлар яратиб берсин, яъни тўғри маънода (ғарбдагидай оқ қора аралаш эмас) сўз, фикр ва матбуот эркинлиги берсин...
Озодликнинг яна бир хабарига кўра, Шавкат Мирзиёв хусусийлаштириш кутилганидек самара бермаганини ҳам тан олган. (http://www.ozodlik.org/a/28438256.html)
Хўш, нега шундай бўлди? Сабаб яна ўша, яъни маъмурий буйруқбозлик, ишни хўжакўрсинга қилиш, халққа эмас, раҳбарларга эркинлик бериш, қонунга эмас, муштумзўр ҳокимга итоатни талаб қилиш...
Адолат нуқтаи назаридан айтиш керакки, Ўзбекистондан ижобий хабарлар ҳам келмоқда. Масалан, ББС Ўзбек хизмати мамлакатимизда фаолиятини қайта бошлашга ҳозирланмоқда, баъзи оммавий ахборот воситаларининг танқиди билан раҳбарлар ишдан олинмоқда...
Аммо Ўзбекистон телевидениеси ва марказий газеталари ҳали ҳам озғига талқон солинган авҳолда. Наҳот улар ҳам давлат раҳбарининг келиб "уларнинг пўстакларини қоқишини" кутиб ўтиришган бўлса?. Ёзувчилар Уюшмасида ҳали ҳам тириклик аломати йўқ. Тадбиркорларга ҳали ҳақиқий эркиниклар берилмади ва уларнинг ҳақ ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинмади. Сиёсий партиялар хўжакўрсинга сиёсат олиб боришда давом этишмоқда...
Пўстак қоқиш сиёсатидан қачон воз кечилади? Қачон ҳақиқий эркинликлар, адолат, қонун ва ҳуқуқ устунлиги даври бошланади?
Бу саволнинг жавобини 32 миллион Ўзбекистонликлар кутиб турибди...
Намоз НОРМЎМИН
19.04.2017
Озодликка Telegram тармоғи орқали етиб келган аудиотасмада президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги "ниҳоятда оғир аҳвол"ни ўнглаш учун…
OZODLİK.ORG

Daha fazla ifade gös

Комментариев нет:

Отправить комментарий