четверг, 20 апреля 2017 г.

ТЎРТЛИКЛАР

Тўрт тарафим денгиз, сувга ташнаман,
Ғариб бир кўнгилга дўстман, ошнаман.
Тавба оҳи келар, дилим қаъридан,
Гуноҳ азасида севинч, ёшдаман...
*****
Ўзимни танимай йўллардан ўтдим,
Санамай, синамай йиллардан ўтдим.
Йўллар, йиллар менга дўстлик қилдилар,
Аммо мен кетдима, қайларга кетдим...
*****
Дунёнинг маъноси пандни билмоқдир,
Ўйлама лаззату, қандни билмоқдир.
Ёлғиз қолганингда оғриқдан инграб,
Сени эзиб турган дардни билмоқдир.
*****
Эй дўст, борлиғингдан бир хабар бергил,
Истамам оғу бер, ўт заҳар бергил.
Хабаринг бу қаро тунни тугатсин,
Эй дўст, менга оппоқ бир саҳар бергил.
*****
Дунёда ҳар кимнинг тимсол, юзи бор,
Минг хаёл нигоҳи, сирли кўзи бор.
Шукр, ўтиб кетса, изини куйлар,
Намознинг бир оғиз Ҳақдан сўзи бор.
*****
Ватан бўлса кошки бошимни қўйсам,
Шу яғир елкада тошимни қўйсам.
Бегона жойларда йиғламоқ гуноҳ,
У қишлоқ ҳовлига ёшимни қўйсам.
*****
Умр ўтиб борар карвон ичида,
Гоҳ баланд, гоҳи паст нарвон ичида.
Ҳар онни излайсан энди топдим деб,
Умр ўтиб борар у он ичида...
*****
Кимгадир қор эриб баҳор келади,
Кимга тоқ, кимгадир такрор келади.
Йўлнинг бир четидан боради тобут,
Йўлнинг у четидан ёр ёр келади...
Намоз НОРМЎМИН
20.04.2017
BeğenDaha fazla ifade göster
Yorum Yap

Комментариев нет:

Отправить комментарий