суббота, 29 апреля 2017 г.

МАКТУБЛАШУВ

"Ассалому алайкум, болажоним! Соғ омонмисан? Ўқишларинг битай, деб қолдими? Кўзларим йўлингда, ўқишинг бита қолсин энди..."
"Ва алайкум салом, онажон! Оз қолди, онажон! Бу йил албатта ўқишимни битириб, дипломимни олиб, инженер бўлиб қишлоққа қайтаман..."

"Ассалому алайкум, болажоним!. Жонинг омонми, нега мактуб ёзмайсан? Бу йил ёнимга қайтиб келмоқчи эдингку...Ёки сенга бир нарса бўлдида, мен бу ерда билмай қолдим ми?"
"Ва алайкум салом, онажон! Асло хавотир олманг, соғ саломатман. Шаҳарда жуда яхши иш топдим. Таътилга чиқсам, албатта ёнингизга келаман..."
"Ассалому алайкум, болажоним! Яна нима бўлди? Бир йил ўтди хабаринг бўлмади? Қачон келасан, бағримга..."
"Ва алайкум салом, онажон! Онажон узр, сизларга айтмай шаҳарлик бир курсдош қизга уйландим. Янаги йил сизларни албатта бирга бориб кўрмоқчимиз..."
"Ассалому алайкум, болажоним! Қандай, тинч омонмисан? Қани келинимни олиб келмоқчи эдинг? Қачон сизларни бир кўраман, дея ҳар куни ҳасратларингизда куймоқдаман..."
"Ва алайкум салом, онажон! Бу йил келмоқчи эдик, аммо севининг онажон, неварингиз туғилди. Исми Бахтиёр. Оилам билан жуда бахтлимиз. Янаги йил албатта, неварингизни олиб, ёнингизга келамиз..."
"Ассалому алайкум, болажоним! Қандай, тинч омонмисан? Келиним, Бахтиёржоним соғ саломатми?"
"Ва алайкум салом, онажон! Ҳа, ҳаммамиз яхшимиз. Бу йил яна бир, қиз неварингиз ткуғилди. Исми Масъуда. Биз жуда масъудмиз, энди кўпчилик бўлиб, албатта келмоқчимиз қишлоққа..."
"Ассалому алайкум, болажоним! Майли, жонинг омон бўлса, бола чақанг билан бахтли бўлсанг бўлди. Менга шу етади...Фақат ўзингни бир кўрсам, бағримга босиб, ёнингда ўтирсам, дейман..."
"Ва алайкум салом, онажон! Албатта, албатта онажон! Бу йил Бахтиёрни ўқишга киритишимиз керак. Шунга бир оз бандман, кечиринг онажон..."
"Ассалому алайкум, болажоним! Сени соғинганимдан йиғлайвериб, кўзларим хиралашди. Бу дунёда насиб бўларми, қайта кўришиш, ўғлим..."
"Ва алайкум салом, онажон! Ўтган йил Бахтиёрни уйлантирдик. Яқинда неварам туғилади. Ўшанда албатта,ҳаммамиз бирга борамиз ёнингизга...".
"Ассалому алайкум онажон! Яхшимисиз, соғ саломатмсиз? Неварамга тўй қиляпмиз. Сизни тўйга олиб келмоқчимиз..."
"Онажон...яхшимисиз..нега мактубларимга жавоб бермайсиз...Бахтиёрнинг ўғлини суннат тўй қилдик. Энди қизимни чиқарамиз яқинда. Бу тўйимизга келсангиз, яхши бўларди..."
Намоз НОРМЎМИН
29.04.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий