пятница, 28 апреля 2017 г.

БУГУННИНГ ҚАТРАЛАРИ

Она тили бошқа тилда чиқаётган Ўзбекнинг болаларига йиғламай, нимага йиғлай?
*****
Ўзбекистонда эркинлик онасининг қорнида туғилмай қолиб кетган чақалоққа ўхшайди. Бу "чақалоқнинг" нималигини, кимлигини ҳеч ким билмагани каби, Ўзбекистонда эркинлик нималигини ва қандайлигини ҳам ҳеч ким билмайди.
*****
Хўш, эркинлик бўлса, нима бўлади, дейдиганлар ҳам бор орамизда. Нима бўларди, инсон инсон бўлади, мусулмон мусулмон бўлади, Ўзбек Ўзбек бўлади, Ўзбекистон Ўзбекистон бўлади. Ҳозир эса, бунинг ҳаммаси қабристондир...
*****
Болаларни сенга хўрозқанд бераман, деб алдаш билан, бир халққа сенга Эркинлик бераман, деб алдаш орасида ҳеч қандай фарқ йўқдир.
*****
Бир халқнинг қўл оёғини боғлаб, бу халқнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, дейиш каби золимлик ва жоҳиллик бўладими ҳеч?
*****
Бир халқнинг қўл оёғини боғлаб, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бу ҳақиқатни ким Ўзбек тилига таржима қила олади?
*****
Золимига ҳайкал қўйганлардан нимани ҳам кутиш мумкин? Бундан кутилган нарса олимларнинг хор бўлишидир...
*****
Бугун чап ёнингиз билан турдингизми, дейсизми? Қани ўнг томон қаёқда, ўнгланганлар қаёқда? Халқнинг ҳаммаси чап томони билан ётиб, чап томони билан туришга мажбур қилинмоқда. Бу ҳолда ўнгланиш бўладими?
*****
Бир ерда зулм бор дейиш билан ўша ерда вабо бор дейиш бир хил моҳиятга эгадир. Кўп нарсага сабр қилиш мумкин, зулмга асло...

Намоз НОРМЎМИН
28.04.2017

БУГУННИНГ ҚАТРАСИ
Ҳамма жойим соғлом...жонимдан бошқа...
Намоз НОРМЎМИН
27.04.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий